18 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32 °C

Ташвишли хабар
13 Апр  2019 6940

Таниқли брендлар билан ниқобланган сохта маҳсулотлар келтирадиган зиён

Товар белгиларини ўзлаштириш жаҳон бозорида давлат нуфузини туширувчи глобал муаммодир. Афсуски, бизнинг тадбиркорларимиз ҳам бундан истисно эмас. Ўзбекистоннинг ички бозорларига кирган айрим хорижлик бизнесменлар ўз брендларини сохталаштириш муаммосига дуч келмоқда. Шу боис ҳам нуфузини хавф остида қолдиришни истамай, мамлакатимиз ҳудудидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Натижада биз янги иш ўринларини, тажриба ўрганиш, хорижий технологияларни татбиқ этиш имкониятини йўқотамиз...

Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳар бешинчи киши «Gucci», «Louis Vuitton», «Dolce & Gabbana», «Nike», «Adidas», «Reebok» каби фирмалар либослари-ю, пойабзалларини кийиб юради. Аммо уларнинг жуда кам қисми асл товар, қолганларининг бари - сохта. Энг қизиғи, одамлар ҳам буни жуда яхши билади ва онгли равишда қўллаб-қувватлайди. Буни тушуниш ҳам мумкин: бренд кроссовкани 400 ёки сумкани 1000 долларга харид қилишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Бироқ ҳамма дид билан, чиройли ва ёрқин кийинишни истайди.

Ушбу далилнинг бошқа, айтиш мумкинки, сояда қолувчи томони ҳам мавжуд. Бозорларнинг хориждан келтирилган сохта маҳсулотларга тўлиб кетганини кузатган маҳаллий бизнесменлар кўнгилсиз оқибатлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмай, маҳсулот ишлаб чиқариб (озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, ичимликлар, косметикалар), юртимиздаги истеъмолчиларга сота бошлайди. Айрим тадбиркорлар буни «импорт ўрнини босиш», деб оқлашга уринадилар, аммо бу пуч гап: ахир, ўзганинг бренди ўғирланяпти. Дунё амалиётида эса бу билан қаттиқ курашадилар.

Ушбу соҳани тартибга солиш учун Президентимизнинг 2018 йил 23 майдаги «Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига яширин иқтисодиёт шаклланиши фактларини аниқлаш, яширинча ишлаб чиқариш фаолиятига, сохта маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига чек қўйиш вазифалари юклатилган. Масалан, асл 3 таси 1 да «MacCoffee» (Россия) қаҳваси билан «MaksCoffee» битта пештахтага қўйилган. Улар орасидаги фарқ икки ҳарфдагина, холос. Қадоқланиши ва дизайни аслиники билан бир хил. Бу сохта эмасмикан, дея қизиқдик. «Бу қаҳва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади», деган жавобни олдик. Сохта маҳсулотнинг нархи аслиникидан қарийб уч баравар арзон. Бундай сезилар-сезилмас фарққа эътибор қаратмаган харидор эса инсофсиз ишлаб чиқарувчилар қармоғига илиниб, арзонроқ маҳсулотни сотиб олади. Аммо сохта маҳсулотнинг сифати анча ёмон, унисидан ҳам, бунисидан ҳам татиб кўрдик.

Аслида қандай ишлар қилинаётганини аниқлашга қарор қилдик. Ушбу саволга жавоб топиш учун Тошкентдаги қатор озиқ-овқат дўконларига ташриф буюрдик ва уларда бир олам сохта маҳсулотларни топдик.

Чилонзор туманининг 18-кварталидаги кичкина дўконда бир мактаб ўқувчисининг сотувчидан «Кириешки» қоқнонини беришни сўради. Сотувчи эса индамай унга «Киреши»ни узатди. Аммо болакай ҳам анойи эмас экан, ўзига сохта маҳсулотни тиқиштиришаётганларини дарров тушунди. Кейин уни сотиб олишдан бош тортиб, аслини харид қилиш учун қўшни мини-маркет томон йўл олди.

Амалда деярли барча пештахталарга сохта маҳсулотлар қўйилган. Наҳотки, инсофсиз ишлаб чиқарувчилар билан шундай ишлар олиб борилаётган бўлса? Нима учун ишлаб чиқарувчи ҳеч бир жазосиз ўз маҳсулотини тарқатмоқда ва бунда уларга сотувчилар ёрдам бермоқда?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги (ИМА)га мурожаат қилдик. Бизни Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими бош мутахассиси Бобур Бозоров билан учраштириб қўйишди:

- Бўлимимиз ижтимоий тармоқлар, турли интернет-сервислар, ва шунингдек, бозорларнинг профилактик мониторингини олиб боради. Агар бу борада қонунчилик бузилиши фактлари аниқланса, огоҳлантириш учун маҳсулот ишлаб чиқарувчи билан алоқага чиқамиз. Сиз тасвирлаган ҳолатлар бўйича агар товар белгиси  ҳуқуқига эга томоннинг аризаси бўлмаса, бундай тадбиркорларга қарши бирор санкция (на маъмурий ва на жиноий) кирита олмаймиз. Ариза йўқми, давлат жараёнга аралаша олмайди ва кузатувчи позициясида туради. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам манфаатдор шахс ИМАга келишга ва мос ариза топшириши ёки мутахассис билан маслаҳатлашишга ҳақли.

Президентимиз 2019 йил 8 февралда «Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Унда «ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўтказилган таҳлили шуни кўрсатдики, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги, давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг самарасизлиги, идоралараро мустаҳкам ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги, интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрларнинг етишмаслиги» таъкидланган.

Бунда «Colgate» ва «Galaxy» тиш пасталарининг қадоқланишнинг бир хиллиги сабабли бўлиб ўтган суд жараёнини эслаб ўтишни жоиз, деб ўйлаймиз. Норози томон - «Colgate» компанияси. Экспертлар товар белгисини рўйхатга олаётганда қандай далилларга таянишган экан?..

Шунингдек, оққа қора билан аниқ-таниқ «товарни унинг ташқи безатилиши ва шаклини, номини, тамғаланишини, этикеткасини, ўровини, ранглар уйғунлигини, товар белгисини такрорлаш тақиқланади», деб ёзиб қўйилган «Рақобат тўғрисида»ги қоннуни ҳам ҳеч ким бекор қилмаган.

Хорижий тажриба масаласига келсак, масалан, Туркияда сохта маҳсулот ишлаб чиқарганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Тўғри, бунда дарҳол турли мамлакатлардаги кўплаб ўхшаш вазиятларнинг суд орқали ҳал этилганини эслаш мумкин. Айбдорлар кўпинча жуда катта жарималарга тортиладилар.  Ишонамизки, бизда ҳам ана шундай амалиёт пайдо бўлади. Ҳозирда бу борада ишлар олиб борилмоқда. ИМАда бизга бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо янада қаттиқроқ бўлиши борасида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўрсатишди. Ҳозирда уларни Олий Мажлис Сенати кўриб чиқмоқда.

Константин Башлаев.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech