13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
25 Окт  2019 2584

Кўз ўнгимизда гўзаллашаётган шаҳар

Ҳаётда турли феъл-атворга эга инсонлар кўп. Бировга янгиликлар, ўзгаришлар ёқмайди, бошқаси бунга мутлақо лоқайд, учинчилари ўзгаришларни катта иштиёқ, қувонч ва завқ билан кутиб олади. Ана шундай инсонлардан бири чирчиқлик пенсионер, етмиш беш ёшли отахон Анорбек Мусаевдир.

Анчадан бери: «Чирчиқ шаҳрида ҳам бўлаётган ўзгаришларни ёритиш керак. У ердаги ўзгаришлар. Бундай эътибор ва амхрлик учун давлатимиз раҳбаридан жуда миннатдормиз. Бу ердаги яратувчилик ишлари кишининг кўзини қувонтиради, кишига ғурур бағишлайди. Одамлар буни билиши керак», деб бизни ушбу шаҳарга ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўриш учун таклиф этарди. Хуллас, Чирчиқ шаҳрига йўл олдик. Дастлаб, диққатимизни чиройли бино, «Ёшлар маркази» тортди. Бино тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган, том қисми қайта ёпилган. Унинг олдидаги майдончада фавворалар қурилиб, янги скамейкалар ўрнатилган, атрофи ободонлаштирилган. Натижа — жуда чиройли манзара.

Шунингдек, шаҳардан оқиб ўтувчи Бўзсув каналининг икки қирғоғида ҳам қурилиш ишлари қизғин кетмоқда. Илгари четлари ва ичи қамиш босиб ётган каналнинг икки томони ободонлаштирилмоқда, пиёдалар ҳаракатланадиган кенг пиёдалар йўлаги ётқизиляпти. Ёзнинг жазирама кунлари аҳоли салқин сув бўйида сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Шунингдек пиёдалар йўлакларининг ҳар жой-ҳар жойида музқаймоқ, салқин ичимликлар сотадиган будкалар қўйилади. Хуллас, каналнинг 3,5 километрлик қисмида замонавий кўнгилочар «Соҳил бўйи» маскани барпо этилмоқда.

Чирчиқ шаҳрининг диққатга сазовор жойларидан бири Алишер Навоий майдонидир. Бу маскан ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилган, ободонлаштирилган, янгиланган, одамлар ўтириб дам оладиган янги ўриндиқлар ўрнатилган. Майдон маркази ўртасида буюк шоирнинг ҳайкали қад ростлаб турибди. Унинг ортида, бунгача кўчиб, бузилиб, арматуралари кўриниб, таъмирталаб бўлиб ётган юқорига олиб чиқувчи зиналар капитал таъмирдан чиқарилган, ҳатто, янги тўсиқлар ҳам ўрнатилган. Шунингдек, «Турналар» марказий аллеяси ва «Афғон» хотира боғлари капитал таъмирланган.

Шаҳар бозори яқинидаги Бўзсув канали устига қурилган, бунгача занглаб ётган осма металл кўприк бўялибди. Ундан юқорироқда, марказий жоме масжидга яқин жойдаги Букри кўприкда ҳам қурувчилар ишлаётган экан. Айтишларича, таъмирлаш ишлари декабрь ойида якунига етади. Хуллас, қаёққа қараманг, ҳаммаси яхши томонга ўзгармоқда.

Бундан ташқари шаҳарда уй-жойлар қуриш ҳам жадал суратларда кечмоқда. Ана шундай қурилиш объектларидан дастлабкиси, Амир Темур кўчасидаги ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун қурилган уй-жойлар бўлди. У ерда бутун бошли турар жой квартали қад рослабди.

- Кўриб турганингиздек, ушбу турар жой массивида 144 хонадонга мўлжалланган 3 қаватли - 8 та, 270 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли – 7 та уй фойдаланишга аллақачон топширилган, - дейди Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Хондамир Ҳусанов. – Бу уйлар массиви ўз инфратузилмасига ҳам эга бўлади. Қуриб фойдаланишга топширилган уйларнинг ҳаммаси икки-уч хонали квартиралардир. Мактаб, болалар боғчаси қурилади. Ҳар бир уй олдида болалар ўйнайдиган майдонча ҳам назарда тутилган. Яна 210 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли 7 та уй қурилмоқда.

Педагогика институтининг янги қурилаётган 4 қаватли асосий биносига кириб ўтдик. Бу ерда ҳам ишлар қизғин. Шунингдек, 2 та 600 ўринли «Талабалар турар жойи» қурилмоқда ва улар Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Кейинги манзилимиз яна бир, Амир Темур кўчасидаги янги турар-жой массиви бўлди. Ҳар бири 42 тадан квартира бўлган 7 қаватли 10 та уй қурилган. Уларнинг баъзилари аллақачон фойдаланишга топширилган, айримларида якуний ишлар амалга оширилмоқда. Икки контурли колонкалар сабаб квартиралар ўз мустақил иситиш тизими, иссиқ сувига эга.

- Янги қурилган бинолар 8 баллик ер силкинишларига бардошли, пишиқ қурилмоқда, - дейди «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компанияси инженер-техниги Аҳрор Сафаров. - Масалан, мана шу массивдаги ҳар бир уйга 128 тоннадан металл арматура, 1800 кубометр бетон, 80 мингта сиртга қопланадиган ғишт, 350 минг донадан пиширилган ғишт ишлатилган. Электр, сув ва газ таъминотида муаммолар йўқ. Агар 2 хонали уйларнинг майдони ҳақида гапирсак, улар 43,3 кв/м яшаш майдонига эга. 3 хонали квартиралар эса икки типда: бири – 56,56 кв/м, иккинчиси – 58,16 кв/м. яшаш майдонига эга. Пол ламинатланган, унинг тагидан эса иссиқ-совуқ ўтказмайдиган қоплама тўшалган. Хуллас, қурилган уйлар барча талаблар ва стандартларга жавоб беради.

Уйларни томоша қила туриб квартиралардан бирига яқинда кўчиб кирган онахон билан суҳбатлашиб қолдик.

- Квартирамиз уч хонали. Уйимиз барча қулайликларга эга, сув, газ ва электр таъминотида ҳеч қандай муаммо йўқ, мустақил иситиш тизими ҳам мавжуд, - дейди Тамара Мухтарова. - Хуллас, давлатимиз раҳбарига бундай шинам ва чиройли уйлар учун миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ҳозирда ўзгаришлар шунчалик тезкор ва каттаки, бугун борган жойингни эртасига таниб олиш қийин бўлмоқда.

Шаҳарнинг Троицк массивида олиб борилаётган қурилиш ва ободончилик ишларини ҳам бориб кўрдик. Канал атрофи ва қирғоқлари ободонлаштирилмоқда, янги бинолар - ўқув маркази, дори-дармон ишлаб чиқариш корхонаси қад ростламоқда.

- Икки қаватли меҳмонхона ва 31 метр баландликка эга бўладиган қўнғироқхона қуряпмиз, - дейди «Интер инжиниринг» компанияси прораби Ўткир Ҳуррамов. – Қурилишда 200 нафар киши ишламоқда ва уни яна бир ой ичида якунига етказишни режалаштирмоқдамиз.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, ҳаётимиз, атрофимиз ўзгармоқда, янгиланмоқда. Табиийки, биз инсонларнинг ҳаётга бўлган муносабатларимизда ҳам ижобий ўзгаришлар кечмоқда.

 Рақамлар тилида

- Инвестиция дастури доирасида 12 та объектга 74 млрд сўм маблағ ажратилган. Булар 5 та олий таълим, 2 та мактаб, 1 мусиқа ва санъат мактаби, 2 та боғча ва 2 та сув объектларидир.

- Президентимизнинг 2019 йил 1-3 июн кунлари Тошкент вилоятига қилган ташрифи давомида ажратган 1,1 трлн сўм маблағдан 29 млрд сўми Чирчиқ шаҳридаги 7 та объект учун ажратилган. Булар 2 та соғлиқни сақлаш, 2 та мактаб, 2 та сув объекти ва 17 километрлик ички йўллардир.

- «Обод маҳалла» дастури доирасида 3 та маҳаллада жами 52 млрд сўмлик ишлар амалга оширилган. Шунинг 6,2 млрд сўми бюджет маблағлари ҳисобига тўғри келади.

- Маҳаллий бюджетдан жами 1,9 млрд сўмлик маблағга 3 та мактаб, 5 та болалар боғчаси жорий таъмирланди.

- Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2019 йилда марказлашган иссиқлик тизими борасида 9 та иссиқлик етказиб берувчи қозон, 18 та қозонхона ва 80 километрлик иссиқлик тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди. 3,4 километрлик иссиқлик тармоқлари изоляцияланди. 2018 йилда 183 та кўп қаватли уйлар иссиқлик билан таъминланган бўлса, бу йил уларнинг сони 318 тага етди.

- Аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш мақсадида 10,1 километрлик ичимлик суви, 2,3 километрлик оқова сув тармоқлари янгиланди, 11,8 километрлик ичимлик суви, 1,2 километрлик оқова сув тармоқлари жорий таъмирланди.

- Электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 208,5 км. ҳаво тармоғи, 22,5 км. ерости кабеллари, 244 та темир-бетон симёғочлар янгидан тортилди. 148 та трансформатор жамланмаси жорий ва капитал таъмирланди, 14 та трансформатор жамланмаси ўрнатилмоқда.

- Шаҳар ички йўлларини таъмирлаш бўйича 60 та ички кўчага 38 километрлик асфальтлаш белгиланган ва бунинг учун 16,7 млрд сўм бюджет маблағи ажратилиши режалаштирилган, 10,4 км. ички йўллар асфальтланган.

- Чирчиқ шаҳри ҳудудидаги маиший чиқиндиларни олиб чиқишда «Тоза ҳудуд» филиали томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Шаҳарда ҳозирги кунда 32 та янги типдаги чиқинди тўплаш шохобчаси қурилган, 14 таси жорий йилда қурилади, 9 таси фойдаланишга топширилган, яна 5 таси ноябрь ойида фойдаланишга топширилади.

 

Нурпўлат Нурқулов

«Правда Востока».

Суратлар муаллифники.

 

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 25 октябрдаги 216-сонида «Город, который на глазах становится красивее» сарлавҳаси билан эълон қилинган. 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech