01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13 °C

Мамлакатимизда
30 Мар  2020 964

Меҳнат гувоҳномаси иш стажини кафолатлайди

Юртдошларимиз орасида бирор корхона, идора ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо шу кунга қадар уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса нафақа ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқаради.

Бу масалада фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида аҳоли бандлигини ошириш, хусусан, ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва кенгайтириш масаласи муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Кимларга берилади?

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мамлакатимизда 2019 йил 1 сентябрдан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномалари бериш амалиёти жорий этилди.

         — Талабгор республиканинг исталган ҳудудидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси бўлгани ҳолда мурожаат қилиб, белгиланган миқдордаги тўловлар (базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баробаридан 4,5 баробаригача)ни амалга оширганидан  сўнг унга ўзи шуғулланадиган фаолият тури бўйича 1 ойлик, 3 ойлик, 9 ёки 12 ойлик муддат асосида меҳнат гувоҳномаси расмийлаштирилади ва фуқарога топширилади. Шу кундан бошлаб унинг иш стажи юритилади, — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тадбиркорликни ривожлантириш ва ўзини ўзи банд қилишни рағбатлантириш бўлими бошлиғи Фаррух Ҳамроев. — Яна бир муҳим жиҳати, меҳнат гувоҳномасини олган киши меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди. Масалан, машина ювиш шохобчасида ишлайдиган ишчи тадбиркор билан шартнома асосида фаолият юритади. Бунда ўзини ўзи банд қилган фуқаро ҳам, уни ишга олган тадбиркор ҳам ягона ижтимоий тўлов тўламайди.

Гувоҳнома бериладиган фаолият турлари кенгайтирилади

Айни пайтда меҳнат гувоҳномалари 24 та фаолият тури бўйича расмийлаштирилади. Мутахассисларнинг маълум қилишича, шу кунга қадар республикамиз бўйлаб жами 59 минг 340 нафар юртдошимиз ана шундай гувоҳномаларга эга бўлди. Эндиликда меҳнат гувоҳномасини оладиган фуқаролар сони янада ортади.

— Давлат дастури асосида меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари рўйхатини кўриб чиқиш ва кенгайтириш бўйича айни пайтда аниқ таклифлар ишлаб чиқиляпти, — деди Фаррух Ҳамроев. — Хориж тажрибасини таҳлил қилиш жараёнида кўплаб фаолият турлари кўриб чиқилди. Айниқса, freelanсing (масофадан туриб ишлаш) бўйича 100 дан ортиқ фаолият тури борлиги қайд этилди. Шунингдек, рўйхатга тикувчилик, косиблик, калитсоз, пичоқ чархловчи, репетитор каби фаолият турларини ҳам киритиш режалаштирилган.

Меҳнат гувоҳномаси иш стажини ҳисобга олиб, кейинчалик пенсия олишни кафолатлаш билан бирга, фуқарога аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан микрокредитлар олиш ва унинг асосида қўшимча тадбиркорликни йўлга қўйиш имкониятини яратади.

Шу ўринда фаолият тури ўзгарганда, гувоҳнома ҳам ўзгартириладими, деган савол туғилиши табиий. Мутахассислар бу борада вақтинчалик гувоҳнома муддати тугаб, фуқаро фаолият турини ўзгартирган тақдирда, истаса ўзининг амалдаги фаолият тури бўйича қайта гувоҳнома расмийлаштириши ёки фаолият турини ўзгартириб, гувоҳнома олиши мумкинлигини таъкидлади. Меҳнат гувоҳномаси сони ҳам чекланмаган. Асосийси, гувоҳнома эгаси уларни ўзида сақлаб, пенсия ёшига етганида меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тақдим этса, кифоя.

Ирода Тошматова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech