21 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,7 °C

21 Апр  2020 888

Ҳақиқат ва Панипат

Ойниса опа деган тарих ўқитувчимиздан барча зирилларди, бир ўткир қараш, нари борса, икки оғиз сўз билан ҳар кимни ёғочдек қотириб қўярдилар. Бироқ дарс ўтиш борасида у кишига тенг келадигани йўқ эди. Усуллари ҳам ўзига хос бўлиб, мавзуни миямизга қуйиб қўйишда устозга ҳеч ким тенг келолмасди.

Еттинчи ёки саккизинчи синфдамиз – СССР тарихига бағишланган, “ёстиқдек” дарсликлардан фарқли ўлароқ қалинлиги қаттиқ муқоваси эвазига қирқ саккиз варақли дафтарчалик “Ўзбекистон ССР тарихи” дарслигининг Амир Темурга тегишли мавзуси ўтилаётган кун. Опа Соҳибқиронни босқинчи, қонхўр, одамлар бошидан миноралар ясаган “сифатлари” билан обдон сийладилар. Дарс тугагач, олдиларига бордик ва ярим қўрқинч, ярим ҳаяжон билан, Сиз нотўғри гапирдингиз, Амир Темур унақа бўлган эмас, қабилидаги гапларни айтдик. У кишининг ярим жаҳл, ярим кулги аралаш, ўғлим, мен дарсликда борини ўтдим, жавобларига, унда нотўғри ёзилган, дея олганимиз, устознинг, бунисини энди катта тарихчи отангиздан сўраб биласиз, деб кесиб ташлаганлари кечагидек эсимизда.

Кечқурун бу ҳақида отамизга сўзлаб берганимизда, бўлмаган гап, барчаси ғирт ёлғон, катта бўлсанг, ҳаммасини билиб оласан, лекин бу тўғрида кўча-кўйда, мактабда сўзлаб юрма, ҳар учта одамдан биттаси нариги ёқнинг одами, деб қаттиқ тайинладилар ҳамда айрим нарсаларни тушунтириб бердилар...

Шарқ тиллари факультетидаги битирув ишимиз “Фирдавсий “Шоҳнома”сида севги лавҳалари”га бағишланган. Ҳимояда юқори баҳо олган, мавзуни ривожлантирсак, келажакда номзодик диссертациясига яраши мумкинлиги ҳам урғуланган. Аммо бу гап отамизга ёқмаган, манбашунос бўласан, ўшанда ғазнавийлар даврини яхшилаб ўзинг ўргансанг, бугунги фикринг ҳам ўзгаради, деганлар жиддий оҳангда.

Шундай бўлди ҳам. Фанлар академияси Шарқшунослик институтига ишга кириб, бирламчи манбалар, илмий адабиётларни ўрганиш асносида кўп нарсаларга “кўзимиз очилиб” бораверди. Хулосамизнинг энг асосийси мана буниси бўлган: биз ўзбекларнинг тарихи мақсадга мувофиқ равишда камситилиб, ерга урилиб, талон-тарож этилиб, сохталаштириб келинган. Нега? Миллатимиз руҳланмаслиги, ўз ўтмиши, ота-боболари билан ғурурланишдан куч олмаслиги, ўзлигини англамаслиги ва, охир-оқибат, биз киммиз-ку, кимларга бош эгиб юрибмиз, дея қўзғалмаслиги учун!

Миллат ва тарихнинг узвий ва кучли боғлиқлиги энг қадимдаёқ аён бўлган қонуниятдир. Афсоналару ривоятлар, эртаку чўпчаклар эл-юрт, оила, суюкли, оға-ини ҳимояси, ботирлик, содиқлик мавзулари билан суғорилгани ҳам бежиз эмас. Эски-эски замонлар – ўз даври учун ўзига хос тарбия сабоқлари саналмиш уларни ҳам ақлли одамлар тўқиганлар, ахир.

Эътибор берилса, кўчманчи халқларнинг ҳар авлоди етти пуштини ёддан билади. Ўтроқларда эса, масалан, ўзимизда, нари борса, отасининг буваси маълум. Бунинг сабаби жуда оддий: биринчиларида ёзув ва битикчилик маданияти бўлмаган ёки унча ҳам ривож топмагани учун куч эслаб қолишга берилган. Иккинчилари қоғоз-қаламга “ишонганлар”. Араб алифбосини таниб қолган талабалик йилларимизда бувимизнинг Сағбондаги ҳужраларидаги китоб бетларининг у ёки бу ерига, фалончи фалон йил, фалон ойда пешиндан кейин туғилди, деб арабча ҳарфларда ёзиб қўйилганини ўқиганимиз ҳануз хотирамиздан чиқмайди. Аммо бувимиз буваларидан уёғини билмасдилар. Худди тарихчи олим отамиз сингари...

Демак, қалам ва қоғоз борлигининг ўзи етарли эмас экан. Абу Райҳон Берунийнинг: “Қутайба Хоразм хатини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган ва билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни ҳалок этиб, буткул йўқ қилиб юборган эди. Шунинг учун у хабар ва ривоятлар ислом давридан кейин ҳақиқатни билиб бўлмайдиган даражада яширин қолди”, дея тан олишини шу нуқтаи назардан таҳлил қилсак. Аҳвол минг йил бурун қандай бўлса, бугун ҳам шундай: араблар босқинидан олдинги минг йиллик босқич бўйича пичоққа илинадиган ёзма манбаларимиз йўқ ҳисоби.

Қутайба, умуман, араб босқинчилари ўзбеклар маданияти уларникидан анчайин юксаклигини, демак, уни, хусусан, илм, сўз ва санъат аҳли, ёзувни йўқ қилмасдан туриб кўзланган муддаога эришиб бўлмаслигини ўта пишиқ англаган. Умуман олганда, бу фақат бадавийларгагина эмас, бошқа босқинчиларга ҳам хосдир. Орадан ўн уч асрлар ўтиб, Туркистонни босиб олган Россия империяси генералларидан М.Скобелевнинг “Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданияти, санъати, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”, деган иқрори бунинг тасдиғидир. То 1991 йилгача – давлат мустақиллигимизни тиклагунимизга қадар худди шу сиёсат юритиб келинди. Айнан маданият, санъат, тил, тарих орқали миллатни кучлантириб-оёқлантирмоқчи бўлган жадидларни бирма-бир тиғдан ўтказишдан мақсад ҳам мазкур “доно кўрсатма”га кўра юритилган сиёсат маҳсули бўлган. Юқорида тилган олинган тарих дарслиги эса бир асрдан ортиқ муддат ичида неча марта қайчилаб-қиртишланиб, силласи қуритиб бўлинган миллий онгни умрбод оғулаш қуроли эди, холос.

Тўғри, “Шоҳнома” бадиий жиҳатдан чиндан ҳам шоҳ асар. Фирдавсий уни ўз эли ва юртини улуғлаш ниятида битган. Араблар босқини Турон каби Эронга ҳам қаттиқ салбий таъсир кўрсатган. Жумладан, форс тили ва адабиётига. Шоирнинг хизмати шу жиҳатдан ҳам юксакдир – араб тили зуғуми шароитида форс тилида улкан, ўзининг айтишича, олтмиш минг байтлик достон битиб, она тилиинг қудрати, бойлигию гўзаллигини исботлаб қўйган. Худди Алишер Навоий араб, форс тиллари тазйиқи манзарасида “Хамса” ва бошқа асарлари орқали ўзбек тилининг кучи, чиройи, тенгсизлигини кўрсатиб қўйгандек.

Қисқаси, “Шоҳнома”ни яратишдан бош мақсад уни Маҳмуд Ғазнавийга бағишлаш бўлмаган. Ижодкорни бунга минтақадаги сиёсат вазиятнинг ўзгариши, яъни ҳокимиятга Маҳмуднинг келиши, унинг илм-фан, адабиёт, санъатга рағбати ва ҳомийлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳамда ўзининг оғир молиявий аҳволи ундаганини ҳеч бир шоҳномашунос инкор этолмайди. Олий ҳукмдор Фирдавсийни тақдирлаган, лекин шоир мўлжалидаги даражада эмас – олтмиш минг дирҳам ўрнига йигирма минг берган. Шу тариқа, Маҳмуд Ғазнавий ёмон отлиққа чиққан-қўйган. Ҳолбуки, Турон султони сифатида Эрон ва Турон қарама-қаршилигига бағишланган, туркийлар ерга урилган асар учун бир чақа ҳам бермаса бўларди. Шу-шу ким ёмон, Маҳмуд Ғазнавий ёмон. Бутун дунё илмий, илмий-оммабоп маълумотларнинг кўпчилигида мазкур ёндашув устун.

“Шоҳнома”нинг бугунги авлодларгача етиб келишида Амир Темурнинг уч набираси, Соҳибқирондан сўнг ўзбек давлатини қирқ икки йил бошқарган, отаси тузган салтанатнинг ўзагини ҳозирги Кавказорти, Шарқий Ироқ, Эрон, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Ғарбий Хитойдан иборат кенгликда сақлаб қолган Шоҳрухнинг ўғиллари Бойсунғур, Иброҳим Султон, Муҳаммад Жўкийнинг хизматларини, бошқаларни қўйиб турайлик, ўзимизда ҳам камдан-кам олим билади. Асарнинг улар бошчилик ва ҳомийликларида кўчирилган, зийнатланган, ўнлаб расмлар билан безатилган ноёб нусхалари ҳозир ҳам дунё қўлёзма жамғармаларининг кўрки, ҳам шоҳномашуносликка қимматли манба саналади.

Тарих ва маданиятимизни ерга уриш орқали бизни руҳан синдиришларнинг яна бир сабаби бўлган. Ўрта ва Яқин Шарқ сиёсий ўтмишининг ХХ аср биринчи чорагигача бўлган минг йиллик босқичида яққол кўзга ташланадиган жиҳат мазкур улкан ҳудудни туркий сулолалар бошқариб келгани, уларнинг илдизи эса Турон, Туркистонга бориб тақалиши билан боғлиқдир. XVI асрдан бошлаб айнан шу минтақада юз бера бошлаган сусайиш жараёни пировардида Шарқнинг Ғарбдан ортда қолиб кетиш сабабларидан бири бўлганини кўпчилик хаёлига ҳам келтирмайди, билган камчилик эса бош омил сифатида денгиз йўлларининг очилиши, Европадаги илмий кашфиётлар билан тушунтириб, гапни олиб қочади.

Бундайлар ўзимизда ҳам етарли. Шу маънода, бизда, айниқса ва энг аввало, олимларимизда бошқалар олдида ялпанглашишга ўхшаш одат бор: ўзимизни бутун дунёга бахшида этиб юбориш, бағрикенглик, қўли очиқлик, андишачиликда барчадан устунлигимизни кўрсатиб қўйиш ва шунга ўхшашлар. Юртимиз, минтақамиз ўтмиши ҳақида сўз кетса, турли маданиятлар, динлар кесишган чорраҳа, Буюк ипак йўлида жойлашган ўлка сингариларга зўр берамиз. Гўёки бизнинг тарих ва маданият турли замонларда мамлакатимизга келиб-кетганлар томонидан яратилган, бойитилган. Бизникилар эса оғзини очиб ўтирган.

Ҳолбуки, кишиликнинг илк маданий ўчоқларидан саналмиш Турон дунёнинг энг кекса сиёсий, иқтисодий, илмий-маданий марказларидан бири бўлиб келган. Уни эгаллашга барча интилган. Тарихдаги энг йирик, масалан, аҳамонийлар, юнонлар, араблар, мўғуллар, руслар тузган империяларнинг тиғи Туронни четлаб ўтмаганининг сабаби ҳам шундадир. Негаки уни қўлга киритган куч Шарқ, Осиёга таъсир ўтказиш, уддаласа, уларни бошқариш имконига эришган. Босқинчиларга қарамлик босқичлари изсиз ўтмагани Қутайба ва Скобелев, мактаб дарслиги мисолларида яққол кўриниб турибди. Аммо моҳият эътибори билан айтганда, биз ҳеч қачон бировларнинг маънавияти, маданияти, урф-одати, қадриятларини ўзлаштирган миллат бўлмаганмиз.

Араб халифаси Хоруннинг ўғли Абдулла Хуросон ноиби сифатида 809 йилдан Марвда яшаган. 813 йил халифа мақомига етишиб, Маъмун лақабини олгач ҳам бу ерни тарк этмаган ва 819 йилга келибгина Бағдодга кўчиб ўтган. Шу чоққача унинг саройида илмий изланишлар олиб борган ўзбек олимлари, жумладан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғонийни ҳам ўзи билан олиб кетган. Дунёга машҳур “Олимлар уйи” (“Байт ал-ҳикма”) ҳам айнан уларнинг таклифи билан ёки улар учун очилгани шубҳасиз. Расмий тил араб тили саналмиш халифаликнинг қоқ марказидаги академияда ҳам илмий асарлар ўша тилда ёзилган ва тарқалган. Оқибати маълум: эндиликда оламнинг кўпчилиги учун Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино араб маданияти, ислом цивилизацияси вакилларидир.

“Буюк ипак йўли” атамаси олмон олими Фердинанд фон Рихтгофен томонидан 1877 йили илмий муомалага киритилганини бугун анча-мунча одам билиб қолди. Мазкур йўл аслида қадимги ва ўрта асрларда Ўрта Шарқ мамлакатларини Хитой, Ҳиндистон ҳамда Ғарб билан боғловчи кўп тармоқли карвон йўлларини билдирган. Улар орқали биргина ипак эмас, турли-туман мол-мулк, маҳсулот ташилган. Ушбу улкан кенгликда кечган барча уруш-талашлар негизида савдо йўлларига эгалик қилишдек иқтисодий омил ҳам бўлганини бугун кўпчилик билмайди. 

Амир Темурнинг Тўхтамишхон билан муносабатлари кескинлашиши негизида Кавказорти, Ғарбий Эрон, Олтин Ўрда бозори учун кураш турганини ҳам билиб қўйганимиз яхши. Тўхтамишхонга 1391, 1395 йилларда берилган қақшатқич зарбалар, Каспий, Азов денгизлари бўйларидаги шаҳарларни остин-устин қилиб ташлашдан муддаода Буюк ипак йўлининг шимолий йўналишини йўққа чиқариш орқали халқаро савдо-карвон фаолиятини Турон томонга буриш ҳам бўлган.

Соҳибқирон бобомизнинг франциялик ҳукмдор Шарл VI га (Charles, яъни биз ёзиб келадигандек Карл эмас) юборилган хати қуйидаги сўзлар билан тугагани ҳам бежиз эмас: “Ўз савдогарларингизни биз тарафларга юборинг, уларни бу ерда азиз ва мукаррам кўргаймиз. Бизнинг савдо аҳли ҳам у тарафга йўл олгай. Уларни ҳам азиз ва мукаррам кўргайсиз, уларга ҳеч ким зўравонлик ва ортиқча ташвиш туғдирмасин. Негаки дунё савдогарлар билан ободдир”.

Қисқаси, ўзбек давлати ва миллати сиёсату савдода ҳам, илму маданиятда ҳам ўз сўзи, дунёқараши, феъл-атворига эга бўлиб келган. Неча минг йиллик тарихий тараққиёт йўлимиздаги барча ютуқ ва йўқотишлар мана шу омилларнинг юзага чиқиш-чиқмаслигига боғлиқ бўлиб келган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллатимиз ва давлатчилигимиз олдидаги энг улуғ хизмати ҳам ушбу омилларга жон бағишлаш, уларни тирилтириш, сифатини бойитиш билан боғлиқдир, десак ҳамма кўриб, билиб турган ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, айнан улар олдимизда турган кўпдан-кўп, оғирдан-оғир қийинчиликларни енгиб ўтишда биз учун тенгсиз ва самарали қурол бўлишларига шубҳа йўқ. Ахир бундан 494 йил бурун – 1526 йилнинг 20 апрель куни Панипатда юз берган олишувда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг издошларига куч берган омил ҳам шулар эмасмиди?!

Миллий етакчимиз йил бошида аввал Хавфсизлик кенгаши, сўнг Олий Мажлис палаталари йиғилишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 минг қўшин билан Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минглик лашкарини енгганини бекорга эсламади, албатта. Эслабгина қолмай, қуйидаги савол-жавобларни ҳам кўндаланг қўйди: “Ўша пайтда шундай қилиш мумкинмиди? Йўқ. Бобомизга нима ёрдам берди? Ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, ақл-заковат”.

Мазкур ҳақиқат умримиз мазмунига айланар экан, бизни ҳеч қандай куч, хавф-хатар енголмайди, ҳеч қандай қийинчилик синдиролмайди.

Азамат Зиё,
тарих фанлари доктори, профессор.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech