21 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,7 °C

22 Апр  2020 1070

Ишонч кўприклари

ёҳуд илму маърифат ва миллий қадриятлар маънавий қалқонимиздир

Мана бир неча ойдирки, инсоният катта бир синовга дуч келиб, у билан курашиб ётибди. Сабаблар изланяпти, оқибатлар ўрганиляпти. Халқимиз эса ҳамиша ҳар нарсадан ҳикмат излашни ҳам, уни топишни ҳам уддалайди.

Эл бошига тушган бу синовли кунларда мамлакатимиз раҳбари уч бора халққа мурожаат қилиб, ваҳимага берилмасликни, бу балони даф этиш учун барча чоралар ишга солинишини, бундай вазиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик зарур эканини кўп уқтирди.

Пандемияга қарши курашнинг илк кунларидаёқ халқимиз гангиб қолмади, ваҳимага берилмади. Ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро кучли давлатнинг мустаҳкам ҳимояси остида эканини чуқур ҳис этди.

 Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хорижий давлатларда карантин сабабли қолиб кетган ватандошларимизни олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиши, карантинда ҳам минглаб юртдошларимизга давлат ҳисобидан барча шароитлар яратиб берилиши, касалликка чалинганларни эса диагностика, даволаш ишлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилиши, қисқа фурсатларда Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилиши, Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилиши каби кенг кўламли ишларни мисли кўрилмаган, қиёссиз жасорат ва фидойилик дейиш мумкин.

Шу синовли кунларда биз ёнимизда юрган, бироқ шу пайтгача эътибор қилмаган, кези келганда қадрига етмаган ўз қаҳрамонларимизни ҳам танидик. Улар орасида шифокорлардан тортиб ҳуқуқ-тартибот посбонлари, ҳайдовчи, оддий деҳқон ва саховатпеша тадбиркоргача бор. Вақти келади, албатта, бугунги куннинг жасорати тарихга муҳрланади.

Бир нарса аниқ ҳақиқатки, агар бугун биз кўриб, сезиб, англаб турган ўзгаришлар замирида уч йил олдин мамлакатимизда бошланган ислоҳотлар бўлмаганда, эҳтимол, бу синовли кунларда аҳволимиз бундан-да оғирроқ бўлиши мумкин эди. Энг муҳими, бу ислоҳотларни шу мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаро ҳис этди, ён-атрофдаги давлатлар ва хориждаги энг зўр сиёсатчилар ҳам тан олишмоқда, эътироф этишмоқда.

Уч йил олдин илм-фан, таълим, тиббиёт ва ҳоказо соҳаларда бошланган ислоҳотлар туфайли бу кўринмас балога қарши курашда халқимиз бир тану бир жон бўлмоқда, одамлар давлатнинг кучли ҳимоячи қалқон, ташаббускор ва ташкилотчи, халқ ва давлат деган тушунчалар якдил эканини юрак юракдан ҳис этиб турибди.

Назаримда, энг катта ютуғимиз ҳам мана шунда: халқнинг давлатга, давлат раҳномасига бўлган ишончи, давлатнинг халқ томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганида, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳру муруввати ва ҳамжиҳатлигидадир.

Бугун дунё харитасига кўз ташласак, энг ривожланган деб тан олинган давлатлар бу бало олдида довдираб қолганлиги, синовли кунларга тайёр эмаслиги, халқ билан давлат бошқаруви тизими ўртасидаги ишонч кўприклари мустаҳкам эмаслигини кўрмоқдамиз.

Бугунги куннинг бизга бераётган энг катта хулосаси шуки, мамлакат мустаҳкамлиги фақат иқтисодий рақамлар кўрсаткичининг юқори бўлишигагина эмас, балки миллий маданият, қадрият ва маънавият деган тушунчаларга ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Мамлакатимиз раҳбари Президент бўлиб сайланган илк кунларидаёқ илм аҳли, Фанлар академияси олимлари билан учрашди. Дастлабки фармони ҳам жамиятда ўз нуфузини йўқотган, тарқалиб, парчаланиб кетаёзган Фанлар академиясини ва унинг таркибидаги илмий-тадқиқот институтларини қайта ташкил этиш ҳақида бўлди.

Юртимизда илк бор Тиббиёт академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бугунги кун шуни кўрсатяптики, бу қарорлар ўз даврида қабул қилинган тарихий қарорлар бўлган. Мана шу кўринмас балога қарши курашда, биринчи навбатда, собит тиббий билим ҳамда илму маърифат ва миллий қадриятларнинг ўрни беқиёс экани янада аён бўлмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги уч йилда адабиёт, санъатга бўлаётган эътибор, китобхонлик маданиятини янада ривожлантиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Турли фестиваллар, халқаро симпозиумлар шунчаки тадбир учунгина ўтказилмади, балки миллатнинг маънавиятини юксалтириш, ҳамжиҳатлиги, бирлигини мустаҳкамлаш, ижодорлик қобилиятини уйғотишга хизмат қилди. Бугунги халқнинг бирлиги, жипслигида ана шу амалга оширлган улкан ишларнинг амалий натижаларини кўриб турибмиз. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, адабиёт ва санъат ҳар қандай вазиятда ҳам инсонни сабр, бардошли, матонатли бўлишга ўргатади, миллатни бирлаштиради, тафаккурини тарбиялайди.

Бадиий сўз санъати ҳақида гап кетганда, биринчи галда, эпик ижодкорларимиздан жонли ижро ҳолатида оғиздан оғизга ўтиб, мерос бўлиб келаётган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон”, “Кунтуғмуш” каби достонларимизни тилга оламиз. Бу достон қаҳрамонлари энг мушкул пайтда ҳам халқнинг корига яраган, пароканда элни бирлаштирган, ўзининг мардлигини намойиш этиб жасорат кўрсатган, элга маърифат улашган, ўз ҳаёти билан бутун авлодларга намуна бўла олган миллатнинг боқий тимсолларидир.

Бундан минг йиллар олдин ҳам боболаримиз эл бошига иш тушганда сабрли, матонатли бўлиш ҳақида ўгит қолдирганлар. “Сабр таги — сариқ олтин”, “Сабр билан чиқар отинг”, “Сабр этган етар муродга, бесабр қолар уятга”, “Салобатли бўлма, саботли бўл”, “Сабр — шодлик калити” каби мақоллар гўёки бугунги кун учун айтилгандек таассурот қолдиради. Ҳар қандай вазиятда эл улуснинг ёнида бўлиш, халқнинг дарди билан яшаш уқтирилган “Одамга эътибор — оламга эътибор” каби мақоллар одамни улуғлайдиган, инсонни тарбиялайдиган ўгитлар, панд-насиҳатлардир.

Ҳазрат Алишер Навоий эса ўзининг “Маҳбуб-ул қулуб” асарида: “Сабр ўзни чиқармоқдур ҳузуз нафсонидин ва танаъум жисмонидин ва нафсни ҳабс қилмоқдур ибодат меҳнатида ва қадамни собит қўймоқдур риёзот суубатида. Ҳақ йўлида қотиғ ирикка тузмакдур ва яхши-ёмондин ҳар не эшитган ва кўрганга таҳаммул кўргузмакдур”, дея таълим беради. Сабр қилиш ва нафсни енгиш борасидаги улуғ Навоийнинг бундай ўгитларига қулоқ солиш ва амал қилмоқлик эса айнан ҳозирги кундаги ҳолатга уйғундир.

Негаки, халқимиз шуурида бу жиҳатлар азалдан мужассамдир. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳам “Ўткан кунлар” романида қадимдан келаётган шарқона достончилик анъаналарига суянган ҳолда, ХХ аср арафасида турган инсоннинг тафаккурига, шаҳдига, шижоатига мослаб Шарқу Ғарб бадииятини синтез қилган янги бир ижод намунасини яратди. Бу бир эксперимент эди. Шу илк экспериментнинг ўзидаёқ адиб ўзининг иқтидори, бадиий салоҳиятини тўла намоён эта олди.

Ўз халқининг ўтмиши, миллий маданияти ва қадриятларига бўлган собит муносабат, миллатнинг келажагини унинг эркида, озодлигида, маърифатида кўриш, ўзбекона урф–одат, ўзбекона характер, образ, ўзбекона менталитет, ўзбекона тафаккурни бетакрор бадиий тасвир воситалари орқали тасвирлаб бериш ёзувчининг бош мақсади бўлган. Шунинг учун ҳам бу асарни ўзбек халқи қадриятларининг бадиий “қомуси” дейишимиз мумкин.

Мамлакатимиз етакчиси ўз мурожаатларида бежизга яна бир бор китобхонликка, миллий урф-одатларнинг бу касалликни енгишдаги ўрнига тўхталиб ўтмади.

Бугунги глобал жамиятда, миллатнинг миллий қиёфасини ўзгартиришга, минг йиллик одоб–ахлоқ, эзгу анъаналари, инсон қалби, руҳиятига бўлган тажовуз кундан кунга ортиб бораётган бир даврда миллий қадриятларнинг қомуси ҳисобланган “Ўткан кунлар”га ўхшаш асарларга эҳтиёж ҳамиша сақланиб қолаверади. Бундай асарларни ўқиш, ўрганиш, халқимиз тарихи, тафаккур тарзи, руҳияти, ўзлигини ўрганиш сари ташланган дадил қадамдир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қўшни ва қардош ҳамда дунё халқлари билан ҳамкорлик янги бир босқичга кўтарилди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Биз дунёга очилдик, дунё бизни янгидан кашф этди. Бу ҳамкорлик инсоният бошига келган кўринмас балога қаршига курашда янада аҳамиятли бўлмоқда.

Шу йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун видеоанжуман тарзида бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммитида мамлакатимиз раҳбари барча давлатлар учун муҳим бўлган ўта муҳим таклифларни ўртага ташлади.

 Президентимиз таъкидлаганидек, бугун нафақат қардош халқлар, балки дунёдаги жамики давлатлар миқёсида бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамғўрлик тамойиллари асосида иш тутиши лозим бўлиб қолмоқда.

Инсоният тарихи яхлит тарихдир, уни майда-майда бўлаклар, қисмлар, тоифаларга ажратмасдан бус-бутун ҳолида ўрганмоқ, бугунги глобал жамиятда дунёдаги жамики халқлар тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини англаш, идрок этиш палласи аллақачон етиб келди.

Ҳатто бутун дунё диққат-эътибори пандемияга қарши курашга қаратилган бир даврда ҳам Президентимиз томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун, “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора тадбирлари тўғрисида” қарорнинг имзоланишида ҳам чуқур бир рамзий маънони кўриш мумкин.

Албатта, бу синовлари кунлар ортда қолади. Бунга заррача шубҳа йўқ. Бироқ биз ҳар қандай вазиятда ҳам асосий масала ўлароқ, миллат тарихи ва тараққиёти учун муҳим бўлган маънавият масалаларини асло унутишга ҳаққимиз йўқ.

Илму маърифат бизни бало қазолардан асрабгина қолмай, балки руҳимизга куч ва қувват беради, умидимизга умид қўшади, соғлом жамият, ривожланган давлат қўришда мустаҳкам пойдевор бўлади, шонли тарих билан бугун, аждодлар билан авлодлар ўртасидаги кўприк вазифасини ҳам муносиб равишда адо этади.

Жаббор Эшонқул,
филология фанлари доктори,
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech