15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,8 °C

Саломатлик
11 Июл  2019 4054

Қалбаки дори-дармонлар аҳоли ҳаёти ва соғлиғига таҳдиддир

Бугун қалбаки дори-дармонлар муаммоси глобал тавсифга эга. Бошқа жиноятлар қаторида препаратларни қалбакилаштириш ҳам қўпол ҳуқуқбузарликдир ва улардан фойдаланадиган инсонлар саломатлиги учун катта хавф туғилади. Бундай дорилар танага тузатиб бўлмас зарар етказади, ҳатто, ўлимга олиб келиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, ҳар йили сайёрамизда юз мингдан бир миллионгача ўлиш ҳолатлари қайд этилади. Ушбу муаммони муҳокама қилиш учун Тошкентда қалбакилаштирилган ва контрафакт дори воситалари муомаласига қарши курашга бағишланган биринчи халқаро конференция ташкил этилди.

Қалбаки дориларнинг ҳар бир қадоғи - фуқаролар ҳаёти учун таҳдиддир. 2018 йилда Фармацевтика хавфсизлиги институти томонидан дунёда қалбакилаштирилган тиббиёт маҳсулотлари билан боғлиқ 4405 та ҳодиса қайд этилган. Улардан 665 таси МДҲ давлатларига тўғри келди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қалбаки дори воситалари тайёрлашнинг «сифати» ҳам ошиб бормоқда, бу уни харид қиладиган истеъмолчи учун алоҳида хавф туғдиради.

Контрафакт ва қалбаки дори-дармонларга қарши курашиш бўйича ўн йиллик фаолияти давомида «Sanofi» фармацевтика компанияси марказий лабораториясида 39 мингга яқин шубҳали дори воситалари текширилди. Француз компанияси дори-дармонларни, жумладан, Ўзбекистон ҳудудиларида ҳам, қалбакилаштиришга қарши фаол кураш чораларини кўрмоқда.

– Ҳар йили соғлиқни сақлашда янги муаммоларига дуч келамиз. Инновацион терапевтик ечимлар пайдо бўлиши билан қалбаки дорилар бозори ҳам ўса бошлади, – дейди «Sanofi» компанияси департаменти раҳбари Эдмонд д’Арвьё. – ЖССТ маълумотига кўра, уларнинг ривожланаётган бозорлардаги улуши, Ўзбекистон ҳам бунга киради, дунё бўйича қалбакилаштирилган дори воситалари глобал айланмаси 10 фоиздан 30 фоизгача бўлиши мумкин. Соҳа мутахассислари ушбу вазиятдан жуда хавотирда. Бунда кўплаб беморлар қалбаки дори-дармонлардан келиб чиқадиган хавф остида қолади.

– Сохталаштирилган дори-дармонларнинг ноқонуний айланишини бартараф этиш вазифаси умуммиллий миқёсдаги устувор вазифадир, уни давлат органлари, халқаро тузилмалар ва хусусий компанияларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали самарали амалга ошириш мумкин, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев. – Мақсадимиз аҳоли ҳамда ваколатли органлар вакилларининг қалбаки ва контрафакт дори воситалари билан боғлиқ хатарлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, беморларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришдан иборат. Афсуски, бугун бутун дунё одамлари орасида кенг тарқалган ўзини ташхислаш ва ўзини даволаш маданияти, қалбаки тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш муаммосига туртки ҳам беради. Тадқиқотларга кўра, кўплаб онлайн дорихоналар фаолияти ҳам ноқонуний ҳисобланади, бу ҳам одамлар учун хавф туғдириши аниқ.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомаласини тартибга солиш соҳасида мавжуд мустаҳкам қонунчилик базасига қарамасдан, муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бугун Ўзбекистонда қарийб тўққиз мингга яқин дори-дармон рўйхатга олинган, республикада дорихоналар сони эса 13 мингдан кўп. Бундан ташқари, дори-дармонларнинг аксарияти хориждан импорт қилинади. Шунингдек, С.Қориев таъкидлаганидек, маҳаллий фармацевтика соҳаси давлат томонидан қаттиқ назоратга олинган ва бундай шароитда қалбакилаштиришнинг иложи йўқ.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, дори-дармон воситалари – қонуний маҳсулотдир, истеъмолчилар учун уларнинг рекламасини тарқатиш қонун билан чекланади, чунки уларни қўллашда нопрофессионал ёндашув хавфи мавжуд. Тиббий илм-фан ва амалиётнинг барча талабларига тўлиқ риоя қилинса-да, баъзида олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган асоратлар ҳам юзага чиқади. Бу одатда инсон танасининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Одатда қалбаки дорилар хавф меъёрдан кўпроқ дозадаги фаол моддаларни ўз ичига олиши мумкин. Бундай препаратни қабул қилган бемор ушбу компонентнинг ортиқча миқдорига рўбару келади ва бу унинг ҳолатига хавф туғдиради. Бундан ташқари, қалбаки дори таркибида фаол моддалар умуман бўлмаслиги ҳам мумкин, шу боис уни қабул қилган шахснинг аҳволи яхшиланмайди, лекин соғлигига путур етади.

Конференция якунида қалбакилаштирилган ва контрафакт дори-дармонларга қарши курашни ташкил этиш бўйича келгуси қадамлар белгилаб олинган резолюция қабул қилинди. Оммавий ахборот воситалари орқали қалбаки дори воситаларининг хавф-хатарлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида ахборот кампаниясини ўтказиш режалаштирилди. Иштирокчилар қалбакилаштирилган ҳолатлар борасида очиқ ва мунтазам маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш ниятида. Шунингдек, халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг ихтисослаштирилган лабораторияларида шубҳали намуналарни таҳлил қилишда техник ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, контрафакт препаратларга қарши курашда давлат ва хусусий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишларидан биридир.

Евгения Юн.

«Правда Востока».

Музаффар Абдуллаев олган сурат.

 

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 11 июлдаги 139-сонида «Фальшивые лекарства - угроза для жизни и здоровья населения» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech