21 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,2 °C

Транспорт
31 Янв  2019 13307

GPS тизими яна ишга тушадими? Бу қачон содир бўлади?

Мана, икки ойдирки, Тошкентда жамоат транспортини GPS-мониторинг қилиш тизими ишламаяпти. Хўш, у қачон ишга тушади?

...Яқинда Россия ОАВда Саранск мэрининг кечқурун ишдан уйига марказий бекатлардан биридан жамоат транспортида кетгани ҳақидаги хабарни эълон қилишди. «Бекатда роса бир соат турдим... Шунда кўп нарсага тушундим. Кечқурун ҳамма ишдан уйига кетадиган тиғиз пайт – муниципал автобуслару троллейбуслар қаёққа ғойиб бўлди? - дея ҳайратини яширмади у мэриядаги йиғилишда. – Ишни қандай қилиш керак бўлса, шундай бажариш керак. Кейин одамларнинг ҳақорат-ю, дашномларини эшитиб, ўзингиз хафа бўлиб юрасиз». Сал олдин Саратов мэри ҳам худди шундай тажрибани ўтказиб кўрганди. У ишига автобусда етиб бормоқчи бўлди ва кеч қолди.

Юқоридаги мисоллар бежиз келтирилгани йўқ. Ўтган йилнинг октябрь ойида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг ҳамда унинг таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳафтанинг ҳар жума куни хизмат автомобилидан фойдаланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги буйруқ чиқарилганди. Яъни улар шу кунлари ишга жамоат транспортида келишлари керак эди. Улар йўловчи ташиш сифати, ҳайдовчилар ва чиптачиларнинг маданияти, йўл ҳаракати қоидалари ва санитар-гигиеник меъёрларга амал қилиши, йўловчиларнинг кайфияти ва турли норозиликларга сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиш учун ҳафтанинг бошқа кунлари ҳам жамоат транспортида юришлари ҳам мумкин аслида.

Хўш, натижалар аҳолига сезиларли бўляптими? Худди шу савол билан турли туманлар аҳолисига мурожаат қилдик. Сўровда иштирок этганларнинг кўпчилигининг фикрига кўра, раҳбарият етарлича жамоат транспортида юрмаётгандек. Ёки яққол кўриниб турган муаммоларни бартараф этишга етарлича масъулият билан ёндашишмаяпти.

...Соат кечки тўққиз. Пойтахтдаги курантлар олдидаги бекатда олти киши турибди. Ҳар бири  ўз автобусини кутмоқда. Аммо улар келармикан? Об-ҳаво яхши, вақт ҳам кеч бўлиб кетмаган, ерда ҳаракатланувчи жамоат транспорти соат 22-23 гача юради. Ҳар ҳолда кўпгина бекатларда осиб қўйилган ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ сайтидаги ҳаракатлар жадвалида шундай, дея кўрсатилган.

«Кечирасиз, билмайсизми, 1-автобус ҳали юрармикан? – ёнидаги кишилардан сўрайди ёшгина қиз. Улар бунга жавобан елка қисишади. – Илгари анча қулай эди: телефондаги иловани очардинг-да, автобуслар юряптими-йўқми, агар юраётган бўлса, қанча вақтдан сўнг сен турган бекатга қачон етиб келишини олдиндан билардинг. Ҳозир тахмин қилишдан ўзга чора йўқ...»

Янада тушунарли бўлиши учун: Тошкент аҳолисининг 60 фоизига яқини жамоат транспортидан фойдаланади. Ўтган йили 250 миллиондан кўпроқ киши ташилган, уларнинг 80 фоизи автобусларда ўз манзилига етиб олган. Хорижда бўлганлар буни ўз кўзлари билан кўришган: кўпгина давлатларда автобуслар ҳаракатланиш жадвалига қатъий амал қилади. Бизнинг ҳолатда эса йўловчилар шояд келиб қолса, деб кутади.

Вазият эса яқиндан бошлаб ўзгара бошлади: 2016 йилнинг ёзида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Grand Technology System» компаниялари «TashBus» мобил-иловасини тест режимида ишга туширди. Бунда смартфонлар эгалари GPS маълумотлари орқали автобусларнинг ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш ва керакли жойга қайси вақтда етиб келишини кузатиб боришлари мумкин эди. 2017 йилнинг кузида АЖ кўмагида бир гуруҳ ташаббускорлар томонидан кенгроқ функцияларга эга бошқа, «MyBus Tashkent» иловаси амалиётга татбиқ этилди. Шаҳарликлар ҳам унинг қулайлигини эътироф этди. Негаки, керакли пайтда бекатга чиқиш, агар автобуслар ҳаракати тўхтаган бўлса, вақтни йўқотмай, такси чақириши мумкин бўлди.

Аммо GPS-мониторинг тизимининг асосий вазифаси «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва автобус паркларининг ўзи томонидан жамоат транспорти ишини назорат қилишдир. Диспетчерлар қайси бекатда автобуслар одам тўлдириш учун кўп вақт тўхтаб қолган, қайси ҳайдовчи тезликни меъёридан оширган, қайси йўналишдан транспорт воситаси вақтидан эртароқ чиққанини назорат қилиб боришарди. GPS-модуль пайдо бўлгандан сўнг ҳам амалда баъзи ҳайдовчиларнинг қоидаларни бузишда давом этаётгани кузатилди.

- 2018 йилда АЖ ҳайдовчилари иштирокида 37 та ЙТҲ содир этилди, 28 ҳолатда ҳайдовчилар айбдор. Бунинг натижасида 3 киши ҳаёт билан видолашган, 68 тасига турли оғирликдаги тан жароҳати етган. Шулардан ҳайдовчининг айби билан 1 киши ҳаётдан кўз юмган, 50 кишига жароҳат етган. Улар томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши 1152 марта кузатилган, бу кўрсаткич 2017 йилда 1982 мартани ташкил этганди, - дейди «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Жамоат транспорти хавфсизлигини таъминлаш бўлими бош мутахассиси Нодирхон Хўжаев.

Табиийки, ҳатто, онлайн-мониторинг ҳам бундай кўнгилсиз статистик кўрсаткичлардан четлаб ўтишни кафолатлай олмайди. Бунда ҳамма гап айрим ҳайдовчиларнинг масъулиятни етарли даражада ҳис этмаслигида. Агар кузатувга масъулият билан ёндашилса, пойтахт аҳолиси шу ҳақда тез-тез шикоят қиладиган жадвални чўзиш ва бошқа йўналишдаги транспортлар билан «пойга қилиш»ларга барҳам берилиши мумкин. Бу қисман молиявий ва ёнилғи таъминотида ҳам тартибни юзага келтирган бўларди. Аммо бу қуруқ оғизда бўлмаслиги керак.

Дарвоқе, тизим декабрь ойида тўсатдан ишламай қолди. АЖ профилактика ишлари олиб борилаётгани муносабати билан унинг вақтинча фаолият кўрсатмаётганини хабар қилди ва йўловчилардан бундай ноқулайлик учун  узр сўради.

Хўш, профилактика икки ой вақт давом этиши мумкинми? Ана шу саволга жавоб олиш мақсадида АЖга мурожаат қилдик. Аммо бари кутилганидан ҳам мураккаброқ экан. Хизмат кўрсатувчини «Ўзбектелеком» АК билан ҳамкорликда «BePro» дастурчилар маркази томонидан ишлаб чиқилган маҳаллий «UZGPS» тизимига алмаштиришга қарор қилинган. У эса «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасида иштирок этмоқда, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, пойтахт ўт ўчириш хизмати, Фарғона ва Намангандаги «Тез ёрдам» хизматлари ва бошқа ташкилотлар ундан фойдаланяпти. Ўтган ҳафтада автопарклардаги кўпгина автобуслар мазкур тизимга уланди, яқин келажакда қолганлари ҳам уланади. Шу боис ҳам мониторинг ҳозирча кенг омма учун ишламаяпти, бироқ ҳадемай, «MyBus Tashkent» иловаси орқали йўловчиларнинг унга кириши мумкин бўлади. Бунга эса оз кун қолди.

Янгиликнинг афзаллиги нимада? Олдинги тизим фақат битта харита билан ишларди ва кўпгина жиҳатларни ўзига қамраб ололмасди. Ҳозиргиси бирйўла саккизта харитани қамраб олади ва транспорт ҳаракатини тўла кузатиб бориш имконини беради. Бунда ҳар бир ҳолат диспетчерларнинг кўз ўнгида бўлади. АЖда ҳам бу тизимга катта умид боғланмоқда. Аммо оддий тошкентликларни  аввало, бутунлай бошқа савол қизиқтиради – автобуслар энди жадвалга қатъий амал қилган ҳолда ва жуда кечгача юрадими?

Рамиль Исломов.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech