24 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,9 °C

Ижтимоий ҳаёт
26 Апр  2019 4757

Ишчиларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимояланган?

Фуқароларнинг меҳнат манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Бу соҳада бугун кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, соҳага оид кўплаб саволлар таҳририятга келиб тушмоқда ва уларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилдик. Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари, нафақалар, ишга олиш имкониятлари ва бошқа кўп нарсалар ҳақида гапирди.

Касаллик варақаси, меҳнат таътили ва тушлик вақти

"Раҳбарият меҳнатга қобилиятсизлик варақаси учун пул тўламаслиги мумкинми?"

О. Хуралиев. Андижон ш.

- Меҳнат Кодексининг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади, дейилади.

Агар сиз олаётган нафақа билан ҳамкасбларингизникидан фарқ қилса, ҳайрон бўлманг. Шунчаки, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланишини билиш керак бўлади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

"Компанияда ҳомиладорларни ишдан бўшатиш ҳоллари учраганди. Бунга қонунчилик йўл қўядими?"

Г.Алимова. Жиззах ш.

- Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади. Бундай ҳолатларда Меҳнат Кодексининг 237-моддасига бемалол таянишингиз мумкин.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

 "Тушлик вақти қонун билан аниқ қилиб белгилаб қўйилганми? Бошлиқ уни қисқартириш ёки тушлик пайтида ишлашини сўраши мумкин".

Н.Рустамова. Тошкент ш.

- Агар раҳбарият ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдан, яъни дам олиш вақтидан маҳрум этса, бу қонунчиликнинг бузилишидир.

Ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди. Танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади. Хуллас, МКнинг 127 ва 127-моддаларига таянинг.

Ишлаб чиқариш шароитига кўра дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш мумкин бўлмаган ишларда иш берувчи ходимга иш вақтида овқатланиб олиш имкониятини таъминлаши шарт.

"Директор белгиланган йиллик меҳнат таътилимни бермаяпти ёки керакли пайтда уни беришга рози бўлмаяпти. Бу билан у ходимнинг ҳуқуқларини бузяптими?"

А. Юнусов. Қарши ш.

- Барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. МКнинг 133-моддасига мувофиқ директор уни сизга беришни рад этолмайди.

Саволнинг иккинчи қисмига келсак, МКнинг 144-моддасига кўра, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак.

Қуйидаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши ҳам ўша моддада кўрсатилган. Улар сирасига ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга, вояга етмаганларга ва бошқалар киритилган.

Кимга шикоят қилай?

"Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган бўлса, қандай инстанцияларга мурожаат этиши мумкин?"

У. Юсупов. Гулистон ш.

- Якка меҳнат низолари — бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўлланиш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир. Бундай ҳолларда низонинг ходим манфаатини ифода этувчи тарафи бўлиб ходимларнинг вакиллик органи иштирок этиши мумкин (МК 259-модда).

Ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз хоҳишига кўра, меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита туман (шаҳар) судига мурожаат этишга ҳақлидир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Давлат меҳнат инспекцияси фаолият кўрсатмоқда. Унинг асосий вазифаларига:

- фуқароларнинг меҳнат шароитлари хавфсизлигини таъминлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

- ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши ва улар учун зарурий меҳнат шароити яратилиши устидан назоратни амалга ошириш;

- манфаатдор вазирлик, идора ва жамоатчилик ташкилотлари билан бирга мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва тўлиқ бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- соҳа масалалари бўйича ишчилар ва иш берувчиларга, шу билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларига  маслаҳат ва услубий кўмак бериш ва ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва бахтсиз ҳодисалар олдини олиш бўйича амалий фаолият олиб бориш ва ҳоказолар киради.

Ким ёрдам беради?

"Узоқ вақтдан бери иш топа олмаяпман. Бу ишда ёрдам бера оладиган бирор ташкилот борми? Шунингдек, кимга ва қандай ҳолатларда ишсизлик нафақаси берилишини билмоқчи эдим?"

В. Искандаров. Ангрен ш.

- Аввало, ким ишсиз, деб эътироф этилишини кўриб чиқайлик. Бу «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида «Ишсизлар — ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно)», дея аниқ кўрсатилган.

Агар шахслар ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган бўлса, ишсиз деб эътироф этилади. Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

Бироқ бирор киши меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган бўлса ёки рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаса, ишсиз деб эътироф этилмайди. Ва меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

Ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан:

- ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;

- илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.

Ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт. Батафсил маълумотни Адлия вазирлигида 1999 йил 13 октябрда рўйхатдан ўтказилган «Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомдан олиш мумкин.

Дарвоқе, яна бир вариант сифатида: мамлакатимизда пуллик асосда хизмат кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари фаолият юритмоқда. Бундай муассасалар рўйхатини вазирликнинг www.mehnat.uz сайтидан олиш мумкин.

Қаерда вакансия кўп?

"Қайси соҳада кадрлар етишмаслиги кузатилади?"

И. Кан. Янгийўл ш.

- Меҳнат бозорини ўрганишда қўйидагилар аниқланган: Ўзбекистондаги давлат ва хусусий ташкилотлар тиббиёт, ахборот технологиялари (дастурчилар, тизим администраторлари), уй-жой коммунал хўжалиги (сантехник, механик, муҳандис, иситиш тизимлари, сантехника ва шамоллатиш ускуналари, иссиқлик, энергия ва сув таъминоти усталари, таъмирчи-слесарлар), қурилиш (газ-, электр пайвандловчилар, дурадгорлар, кранчилар, ландшафт дизайнерлари) соҳаларида кадрлар етишмаслиги мавжуд. Қишлоқ жойларида, айниқса, агросектор (ветеринар, зоотехник, боғбоглар, агрономлар) ва соғлиқни сақлаш (жарроҳлар, умумий амалиёт шифокорлари, педиатрлар, стоматологлар)да кадрлар етишмаслиги кучли сезилади.

Шунингдек, раҳбарлик лавозимларига ҳам мутахассислар етишмаслиги кузатилади. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Президентимиз томонидан 2019 йилга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини келгусида янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Дастурни тасдиқлади. Ҳужжатга мувофиқ бошқа мамлакатларда мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировка ўташга номзодлар танлов асосида саралаб олинади ҳамда жамғарма ҳисобидан вазирликлар ва идораларнинг таълим, фан, соғлиқни сақлаш ва давлат бошқаруви йўналишлари бўйича мақсадли буюртмалари асосида амалга оширилади.

Агар жамғарма ҳисобидан 2019-2021 йилларга ўқитишга жўнатилаётган кадрлар сони ҳақида гапирсак, бу магистратура ва докторантура учун жойлар умумий сонининг камида 20 фоизидан кам бўлмаган  4000 тага яқин жой, дегани.

Боқувчисини йўқотган қўллаб-қувватланадими?

"Иш берувчининг айби билан боқувчисини йўқотган оила аъзоларига имтиёзлар борми?"

Н. Алиева. Термиз ш.

- Шубҳасиз, бундай ҳолатга тушиб қолган инсонлар молиявий кўмаксиз қолмайди. МКнинг 192-моддасига мувофиқ ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт. Қарамоқда бўлиш фаразан олинади ва бунинг учун далил талаб этилмайди.

Одамларда кимлар меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланиши борасида савол пайдо бўлади. Улар:

- ўн олти ёшдан катта шахслар, агар улар шу ёшга тўлгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлсалар;

- олтмиш ёшга тўлган эркаклар ва эллик беш ёшга тўлган аёллар;

- белгиланган тартибда ногирон деб топилган шахслардир.

Оила аъзосининг меҳнатга қобилиятсизлиги бошланган вақт (боқувчининг вафотига қадар ёки ундан кейин) унинг зарарни ундиришга бўлган ҳуқуқига таъсир этмайди.

Ўн олти ёшдаги ва ундан катта ўқувчилар, ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларигача, лекин ўн саккиз ёшга қадар бўлган даврда, зарарни ундириш ҳуқуқига эгадирлар. Бундан ташқари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг бўлимлари томонидан боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси, худди шунингдек бошқа пенсия, иш ҳақи, стипендия ва бошқа даромадлар қопланадиган зарар тўлови ҳисобига киритилмайди. Бунда қарамоқдаги ҳар бир шахсга тегишли бўлган зарарни қоплаш суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг эллик фоизидан оз бўлиши мумкин эмас. Бу МКнинг 193-моддасида ўз аксини топган.

Муддатидан зиёд ишлашга қандай ҳақ тўланади?

“Қандай шароитларда ходимни муддатидан зиёд ишлашга жалб этиш мумкин? Бунда тўлов қандай бўлади? Бунга ҳомиладор ва ёш болали аёлларни жалб этиш мумкинми? Бундай ишлашга меъёр (соатбай) борми?”

И. Абдуллаев. Бухоро ш.

- МКнинг 124-моддасига асосан Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Бунда иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди. Шунингдек, уларнинг розилигисиз ҳомиладор ва 14 ёшгача фарзанди бўлган аёлларни жалб этиш ҳам ман этилади.

Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, - иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Дам олиш кунлари ишлаш қонунийми?

"Кўпгина иш берувчилар ишга олаётганда «нормаланмаган иш вақти», деган иборани ишлатишади. Бу одамнинг розилигисиз ҳам дам олиш кунлари ишга жалб қилиниши мумкин, деганими? Ва у бунга кўнмаса, бўшатиб юбориш билан қўрқитишса-чи?"

Р. Мажидова. Чирчиқ ш.

- МКнинг 130-моддасини ҳар бир иш берувчи эсда сақлаши керак, унга кўра, дам олиш кунлари ишлаш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади. Чекловларга риоя қилишнинг барча кўриниши МКнинг 220-моддаси 5-қисми ва 228-, 245-моддалар билан ўрнатилган.

Бўшатиб юбориш билан қўрқитишга келсак, ҳар қандай шароитда ҳам бунга йўл қўйилмайди. Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:

- тарафларнинг келишувига кўра;

- тарафлардан бирининг ташаббуси билан;

- муддатнинг тугаши билан;

- тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;

- меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра;

- янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.

Умидлар оқланмаганда

"Бошқа мажбуриятлари бўлган ва юқори маош берилиши назарда тутилган ишга олинган бўлсангиз, иш берувчи лавозимингизни туширишга ҳақлими?"

К. Исроилов. Тошкент ш.

- МКнинг 89-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.

Иш берувчи айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олади. Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Кўпчилик ходимлар гуруҳи учун меҳнат шартлари ноқулай тарзда ўзгарган тақдирда, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига бундай ўзгартиришларнинг сабаби ҳақида маълумот бериши шарт. Ходим иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ўзгартирилганлиги устидан судга шикоят қилишга ҳақли. Низони кўриш вақтида иш берувчининг зиммасига аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Окладни кесишди

" Бошлиғимиз барчага маошимизни кесиш ҳақидаги қарорини маълум қилди. Бу қанақа асосда? Буни у ўз хоҳишига кўра қила оладими?"

К. Исмоилова. Самарқанд ш.

- Меҳнатга индивидуал ҳақ тўлашнинг ходим учун ноқулай томонга ўзгаришига унинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Бу олдинги шароитлар сақланиб қолинмайдиган технологиялар, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда истисно тариқасида мумкин.

МКнинг 164-моддасида ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, — суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ходимнинг розилигидан қатъи назар, белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади. Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим. Ушбу чекловлар алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазо ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик учун ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори етмиш фоиздан ортиб кетмаслиги лозим.

Ишлаб чиқариш жароҳати: расмийлаштириш тартиби

"Раҳбариятнинг ишдан бўшатиб юбориш билан қўрқитиб, ишлаб чиқаришда олинган жароҳатни ишлаб чиқаришда олинмаган, деб ёзиши қонун бузилишига кирадими?"

Н. Ёқубов. Андижон ш.

- МКнинг 222-моддасида иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида текшириши ва ҳисобга олиб бориши шарт, дея келтирилади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низомнинг 4-пунктида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходимнинг меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқотилса ёки тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ бошқа ишга ўтиши зарур бўлса, Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилади (1-илова). Иш берувчи текшириш тугаганидан сўнг 3 суткадан кечиктирмай жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга давлат тилида ёки бошқа мақбул тилда расмийлаштирилган бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги Н-1 шаклидаги далолатномани бериши керак. Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тўғри ва ўз вақтида текшириш ҳамда ҳисобга олиш, Н-1 шаклидаги далолатномани тузиш, бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгардир.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тўғри ва ўз вақтида текшириш ва ҳисобга олишни, шунингдек, бахтсиз ҳодиса келиб чиқиши сабабларини бартараф этишга оид чора-тадбирларнинг бажарилишини корхонанинг юқори турувчи хўжалик органи, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи, давлат меҳнат техника назоратчиси, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва «Ўзэнергоназорат» агентликлари органлари назоратдаги тегишли объектларда назорат қилади.

Иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатномани тузишдан бош тортса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс Н-1 шаклидаги далолатнома мазмунидан норози бўлса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс корхона касаба уюшмаси қўмитасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига мурожаат қилади. Касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи 10 кун муддат ичида бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши сабабларини ўрганиб чиқади, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари, меҳнат хавфсизлиги андозалари бузилишини аниқлайди, зарур деб ҳисобласа, иш берувчидан Н-1 шаклидаги далолатномани тузишни ёки қайта тузишни талаб қилади. Иш берувчи бу талабларни бажармаса, корхона касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи, шунингдек жабрланувчи ёки бошқа манфаатдор шахс давлат меҳнат техника назоратчисига мурожаат қилади.

Далолатнома тузилмаганлиги ёки нотўғри тузилганлиги аниқланган ҳолларда давлат меҳнат техника назоратчиси иш берувчидан далолатномани тузишни ёки бошқатдан тузишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи давлат меҳнат техника назоратчиси хулосасини бажаришга мажбурдир.

Ким учун нафақа?

"Турмуш ўртоғим йўқ, қарамоғимда уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Менга давлат томонидан ойма-ой бериладиган бирор пулли имтиёз борми? Бунинг учун қандай ҳужжатлар керак ва қаерга мурожаат қилиш лозим?"

Н. Исломова. Бекобод ш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ кам таъминланган оилаларга уч турдаги нафақа тўланади – 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилиш талаб этилади.  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech