09 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,5 °C

Агросектор
17 Мар  2020 821

Пахтачиликда тарихий бурилиш

Иқтисодиётимиз ривожи, аҳолининг бандлиги ва даромадлари ўсишида   қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, бугунги кунда тармоқни стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш давр талабига айланди. Чунки унинг   ҳозирги ўсиш суръатлари ва даромадлари  етиштирувчини ҳам, қайта ишловчини  ҳам мутлақо қониқтирмаяпти. Тажриба ва таҳлиллар  бу борада кутилаётган мақсад-ўзгаришларга бозор механизмларини кенг жорий этиш, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш орқали эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигидаги мавжуд аҳволни таҳлил этиб, тармоқ олдида турган вазифалар  моҳиятини шундай белгилаб берди: “Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда ­эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ­ўзгармайди”.

Мазкур фикрлар Президентимизнинг ОАВда кеча эълон қилинган "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Фермер, мутахассислар ва хорижий нашрларнинг экспертлари  ҳам мазкур қарорлар қишлоқ хўжалигида тарихий бурилиш даврини бошлаб берганини эътироф этмоқда. Хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг техникавий масалалар бўйича маслаҳатчиси Йонас Аструп “Twitter”даги саҳифасида пахтага давлат буюртмасининг бекор қилинишини “тарихий воқеа” деб ёзади. “CentralAsia”, “ Яндекс”  “Вестник-Кавказ” ва бошқа электрон нашрларда ҳам шунга ўхшаш қайдларни ўқиш мумкин. 

Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  фармонида  эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш учун тамал тоши қўйилган эди. Давлатимиз раҳбарининг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан  пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниб,  ишлаб чиқариш иқтисодий самарадорлигини ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар манфаатдорлигини ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига қўшимча иш ўринларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар аниқ-равшан белгилаб берилди.

— Қарорга кўра,  2020 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахтачилик бошқармаси бошлиғи Акмал Шамсиев. — Шу пайтгача давлат харидларининг мавжудлиги, пахта хомашёсини етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлиги инобатга олинмасдан, барча маҳаллий ҳокимият органлари жалб этилиши иш самарадорлигининг пасайишига, ҳажм ортидан қўшиб ёзишлар ва ажратилаётган ресурслардан мақсадсиз фойдаланишга олиб келар эди. 

Жорий йилда пахта хомашёсини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш жараёнини пахта-тўқимачилик кластерлари қамраб олади. Бу усулнинг жорий этилиши хусусий секторнинг ривожланишига асос бўлиб, давлат буюртмасига эҳтиёж қолмайди. Кластерлар ўз эҳтиёжлари асосида пахта хомашёси ҳажмини мустақил белгилайди. 

Шунингдек, эндиликда республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштиради. Бозор ­тамойилларидан келиб чиққан ҳолда муайян минтақа тупроқ-иқлим шароитларига мос, толанинг технологик сифат кўрсаткичлари юқори, тўқимачилик ­саноати талабларига жавоб берадиган, турли стресс омилларга чидамли ҳосилдор навларни танлаш ва оқилона жойлаштиришга имкон яратилади.

Сара уруғ — ҳосил бўлиқ, деган ҳаётий ибора бор. Айтайлик,  эркин фаолият юритаётган фермерларга уруғ қандай тартибда етказиб берилади?

Бу борада сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолиняпти.  Босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик ҳамда пахтачилик кластерлари зиммасига юклатилади. 

Қарорга биноан, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Чунки фермер хўжаликлари томонидан агротехника тадбирларини ўтказиш, шартномаларни расмийлаштириш, банк ва бошқа хизматлар бўйича билим ва кўникмаларни янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун уларнинг кооперацияга бирлашуви  орқали юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мумкин.

Хорижий тажрибада ҳам пахта етиштиришда кооперация усулида ­ишлаш туфайли юқори натижаларга эришиб келинмоқда. Хусусан, Туркияда бу тажриба ўзини оқлаган. Ушбу тизимнинг энг муҳим жиҳати — фермерлар нафақат пахта хомашёсини, балки уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни (тола, чигит, шрот, шелуха) сотишдан ҳам манфаатдор бўлади. Яна бир аҳамияти,  пахта етиштиришда рақобат шаклланади. Кластерлар ва кооперативлар ўртасида рақобат бўлса, бундан фақатгина фермерлар, яъни ер эгалари — деҳқонлар манфаатдор ­бўлади.  

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ,  ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган имтиёзлар пахта хомашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади. Жумладан,   ишлаб чиқарилган пахта толаси учун биржада бошланғич нарх шаклланишида амалда қўлланаётган 10 фоиз миқдоридаги чегирма бекор қилинмоқда.

— Яна бир янгилик шуки, номи йиллар давомида бир неча бор ўзгарган бўлса-да, ҳар сафар пахта сўзи қолган “Пахтасаноат” уюшмаси тугатилади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов.  —  Энди мавжуд 25 мингга яқин пахтачилик фермер хўжаликлари шартнома асосида пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперацияларга маҳсулот етиштириб беради. Кооперациялар ва кластерлар ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашмаси ташкил этилади.

Ўрнатилган тартибга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси  билан биргаликда жаҳон бозори нархлари таҳлили асосида ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсига кутилаётган минимал нархларни эълон қилиб боради.

Мутахассисларнинг фикрича, амалдаги кредитлаш тизими фермерлар ва маҳсулот етказиб берувчи, хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида дебитор ва кредитор қарздорликлар ҳосил бўлишига, маҳсулот  ва хизматларнинг сифат даражаси пасайишига, нархларнинг сунъий ошишига сабаб бўлиб келаётган бўлса, кредитларнинг  имтиёзли фоиз ставкасида ­ажратилгани  уларни мақсадсиз фойдаланишига ҳамда белгиланган муддатда қайтармаслик ҳолларини юзага келтираётган эди.

Президентимизнинг  "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, 2020 йил 15 мартдан бошлаб, тижорат банклари томонидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта хомашёси умумий қийматининг 50 фоизигача миқдорда молиялаштирилганда йиллик 8 фоиз, ­60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади. 

Бундай тизим фермер хўжаликлари томонидан кредитларни эркин тасарруф этиш ҳамда моддий-техник ресурслар етказиб берувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарни эркин танлаш имкониятини беради, —  дейди ­Акмал Шамсиев. — Маҳсулот сифатини ­яхшилайди, корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги оширилишига замин яратади. Пахта хомашёсини етиштирувчилар ва кластерлар ўртасида қарздорликлар камаяди, фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлиги ошади.

Жамғарма маблағлари нафақат пахта хомашёси ва бошоқли дон, балки мева-сабзавот етиштириш, чорвачиликда озуқа базасини ривожлантиришга ҳам йўналтирилади. Қишлоқ хўжалиги харажатлари таркиби диверсификация қилинади. Пахта хомашёсини етиштириш харажатлари камайтирилиб, асосий эътибор илм-фан, уруғ етиштириш каби соҳаларга қаратилади.

Актам Ҳайитовнинг фикрига кўра,  пахтачилик соҳасини интенсив ривожланиш йўлига ўтказиш мавжуд меҳнат, ер, сув ва бошқа моддий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади, аграр соҳада барқарор ўсишни таъминлашга шароит яратади. Энг муҳими, пахтачиликда чуқур қайта ишлаш орқали қатор ижтимоий масалалар ҳам ечим топади, қишлоқда кўплаб иш жойлари очилади, экспорт салоҳияти ошади. Шунингдек, тармоқдаги туб ўзгаришлар пахта етиштирувчи фермерлар, ­агрокластерлар ва кооперацияларнинг иқтисодий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.

Абдурауф Қоржовов.
Иқтисодий шарҳловчи.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech