23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19 °C

Маданият
3 Апр  2019 9684

Жонли достонлар сеҳри

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади. Унга дунёнинг 75 та давлатидан меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Улар – халқ бахшилари, ашуглар, оқинлар, фольклоршунос-олимлар, мусиқашунослар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ва ОАВидир.

Минҳожиддин Мирзо,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари

- Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 1 ноябрда имзоланган «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорининг кириш қисмида «Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти энг аввало унинг оғзаки ижоди – фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топган бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади», дея келтирилади. Эпик анъаналар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, аммо улар Ўзбекистонда ҳозирга қадар мусиқий ва шоирона кўринишда сақланиб қолган ва ривож топмоқда. Ва бу ўзида бирйўла достончи, шоир, созанда, хонанда ва актёрликни мужассам этган бахши-шоир (достончилар, жиров, бакси, юзбоши, санновчилар) – халқ достончилиги санъати билан боғлиқ. Бахшилардан улкан сўз бойлиги, жонли халқ тилининг исталган шаклидан моҳорат билан фойдаланиш, сўз ўйинлари ва мусиқий безаклар мажмуидан бохабар бўлиш талаб этилади. Негаки, достонлар фақат оғзаки ижро учун мўлжалланмаган. Уларда ўз мусиқий асослари билан фарқ қилувчи 5 дан 36 тагача оҳанг мавжуд. Оҳанглар қисқа ва такрорий тузилмага эга. Оҳанглар сўзлаб, куйлаш тавсифига эга. Дўмбира, дутор ёки қўбизда ўзи чалиб ижро этиладиган термалар асосий мусиқий-шеърий жанр ҳисобланади.

Сўзсиз, Ўзбекистонда Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилаётгани тасодифан эмас. Мамлакатимизда ўзига хос бахшичилик, достончилик мактаби яратилган бўлиб, у устоз-шогирд анъаналарига асосланади. Ўзбек халқ мусиқий санъатида достончилик тўрт: Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудларига бўлинади. Ҳар бир минтақанинг ўз бахши-шоирлари, эпик санъат яратувчилари ва уларни сақловчилари бор. Уларнинг кўплари репертуаридан 20 тадан 100 тагача достон ижроси ўрин олган. ХХ аср достончиларига – Пўлкан шоир (76 достон), Қодир бахши (72), Фозил Йўлдош ўғли (60), Эргаш Жуманбулбул ўғли (50), Мардонқул Авлиёқул ўғли (43), Бола бахши Абдуллаев (20 тадан ошиқ), Юсуф Ўтаган ўғли (31)ларни мисол келтириш мумкин.

Ўзбек бахшичилик санъати ҳозирга қадар машҳур ҳисобланади. Улар фаолияти ҳам давлатимиз томонидан юксак баҳоланади. Уларга юксак «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони ҳам берилади. Бошқа бирор мамлакатда бу каби мақом учрамайди. Бола бахши Абдуллаев ва унинг ўғиллари - Норбек ва Етмишбой, Қаландар бахши Норматов, Шомурот Тоғаев, Абдуқаҳҳор Раҳимов, Зиёдулла Исломов, Шоберды Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Жумабой жировлар ҳам халқ орасида катта ҳурмат-эътибор қозонган.

Катта авлод анъаналарини ёш авлод давом эттиради. Хусусан, Феруз Норматов ва Жонибек Пиязовлар «Ниҳол» мукофоти совриндорларига айланишди.

Кўпгина таниқли бахшилар ҳақида «Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам» тўпламида батафсил маълумот  келтирилган. Унинг тузувчиси - Ўктам Ҳакимов. Нашрга таниқли достончилар ижросидаги эпик достонлар ёзилган диск ҳам илова қилинади.

Андрей Слоним,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри постановкачи-режиссёри.

- Биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказилиши муҳимлигини баҳолашнинг имкони йўқ. Тарихи жуда қадим-қадимга бориб тақаладиган халқ достончилик маданияти, миллий ижодкорлиги  маънавий дунёмизни ҳам бойитади.

Бахшилар ижоди  - моҳиятан бу кўҳна дунёни мафтун этган, ҳад-ҳудудсиз маънавий кенгликлар ва ўлкада яшаган одамларнинг бошқа энг олий сифатлари, инсоннинг атрофини ўраб турган чек-чегарасиз, улкан  олам билан уйғунлашуви ҳақидаги ғаройиб достонлардир. Шу боис бўлса керак, ҳар сафар уларни тинглаганда ўзимизни яхлит бепоён оламнинг бир заррасидай ҳис этамиз, кўп асрлик юксак маънавият анъаналарининг иштирокчисига айланамиз. Ўзим опера режиссёри сифатида улар драматургиясининг жуда фаол ички ҳаракатлар билан тўйинтирилгани жуда қимматли, деб биламан. Улар тавсифий ва инсон руҳиятини бор бутунлигича очиб беради.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган бундай кўламдаги фестиваль – чинакам халқ байрамидир. У ер юзида ижодкор аждодларининг ўзига жалб қилувчи қўшиқларида мужассам бўлган васиятини кўз қорачиғидан ардоқлайдиган, эъзозлайдиган мамлакатлар озлиги билан ҳам ўта ғаройибдир.

Абзал Рафиқов,

Ўзбекистон халқ артисти, Академик рус драма театри артисти:

- Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг айнан Термизда ўтказилишини эшитиш, фавқулодда қувонарли бўлди. Ушбу тадбирнинг қадимдан ана шу халқ ижоди ривож топган Сурхондарёда, хорижий меҳмонлар иштирокида ўтказилаётгани ҳам ўзига хос чуқур маънога эга. Бахшиларнинг достонлари – унутмаслигимиз керак бўлган тарихимиз ва маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Зеро, асарларга жо бўлган қадриятларимиз асрлар оша авлодда авлодга ўтиб келади.

Технологиялар, техник тараққиёт жадал илгарилаб кетган, босма ва электрон ахборотни исталган манбадан олиш мумкин бўлган ҳозирги замонда халқ ижодида ўз аксини топган тарихий хотираларини сақлаб қолиш, айниқса, муҳим.

Масалан, бугун ҳам замондошларимиз учун илҳом манбаи бўлган, унинг асосида пьесалар ёзилган, спектакллар қўйилган машҳур «Алпомиш» достонини олайлик. Достонда ҳеч қандай синовлардан қўрқмайдиган мард ва жасур қаҳрамон акс этади. Ундаги жонажон юртга, оилага бўлган муҳаббат жуда муҳим аҳамиятга эга. Ана шу маданият ва умуминсоний қадриятларни тарқатишда бахшиларнинг роли жуда муҳим ва бунга баҳо бериш жуда мушкул иш.

Бугун халқ ижодиётининг ана шу турига эътибор қаратилганининг ўзи ғоят муҳим ҳодисадир. Яқинда Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали унинг келгусида янада равнақ топишидаги илк таянч бўлади, албатта. Фестиваль нафақат маданий меросни сақлаб қолиш учун, балки уни ривожлантириб, кенг ёйиш, у ҳақда келгуси авлодларга сўзлаб бериш мақсадида ҳам ўтказилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech