21 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,7 °C

22 Апр  2020 784

Мурувват ва хайру саховат ойи

Асрлар оша халқимизнинг онгу шуурига эзгулик ғоялари билан сингган, меҳр-оқибат, хайру саховат амалларини бажаришда ҳидоят маёғи бўлиб келган муқаддас динимиз истиқлол туфайли қайта тикланди. Ҳар йили Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида Президентимизнинг қарори қабул қилинаётгани чин маънода юртимиз мўмин-мусулмонларига байрам кайфиятини бағишлаб, уларни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, яратилган шарт-шароитнинг қадрига етиб, шукроналар келтиришга ундайди.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилингани юртимиз мўмин-мусулмонларини беҳад шодлантирди.

Қарорда бу йилги Рамазон ойи бутун дунёда коронавирус тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидимиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келаётгани, ана шундай вазиятда ҳар бир мўмин-мусулмон оила даврасида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда уй шароитида динимиз арконларини адо этиши белгиланди. Бунинг учун тегишли ташкилотлар томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилди.

Айни кунларда нуроний отахону онахонларимиз, имом-домлаларимиз Президентимизнинг мазкур қарорини ойнаи жаҳон орқали эшитиб, интернет сайтларидан ўқиб, динимиз арконларини эмин-эркин адо этиш учун давлатимиз томонидан яратилган шароитларга раҳматлар айтиб, Яратганга шукроналар келтиришмоқда.

Рамазон ойи жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашда муҳим аҳамиятга эга. Муқаддас Ислом динининг беш фарзидан бири бўлган бу файзли ойдаги амаллар ўзининг шукуҳ ва таровати билан кишиларни ҳидоятга чорлайди. Айниқса, бу ойда эзгу амаллар янада кўпаяди: меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланиб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинади.

Чунончи, ҳадиси шарифда: Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, йил-ўн икки ой рамазон бўлишини орзу қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар. 

Бу йил Рамазон ойини уйларимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Бу ҳам аслида биз учун бир имконият. Негаки, ўттиз кун давомида фарзандларимизга  муқаддас динимизнинг асл моҳиятини ўргатиш, уларнинг онгу шуурига аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросларини сингдиришга ҳаракат қилишимиз лозим.

Рамазоннинг маънавий, моддий, жисмоний, тиббий фойдалари жуда кўп. Рўза турли касалликларга даво бўлиш бирга бадандаги ёмон ва кераксиз ёғларни кетказади.  Қонни  тозалайди, ошқозонни яхшилайди. Тана вазни енгиллашиб, зеҳн ўткир, хотира кучли, ирода мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом, қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлашади.

Бу ой ҳар бир мўмин-мусулмонга вақтдан унумли фойдаланишни ҳам ўргатади. Куни кеча ойнаи жаҳонда Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ўқиб эшиттирилгач, ўйлайманки, кўпчилигимиз Рамазон дастурини тузиб олдик. Унга кўра, саҳарликдан то кун ботгунича, ифторликдан то ярим тунгача фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган маърифат дасрлари ташкил этилади, иншааллоҳ. Бу жараёнда, албатта, умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун телеканаллар орқали эфирга узатилаётган онлайн дарсларни ҳисобга олиш зарур. Зеро, ҳар бир нарса маърифат асосига қурилсагина яшаб қолади.

Яна бир муҳим жиҳат. Бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни Рамазон ойининг ўртасига тўғри келади. Демак, биз ушбу қутлуғ ойда ёши улуғ инсонларнинг ҳолидан телефон орқали бўлса-да хабар олиб, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, айниқса, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, юз ёшга кирган кексаларни янада эъзозлашимиз зарур.

Рамазони шариф бошланяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу ойнинг алоҳида фазилатлари борасида  тўхталиб, бундай марҳамат қилдилар: “Умматим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазонда эса Аллоҳ  бири учун ўндан то етти юзгача  ва ундан зиёда қилиб беради. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойларда бажарган етмиш фарзнинг савоби, нафллари учун эса бошқа ойларда бажарган фарзнинг савобини беради. Бу ой сабр ойи, сабрнинг самараси эса жаннатдир...”. Демак, биз ўн бир ойнинг султони Рамазони шарифнинг ҳар бир куни, соати, дақиқасини ғанимат билсак, эзгу ишларни ўзимизга шиор қилиб олсак, давлатманд бўлсак – молимизни, ҳунарманд бўлсак – ҳунаримизни, маърифатли бўлсак – илмимизни эзгулик, хайр-саховат, юрт ободлиги ва Ватан тараққиёти йўлига сарф этсак, энг муҳими, нафсимизни ислоҳ қилсак, жуда катта ажру савобларга эга бўламиз.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазоннинг файзли кечаларида, нурафшон кунларида, қалбга ором, кўнгилга хотиржамлик олиб кирувчи лаҳзаларда юртимиз мусулмонлари бир тану бир жон бўлиб Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги янада мустаҳкамланишини Яратгандан сўраб дуо қиладилар. Юртдошларимиз ижобати кафолатланган эзгу амал ва хайрли тилакларни йил бўйи давом эттираверадилар. Энг муҳими, бу улуғ ойда юртимизни ва бутун дунёни ташвишга солган коронавирус балоси тезроқ даф бўлишини сўрашимиз зарур. 

Миродил Миржалилов,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech