21 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,7 °C

Мамлакатимизда
16 Апр  2020 3083

Кимки ерга меҳр берса, бунинг савоби бордир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Бугун коронавирус касаллигининг шиддат билан Ер юзига тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ушбу офат таъсирини юмшатиш, кенг тарқалишининг олдини олишга жиддий ҳаракат қилмоқда.

Ҳар бир ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бундай синовли кунлар ҳам тез фурсатда Оллоҳ таолонинг иродаси билан тарихга айланишига ишонамиз. Бугун ҳар биримиз давлатимиз томонидан ўрнатилган талабларга риоя этсак, Президентимизнинг жонкуярлигини қалбан ҳис этиб, итоат қилсак, машаққатларни, албатта, енгиб ўтамиз, иншаоллоҳ.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш борасидаги мурожаатлари халқимизга руҳий мадад, самимий далда бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, ишончимизни мустаҳкамлади. Президентимизнинг тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронлиги борларга моддий кўмак ва ёрдамни кўпайтирамиз, дегани инсонпарварликнинг олий намунаси бўлди.

Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ юксак сафарбарлик чоралари кўрилгани халқимиз учун, оилалар учун шу юрт фуқаролари саломатлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники — туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган, қочиб-пусиб шахсий транспорт воситалари билан кўчага чиқишга уринаётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб турибди-ку.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Вабодан қочувчи кимса (гуноҳда) жанг майдонидан қочувчи кимса кабидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бунинг маъноси шуки, қайси жойда вабо тарқалса, у ердан қочмасдан, собит туриш лозим. У ердан қочиш эса бесабрлик ва Оллоҳ таолога таваккал қилмаслик белгиси бўлгани учун гуноҳдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Бемор ҳар қандай оғир дардни бандаликка хос сифатлар билан қабул қилиб, ажрини Оллоҳдан умид қилса, унинг ортидан ўзи билмаган яхшиликларга эришади. Зеро, ҳар бир дард ва мусибат беҳикмат эмас. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қайси бир кишига тоъун (эпидемия) етса ва уйида сабр ила савоб умидида ўтирса, ўзига Оллоҳ тақдир қилганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Вабога чалинган киши дардидан тузалса ҳам шаҳидлик ажри берилади. Оллоҳга шукр, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимизнинг баъзилари соғаяётганини кўряпмиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тузалиб, соғайган беморнинг мисоли худди осмондан янги тушган дўл донасининг рангига ва софлигига ўхшайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Инсонларнинг дардидан тузалиб, гуноҳлардан фориғ бўлишида уламолар ва шифокорларнинг хизмати беқиёс. Уламолар маънавий чораларни кўриб, аҳолининг руҳиятини тарбиялайди. Шифокорлар эса касалликка қарши моддий чоралар, зоҳирий сабаблар билан дардларга малҳам бўлади. Агар уларнинг хизматлари туфайли бир бемор шифо топса, номаи аъмолларига улкан ажру савоблар битилади. Оллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ким уни (бир жонни) тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади” (“Моида” сураси, 32-оят).

Муфассирлар ушбу оятдаги “тирилтирса” сўзини “ўлимдан сақлаб қолса”, деганлар. Имом Совий раҳматуллоҳи алайҳи “яшаб қолишига сабабчи бўлса”, дея тафсир қилганлар.

Демак, бугун беморларни даволаётган шифокорларимиз инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолгандек улуғ савобга эришяпти. Шарафли касб эгалари фаолияти давомида бир неча инсонларни оёққа турғазиб, ҳадсиз-ҳисобсиз ажрни қўлга киритаётганини бир тасаввур қилиб кўринг! 

Экин экиб, ризқ-рўз талаб этинг!

Шу йилнинг 8 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Албатта, бу ҳозир энг тўғри йўл ҳисобланади. Зеро, бугунги оғир дамларда аҳоли рўзғорининг бутлигига ҳар бир оиланинг томорқасидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланмай туриб эришиш мушкул.

Шу маънода, пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган карантин вақтида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан оқилона фойдаланишимизга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деб қатъий таъкидлади.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз керак. Мутафаккир Алишер Навоий бобомиз: “Олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берган.

Айни кунларда кўпчилигимиз вақтимизни оила даврасида ўтказяпмиз. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонимиздаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади. Демак, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини тезроқ якунига етказайлик. Ҳар бир қарич унумдор ерни қадрига етайлик.

Муборак динимиз экин-тикин ишларига тарғиб қилади. Бу ҳақида Ҳазрат пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар келган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: Ким Оллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Оллоҳга лозим бўлди”, дедилар (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Оллоҳга лозим бўлди”, деган жумла мазкур бандага Оллоҳнинг фазл-карами бўлди, деганидир.

Саҳобалардан бир қанчалари экин экиш билан шуғулланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зоҳидлардан бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғит билан ишлов берар эди. Зеро, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туради”, дейилган.

Ривоят қилинишича, саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ери бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг, дедилар. Шунда отам: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди”, дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай деманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг”, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишни буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олган.

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.

Ҳазрати пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса, кўчатни экиб қолишга буюрдилар: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласа-ю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, қиёмат қоим бўлишидан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар.

Демак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, ўзимизга, рўзғоримизга керакли экинларни эксак, астойдил меҳнат қилсак, давлатимизга камарбаста бўлиб, оғир кунлардан Қодир Эгамнинг марҳамати ила осонлик билан ўтиб оламиз.

Парвардигордан ушбу касалликни тезда бартараф этишини ҳамда юртимизга қут-барака, ҳосилларимизга мўл-кўллик, дастурхонимизга тўкин-сочинликни насиб рўз айлашини сўраймиз.

Усмонхон Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech