19 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3 °C

Инвестициялар
5 Июн  2019 6325

Бош вазир қабулхоналари: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг янгича усули

Адлия вазири ва Савдо-саноат палатаси раиси бошчилигидаги иккита ишчи гуруҳ ҳудудларда бизнес субъектлари билан учрашдилар. Бундан кўзланган мақсад Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини очиш, соҳа муаммоларини ўрганиш ва электрон маълумотлар базасини шакллантиришдан иборат. Сурхондарё вилоятида улардан биринчиси бўлиб ўтди.

 

Энди қуруқ расмиятчилик кетмайди

Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида мулоқот қуришнинг янги тизими йўлга қўйилди. Унинг ишларни янги босқичга олиб чиқиши, туман, шаҳар, республика даражасидаги самарали ҳамкорлик механизмини яратиши, сунъий тўсиқларни бартараф этиш имконини бериши кутилмоқда.

«Мен янги қабулхоналарнинг ишга туширилиши ҳақида эшитганлар қўлларини кўтаришини сўрайман, - сўрайди тўпланганлардан ишчи гуруҳ раҳбари, ССП раиси Адҳам Икромов. Термиз шаҳридаги вилоят ҳокимияти зали одамларга тўлган, барча ўринлар банд, жойларнинг энг кўпи бизнес субъектлари учун ажратилган. Улар орасида, шунингдек, ушбу сектор билан боғлиқ вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ўринбосарлари ҳам бор. Раис гапидан сўнг саноқли кишиларгина қўлларини кўтаради. «Энди фаолияти билан боғлиқ муаммолари узоқ вақтдан бери ҳал қилинмаганларга мурожаат қиламан. Шундайлар борми?» Бу савол бутунлай бошқача таъсир кўрсатди - кўпчилик қўл кўтарди.

Ҳар бир инсон ўз умиди билан учрашувга келган. Аввало, ўзларида юзага келган оғриқли масалаларнинг ҳал этилишига умид қилиб. Ҳозирча айрим вазиятлардан чиқиш нотўғри тушуниш деворига бориб урилмоқда, баъзан эса масъул шахслар бунга мутлақо бефарқ, бошқа ҳолларда эса давлат органлари бирдамликда ҳаракат қилмайди.

- Бизнес субъектлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари анча соддалаштирилди, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар бекор қилинди, - дейди ССП раиси Адҳам Икромов. – 2019 йилнинг биринчи чорагида лойиҳаларни амалга ошириш учун 16,4 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, иқтисодиётга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,3 баробар ошди, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони 2,3 бараварга кўпайди. Бироқ давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Ишчи гуруҳимиз иштирокчилари тадбиркорлик субъектларига бевосита ёрдам бера оладиган вазирлик ва идоралардан бўлган 51 кишидан иборат.

Тадбиркорнинг масаласига банклардан бири алоқадор бўлиб чиққанда, унинг вакилидан дарҳол жавоб бериш сўралди. Агар у, масалан, Молия вазирлигини баҳона қилса, кетидан ана шу вазирлик ходими ўрнидан турди. Борди-ю, ҳокимият вакилининг жавоби керак бўлса, унинг ҳам ўрнидан туриши сўралди. «Тадбиркорларнинг муаммоларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тизими айнан шундай ишлаши керак, - дейди А. Икромов. - Буни репетиция, деб ҳисобланг. Зиммангизга тушадиган масъулиятни ҳис этишингиз лозим. Муайян идорага мурожаат жўнатишингиз керакми? Жўнатинг! Энг муҳими, вақтни ҳафталаб чўзмаслик, баъзан эса тадбиркорларни ойлаб илҳақ куттирадилар. Ҳисоботлар мунтазам тинглаб борилади ва энди қуруқ расмиятчилик кетмайди. Бизга ҳақиқий рақамлар, ҳаққоний вазият керак.

Бу нима учун керак? Бир томондан, тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятида ғовларни бартараф этиш, бошқа томондан, мавжуд камчиликларни, жумладан, тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсияларни шакллантириш. Бизнес ташаббусларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратмай, тўсиқларни бартараф этмай, иш муҳитини қандай яхшилаш мумкин? Тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқотнинг янги тизими долзарб масалаларни қамраб олиш ва тезкор ҳал этиш, соҳа иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Қабулхоналарнинг яна бир йўналиши вазирликлар, идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат. Шу билан бирга функцияларнинг такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида судда кўриб чиқилаётган вазиятлар Қабулхоналар томонидан параллель равишда кўриб чиқилмайди.

Янги тизим қандай ишлайди?

Ҳал этилиши мумкин ва керак бўлган масалалар мавжуд. Корхона, ишлаб чиқаришнинг очилиши ёки муайян йўналишдаги инвестициялар бир-бири билан боғлиқ ҳаракатлар занжирини ишга туширади. Аввало, бу фуқароларнинг иш билан бандлигидир. Муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароити бўлса, ўз оиласи, болаларни тарбиялаш зиммасида бўлган шахсга яна нима керак? Агар уйнинг шундоққина яқинида яхши бўш иш жойи бўлса, унда уни бегона мамлакатлардан излашга ҳожат қолмайди. Иккинчидан, бу минтақанинг иқтисодий ривожланишига, жумладан солиқлар ҳисобига ҳам, ҳисса қўшади.

Тадбиркорлар, инвесторлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда қабулхоналарга мурожаат қилишлари мумкин. Уларни ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, ҳудудий инвестиция ва савдо органлари, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари тинглашади.

Мурожаатлар электрон маълумотлар базасида қайд этилади. Агар савол туманда ҳал этилмаса, у минтақавий даражага ўтади. Агар шунда ҳам вазият ўзгармаса, у республика даражасида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилади. Фармонга мувофиқ Бош вазир мунтазам равишда мурожаатлари олдинги босқичларда қониқтирилмаган тадбиркорлик субъектларини, жумладан хорижий инвесторларни, шахсан қабул қилади.

Жойлардаги мутахассислар келиб тушган сўровларни мониторинг ва таҳлил қилади. Бу муайян мақсадда амалга оширилади, яъни у ёки бу соҳанинг заиф жойларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Шу билан бирга котибият Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили билан бирга тармоқлар ривожланишига тўсқинлик қилувчи сабаб ва омилларни мунтазам тизимлаштириб, таҳлил қилиб боради. Ҳар чорак - ҳукумат раҳбарига аниқ таклифлар билан ҳисобот берилади. У эса ўз навбатида давлат раҳбарини хабардор қилади.

Иш жараёни ҳақида интерактив business.gov.uz порталида танишиш мумкин. Унинг тест режимида ишлаётганини хабар қилишди. Ҳозирча минтақалар бўйича қилинган мурожаатлар маълумотлар базаси шаклланмоқда. Веб-ресурсда, шунингдек, ариза қолдириш, шахсий кабинет орқали унинг кўриб чиқилиши жараёнининг бориши тўғрисида маълумот олиш имконияти мавжуд. Агар Қабулхоналарга келиш ёки виртуал майдон орқали мурожаат қилиш имкони бўлмаса, бошқа вариант - сайтда келтирилган «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиш мумкин.

Қолиш ёки кетиш

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, шунингдек, унинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Пардаевнинг таъкидлашича, бу ерда гап давлат органлари ҳамда бизнес субъектлари ўртасида самарали ва шаффоф мулоқотни йўлга қўйишни ҳал этиш борасида кетмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда мансабдор шахсларни рағбатлантириш ва юзаки ўрганиш ёки ҳаракатсизлиги учун шахсий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар кўриб чиқилиши белгиланган. Тизим ривожланади ва механизмни шакллантириш учун вақт ва ҳар бир иштирокчидан акс-садо талаб этилади.

- Бош вазирнинг қабулхоналарини очиш ташаббуси биз тадбиркорлар ва инвесторлар учун умид бахш этади, - дейди «Afghan German Company» МЧЖ жамияти ижрочи директори Абдул Ваҳоб Қаюмий. - Ўзбекистонни тарк этайми ёки қолайми, деб ўйлаб юрувдим. Бундай фикрга уй қурилишининг тўхтаб қолиши асос бўлди. Ўша кўп қаватли бино вилоят ҳокимлиги биносидан кўриниб туради – у ерда аҳоли сотиб олиши мумкин бўлган 150 та хонадон қурилиши керак эди. Аммо ипотека кредити ололмай турибмиз – фоиз ставкаси қониқтирмайди, жуда қиммат. Агар харидор бўлмаса, у ҳолда бунинг бари нима учун қилинмоқда? Биз ушбу ижтимоий объектни қуришга икки миллион доллар маблағ йўналтирдик. Албатта, ҳаммасини бир йўла тўхтатиб қўйишни истамаймиз. Ўзбекистонда ривожланиш истиқболларини кўриб турибман, бундан кейин ҳам ушбу ҳудуддаги бизнесга сармоя киритишни истайман. Бироқ биз учун вақт том маънода - пулдир. Агар қурилиш бўлмаса, одамларга жавоб бериб юборамиз. Иш жойлари бор эди, энди улар йўқ. Эҳтимол, бу муаммо Қабулхоналарда ҳал бўлар. Агар тадбиркорлар учун йўллар очиқ бўлса, давлат ривожланади, янги молиявий оқим пайдо бўлади.

Унинг бизнесда суяги қотган, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўз ишлаб чиқариши бор, - раҳбар хавфларни чамалаб кўради. Шунга қарамай, олдиндан билиб бўлмайдиган бошқа ҳолатлар ҳам бор. Масалан, визани қўллаб-қувватлаш. Айтишича, муассислар кириш ҳужжатларини уч ойча кутади. Бироқ 2019 йил январь ойида Президентимизнинг «2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ҳужжат доирасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган «инвестиция визаси» жорий этилди. Бундан ташқари, уч миллион доллардан зиёд сармоя киритган инвесторлар учун алоҳида пункт ҳам мавжуд. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади. Унга инвестиция визаси олиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди, ўзининг айтишича, тадбиркор бу ҳақда билмаган.

Бу сафар солиқ соҳасидаги янгиликларга афғонистонлик тадбиркор Муҳаммад Қосим Низомий дуч келди. У Сурхондарёдан Афғонистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан ловия, мош, нўхат, қуритилган мевалар жўнатади. Ҳозир юк жўнатиш тўхтатилган, унинг солиқдан қарзи бор экан. Солиқ ставкаларининг ўзгарганидан бехабар қолибди. Шунга асосан, қарз ва юк жўнатишни тўхтатиб туриш юзага келган.

Бошқа мисол, Термизда тикувчилик цехини очган «Ойша Малак Транс» МЧЖ раҳбари Маҳлиё Турдимуродова ўн кишини иш билан таъминлаган. Цехда кўрпа-тўшак, матрас, махсус иш кийимлари ва бошқа маҳсулотлар тикилади. Бироқ ишни янада кенгайтириш учун бино ёки бўш ётган ер майдонига муҳтож. Тадбиркор қизнинг айтишича, ҳозирда бинони ижарага олиш жуда қиммат бўлиб кетган. Қабулхонада, масалан, унга Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ишга туширилган «E-IJRO AUKSION» савдо майдончаси ҳақида маълумот берилиши мумкин. Ушбу веб-хизмат орқали онлайн режимда кўчмас мулк, транспорт ва бошқа мулкни сотиб олса бўлади.

Термиз шаҳрида биринчи куни шаҳар, Ангор, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманлари аҳолисидан 50 га яқин мурожаат қайд этилди. Ер участкалари, кредитлар, тадбиркорларнинг объектларини бузиб ташлаганлик учун ҳокимлик томонидан компенсациялар ажратилиши ҳақида сўрашди. Эҳтимол, энг кутилмагани, криптовалюта тизими ва у билан боғлиқ операциялар ҳақидаги савол бўлди.

Етти марта ҳисоблаб, бир марта кредит олиш

Денов туманида - йўналишнинг навбатдаги пункти - Шўрчи, Олтинсой, Узун, Сариосиё туманлари аҳолисига Бош вазир қабулхоналарининг ишга туширилиши ҳақида сўзлаб беришди.

Марҳабо Жумақулова имтиёзли кредит линияси бўйича болалар боғчасини қуриш ташаббуси билан мурожаат қилди. Пул бериш масаласи Миллий банкнинг вилоят филиали, шунингдек, Марказий банкка бириктирилди.

Бизнес-режаси йўқ, шунингдек, фойда олиш муддати, объектнинг рентабеллиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган бир ёш тадбиркор ҳам кредит талаб қилди. Инсон учун ишни ривожлантириш эмас, балки молиявий маблағ олиш биринчи ўринда турадиган сўровга банкда ҳеч қандай ишонч бўлмайди. Йигитга бизнес-режа тайёрлаш, ҳисоб-китобларга батафсил ёндашиш ва кредит олиш учун тайёр вариант билан келиш топшириғи берилди.

Энергия таъминоти масаласи эълон қилинди. Шу заҳотиёқ ишчи гуруҳ таркибида бўлган «Ўзбекенерго» мутахассисидан маълумот беришни сўрашди. Илгари иккита трансформаторнинг алмаштирилганлиги ва яқин келажакда муаммо ҳал этилиши кераклиги таъкидланди.

Шеробод туманида Бойсун, Қизириқ, Музработ туманлари аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбиркорликни энди бошлаётганларга мутахассисларнинг маҳорат сабоқлари ўтказиши мумкин бўлган бизнес-семинарларни ташкил этиш таклифи билдирилди. Масалан, ёш йигит 30 миллион сўм кредит олиш учун банкка мурожаат қилди. У бир вақтнинг ўзида учта объектни – тикув цехи, шунингдек, мебель ишлаб чиқариш корхонаси ва иссиқхона қурмоқчи экан. Қабул доирасида унга биринчи навбатда бир йўналишга эътибор бериш тавсия этилди, чунки «куйиб қолиш», деб номланадиган жиддий хавф мавжуд. Бу ерда анча йиллардан бери фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ишни босқичма-босқич ривожлантириш зарурлигини тасдиқлашган бўларди. Бу ғоядан воз кечиш керак дегани эмас, балки бунда ишга ақл билан ёндашиш талаб этилади. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги қарори билан амалга оширилаётган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида тадбиркорликни бошлаётганлар учун имкониятлар мавжуд. Ёшлар, хотин-қизлар учун имтиёзлар тизими, шунингдек, ижтимоий объектлар ва бошқа йўналишларни барпо этиш кичик бизнесни ривожлантириш, бу жараёнга фаол аҳолини жалб этиш, барқарор янги иш ўринлари яратишга қаратилган.

Бойсун туманидан келган Худойқул Назаров чойхона қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун мурожаат қилди – бунга ҳам кредит керак. Яна бир ташаббускор фуқаро Шеробод-Тошкент йўналиши бўйлаб қатнайдиган автобуслар паркини янгилашни таклиф қилди. Мазкур масала ҳам назоратга олинди ва унинг қандай ҳал қилиниши - Бош вазир қабулхоналарининг мутахассисларига боғлиқ. Ким билсин, эҳтимол яқин орада бошқа турларга муқобил бўладиган қулай транспортларда пойтахтдан мазкур туманга қатновлар йўлга қўйилар.

Юлиана Мороз.
«Правда Востока».
Тошкент - Термиз - Денов - Шеробод -Тошкент.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech