22 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,5 °C

Саломатлик
8 Мая  2019 4024

Зарарли ва фойдали таом

Соғлигимиз, чиндан ҳам, нима еяётганимизга боғлиқми?

Қайси таомларни афзал кўриш керак ва қайсиларини суиистеъмол қилмаслик лозим?  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассиси, ЖССТнинг Озиқ-овқат масалалари бўйича минтақавий бюроси миллий мувофиқлаштирувчиси, профессор Анатолий Худойбергановга шу ва шу каби саволлар билан мурожаат қилдик:

– Саломатлигимизнинг деярли барча кўрсаткичлари нимани ва қанча миқдорда истеъмол қилишимизга боғлиқ. Мисол учун, ортиқча ош тузи жуда зарарли. Бу 2015 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида ўтказилган тадқиқотлар билан тасдиқланган.

Яширин таҳдидни ифодаловчи ўта муҳим омил – колбаса, пишлоқ, нондаги ортиқча туз. Ишлаб чиқарувчилар шундай йўл билан ўз маҳсулотига қўшимча таъм беради. Бир мисол: 200 грамм нон истеъмол қилган киши кунлик туз дозасини олади - беш грамм ва баъзан кўпроқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда соғлом овқатланишни таъминлаш муаммосини комплекс ҳал этиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Республика диетология ўқув-илмий маркази ташкил этилди. Бундан ташқари, 2015-2020 йилларда республика аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича Концепция ва комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди. Устувор вазифалар: таълим ва тиббиёт муассасаларида озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил этиш тизимини янада тартибга солиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, болалар таълим жамоалари рационини яхшилаш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ҳамда чет элдан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёси сифати назорати, озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали фуқароларнинг эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш, соғлом овқатланиш ва  диетология соҳасида фундаментал илмий тадқиқотлар олиб боришдир. Сўнг давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 декабрдаги «Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу марказ негизида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ташкил этилди.

Ёғ кислотаси трансизомерлар (тўйинмаган ёғларнинг бир тури)ининг озиқ-овқатдаги яширин таркиби ҳали ҳал этилмаган муаммо. Трансёғларнинг юрак-қон томир касалликларига, ошқозон-ичак тракти зарарланишига, қанд касаллиги ва бошқа кўплаб хасталикларнинг ривожланишига ёрдам бериши аниқланган. ЖССТнинг тавсиясига кўра, озиқ-овқат ёғидаги олеин кислотасининг трансизомерлари таркиби таомнома калорияси таркибининг бир фоизидан ошмаслиги керак. 2016 йилда мамлакатимиздаги санэпидемиологик меъёрларга ўзгартишлар киритилди. Уларга кўра, ёғ кислоталари трансизомерлари сони ёғ умумий миқдорининг кўпи билан икки фоизини ташкил этиши керак. Ушбу қарор ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларда норозилик уйғотди. Ўзбекистонга ёғ кислотаси трансизомерлари миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан фаол олиб кела бошлаши хавотири ҳам мавжуд. Озиқ-овқат саноати жадал ривожланаётган мамлакатда Соғлом овқатланиш ва диетология илмий-тадқиқот маркази (институти) бўлмаса, ушбу муаммони ҳал қилиш имконсиз. Қозоғистонда - иккита, Тожикистон ва Туркманистонда - биттадан ана шундай муассаса фаолият юритмоқда.

- Ўзбекистондаги овқатланиш маданияти ҳақида гапирсангиз. Қайси таомларимиз, айниқса, фойдали?

- Халқимиз учун анъанавий таомномани шакллантиришда мавсумийлик ҳам муҳим роль ўйнайди. Юртимизда мўл бўлган сабзавот, мева ва ёнғоқнинг айрим турлари ҳам асосий таомлар, ҳам оригинал ширинликлар таркибига киритилади. Бунда бошқа халқлар таомномасида жуда кам ишлатиладиган яшил турп, сариқ сабзи, шолғомдан кўпроқ фойдаланилади. Шунингдек, бақлажон, ширин қалампир ва помидор кенг қўлланилади. Уй бекалари қиш мавсуми учун юқорида айтиб ўтилган сабзавотлардан кўплаб тузламалар, консервалар ёпадилар, шунингдек, уларни қуритиб, қоқ қиладилар. Йилнинг совуқ даврида иссиқ ва тўйимли  овқатлар истеъмол қилиниши шарт. Улар сирасига ун ва тухум асосли анъанавий макарон ва бошқа турдаги таомлар киради.

Ўзбек ошхонаси таомлари турли таъмларга жуда бой. Бунда қизил ва қора қалампир, зира, кашнич, кунжут ва зирк каби кенг тарқалган зираворларнинг қўшилиши ёрдам беради. Ҳеч бир гўштли таом йўқки, шивит, селдр ёки райҳон қўшилмаса.

Марказий Осиёдаги энг севимли таом шўрва ҳисобланади. Палов, лағмон, кабоб эмас, айнан, шўрва. Уни пазандалик трансформери, дейиш мумкин. Бу шифобахш, тиклаш хусусиятига эга, ажойиб таом ҳатто, яхши бўшаштирувчи бўлиши мумкин. Қўй гўштидан пиширилган қайноқ ва ёғликкина шўрва камқонлик, бод, зотилжам, силни даволашда ёрдам беради. Лекин ошқозон ярасида мол гўшти ва ўтлар билан тайёрланганининг нафи тегади. Операциядан кейин қирғичдан ўтказилган сабзавотли суюқроқ шўрва тавсия этилади.  

Марказий Осиёнинг бошқа халқлари сингари ўзбеклар ҳам сут маҳсулотларига катта эътибор қаратади. Айниқса, машҳур нордон сутдан қилинган йогурт ва творогга ўхшаш сузма кенг тарқалган. Деярли ҳар бир таом янги узилган ва бўрсилдоқ нон билан дастурхонга тортилади.

Кўп асрлик Шарқ анъанаси бу - чой ичишдир. Ўзбекистонда ушбу ичимликни дамлаш ва тортишнинг қадимий урфларини ҳурмат қилишади. Меҳмонга ҳурмат-иззат белгиси сифатида шакарсиз кўк чой дамланиши одатий ҳолга айланган. Агар меҳмон бунга монелик қилмаса, қора чойга шакар қўшилади.  Ушбу ичимликнинг ҳар қандай тури ҳолва, турли ширин пишириқлар ёки ёпган нон билан тортилади.

Ўзбекистонда барча таомлар шоҳи палов ҳисобланади. Бирорта тадбир усиз ўтмайди. Ош фойдалими ёки барибир ҳазми оғир таомми?

– Буюк табиб ва олим Абу Али ибн Сино касалларни даволашда ошдан фойдаланганини биламиз. Уни дармонсизланган, организми чарчаган, узоқ муддатли очлик ва хасталикдан турганларга тавсия этган. Жуда оғир жисмоний меҳнат қилгандан сўнг ҳам ош ейишган. Бироқ ҳозирда ушбу таомни тайёрлаш усули ўзгариб кетган. Аммо гўшт, гуруч, ёғ ва сабзи каби анъанавий масаллиқлари ўзгаришга учрамаган.

Миллий таомлардан қайсиларини истеъмол қилишда эътиборлироқ бўлишни маслаҳат берган бўлардингиз?

– Қовурилган ва тузланган таомларни. Мисол учун, тавсия этилган ошда ҳам икки муҳим, калий ва натрий микроунсурлари нисбати 5:1 миқдорда. Калий танадаги суюқликни чиқариб юборади. Бу турли шишлар хавфини камайтиради ва қон босими ошишига тўсқинлик қилади. Бироқ натрий (туз) унсури организмда сувни ушлаб туради.

Нима деб ўйлайсиз, у ёки бу таом маълум бир аъзога таъсир кўрсатадими?

– Ҳа, бу илмий тилда таомнинг фармакодинамик ёки шифобахш хусусиятлари, деб аталади. Масалан, таркибида холин концентрациясини юқори бўлган сумалак жигар ва асаб тизими фаолиятини меъёрлаштиришга ёрдам беради.

Сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар орасида фастфуд истеъмол қилиш жуда оммалашди. Уларнинг янги турлари, масалан, хоразмча бургер, нон-кабоб ва бошқалар пайдо бўлди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Фастфуднинг зарари ҳақида етарлича илмий ишлар эълон қилинган. Одатда бу юқори калорияли маҳсулотлардан оддий усулда ва тез тайёрланган таомлардир - масалан, товада ёки ёғга ташлаб қовурилган. Шундай қилиб, ҳатто, парҳезбоп ҳисобланган товуқ тўши ҳам юқори холестеринли таомга айланади. Албатта, бундай озиқ-овқат зарарли, аммо уни ёшлар барибир афзал кўрмоқда. Уни тайёрлаш учун кўп миқдорда модификацияланган ҳайвон ва ўсимлик ёғларидан ташкил топган маргаринли эмульсия қўлланилади. Сунъий кимёвий бирикмали ёғ кислоталари бундай овқатларни сақлаш вақтини узайтиради, аммо асаб тизимининг бузилишига олиб келиб, таомга «боғланиб қолиш»ни ҳосил қилади. Бунда ошқозон инсонга ўз ҳукмини ўтказа бошлайди. Кўчадаги таомнинг салбий жиҳати – уни ейиш маданиятида. Одамлар йўл-йўлакай, кета туриб ўзлари сезмаган ҳолда улардан кўп истеъмол қилишлари ва шунда ҳам очлик ҳисси йўқолмаслиги мумкин.  Парҳезшунослар овқатни шошмасдан ейишни тавсия қилади, ана шунда кам егани билан тўйиш ҳисси тез пайдо бўлади.

Овқатдан кейин турли касалликлар хавфини камайтириш ва шифохонага тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

– Бу саволга Абу Али ибн Сино энг яхши жавобни берган. У энг даҳшатли душман – овқатни керагидан кўпроқ ейиш, деб ҳисобларди. Табиб бизнинг давримиздаги рафинадланган озиқ-овқат маҳсулотларини олдиндан кўра билгандек, ҳазм қилиш жараёнида бириктирувчи тўқималар (клетчатка)нинг ролига улкан эътибор қаратганди. Баъзи хорижий мамлакатларда ўтказилган эпидемиологик тадқиқотлар, кўричак, йўғон ичак йўлининг торайиши (дивертикулёз), бачадон ўсмалари аденомаси ва ичаклардаги ёмонсифатли ўсмалар зарарли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш билан бевосита боғлиқ эканини кўрсатди. Шу боис ҳам карам, лавлаги, петрушка ҳамда бошқа сабзавот ва кўкатлардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим.

Эвелина Синотова

ёзиб олди.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech