21 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,5 °C

Ижтимоий ҳаёт
5 Мар  2020 4141

Мўйноқ: ҳаёт яна қайтмоқда

Тобора йўқолиб бораётган Оролни  ўз-ўзидан унутиб  бўлмайди. Айтишларича, ўн минг йил мобайнида у чегарасини тўққиз марта ўзгартирган экан. IV асрда ҳам денгиз йўқолган, бироқ орадан ўн бир аср ўтиб, у яна қайтган. Эҳтимол, қачонлардир яна унинг сувлари Оролнинг мангу ёдгорлигига, унинг фожиаси рамзига айланган Мўйноқ қирғоқларини ювар, дейишади олимлар.

Ҳозир бунга ишониш қийин, бироқ юз йиллар муқаддам Мўйноқ балиқчилик саноати базаси ҳисобланган, балиқ овлаш ҳажми каттали-ги сабаб, уни балиқ манбаи ҳам дейишган. Шовқин-суронли порт шаҳарга йирик кемалар келиб тўхтаган. 1960 йилдан Орол секин-аста қурий бошлади. Сўнгги ярим аср давомида сув сатҳи 30 метргача пасайиб кетди, бу 10 қаватли бино баландлигига тенг дегани. Сув бу ердан 200 километрга узоқлашган, унинг ўрнида эса беш ­миллион гектар майдонда қум-тузли Оролқум саҳроси пайдо бўлган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев Оролбўйи минтақасидаги муаммолардан   қайғуриб,   бундан уч йил муқаддам, яъни 2017 йил 2 март куни Мўйноқни ривожлантириш бўйича комплекс дастурни тасдиқлади. Шу сабаб собиқ порт шаҳар иккинчи ҳаётни бошидан кечира бошлади. Хусусан, Президентимиз Мўйноқда 20 та кўп қаватли уй қуриш,  шаҳарсозликнинг  барча ютуқларидан фойдаланган ҳолда янги замонавий шаҳарча барпо этиш, намунавий инфратузилма яратиш борасида топшириқ берди.  Қисқа вақт ичида бу ерда бир қатор объ-ектлар фойдаланишга топширилди.

Кенг кўламли қурилиш доирасида маҳаллий экология музейи, маданият маркази ва стадион, Бозатау овул фуқаролар йиғинидаги оила-вий поликлиника тўлиқ реконструкция қилинди, 800 ўринли амфитеатр ва давлат хизматлари маркази, хостел, болалар боғчаси қурилди. Ўзбекистоннинг энг шимолий нуқтасида жойлашган,  сув танқислигидан азият чекаётган  шаҳарга 101 километрлик сув қувурлари тортиб келтирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Мўйноққа қайта ҳаёт бағишлаш, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида иҳота ўрмонларини босқичма-босқич барпо этиш бўйича бошланган концепция давом эттирилиб, ўтган йилнинг декабрь ойида шу йўналишдаги қўшимча чо-ра-тадбирларни белгилаб берувчи кенг кўламли дастурга старт берилди. Жумладан, экологик муҳитни барқарорлаштириш ва табиий мувозанатни тиклаш мақсадида қуриган денгиз туби ҳудудларини кўкаламзорлаштириш кўзда тутилган. 2020 йил охирига бориб, яшил қопламалар 700 минг гектар майдонни қамраб олади.

Республика раҳбарияти ташаббусини Навоий вилояти жамоатчилиги ҳам қўллаб-қувватлади. 2020 йилнинг

20 февралида бу ерда тўрт гектар майдонда “Навоий ташаббус боғи” номдош парки барпо этилди. Бу ерга сўнгги икки ой мобайнида бир-бирини алмаштириб, ишчилар гуруҳлари келмоқда. Жумладан, Навоий шаҳри ҳокими ­Муҳиддин Бозоров ва Ёшлар иттифоқининг Навоий вилояти Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Жамшид ­Ходжаев ­раҳбарлигидаги делегациянинг Мўйноққа сафари натижасида Навоий шаҳри ва Мўйноқ тумани ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Навоий ёшларининг қўшган биринчи улкан ҳиссаси тўрт ярим минг дона кўчат экиш бўлди.

Адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги делегация таркиби вилоят нодавлат сектори ва ОАВнинг энг фаол вакилла-ридан иборат бўлди. “Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди” шиори остида ўтказилган икки кунлик  экотур ташаббускорлари  ҳудуд  аҳо-лисини Мўйноқда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш ва муҳим умумхалқ ишига ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган эди.

Биринчи манзилимиз Мўйноқ тумани ёшларига бепул фойдаланишга берилган   “Мўйноқ келажаги” (“Future Muуnak”) IT-маркази ва “Bookcafе” бўлди. Техник жиҳозланиш жиҳатидан  бундай муассаса ҳали республикада ягона. Бу ерда ўсиб келаётган ёш авлод 2 ва 3D моделлаш, анимация, веб-дизайн, дастурлаш ва расмларга ишлов бериш бўйича  таҳсил олади. Марказ вакили Бобур Аспетуллаевнинг айтишича, ТАТУ Нукус филиали тренерлар учун ўқув-семинарларини ташкил этмоқда. “Мўйноқ келажаги” давлатимиз раҳбарининг “Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин”, деган сўзини яна бир бор ёдга солади.

“Bookcafе”да эса бадиий ва илмий адабиётларни ўқиш ва улардан фойдаланиш учун шароитлар яратилган.

Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи филиали бўлган экология музейи очилганидан бери қарийб қирқ йил ўтиб, деярли ­қайта қурилди. Музей мажмуасига миллий ­услубда бунёд этилган, кўргазма павильонларини ифодаловчи Ҳунармандлар хиёбони ҳам киради.

Музейдаги  350 та экспонат маҳаллий аҳолининг маданий ҳаёти ва Мўйноқ тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Музей ўртасидан эса Орол денгизининг ўн йиллар давомидаги ва бугунги ҳолати батафсил ифодасини топган сунъий йўлдошдан олинган харита  жой олган. Бу ерда қадимий миллий безакларнинг, спиртда сақланаётган балиқларнинг (қачонлардир Оролдан ва унинг атрофидаги чучук сувли кўллардан тутилган) ва балиқчилик комбинатида улардан тайёрланган консерваларнинг  коллекцияси мавжуд.

Навоийликлар муаллифлари  танловда ғолиб бўлган Навоий педагогика институти талабаларининг ижодий ишларини муассаса дирек-тори Наргиза Жаксимуратовага тақдим этди.

— Навоий давлат педагогика институтининг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси кафедраси билан биргаликда талабалар ўрта-сида “Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди” мавзусида ижодий танлов ўтказдик, — дейди “Экотуризм ва экоҳуқуқ” ННТ раҳбари Зокир Тоғаев. — Унда иштирок этган юздан ортиқ йигит-қизлар  икки кун давомида Орол денгизига бағишланган суратлар чизди. Уларнинг кўп-чилиги китобларда ўқиганларини ўз кўзлари билан кўриш учун Мўйноқка бориш истагини билдирди. Музей учун ўнта энг яхши сурат танлаб олинди.

Мўйноқликларга  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилоят бўлими, шунингдек, “Жонли та-биат” биоэкологик жамоат маркази вакиллари томонидан рамзий совға — елканли кема ҳадя этилди.

Экотур иштирокчилари “Навоий ташаббус боғи” ҳудудида маҳаллий шароитга мослаштирилган 40 дан зиёд кўчат экди. Бу пайтда маҳаллий болалар мусиқа ва санъат мактабида маданият бошқармаси қошидаги мақом ансамблининг чиқиши учун сўнгги тайёргарлик кетаётган эди.

Одамлар минглаб километр йўл босиб,  қандай ниятда машҳур  “кемалар қабристони”ни кўриш учун Мўйноққа ташриф буюрмоқда?  Ҳувиллаб  қолган денгиз туби — ўта оғир экологик муаммо.  Шўр, қуруқ чўлда ҳам яшай оладиган ягона ўсимлик — саксовул — қутқарувчи вазифасини ўтамоқда.  Денгиз тубининг қуриган  қисмига туз ва тупроқ эрозиясини тутиб турадиган саксовул экиш учун анча машаққат чекишга тўғри келди. Саксовуллар дастлаб самолётлардан, кейин ерда туриб  экилди.

Кузатиш майдончасидан Оролқумнинг чексиз уфқи ястаниб ётганини кўриш мумкин. Бир пайтлар Орол денгизи қирғоғи бўлган хийла олис  пастликда эса, энди ҳеч қачон бепоён денгиз сувларида суза олмайдиган турли ўлчамдаги кемаларнинг занглаб кетган қобирғалари кўзга ташланади. Аммо қачонлардир  бу ерда чинданам денгиз бўлганини чиғаноқлар эслатиб туради. Биз уларни    Бухоро давлат уни-верситетининг бир гуруҳ талаба қизлари билан биргаликда тердик ҳам.

Экотур доирасида навоийликлар кўплаб ўсимликлар экиб, баҳор келиши ва янги ҳаёт бошланишидан дарак  бергандек жўшиб сайраёт-ган ўн жуфт какликни ҳам озодликка учириб юборишди.

Мўйноқ бу ердаги одамларнинг мустаҳкам иродали ва меҳнатсеварлиги сабаб, янги ҳаётни бошдан кечирмоқда. Собиқ порт шаҳар та-рихи Орол денгизи музейи деворларида ҳам ўз ифодасини топган.

Имкон бўлиб, маҳаллий ҳунармандлар маҳсулотлари ва замонавий усталарнинг миллий буюмлари ярмаркасида қизил бахмалдан қилинган ва қорақалпоқча нақш солинган учбурчак тумор сотиб олдим. Шаҳарнинг кўпгина бинолари кираверишига ана шундай тумор осиб қўйилган.. Бу  Мўйноққа қут-барака келиши ва янада равнақ топишининг рамзи бўлиб туюлади.

Дилфуза Ғуломова.
Навоий — Мўйноқ — Навоий

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech