22 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Мамлакатимизда
28 Апр  2020 1179

Муҳаббат ва матонат мактублари

Ҳар бир сўз, ҳатто исмларнинг таржимаи ҳоли бўлади. Саид Аҳмад исмини эшитсак, дарров хаёлимизга ташқаридан қараганда ичакузди ҳангомаларга бой, лекин синчиклаб кузатилса, “коса остида нимкоса”си бор комедия – “Келинлар қўзғолони” келади. Яна “Уфқ”ни – кўзининг оқу қораси бўлган қочоқ ўғлининг қорнини тўйғазиш учун не-не изтиробларни қалбидан кечирган она – Жаннат холанинг қиёфаси кўз олдимизга келади. Икромжон... “Уфқ”нинг бошқа бир қисмида номус ва муҳаббат орасида ўртанган Дилдор... Хуллас, кичик ҳажвиялардан тортиб трилогияларгача бўлган барча жанрдаги асарлар “қаҳрамон” унвонидан исми ёлқинланиб, ярқираб турган ёзувчининг номию шахсини яна ҳам юксалтириб кўрсатади.

Саида Зуннунова исми-шарифини тилга олганимизда эса “Романлар, азизлар, ақл ўргатманг, ақл ўргатсангиз келади ғашим” ёки “Майса ниш урибди ариқ бўйида, биринчи севгидай бирам беғубор...” каби салмоқли, айни дамда тиниқ сатрлар ёдимизга тушади. “Кўчалар чароғон”, “Ёлғизлик”, “Сўқмоқлар” каби ҳикоя ва қиссалар, “Қўшиқлар”, “Руҳ билан суҳбат”, “Нутқ” каби фалсафий достонларни эслаймиз. Бу икки ижодкорнинг адабиётимизда тутган ўрни, асарларининг тарбиявий аҳамияти бир тараф-у, уларнинг бир-бирига ёзган мактубларининг ибрати яна бир тарафдир. Албатта, ҳар бир адиб, шоирнинг ёзган асарлари ўзидан паст ёки баланд бўлмайди. У асарларини кимнинг номидан ҳикоя қилса ҳам, сатрлари орасидан ўзи чиқиб келаверади. Шу маънода, ҳар иккала ижодкор қаламига мансуб асарларда ҳам уларнинг шахсияти “манаман” деб кўриниб туради. Лекин уларнинг бир-бирларига ёзган мактубларидаги қалби... Бу бутунлай бошқа бир олам.

Саид Аҳмад шўро даври қатағонларининг қурбонларидан бири сифатида судсиз ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиб, Қозоғистоннинг Жезқозғон деган саҳросига этап қилинади. Беш ойлик келинчак Саида унинг оила аъзолари билан бирга Тошкентда қолади. Ёзувчи қалби таъсирчан бўлади, чинакам истеъдод эгаси бўлган инсон учун адолат инсониятнинг яшаш шартларидан бири ҳисобланади. Ҳар қандай адолатли муносабат унга илҳом, яшашга куч бергани каби адолатсизлик унинг қалбини парчалайди.

Саид Аҳмаднинг хатларини ўқиганимизда унга нисбатан қўлланилган адолатсиз жазо (у ҳар бир ҳолатда ўзининг мутлақо гуноҳсиз эканини таъкидлайди. Аслида судсиз ҳукм этилганининг ўзи ҳам адолатнинг топталгани эмасми?) ёзувчи иродасини бука олмаганини кўрамиз. Унинг руҳан тетиклигидан ҳайратга тушамиз. Ахир, одам бундай пайтда фақат ўзига тухмат қилганлардангина нафратланиб қолмай, бутун дунёга, муҳитга этак силкийди. Ҳамма нарсадан кўнгли қолади. Лекин Саид Аҳмаднинг ўша баҳор бир нафасда келиб ўтиб кетадиган бийдай чўл ўртасидаги қамоқхонада ҳам рафиқасига мактуб ёзаётиб, Ватан ҳақида шеърлар битишга муҳаббати етади:

... Қалбимда қўшиқдек яшайсан, Ватан,

Улуғ шаршарадан чиққандек овоз.

Елкамда фарзандлик қарзим бор ҳали,

Шаънингга муносиб куйларим қалбда,

Ўзинг созлаб берган торларим таранг,

Рухсат эт, тоғларни йиқай қаламда...

Ёзувчининг руҳияти шу қадар бақувват, бутунки, у ҳар бир мактубида рафиқаси Саидахонга яшаш, ижод қилиш учун куч, далда беради. “Повест ёзган бўлсангиз, жуда катта иш қилиб қўйибсиз-да. Қайта-қайта ишлайверинг, ёмон бўлмайди” ... Саид Аҳмад бир хатида шундай деб ёзса, бошқасида эса: “Каптар” ҳикоянгизни ўқидим. Яхши чиқибди. Тилини силлиқланг, жумлаларни қисқароқ тузинг”, дея маслаҳат беради. Ёки бошқа бир хатида: “... “Ёш ленинчи”нинг 5 июнь сонида босилган шеърингизни ўқидим. Ниҳоятда самимий ёзилган. Менга жуда ёқди”, дея муносабат билдиради. Албатта, қамалмасидан аввал адабий жамоатчилик орасида яхшигина танилиб қолган ёзувчининг бундай фикрлари университет талабаси бўлган Саида Зуннуновага  ижод учун илҳом бергани, шубҳасиз.

Саид Аҳмад рафиқасига ёзган хатларида ўзбек адабиётида яратилаётган асарларни ҳам кузатиб бораётгани кўринади. “Мумтознинг “Юрак сирлари” каби асарлари билан адабиётимизни бойитиб бўлмас экан. Ёш ёзувчилар Қаҳҳор кетидан, ёш шоирлар Ғафур ака кетидан эргашиб тақлидчиликдан нарига ўта олмаяптилар... Бу ҳолда қачон Шолоховлар, Федин, Эренбург ва Полевойлар бизда етишади?” дея қайғуради ёзувчи. Бу хатларни ўқир экансиз, бошига тушган фалокат майдалаштириб юбормаган, бу имконни ҳам ўқиш (Саид Аҳмад хотинига рус, жаҳон адабиётини тинмай ўқиётгани ҳақида деярли ҳар бир хатида ёзади, ҳатто ўқиб бўлган китобларининг рўйхатини ҳам юборади), ўрганиш имконига айлантира олди.

Ёзувчи ёзган мактубларнинг яна бир аҳамиятли тарафи шундаки, Жезқозғонда яшаган кунларида ҳам ўзининг эр кишилик мақомида туради. Рассомлик қилиб пул топиб, Ёзувчилар уюшмасидан олган қарзини узади. Ҳатто Саидахонимга келгувчилардан атир, чой ичиш учун финжон совға қилиб юборади. Халқона айтганда, ўзи шунингсиз ҳам қийин шароитда яшаётган оиласига оғирини ташлаб қўймайди. “Ҳамма нарса етарли, ҳеч қанақа камчилик йўқ”, деган гаплар мактубларда тез-тез такрорланади. “...Аҳвол ва ишларим яхши...”, “...Руҳим ниҳоятда баланд...”, “...Соғлиғим яхши, ишим ҳам яхши...”. Мактубларни нурлантириб турган бундай хабарлар Саидахоним қалбига ҳам ёғду, ҳарорат бергани аён.

Қамоқ барибир қамоқ. Озодликдан маҳрумият, айниқса, адолатсиз маҳрумиятнинг азоби, изтироби бўлмайдими? Шунақа бўладики! Лекин Саид Аҳмад нола қилмайди, бунинг ўрнига курашади, ўзини тушкунликка бермайди. Мактубларида гоҳ прокуратура, гоҳ ҳукуматнинг турли босқичдаги раҳбарларига ариза юбораётгани ҳақида хабар бериб туради. Ҳатто баъзан: “Аризаларимга жавоб йўқ, кутяпман”, деса ҳам бошқа хатида яна ариза йўллаганини ёзади. Хатларнинг яна бир жиҳати диққатни тортадики, Саид Аҳмаднинг кўнглига шу муҳитда ҳам ҳазил сиғади. “Ойим яхшими? Салом айтинг. Ўғлингизнинг бурни қишдан соғ-саломат чиқибди, деб айтиб қўйинг. Ўғлингизнинг бурни тегирмонга тушса, бутун чиқиши у ёқда турсин, ҳатто тегирмонни бузиб юбарар экан, деб айтинг”...

Саид Аҳмаднинг рафиқасига ёзган хатларининг ҳар бири шахсий мактубдай эмас, бир асардай ўқилса, Саида Зуннунованинг ҳам эрига ёзган хатлари шундай таассурот қолдиради:

“Саид Аҳмад ака, сиздан бошқа ҳеч кимга мен шикоят қилмайман. Чунки кулки бўлмоқчи эмасман. Шунинг учун хафалигимни ҳам, хурсандчилигимни ҳам, оғир бўлса ҳам, енгил бўлса ҳам сизнинг ўзингизга ёзаман...”. Албатта, қанчалик матонатли бўлмасин, аёл барибир ҳам аёл. Қай бир лаҳзаларда унинг заифа экани сезилади. Бу – табиий ҳол. Саида Зуннунова ҳам айрилиқни “темир хотин” бўлиб ўтказмади. Айниқса, атрофида “халқ душманининг хотини” деган совуқ нигоҳлар, қўрқоқ нигоҳлар, оқибатсиз нигоҳларни ҳис қилиб турганда. “Умидларим чилпарчин бўлди. Энди мен сира қалам ушламайман, иложи бўлса, куйдирмоқчиман” тарзидаги гаплари ўша муносабатлар, ўша нигоҳларга боғлиқ кайфият экани аён. Аслида Саида ҳам ёш бўлишига қарамай, эрига қилинган туҳматга: “Ҳа, қисмати шу экан”, деб оғзини очиб ўтирмайди. Оёғи етган жойгача боради, кўп эшикларни қоқади. “...Ўзим эса югура-югура ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб, бундан кейинги оғирликларга ҳам чидашга, кўп умрим ҳисобига бўлса-да, жуда мушкул бўлса-да, оғир бўлишга қасд қилдим. Майли, мен ҳаммасини Сиз ва ўзимнинг поклигим учун кўтараман”. Албатта, чидам ҳам чидамай “дод” дейдиган бундай лаҳзаларда “майли” дейишнинг ўзиям бир матонат.

Бу икки ижодкорнинг ҳаётини яхши билган замондошлари ўша йилларда Саида Зуннунова “Мен халқ душманининг хотини бўлишдан воз кечдим”, дея ёзиб бермагани учун узоқ вақт беиш қолган, уйда кимларнингдир асарларини машинкада ёзиб, тирикчилик қилган, дейишади. Гарчанд шундай мушкул шароитда бўлса ҳам адиба эрига тез-тез “посилка”, йўқловлар жўнатиб турган. Ҳатто бир хатида: “Кўрпа-ёстиқ масаласи қалай? Кўрпангиз эскириб кетгандир... Керак бўлса, ёзинг, бир илож қилиб юборарман”, деб ёзади. “Агар ёзга қадар келмасангиз, ўзим бораман. Илоҳим унга қадар ўзингиз келинг...”.

Бир неча йиллар аввал бу икки ижодкорнинг ягона фарзандлари Нодирахон ота-онасининг ёзишмаларини тўплаб “Саид ва Саида” деб номланган китобча чиқарди. Китоб номининг остида “Муҳаббат ва садоқат мактублари” деган изоҳ ҳам бор. Мен ҳар гал бу китобни ўқиганимда “Матонат ва умид” деган аниқловчиларни қўшиб қўйгим келади. Чунки чиндан ҳам бу хатлардан матонат садоси ва умид нафаси келади.

Банда адолатсизлик қилса-да, Аллоҳнинг адолати бўлади. Шу боис, Саид Аҳмад 10 йил қамоқда ўтирмади, қайтиб келди. Улар фарзанд кўришди. Яхши-яхши асарлар ёзиб, эл ичида қадр топишди. Лекин ноҳақликнинг изтироблари Саидахонимни ичдан занг каби емирган бўлса керак, бевақт оламдан ўтди. Саид Аҳмад рафиқасидан сўнг узоқ яшади. “Паспортимда фақат Саидахоннинг исми бўлади, бошқа исм унинг ўрнини боса олмайди...”. Тенгдошлари устоз адибнинг шу гапларини айтиб юришади. Ҳар бир халқ, миллатнинг руҳий устунлари бўлган, авлоддан авлодга ўтадиган фазилатлари бўлади. Бизнинг қону қовоғимиз орасида асраб келадиган фазилатларимиздан бири вафо, садоқат. Бу – эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам зийнати. Биз бугун бу икки ижодкорни қадрлаганимиз ўша халқимиз учун руҳий устун бўлган вафо-садоқатни қадрлаганимиздир. Ҳар хотирлаш хотираланаётган нарсанинг умрини узайтиради. Демак, биз бугун уларни ёдлаб, вафо, садоқат умрига умр қўшмоқчи бўлдик. Бугунги ёзмишларимиздан яна бир муддао шу эди.

Қутлибека Раҳимбоева,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech