30 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32 °C

Халқаро ҳамкорлик
26 Фев  2020 5084

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ўзбекистон Президентининг шу йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси Россияда катта акс-садо берди. Бу биргина Ўзбекистон ва Россиянинг вақт синовидан ўтган стратегик шериклиги билан боғлиқ эмас. Сўнгги йилларда республика ва мамлакат раҳбарининг халқаро майдондаги нуфузи кескин ошаётгани, халқаро ҳамжамият томонидан давлат бошқаруви тизимини демократлаштириш, миллий иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тан олинаётгани натижасидир.

Кенг кўламли ўзгаришлар асосида ётган давлат раҳбарининг ғояси, уларнинг мақсадга йўналганлиги, халқ турмуш даражаси ва инсон манфаатларини яхшилашга қаратилгани нафақат олимлар ва мутахассислар, балки Россия жамоатчилигининг кенг қатламлари орасида ҳам чинакам қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон раҳбарининг коррупцияни бартараф этиш ва соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда қулай инвестицион муҳит яратилишига йўл қўймайдиган «яширин иқтисодиёт»га қарши қаратилган қатъий нияти алоҳида эътибор уйғотди. Айнан, бу каби салбий иллатни бартараф этиш, эътиборни саноатлаштиришга қаратиш, иш ўринлари яратиш ва арзон уй-жой қуриш Сингапур аҳолисини унинг етакчиси Ли Куан Ю атрофига жипслаштирган ва охир-оқибат бу мамлакатни дунёдаги энг бой давлатлардан бирига айлантирган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги тарихий алоқалар ва анъанавий дўстлик ришталарига асосланган муносабатлар тобора ривожланмоқда. Икки мамлакат Президентларининг стратегик шерик­лик ва иттифоқчиликни мус­таҳкамлаш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатлари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги ва юқори босқичга кўтарди. Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россияга  қилган давлат ташрифи улкан ҳодисага айланди ва унинг доирасида иқтисодий, инвестицион, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 15 миллиард доллардан зиёд 50 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди.

2018 йил 19 октябрь куни Президент Владимир Путиннинг Биринчи Ўзбекистон-Россия минтақалараро форуми ва давлатлар раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар учун Тошкентга қилган ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича янги муҳим келишувларга эришилди. Форум доирасида умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд 800 тага яқин савдо-инвестицион битимлар ва меморандумлар имзоланди.

Бугунги кунда Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2017 йилда мамлакатларимиз товар айланмаси — 4,73 миллиард, 2018 йилда — 5,66 миллиард, 2019 йилда — 6,63 миллиард долларга етди. 

Ҳозир Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида мингдан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик сармоядорлар иштирокида 560 тадан ортиқ корхона ташкил этилган. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг динамик ривожланишига ёқилғи-энергетика мажмуаси, ахборот-коммуникация технологиялари, самолётсозлик ва темир йўл транспортини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Ўзбекистон раҳбари томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада илгари сурилган ташаббус ва вазифалар мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишни ўйлаётган халқаро бизнес ва салоҳиятли инвесторларга муҳим чорлов бўлди. Шунингдек, улар ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун қулай шароит яратади.

Бу, аввало, ривожланиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд ҳудудий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ. Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга ўз вақтида етказиб бериш, шунингдек, унинг таннархини камайтириш учун транспорт ва логистикани янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланади. Ўзбекистон учун географик жойлашув ва унинг жаҳон бозорларидан узоқлиги, денгиз коммуникацияларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлиги шароитида барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг асосий омили — барча географик йўналишларда янги ишларни шакллантириш ёки мавжуд транспорт йўлакларига хизмат кўрсатишни бир маромда сақлашдир.

Давлатларимизнинг бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлиги айнан қандай бўлиши мумкин? Аввало, бу томонларнинг «иқтисодий масофа»ни қисқартириш, яъни юкларни ташқи бозорларга етказиб бериш жараёнида сарфланган барча вақт ва моддий харажатлар миқдорини камайтириш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатидир. Бунга инфратузилмани модернизация қилиш, ахборот манбаларига очиқ ва эркин киришни ҳисобга олган ҳолда юкларнинг транзит ҳамда божхона расмийлаштируви тартибларини соддалаштириш, норасмий тўловларни бартараф этиш ва икки мамлакат тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик омили бўлган бошқа қатор чора-тадбирлар орқали эришиш мумкин. Буларнинг барчаси Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада қўйилган улкан вазифани ҳал этишга ёрдам берган бўларди, яъни мамлакат транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннагача ошириш имконини беради. Бу вазифани амалга ошириш нафақат Ўзбекистон, балки Россия манфаатларига ҳам мос келади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг транзит йўлларини ишлаб чиқиш стратегияси мамлакатнинг глобал таъминот занжири тизимига интеграциялашувига ва Япония, Хитой ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини Россия ва Европа Иттифоқи билан боғловчи савдо, транспорт ва иқтисодий кўприкка айланишига ёрдам беради.

Иккинчи. Мурожаатномада республика саноатига хомашёни узлуксиз етказиб бериш вазифаси юклатилган. Уни амалга ошириш учун Ўзбекистонда улкан мақсадлар — 2020 йилда янги истиқболли майдонлар ва конларни аниқлашни 35 фоизга, келгуси йилда эса 40 фоизга ошириш вазифаси қўйилган.

Салоҳиятли инвесторларни ўз ривожланишига жалб қилиш учун камида 20 та кон бўйича тайёр лойиҳалар тўплами шакллантирилиб, салоҳиятли инвесторларга таклиф этилади. Россия улардан айримларини амалга оширишда Ўзбекис­тон билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Учинчи. Президент ўз Мурожаатномасида кейинги 5-7 йилда мева-сабзавот экспорти ­ҳажмини 3-4 баробар кўпайтириш вазифасини қўйди. Шу билан бирга, у бу кенг кўламли вазифани амалга ошириш учун чуқур ўйланган, ҳисобланган механизмларни белгилаб берди. Ҳақиқатан ҳам, малакали ишчи кучи ва ишлаб чиқаришдаги кам харажатлар, ноёб иқлим шароити, давлат раҳбари томонидан таклиф этилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш учун бозор механизмларини қўллаш билан бирга (пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини ва бошқа чора-тадбирларни бекор қилиш) иқтисодиётнинг ушбу секторининг етарлича юқори рақобатбардошлигини таъминлайди. Бу Россия учун ҳам муҳим, чунки тарихан экологик тоза ва сифатли ўзбек мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларимизда доимо харидоргир бўлиб келган.

Шу муносабат билан мамлакатларимизнинг тегишли идоралари Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бериш бўйича «яшил йўлак» деб аталмиш комплексни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши лозим. Бу соҳада бажарилиши мумкин бўлган чора-тадбирлар яхши маълум: божхона тўловларини камайтириш; Россиянинг турли минтақаларида, айниқса, унинг шимолий ҳудудларида Ўзбекистоннинг савдо уйлари ва иқтисодий ваколатхоналари фаолиятини кенгайтириш.

Тўртинчи. Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб эълон қилди. Фан ва таълимни давлат сиёсатининг биринчи поғонасига қўйиш шуни кўрсатадики, Ўзбекистон раҳбарияти ҳозирги воқеликни ҳам, мамлакатни барқарор ривожлантириш учун узоқ муддатли стратегик мақсадларни ҳам яқинлашиб келаётган тўртинчи технологик инқилоб шароитида чуқур англайди.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик узоқ тарихга эга ва уни чуқурлаштиришнинг улкан имкониятлари мавжуд. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ва Ломоносов номидаги Москва давлат университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси, Ўзбекистонда Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиалини ташкил этиш тўғрисидаги битим, Фанлараро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Мурожаатномада илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳига нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилди. Бу ва бошқа ташаббуслар Россия ҳамда Ўзбекистондаги таълим ва илмий ташкилотлар ўртасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун ажойиб имкониятлар яратмоқда.

Ҳамкорликнинг қайд этилган йўналишларини амалга ошириш икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан ўзаро манфаатли даражада ривожлантиришга янгича туртки бўлади, юқори қўшимча қийматга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва миллий бозорларни анъанавий ҳамда инновацион рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш имконини беради.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси жиддий дастурий ҳужжат бўлиб, уни амалга ошириш, буни алоҳида таъкидлаш жоиз, нафақат мамлакат ичида муҳим аҳамият касб этади. Унинг айрим ҳолатлари Марказий Осиё, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги интеграцион, сиёсий ва иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистонда қўлланилаётган миллий иқтисодиёт ва давлат-сиёсий тизимини ислоҳ қилишнинг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги ёндашувлар ва воситалардан, Ўзбекистоннинг бу борада тўплаган тажрибасидан «етиб олишга интилаётган» деб аталувчи мамлакатларда ҳам, замонавий дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

 МУАЛЛИФ ҲАҚИДА СЎЗ:

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Иқтисодиёт ва халқ хўжалигини бошқариш соҳасидаги таниқли мутахассис. 250 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Россия Фанлар Академиясининг «Модернизация ва Россия иқтисодий хавфсизлиги» ҳамда «Объектив ва кечаётган хавф-хатарлар кескинлашуви шароитида Россиянинг миллий иқтисодий хавфсизлиги» дастурлари мувофиқлаштирувчиси. Федерация Кенгаши ва Россия Федерацияси хавфсизлик Кенгаши раиси ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашлари аъзоси.

Валерий ЦВЕТКОВ, 
Россия Фанлар Академиясининг Бозор муаммолари институти директори, РФА мухбир-аъзоси.

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech