20 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29 °C

Урбанизация
14 Июн  2019 2522

«Мактабимизни қачон таъмирлашади?»

Бу саволни ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари кўп беришади. Мамлакатимизда моддий базаси ўтган аср даражасида қолиб кетган ва ўзига эътибор қаратишларига муҳтож умумтаълим муассасалари ҳам етарли. Қаерлардадир эса билим олиш учун ҳеч қандай шароит йўқ…

Тимур Кайсаров олган сурат

Сергелида - тўртта янгиси

Яқинда Ўзбекистондаги машҳур мактаблардан бири - Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган ва катта нуфузга эга 50-мактабнинг бузилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги тушунтириш беришга шошилди ва асоссиз баёнотларга ишонмасликка чақирди. Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 10-бандига мувофиқ умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади. Ва ХТВ ҳам келтирилган мактаб участкаси ва кўчмас мулкини бегоналаштириш бўйича ҳеч қандай сўров олмаган.

Вазирликдан изоҳ берилишига сабаб бўлган мактабнинг бузилиши борасидаги миш-мишлар нима учун бундай акс-садога сабаб бўлганини тушуниш қийин эмас. Бундан нафақат муассаса билан бевосита боғлиқ бўлганлар, балки шусиз ҳам улар етишмаётган бир пайтда қандай қилиб мактаб биносини бузиш мумкин, дея бошқа ватандошлар ҳам ҳайрон қолишди…

Сергели туманига ўтамиз. Чор-атрофда қурилишлар авжида. Бу ерда ўтган икки йил мобайнида ўнлаб кўп қаватли бинолар қад ростлади, баъзиларига одамлар кўчиб кирган ҳам. 2019 йилда 31 минг оилага мўлжалланган яна 170 та кўп қаватли бинолар қурилади. Ҳар бир инсоннинг ўз оиласи, фарзандлари бор ёки яқин орада фарзандли бўлишади. Агар мавжуд умумтаълим муассасалари ўқувчиларга тўлиб-тошиб кетган бўлса, улар қаерда билим олишади? Бу ерга кўчиб келганларни ана шу муаммо ташвишлантирарди.

2017 йилда, 5 «А» массивида уйлар билан параллель равишда 630 ўқувчига мўлжалланган 55-мактаб қурилди. Туман ҳокимлигидан хабар беришларича, жорий академик йил охирига келиб, кўрсаткич 200 ўқувчига ошиб кетган. Келгусида ана шу ва 7 «А» массиви ўғил-қизлари еттита қўшни умумтаълим муассасасига тақсимланди. Бироқ ўша мактабларда ҳам жой йўқ. Мисол учун, 300-мактабда белгиланганидан 1,5 баравар кўп ўқувчи таълим олади, шу боис ўтган йили Тошкент давлат юридик университети қошидаги лицей биноси ҳам ушбу ўқув даргоҳи ихтиёрига берилди.

Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда - хусусан, Чоштепа маҳалласидаги 66 та уй 16 мингга яқин оилани қабул қилади. Уларнинг фарзандлари-чи, нима қилиши керак? Ечим топилди. Апрель ойининг охиридан бошлаб янги массивларда тўртта умумтаълим муассасаси қурила бошланди. Тумандаги объектларнинг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, ишларни бошлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва бир қатор вазирликлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Мактаблар учун замонавий лойиҳалар тайёрланди. Уларнинг ҳар бири 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган бўлиб, келгуси 2019/2020 ўқув йилида ўқувчиларни қабул қилиши лозим. Дарвоқе, нафақат бу иш атрофдаги муассасалар юкламасини енгиллаштиришга ёрдам беради. Яна иккита, 267 ва 303-мактаблар 360 ўринли қўшимча корпусларга эга бўлади. Биринчисида, ўқувчилар сони лойиҳа қувватидан 1,5 баравар кўп, иккинчисида эса 2,2 баравар зиёд. Аммо тез орада иккаласи ҳам кенгаяди.

Ярми эскирган

Кўпгина муштарийларимизнинг «Пойтахтда - шунақа!», дейиши аниқ, лекин минтақаларда, айниқса, узоқ-узоқ ҳудудларда қанчалик ачинарли ва ташвишли муаммолар бор. Умуман олганда жами 2907 та мактаб қурилиш-таъмирлашга муҳтож, бу умумий миқдорнинг қарийб 30 фоизи дегани, 28 фоизини қўшимча жиҳозлаш талаб этилади. Уларда фойдаланилаётган жиҳозларнинг ярмиси маънан ва жисмонан эскирган. 11 йиллик таълимга ўтиш сабабли ўқув муассасаларида жойлар, мебель, лаборатория ва компьютер техникаси ҳамда спорт анжомлари етишмаслиги сезилмоқда. Электр, газ ва сув таъминоти, канализация билан боғлиқ муаммолар мавжуд ва узоқ туманлардаги 1726 муассасасини «буржуйка» печлари билан иситишга мажбур бўлишмоқда. Мазкур камчиликлар соҳа мутахассисларининг ўзига ҳам яхши маълум. Улар Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида ҳам тилга олинган. Ҳужжат вазиятни тузатишни назарда тутади.

Май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу мавзуга алоҳида «ҳукумат соати» бағишланди ва унга ҳисобот ва депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров таклиф этилди. Унда юқорида айтиб ўтилган кўрсаткичлар ва бошқалар тилга олинди. Хусусан, ўтган йили 1716 та мактаб интерфаол панеллар ва проекторлар билан таъминланган замонавий компьютер синфларига эга бўлди. Синф-комплектлар умумий сони 11 468 тага етди, аммо бу ҳам охир-оқибат жиҳозланишнинг фақат 72,1 фоизини ташкил этади, холос. Депутатлар Тошкент ва вилоят марказларида бир қатор муассасаларнинг баъзи синфларидаги ўқувчилар сони 40 тадан ошиб кетгани, бунинг қонунчилик талаблари ва санитар-гигиеник меъёрларга зид экани, билим олишнинг тўлақонли бўлишига тўсқинлик қилиши ҳақида сўз юритдилар. ХТВда бундай вазифаларни ҳал қилиш учун аниқ истиқболли режалар мавжуд ва уларнинг қандай амалга оширилаётганига эса парламент назорати баҳо беради.

Иш йўналишларидан бири - «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари.

- Айтиб ўтилган икки дастур бўйича мактаб бинолари, иншоотларини модернизация қилиш ва уларни моддий-техника билан таъминлаш борасида давлат томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланган ва амалга оширилмоқда. Минтақавий ҳокимият органлари, ҳомийлар ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшяптилар. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларидан Қорақалпоғистон Республикасида соҳага энг кўп маблағ ажратилди, Навоий вилоятида ўқувчилар сонига қараб, - дейди Халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев яқинда матбуот билан бўлиб ўтган учрашувда. - 2864 мактабнинг иситиш тизими яхшиланди, 181 тасида ички канализация таъмирланди, 173 таси ичимлик сув билан таъминланди. 579 муассасаларида ҳожатхоналар қайта қурилди, 493 та ҳудуд ўраб олинди. 175 та мактабда илгари ошхона бўлмаган ёки бўлсаям жуда кўримсиз аҳволда бўлган, эндиликда йўқларида ошхоналар қурилди ва борлари тартибга келтирилди.

Сўнгги йилларда Халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш фақат Инвестиция дастури бўйича амалга оширилмоқда. 2018 йилдан бошлаб, юқорида қайд этилган иккита ташаббус бошланганидан сўнг янгиланишлар қамраб олган соҳа объектлари сони кескин ошди. Масалан, 2017 йилда 484 та мактаб янгиланиб, харажатлари 556,6 млрд. сўмга тенг бўлганди. Ўтган йили улар сони аллақачон 918 та муассасага етди ва харажатлари 1,47 трлн. сўмга ошди. Ўсиш ҳам мос равишда 90 ва 160 фоизга тенг бўлди.

Бу йил 590 та мактабда: 510 тасида «Обод қишлоқ» ва 80 тасида «Обод маҳалла» дастури бўйича ўзгаришлар юз беради. Дастлабки манзилли рўйхатлар 726,7 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутади. Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 20 февралидаги «Обод қишлоқ» дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бўйича 24 та бино, энг кўп Сурхондарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида, барпо этиш режалаштирилган. Яна 145 таси, шундан 33 таси Қорақалпоғистонда, реконструкция қилинади, 302 таси капитал таъмирланади, бу борада Жиззах ва Фарғона вилоятлари етакчи. Ишлар бинолар ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг кўринишини ўзгартиришлар билан чекланиб қолмайди. Улар муҳандислик коммуникациялари тизимларига уланади, подъездлар йўллари таъмирланади, тўсиқлар ва ёритиш тизимлари ўрнатилади. Натижаларга эса 242 мингдан зиёд болалар баҳо беришади.

Хўш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари қандай кетяпти? Халқ таълими вазирлиги ишларнинг шаффофлиги ва сифатини таъминлашга қаратилган онлайн-мониторинг янги ахборот тизими орқали мунтазам кузатиб боради.

Юзга чиқамиз...

Муассасаларни замонавий IT-ускуналар билан таъминлаш лойиҳаси ҳам бошланган бўлиб, бу давлатимиз раҳбарининг бешта ташаббусидан бири талабларига жавоб беради. Яқинда ХТВ ҳамда Жанубий Кореянинг «КТ» компанияси ўртасида 2766 та мактабга 2859 дона компьютер етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Компания тегишли тендерда ғолиб бўлди, 33 млн. долларлик кредит ажратган дўст республика «Эксимбанк»и молиявий ҳамкорлик кўрсатади.

- Жанубий Корея - Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорларидан биридир. Ишончим комилки, ушбу қўшма лойиҳа ҳам муваффақиятли амалга оширилади, - дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. - Бу мактаб ўқувчиларининг компьютер саводхонлигини оширишга ёрдам беради, ахборот технологияларини ривожлантириш эса мамлакатимизнинг устувор йўналишлари қаторида. Шу боис нафақат моддий базани янгилаймиз, балки соҳа ўқув дастурларини ҳам қайта кўриб чиқамиз.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Июнь ойи бошида «Замонавий мактаб» давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида Президент қарори лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси якунланди. Ҳужжатда билим оладиган жойидан қатъи назар, шаҳардами ёки қишлоқда, болалар учун тенг шароитлар яратиш, қурилиш ишлари ва муассасаларни жиҳозлашда ҳуқуқий ва техник талабларни яхшилаш кўзда тутилган. Уларнинг моддий-техник таъминоти стандартлари энг юқори талаблар даражасида бўлиши лозим. Экологик тоза материаллар, муқобил энергия манбалари, илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларидан фойдаланган ҳолда халқаро тажриба ҳамда табиий-иқлимий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қурилаётган ёки янгиланган биноларнинг намунавий лойиҳалари пайдо бўлади.

Келгуси йилдан бошлаб давлат таълим муассасалари «Замонавий мактаб» мақомини берадиган янги меъёрлар асосида модернизация қилинади. 2020-2022 йилларда 1,7 миллион ўқувчи учун 173 та муассаса қуриш, 1350 тасини реконструкция қилиш ва 1312 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясига кўра, 2022 йилда бундай мақом эгалари сони умумий соннинг 20 фоизига етади ва 2030 йилда кўрсаткич унинг ярмисини ташкил этади.

Бундан ташқари, очилиш кунидан бошлабоқ бутунлай ўзгача таълим сифати даражасини белгилаш имконини берадиган - Президент мактабларини алоҳида таъкидламоқчимиз. Ҳозирча келгусида сони 14 та етадиган ана шундай мактаблардан тўрттаси қурилмоқда.

2030 йилга моддий базани ривожлантиришда яна бир вазифани амалга ошириш талаб этилади: муассасаларни тоза ичимлик сув ва яхши иситиш тизими билан таъминлаш. Ҳар иккала кўрсаткич ҳам 2019 йил билан солиштирганда, мос равишда 70 ва 75 фоиздан 100 фоизгача кўтарилади. Мактаблар тармоғини кенгайтириш биноларга тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради. Натижада 2020 йилда мактабларларнинг 30 фоизи, 2022 йилга бориб икки баравар кўп, 2030 йилда 80 фоизи бир сменада ишлашга ўтади. Бундай мақсадларга эришиш мумкинлигига ҳаммаям ишонавермайди, аммо кузатувчиларнинг келажакка ишонч билан қарашини, ижрочиларнинг эса вақтни беҳуда сарфламасликларини тилаб қоламиз.

Рамиль Исломов.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech