21 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,7 °C

Агросектор
16 Апр  2020 1341

Ўсимликлар саломатлигини асрасак, турмушимиз фаровонлигини таъминлаймиз

Бугунги таҳликали давр — коронавирус пандемияси шароитида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш вазифасини давлат ўз зиммасига олиб, муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Мамлакатимиз раҳбари раислигида 10 апрель куни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят ва туман учун илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларга мувофиқ агротехник тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилишини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди. Ғаллани озиқлантириш, занг касаллиги, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишлов бериш каби масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бугунги кун ва тарих сабоқлари

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, инсон озиқ-овқатининг 80 фоизини ўсимлик маҳсулотлари ташкил этади ва  жаҳон бўйича унинг бир йиллик савдо айланмаси 1,1 триллион долларга тенг бўлиб, бунинг асосий қисмини, яъни 82 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллайди.

 ФАО 2020 йилни “Ўсимликлар саломатлигини асраш халқаро йили” деб эълон қилгани бежиз эмас. Қишлоқ хўжалигида ҳосилни сақловчи муҳим тизимга етарли эътибор берилмаса, ўсимликлар зараркунанда ва касалликлар туфайли доимий ва ўта жиддий хавфга учрайди. ФАОнинг Ўсимликлар ҳимояси ва карантини халқаро конвенцияси котибияти маълумотига кўра, зарарли организмларга ўз вақтида ҳеч қандай чоралар қўлланилмаса, бу ҳолат ачинарли ва тиклаш мушкул бўлган оқибатларга олиб келиши мумкин. Бугунги кунда зараркунандалар ва касалликлар туфайли 20 дан 40 фоизгача ҳосил йўқотилиб, пулга чаққанда йилига 220 миллиард долларни ташкил этади.

Зарарли организмларнинг глобаллашиб, бир қитъадан бошқасига тарқалишига ўсимлик маҳсулотлари, яъни уруғлар, кўчатлар, мевалар ва бошқа омиллар сабаб бўлган. Юқумли касалликларни, асосан, вируслар, фитоплазмалар, бактерия ва замбуруғлар келтириб чиқаради. Уларнинг зиёнига тарихда кўп бора гувоҳ бўлинган. Масалан, 1942-1943 йилларда Жанубий Осиёнинг шимоли-шарқий қисмида асосий озуқа бўлган шолининг гельминтоспориоз касаллиги тарқалиб, “Бенгалия очарчилиги”ни юзага келтирган ва натижада кўплаб инсонлар ёстиғини қуритган. Бундан ташқари, яқин ўтмишда тарқалган буғдойнинг поя занги қўзғатувчисининг янги рассаси — Ug99 Африканинг Уганда давлатида пайдо бўлиб, 50 фоиздан 100 фоизгача буғдойзорларни зарарлаган. Кейинчалик у Кения, Эфиопия, Танзания, Мозамбик, ЖАР, Эритрея ва Зимбабведа экинларга катта зарар келтирган.

Самарадор чоралар

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида муҳим бўлган тадбирларни ташкил этиш, амалга ошириш ва соҳада туб бурилиш ясади. Дунё олимларининг бу борадаги узоқ йиллик тадқиқотлари натижалари етиштирилаётган экинлар ҳосилини сақлаб қолишда илмий-амалий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунга қадар яратилган агротехнологияларнинг барчаси ҳам ишлаб чиқариш амалиётига тўлиқ жорий этилмаган ёки улардан унумли фойдаланилмаяпти. Шу боис, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимининг ривожи нафақат аҳоли саломатлиги, балки экспорт салоҳиятини оширишда ва ўзбек брендини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

 Мамлакатимизда бу тизим фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва аҳоли томорқа эгаларига хизмат кўрсатиб, етиштирилаётган экинлар ҳосилини сақлашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу борада Тошкент давлат аграр университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион хизмат тури - Ўсимликлар клиникаси фаолияти республиканинг барча туманларида йўлга қўйилди.

Янги хизмат ва  малакали кадрлар

 Президентимизнинг 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Ўсимликлар клиникаси хизматини барча туманларда кенг жорий этиш бўйича топшириғи ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 сентябрдаги “Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда ҳуқуқий таянч вазифасини ўтамоқда. Ҳозир Ўсимликлар клиникалари сони 145 тадан ортиқ бўлиб, уларнинг нафақат ўсимликларни ҳимоя қилиш, балки аҳолига уруғчилик, кўчат етиштириш, ўғитлаш, юқори ҳосил етиштириш ва бошқа инновацион технологияларни жорий этиш билан ҳам шуғулланиши режалаштирилмоқда.

Республикамиз учун бошоқли дон экинларининг занг ва қоракуя касалликлари, мевали дарахтларнинг бактериал куйиш ва монилиоз, кластоспориоз, парша, ун шудринг, сабзавот экинларининг фузариоз, альтернариоз, барча қишлоқ хўжалиги экинларининг вируслари ва фитоплазмалари иқтисодий хавфи юқори бўлган ўсимлик касалликлари турларига киради. Экологик муаммолар вужудга келиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинларида бир қатор касалликларнинг авж олиши кузатилмоқда. Уларни олдиндан аниқлаб, профилактик чоралар кўриш эса етиштирилаётган ҳосилни 90-95 фоизгача сақлаб қолиш имконини беради.

Президентимизнинг 2019 йил 19 августдаги “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аграр соҳадаги кадрлар сифатини ошириш ва уларни рақобатбардош қилиб тайёрлаш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Университетда “Ўсимликларни ҳимоя қилиш” (асосий экин турлари бўйича) ҳамда “Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини” таълим йўналишлари такомиллаштирилган ҳолда янгидан ташкил этилиши ва ушбу йўналишларга талабаларни қабул қилиш квотаси икки баробар оширилиши малакали, рақобатбардош кадрлар етиштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда таянч вазифасини бажаради.

Эҳтиёт бўлганни эгамнинг ўзи асрайди

Хўш, ўсимликларни ҳимоя қилишга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари раҳбарлари жиддий эътибор беряпти, дея оламизми? Олимлар ва мутахассисларнинг бу борада бераётган тавсиялари амалиётда неча фоиз бажариляпти? Дейлик, бир фермер тавсияларга итоат этиб, ҳимоя усулларини тўлиқ қўллаяпти. Унинг ёнидаги фермерлар-чи? Афсуски, йўқ!

Натижада тавсияларни амалга оширган фермер ҳам кутилган натижани ололмай, ишлов бермаганларга нисбатан кўпроқ иқтисодий зарар кўриб, ҳафсаласи пир бўлади. Оқибатда шу ҳудудни кейинги ёки ундан кейинги йили ёппасига касаллик, зараркунанда, ҳашаротлар босиб ҳосил нобуд бўлгандагина одамларнинг кўзи очилиб, бирлашиб кураш йўлларини излай бошлайдилар. Қачонки, улар илмий мутахассисларнинг кўрсатма, тавсияларига тўлиқ риоя қилинган ҳолдагина офатни енгадилар. Бундай ҳолат тарихда жуда кўп маротаба қайд этилган.

Мамлакатимиз бўйича кўп йиллик қимматли тажрибани ёдга олсак. Олтиариқлик миришкорлар ҳақида гап кетганда фақат юртдошларимиз эмас, балки Россия, Европа, Осиё давлатлари фуқаролари ҳам олтиндек товланган узум бошларини кўз олдиларига келтирадилар. Ҳозирги даврда бу ерда йил давомида ишкомда янги узиладиган узум бор. Йилнинг оғир ёки яхши келишини баҳона қилмай, муттасил равишда мўл ва сифатли ҳосил олишга эришадилар.

Бунинг асосий сабаби — жами узум етиштирувчилар бир жамоадек бирлашиб, бир-бири билан тажриба алмашишади. Ўсимликлар ҳимояси бутун ҳудуд бўйича ўтказилиб, бирорта хўжалик четда қолмайди. Ҳозирги даврда ушбу вазифани Ўсимликлар клиникаси ўз зиммасига олиб, ҳосилдорлик янада мўл бўлишига, экспорт ҳажмини орттиришга хизмат қилмоқда.

Бизнинг асосий мақсадимиз шу каби тажриба мактабларини республикамизнинг барча ҳудудларида асосий экин турлари бўйича ташкил этиш, фермер, деҳқонларимизнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда юртимиз фаровонлигини мустаҳкамлашдир.

Ботир Сулаймонов,
Тошкент давлат аграр университети ректори, академик

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech