02 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,8 °C

Мамлакатимизда
6 Мая  2020 2911

Офатларни енгган халқ иродаси

Бу йил баҳор ҳаммамизни бир силкитиб кўрди гўё:

Коронавирус пандемияси...

Бухоро вилоятида бўрон...

Сирдарё вилоятида рўй берган офат...

Буларнинг барчаси халқимиз иродасини синовдан ўтказмоқда.

Буларнинг барчаси халқимиз матонатини намоён этмоқда.

Бу каби бало-қазоларга халқимиз илгари ҳам кўп рўбарў келган ва ҳаммасини мардонавор енгиб, ҳар қандай кутилган ва кутилмаган имтиҳонлардан янада тобланиб, чархланиб, куч-қудратга тўлиб ўтган. Айниқса, табиат имтиҳонлари эл-юрт ҳаётида чуқур из қолдирган: “тарихда мисоллар жуда кўп бунга”.

Сирасини айтганда, ободлик ва тараққиётга кураш ва машаққатларсиз эришилган эмас. Турли тўсиқ ва ғовлар енгиб ўтилиб, баланд довонлар, юксак марралар забт этилган.

Ногоҳонда келган қийинчилик ва мураккабликлар бартараф этилади, улардан эртанги кун учун зарур бўлган тажриба ва сабоқ қолади. Одамларнинг келажакка бўлган ишончи янаям мустаҳкамланади.

Халқ катта сувни бало, деб бежиз айтмаган. Сардоба сув омборидан тўғоннинг бир қисмини ўпириб чиққан катта сув қанча оиланинг ҳаловатини бузди, қанча экин майдонларини пайҳон қилди.

Табиий офатдан зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси тезкорлик билан хавфсиз жойларга кўчирилди ва вақтинча яшаб туришлари учун зарур шароит яратилди, бошпана, озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминланди.

Президентимиз Сирдарёда талафот етган ҳудудлар ичига кириб бориб, уй-жойи бузилган, жабр кўрган юртдошларимиз билан юзма-юз суҳбатлашди, “Шундай оғир пайтда ҳаммамиз сизларнинг ёнингиздамиз”, деб уларнинг кўнглини кўтарди, уларга таянч ва суянч бўлди. Кўрилган тезкор чоралар бошига ташвиш тушган минглаб одамларни саросима ва таҳликадан сақлаб қолди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Юртдошларимизнинг ҳаёти биз учун ҳамма нарсадан ҳам қимматлидир” деб таъкидлаши буюк Алишер Навоийнинг:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз

сатрларига ғоят ҳамоҳангдир. Инсон қадрининг юксаклиги, инсон умрининг бебаҳолиги, тирикликнинг қиммати ҳақида бундай эзгу ва олижаноб ғоя Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги арафасида, айниқса, янада чуқур рамзий маъно касб этади, деб ўйлайман.

Эл бошига мушкул-машаққат тушганда кимнинг кимлиги билинади, кутилмаган офатлар, синовлар халқни жипслаштиради.

Шу кунларда Сирдарёга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан “Мурувват карвонлари” мунтазам бориб турибди. Мушкул вазиятда қолган одамларга улкан ҳажмда инсонпарварлик ёрдами – зарур озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва ҳатто болалар учун турли ўйинчоқлар етказиб берилмоқда. Ёндош туманлар ва қўшни вилоятларда юртдошларимиз сув тошқинидан зарар кўрган одамларга ўз уйидан жой берди. Хусусан, дунёнинг катта қисмида, жумладан, юртимизда ҳам карантин тартиби сақланиб турган бугунги шароитда, энг аввало, оддий инсоний меҳр-мурувватга, кўмакка муҳтож одамларга кўрсатилаётган олижаноб амалий ёрдамнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Ҳа, бугун бутун эл-юртимиз оёққа қалқди. Айниқса, Рамазон ойида қалбини хайру эҳсон ҳамда шафқат ва шафоат ҳис-туйғулари чулғаган ҳамюртларимиз табиат инжиқликлари туфайли озор етган ҳеч бир инсон саховат ва мурувватдан четда қолмаслиги учун астойдил саъй-ҳаракат қилмоқда.

Журналист Эркин Саидов Сирдарё туманида яшайди. У воқеа жойидан кўчирилган 35 нафар жабрдийда одамни ўз уйига жойлаштирди. Улар бугун бир оила бўлиб яшамоқда. Энг қизиғи, бир оиланинг икки нафар вояга етмаган фарзанди шошилинчда бошқа ёққа олиб кетилган экан. Болалар бугун яна ўз оиласи, ота-онаси бағрига қайтди.

Сув тошқинидан жиддий зарар кўрган қишлоқлардан бири – “Қўрғонтепа” маҳалласида истиқомат қилувчи фермер ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, қудратли сув оқизиб кетаётган бир ота-онанинг икки дилбанди – вояга етмаган опа-сингилни қутқариб қолди. Ўзингиз айтинг, талатўпда йўқолиб қолган фарзандларини топган оилалар қувончининг чегараси борми?.. Ана шундай фермер ва тадбиркор йигитлар эмасми бугунги кун қаҳрамонлари, шу эмасми ватанпарварлик?..

Бухоро ва Сирдарёда бўлган воқеа-ҳодисалар халқимизнинг саховат, меҳр-шафқат фазилатлари нақадар чуқур ҳаётий илдизларга эга эканини яна бир бор амалда исботлади. Сирдарёнинг асрий чўл-биёбонлари ўтган юз йилликда халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, машаққатли меҳнати, матонати ва сабр-бардоши билан гулистонга айланган эди. Асли Сирдарё фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон жонажон юртини бундай мадҳ этган:

Уюр-уюр йилқи, қўзи-қўйлигим,

Ҳар қишлоқ, ҳар уйи ўлан, тўйлигим,

Даврада қомати осмон бўйлигим,

Сирдарё нурафшон, нурхонам менинг,

Хизр назар қилган гулхонам менинг.

Ҳеч шубҳасиз, сув тошқини асоратларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва эл-юртимизнинг жонкуярлиги, жонфидолиги билан Сирдарё аҳли бу оғир ва жиддий синовдан шараф билан ўтади, вилоят Ватанимизнинг ҳамиша навқирон, янада обод гўшасига айланади. Зеро, шоир бу муқаддас юртни “Хизр назар қилган гулхонам”, деб бежиз айтмаган.

Барча ташвишлар ўтади, кам-кўстларнинг ўрни тўлади, Сардоба воқеаси Ватанимиз ва халқимиз тарихининг жасорат саҳифаси бўлиб қолади.

Баъзида табиат солади қутқу,

Одамлар бошига тушади қайғу.

Барча балолардан юртни асраган

Халқим жасорати, иродаси бу.

Салим Ашур,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech