22 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,5 °C

Мамлакатимизда
28 Апр  2020 901

Халқона сиёсат майдони янада кенгайади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган туб ислоҳотлар моҳияти янги Ўзбекистон давлатининг халққа хизмат қилиш тамойилларига қатъий амал қилаётганини, барча куч ва имкониятларини фуқаролар ҳаётини яхшилаш ҳамда улар муаммосини бартараф этишга қаратаётганини кўрсатмоқда.

Буни ана шу даврда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар мазмунида ҳам кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳам халққа хизмат қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Чиндан ҳам, ўтган йилларда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида фуқароларнинг келажакда эмас, бугун яхши яшашлари учун қулай шароитлар яратила бошлаганини таъкидлаш мумкин.

Шу ўринда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун гарчи бир неча йиллардан бери муҳокама қилинаётган бўлса-да, унинг айнан янгиланаётган Ўзбекистонда қабул қилингани ҳам бежиз эмаслигини айтиш жоиз. Ушбу муҳим ҳужжат, энг аввало, фуқаролик жамиятини изчил ривожлантириш, юртдошларимизни уйғоқликка чорлашга хизмат қилиши билан ҳам кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Ҳар қандай мамлакат ривожи жамият бошқаруви билан халқ орасидаги мулоқотнинг қанчалар самарали йўлга қўйилганига боғлиқ. Агар одамлар бошқа талабларни қўйсалар-у, бошқарувдагилар  аксинча режаларни амалга оширсалар, албатта, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Шу маънода, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ислоҳотларнинг натижадорлиги айнан давлат билан халқ ўртасидаги мулоқотларнинг қай даражада тўғри йўлга қўйилгани билан белгиланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган давлат бюджетини қонун кўринишида, яъни парламент орқали қабул қилиш ғояси замирида ҳам айнан шундай мақсад мужассамдир.

Тўғри, ушбу муҳим молиявий ҳужжатнинг халқ вакиллари томонидан қабул қилиниши қайсидир маънода ҳукуматнинг пулга эгалик қилиш ва эмин-эркин тасарруф қилиш ҳуқуқини камайтириши мумкин. Аммо Президентимизнинг қатъий иродаси билангина ушбу қарор ҳам халқона сиёсатнинг амалий кўриниши сифатида қабул қилинди. Бу эса энди бюджет маблағларининг ишлатилиши халқ томонидан назорат қилинади, деганидир.

Тан олиш керак, мустақилликнинг дастлабки даврларида асосий эътибор ижро ҳокимиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди. Гарчи халқ фарвонлигини таъминлаш пировард мақсад бўлса-да, бирламчи вазифа давлат яхлитлигини сақлаб қолиш эди. Аммо ана шу давр мобайнида халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва мамлакат тараққиёти учун ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, давлат билан халқ ўртасида очиқ мулоқот майдони яратилмади. Фақат янги Ўзбекистон шароитидагина инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди.

Бироқ бу борада ҳали талай муаммолар мавжудлигини тан олиш керак. Тўғри, айни пайтда парламент қуйи палатасидаги 150 нафар депутат ёки юқори палатадаги сенаторлар ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар халқ вакиллари ҳисобланишади. Улар кўпчилик сайловчиларнинг ишончини қозониб, уларнинг овози ҳисобига депутатлик мақомига эга бўлганлар. Шу билан бирга, ана шу депутатларнинг номзодини қўллаб-қувватламаган минг-минглаб бошқа сайловчилар ва уларнинг ўзига хос қарашлари борлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Ёки сайловчиларнинг бироз бўлса-да, кўпчилик овозини олиб, парламентда етакчи кучга айланган партияни олайлик. Сайловдан кейин айни ана шу партия Бош вазир номзодини кўрсатди ва энди парламентда ўз ғояларини амалга ошириш имконига эга бўлди. Лекин сайловларда уларни қўллаб-қувватламаган фуқаролар ҳам борлигини унутмаслик керак. Хўш, уларнинг фикри, хоҳиш-истаги ёки талаблари билан ким шуғулланади?

Шу ўринда Уинстон Черчиллнинг демократия ҳақидаги қуйидаги гапини эслаш лозим деб ўйлайман: “Тўғри, демократия бошқаришнинг энг яхши шакли. Аммо у мукаммал эмас. Унда ҳам етарлича муаммолар бор. Лекин ҳалигача инсоният ундан яхши тизимни ярата олгани йўқ”.

Буюк давлат арбобининг ушбу фикри энг демократик жамиятда ҳам иккинчи бир томоннинг доимо норози бўлиб қолаверишига ишора, албатта.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган Жамоатчилик палатаси эса турли ғоя ва қарашларга эга бўлган барча юртдошларимизнинг хоҳиш ва истакларини бирдек қамраб оладиган мустақил тузилма сифатида давлат билан фуқаролар ўртасида очиқ мулоқотни ташкил қилишда мустаҳкам кўприк бўла олади.

Сир эмаски, бугун олдимизда иқтисодий муаммоларни изчил ҳал қилиш, фуқаролар даромадини ошириш, кейинги 5 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказишдек улкан вазифалар турибди. Бундан ташқари, зиммамизга сиёсий ислоҳотларни ҳам изчил амалга ошириш вазифаси юклатилган. Бундай масъулиятли вазифани бажаришда эса айнан Жамоатчилик палатасининг ўрни беқиёс бўлади. Яъни палата халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, одамлар фикрини давлатга етказиш учун замонавий майдонга айланади.

Давлат ва жамиятларнинг кутилмаган инқирозлардан беталафот чиқиши, турли соҳа ва тизимлардаги ислоҳотлар муваффақияти ҳам, асосан, давлат ва фуқаролар ўртасида қай даражада тўғри мулоқот ташкил этилганига боғлиқ.

Яъни бошқарув бошқарилувчиларнинг қандай фикрда эканидан тўла хабардор бўлсагина, адолатли қарорлар қабул қилади. Бу ёзилмаган қонуният. Очиғини айтиш керак, айни пайтда мамлакатимизда халқ ва давлат ўртасида шаклланаётган ўзаро муносабатлар ўзига хослиги билан кўпчилик эътиборини тортяпти.

Ушбу фикр асоссиз эмаслигига Президентимизнинг бугунги эпидемиологик шароитда муҳтож аҳоли қатламига амалий ёрдам беришга доир қарорини мисол сифатида келтириб ўтиш мумкин. Бугун дунёнинг энг ривожланган, ўзига тўқ мамлакатлари ҳам халқига, бизнес вакилларига қандай ёрдам бериш йўлларини изламоқда. Кимдир солиқ бўйича имтиёзлар берди, кимдир ижтимоий йўналишда ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда эса ўзига хос ва мос йўл танланди. Ушбу қарор ниҳоятда чуқур ўйлангани учун ҳам дунёнинг бир қатор давлатлари томонидан эътироф этила бошланди.

Хўш, ўзи бу қандай йўл?

Бу қадриятларимизга таянган ҳолда ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган аҳолига жамоатчилик вакилларининг тавсияси асосида ёрдам бериш йўлидир. Жамоатчилик орасида эса тадбиркорлар, оддий халқ вакиллари ҳам бор.

Шу ўринда бугунги мураккаб вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан “Саховат ва кўмак” умуммилий ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам илгари сурилгани, бу ташаббус ижросини таъминлашда фаол иштирок этган тадбиркорларнинг ёрдамлари кейинчалик қоплаб берилиши кўзда тутилганини таъкидлаш жоиз.

Ушбу ташаббусга лаббай дея жавоб бераётган юзлаб, минглаб тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар эса қон-қонимизга сингиб кетган миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда фуқароларимизга ёрдам бермоқдалар. Бу ҳам давлат билан халқ ўртасидаги муваффақиятли мулоқотнинг ёрқин намунасидир.

Чиндан ҳам, мамлакатимизда сўнгги йилларда бошқарув тизимидаги ишларнинг миллий қадриятларимизга таянган ҳолда олиб борилиши бўйича катта тажриба тўпланди. Янги Ўзбекистон тарихида биринчи марта Жамоатчилик палатасининг ташкил этилаётгани ёки “Саховат ва кўмак” умумиллий ҳаракатининг йўлга қўйилиши ҳам бунга мисол бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг нафақат бугунги, балки юз йиллардан кейинги ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Алишер Қодиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши раиси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech