19 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,8 °C

Маданият
28 Мая  2019 5041

Людмила ХВАН: «...Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшган, қўшаётганларга ҳурмат кўрсатишни ўрганишимиз керак»

Замонавий Ўзбекистон тараққиётининг ижобий тенденциялари янги ижтимоий-иқтисодий сиёсат, таълим, фан ва маданият муаммоларига эътибор қаратиш билан боғлиқ тизимли ўзгаришлар билан тавсифланади. Маданият эса умумдавлат мақсадларига эришишда алоҳида ўрин тутади, чунки у маънавий ва моддий ҳаётнинг асосий қадриятлари, халқлар, мамлакатлар яқинлашуви ва умуман, тараққиётнинг инсоний мавжудлиги учун асос бўлган миллий ўзликни англаш билан боғлиқ.

Тимур Кайсаров олган сурат

Шу боис маданият Президентимизнинг доимий диққат марказида, уни ривожлантириш зарурати Ҳаракатлар стратегиясида мустаҳкамланган, аҳоли ўртасида тарғиботи эса республикамиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббуси қаторида эълон қилинган. Китобхонликни кенг тарғиб қилиш алоҳида банд билан келтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мактубида: «Биз миллий тикланишдан – миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик», деди ва бу жараёнда адабиётнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «...ғоят мураккаб муаммоларни ҳал этиш йўлида барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиришда, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этадиган ёшларни гуманистик ғоялар руҳида тарбиялашда бадиий сўз санъатининг ўрни ва масъулиятини ҳар қачонгидан ҳам юксалтириш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда».

Сўнгги икки-уч йил ичида Ўзбекистоннинг маданий ҳаётида юксалиш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувда фаоллашиш ва шу тариқа барча соҳаларда бойиш кузатилмоқда. Тошкентда ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон-Россия таълим форуми, ўтказилган халқаро фестиваль ва танловлар, ўтган йилнинг Қозоғистонда Ўзбекистон ва бу йилнинг Ўзбекистонда Қозоғистон йили, деб эълон қилиниши бунинг тасдиғидир.

Шу билан бирга, ижобий трендларга қарамасдан, маънавий-ахлоқий соҳадаги ўзгаришлар ҳали олға қараб ривожланишда кутилаётган жадалликни юзага келтирмаган. Бир томондан биз, мамлакатнинг ривожланиш талаблари сифатида қараладиган, одамларнинг хулқ-атворини шакллантирадиган бажарилиши шарт мавжудлик каби анъанавий қадриятларга эгамиз. Бошқа томондан – оғриқли нуқталар, оилаларнинг парчаланиши жараёнлари, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мураккаблиги, масъулиятсизлик, иккиюзламачилик, лаганбардорлик, давлат бойликларини талон-торож қилиш, худбинлик ва манфаатпарастлик каби шахсий ва жамоат тартиби касалликлари сабабларининг сақланиб қолгани. Ахир, Президентимизнинг март ойида Бухоро вилоятида жамоатчилик билан учрашувда чапак чалиб, баландпарвоз гапларни айтишдан тўхташга чақиргани ҳам тасодифан эмас.

Ахлоқий қашшоқлашув кўп жиҳатдан санъатни тижоратлаштириш, оммавий маданиятнинг салбий кўринишлари, маънавиятнинг ролини паст баҳолаш, маданий тадбирларни ўтказишдаги шунчаки расмиятчилик ва тизимсизлик билан боғлиқ. Бу қисман китобхонлик ва турли ижодларга – халқ ижоди, тасвирий санъат, мусиқа, театрга бўлган қизиқишнинг пасайишига олиб келди. Натижада, кўплаб фуқароларимиз, шунингдек ёшлар, соҳанинг буюк намояндаларини фақат диққатга сазовор жойлар, ёдгорликлар, кўча номлари орқалигина билади... Бунда уларнинг асарлари, умуман, миллий ва жаҳон маданияти ҳақида жуда кам тасаввурга эгалигини сезмаслик ҳам мумкин эмас. Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳақли равишда таъкидлаганидек, «маънавият» тушунчаси бизда ноаниқ тусга эга бўлди: «Ёш йигитдан ҳар томонлама ривожланган шахсни қандай шакллантириш мумкин? Бунга баландпарвоз гаплар ва маънисиз учрашувлар билан эришилмайди ва бу борада биз ортда қоляпмиз».

Ўз маданиятимизни кўпроқ қадрлашимиз керак. Агар Хитой халқи ўз меросига ғамхўрлик қилмаганда, масалан, Конфуцийни, унинг ғояларини мунтазам тарқатмаганда, фикрларини инсониятга етказмаганда, мутафаккирнинг шуҳрати ўз мамлакатидан ташқарига чиқмаган бўларди ва таълимоти жаҳон маданий анъаналарида абадийликка эришмаган бўларди. Лекин ҳар бир давлат тарихида буюк шахслар бўлади. Ўзбекистонликлар учун улардан бири - Алишер Навоий. Уни ҳеч бир муболағасиз бошқа даҳолар билан бир қаторга қўйиш мумкин. Улар каби, Навоий ҳам меҳр-мурувватни, саховат, жасорат, севги, илмга олишга бўлган интилишни улуғлаган, раҳм-шафқат ва дўстликни тараннум этган, жаҳолат, зўравонлик ва қўполликни қоралаган. Навоий ўгитлари ифтихор туйғусини уйғотади ва шу билан бирга миллий менталитетимизни ҳам ифода этади.

Шубҳасиз, ватандошларимиз даҳога алоқадорлиги билан фахрланади. Бироқ биз ҳали ҳам унга, шунингдек, замонавий ва биздан анча илгари яшаб ўтган бошқа буюк ижодкорлару маданият арбобларига етарлича қизиқиш билдирмаяпмиз. Биз муносиб ҳаёти, ақли, адолати, истеъдоди билан ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшган, қўшаётганларга ҳурмат кўрсатишни ўрганишимиз керак. Шундай лойиҳалар бор, албатта, аммо етарли эмас. Таълим, маданият марказларида буюк шахслар хотирасига ҳурматни тарбиялаш ва асраб-авайлаш ишларини тизимлаштириш, ёшларга тарихимизни эъзозлашни ўргатишимиз зарур. Мумтоз адабиёт вакилларидан бири: «Буюк инсонлар ўзларига пойдевор қуришса, ҳайкалини келажак қуради», деб ёзганди. Буни ёдда тутиб, таниқли ватандошларимизга ёдгорликлар ўрнатиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда Тошкент ва Андижонда халқ шоири Муҳаммад Юсуф, Нукусда Ўзбекистон қаҳрамони Ибрагим Юсупов хотираси абадийлаштирилди, уларнинг номлари берилган мактаблар очилди. Улар қаторини хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Игорь Савицкий ва зиёлиларимизнинг бошқа вакиллари ҳам тўлдириши мумкин.

Бадиий асарларни таржима қилиш бўйича ишларни ҳам фаоллаштириш мақсадга мувофиқ. Бу нафақат соҳа мутахассислари, Фанлар академияси ходимлари, балки, энг аввало, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий ўқув юртлари талабалари томонидан амалиёт сифатида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундай фаолиятни рағбатлантириш учун даврий нашрларда ва махсус альманахларда чоп этиладиган энг яхши таржималар танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Кадрлар масаласи ҳал этишга аҳоли эҳтиёжига мос равишда барча даражаларда чет тилларни ўрганишни ташкил этишни қайта кўриб чиқиш ёрдам беради. Масалан, рус, инглиз ва бошқа Европа билан бирга шарқ тилларидан ҳам бирини киритиш мумкин.

Яна бир муҳим вазифа - фольклорга бўлган муносабатни ўзгартириш, чунки у Термиз шаҳридаги Биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсоният томонидан яратилган бебаҳо маданият хазиналарининг манбаидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ ижодиёти ва усталарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирди. «Тенгсиз маънавий бойлигимиз бўлмиш мумтоз санъатни, халқ ижодининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш жаҳондаги илғор фикрли олимлар ва санъаткорларнинг, давлат ва жамоат арбоблари, барча маданият аҳлининг эзгу бурчидир», деди мамлакатимиз раҳбари. Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган биринчи халқаро халқ амалий санъати фестивали шулар жумласидандир.

Маданият билан боғлиқ долзарб вазифаларнинг яна бири - музейлар фаолиятини мамлакат ичкариси ва ташқарисида кўргазмаларини тизимлаштириш нуқтаи назаридан қайта баҳолашдир. Масалан, чўлдаги Лувр деб аталган Қорақалпоғистон давлат санъат музейи чет элда шуҳрат қозонган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи муносабати билан икки мамлакат раҳбарлари ташриф буюрган ушбу тўпламдан расмлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Бироқ республика музейларининг аксарияти аҳоли орасида етарлича оммалашмаган, жумладан, йўл кўрсаткичлар, маҳаллий ва хорижий рассомларнинг суратлари каталоглари, мақсадли телекўрсатувлар, турли тиллардаги даврий нашрларда мақолаларнинг етишмаслиги сабабли ҳам. Шу билан бирга жаҳон тажрибасига мувофиқ музейлар бойлигига эътиборни жалб қилиш учун ҳудудларда бирор муаллиф ёки йўналиш суратлари экспозицияларини ўтказиш, таниқли олимлар, санъатшунослар ва маданият арбоблари билан учрашувлар ташкил этиш мумкин эди.

Маънавият ва маърифат ўчоқлари сифатида олий таълим муассасаларини ривожлантиришга янгича ёндашувлар зарур. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, сифат жиҳатидан янги имкониятлар, жумладан, бакалавриат ва магистратурада иккита диплом дастурлари пайдо бўлмоқда, олий ўқув юртларининг таълим, фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлиги кенгаймоқда, бу эса, албатта, кадрлар тайёрлаш сифатида ўз аксини топади. Шу билан бирга, илм-фанни ёшларни санъат ва ижодкорликка жалб қилишга хизмат қилдириш, уларни жаҳон тажрибасидан фойдаланиб кенг оммалаштириш лозим, шу билан бир қаторда қўшма форумлар доирасида ҳам. Жумладан, Жанубий Корея ва Ўзбекистон маданиятига бағишланган халқаро конференция олдидан Тегу шаҳридаги Кёнбук миллий университетида миллий либосларимиз, таомларимиз ва диққатга сазовор жойларимиз намойиш этилган кўргазма ҳам ташкил этилди. Ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, иштирокчиларда республикамизга катта қизиқиш уйғонди, кўпчилигида уни шахсан ўз кўзлари билан бориб кўриш истаги пайдо бўлди.

Шунингдек, таниқли тарихчи олимлар, маданиятшунослар, санъатшунослар, тилшунослар ва санъат арбоблари билан ҳамкорликда адабиёт ва рангтасвир бўйича антологиялар, мамлакат ҳақидаги турли йўлкўрсаткичлар ва қўлланмалар, Ислом цивилизациясининг янги маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ёдгорлик мажмуалари, музейлар, театрлар, халқ урф-одатлари ва бошқа қадриятларга оид материаллардан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Улар нафақат хорижий сайёҳлар, балки ватандошлар томонидан ҳам муносиб баҳоланади.

Биз айтиб ўтган бўшлиқлар Президентнинг нутқлари ва таклифларида кўрсатилган маданий стратегиянинг сифат жиҳатидан янги йўналишларини, норматив ҳужжатларни янада мақсадли амалга ошириш зарурлигини тақозо этади. Унинг таркибий қисми - аллақачон айтилган бешта ташаббусдир. Улар ёшларни маданият муассасаларига кенг жалб этиш ва 14 дан 30 ёшгача бўлган икки миллион ёшни қамраб олиш бўйича тегишли ҳудудий «Йўл хариталари»ни тасдиқлаш, болалар мусиқа ва санъат мактабларида, чолғу, вокал ижро ва тасвирий санъат тўгаракларида, ҳаваскор театр гуруҳларида ва маданият марказларида ижодий ансамблларда қўшимча йўналишларни ташкил этишни назарда тутади. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни тарғиб қилиш учун янгича ёндашувлар қўлланилади. Шу мақсадда ҳар бир минтақага бир миллион нусхада бадиий, тарихий, илмий-маърифий адабиётлар, шунингдек, махсус транспорт воситалари - библиобусларни етказиб бериш, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар ташаббуси билан халқ кутубхоналарини очиш режалаштирилган.

Буларнинг бари республика равнақига қўшимча туртки беради, аҳоли ўртасида инсонпарварлик, дўстлик, ижтимоий адолат каби юксак ғояларнинг мустаҳкамланишига, жамиятимизни салбий хусусиятлардан халос этишга ва умуман, мамлакатимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Людмила Хван.

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,

Бердақ номидаги

Қорақалпоқ давлат университети профессори.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech