03 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,2 °C

Хавфсизлик
20 Мар  2020 1015

Пўлат Бобожонов: Муаммолар жойида ҳал этилмаса илдиз отиб кетади

Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга, тинчлик ва осойишталикни, барқарорликни сақлашга, халқимиз фаровонлигини таъминлашга давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Шунингдек, шаҳримиз, қишлоғимиз, маҳалламиз тинчлиги ва осойишталиги асоси бўлган маҳалла-оила-таълим муассасаси ҳамкорлигини янги даражага олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз Президенти қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши шу йўлдаги яна бир эзгу қадам бўлди.

Янги вазирлик ташкил этилиши билан Ички ишлар вазирлигига ҳам бир қатор вазифалар юклатилди, талаблар кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов билан суҳбатимиз ана шу ўзгаришлар, келгусидаги вазифалар тўғрисида бўлди.

— Пўлат Раззоқович, жамиятда тинчлик-­осойишталикни таъминлашда маҳалланинг алоҳида ўрни бор. Янги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши Ички ишлар ­вазирлиги зиммасига қандай вазифаларни юклайди?

— Давлатимиз раҳбари жамиятда тинч­лик-осойишталикни асраш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор ­қаратиб келмоқда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш билан бирга, ушбу тузилмаларнинг яқин ҳамкорликда фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.

Маҳалла тузилмасининг бошқа идоралар билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани, хотин-қизлар, ёшлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги, оила, турмуш доирасидаги масалаларга юзаки қаралгани кўп ҳолларда оилалар ва маҳаллаларда турли нотинчликларга сабаб бўлган.

Аҳолини қийнаётган оддий муаммолар жойларда ҳал этилмаганидан кейин илдиз отиб, турли тушунмовчиликларга, фуқароларнинг оворагарчиликларига сабаб бўлган. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишларга ҳам путур етказиб, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатган.

Янги вазирликни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам шу каби муаммоларга барҳам бериш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини оширишдир. Шунингдек, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, уларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончини янада мус­таҳкамлаш мақсади ҳам  кўзланган.

Эндиликда ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асос­ланган янги тизим жорий этилади. Бунда маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, маҳалла институтининг ички ишлар органлари, бош­қа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан узлуксиз, тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш лозим бўлади. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларининг роли ва мавқеини янада ошириш, мустақиллиги ҳамда ваколатларининг амалий самарадорлигини таъминлаш ва бошқалар ҳам асосий вазифа сифатида белгиланган. 

— Янги вазирлик ташкил этилиши билан бир қанча ташкилотлар тугатилди, мақомлари ўзгарди. Бу ички ишлар органлари тизимида қандай ўзгаришларга сабаб бўлди? 

— Фармонга кўра, эндиликда фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланадиган, профилактика инспекторлари беш йилга тайинланадиган бўлди. Шунга мос уларнинг ваколатлари ва мавқеи оширилди. Энг муҳими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда профилактика инспекторлари бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган вазифа ва функцияларнинг бир қанчасидан озод қилинди.

Яна бир ўзгариш шуки, фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиб, бу вазифани бажариш профилактика (катта) инспектори зиммасига юклатилди. Ўз ўрнида, фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳи фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлди.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раисига ҳудуд профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғис­тон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоят­лар ИИБларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқи ­берилди.

Яна бир янгилик — ҳудудий ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бош­қармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари лавозимига ўзгартирилди.

Худди шундай, туман(шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими(бўлинмаси) бошлиқлари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари тегишинча туман(шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларига ўзгартирилди.

Профилактика инспектори осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун ўз ҳудудини яхши билиши, маҳалла паст-баланди, яхши-ёмонидан хабардор бўлиши лозим. Аҳоли билан ишлаб, амалий тажрибага эга бўлгунига қадар унга муайян вақт керак бўлади, албатта. Энди ўйлаб кўринг, ҳудудига мослашиб, жиноятларнинг олдини олишга киришганида, кутилмаганда унинг бошқа ҳудудга хизматга ўтказилиши хизмат самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмайдими? Албатта кўрсатади. Шу боис ҳам бу масала юзасидан фуқароларнинг талаб ва таклифларини ўрганган ҳолда профилактика инспекторлари беш йил муддатга тайинланадиган бўлди.

Сир эмас, профилактика инспекторлари ҳудудларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини яхши билади. Етарли тажриба ва кўникмага эга бўлгани учун ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан қандай чоралар кўриш кераклиги ҳам уларга яхши маълум. Шунинг учун қуйи раҳбарлик лавозимларига ана шундай тажрибали профилактика инспекторларидан тайинланиши белгилаб қўйилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, профилактика инспекторини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ИИББлари ҳамда вилоятлар ИИБлари бошлиқларининг ўринбосарлари — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига асосан, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари томонидан амалга ошириладиган бўлди. Шунга мос равишда туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари тавсиясига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. 

— Юқорида профилактика инспектори ўз хизмат вазифасига кирмайдиган бир қанча вазифа ва функциялардан озод этилганини айтиб ўтдингиз. Шу ҳақда батафсил тўхталсангиз. 

— Бир ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди: жамиятда ҳамма ўз ишини маромига етказиб бажарса, бошқа ишларга чалғимаса, ҳаётимизда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Кейинги вақтда томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказишдан тортиб, ҳажга боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун тузилган ишчи гуруҳ таркибида фаолият юритаётган, фуқароларнинг мажбурий техник кўрикка тақдим этилмаган автомототранспорт воситаларини хатловдан ўтказаётганлар ҳам шу соҳа вакиллари бўлиб қолаётганди. Ҳуқуқбузарликлар оқибатида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган муассасалар тузиш, фуқаролар йиғинларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилган чораларни амалга ошириш ҳам профилактика инспекторлари зиммасига юклатилган эди.

Асосий иши ҳудудда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўлган профилактика инспекторига шу каби ўзларига боғлиқ бўлмаган вазифаларнинг юкланиши оқибатида ҳеч бир йўналишда ижобий натижага эришиб бўлмасди. Шуларни назарда тутган ҳолда, профилактика инспекторларига юклатилган кўплаб вазифа ва функциялар қисқартирилиб, асосий фаолияти билан шуғулланишига имконият яратилди.

Бундан ташқари, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига профилактика инспекторлари фаолиятига аралашганлик, уларни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди. Бу ҳам уларнинг самарали хизмат қилишига замин яратади.

Яқин вақтларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида кадрлар билан ишлаш бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) ташкил этилади. Ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспекторларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳамда бевосита маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколатларини кенгайтириш бўйича қонун ло­йиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Хуллас, асосий мақсад — ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва профилактика инспекторларининг мустақиллигини таъминлаш, улар фаолиятига асоссиз аралашишларга чек қўйиш ва ўзларига тааллуқли бўлмаган вазифалардан озод этиш бирламчи  вазифадир. 

Н.Аҳмедов,
суҳбатлашди. 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech