22 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,5 °C

27 Апр  2020 955

“...Қофдин ортуқ саботим бор”

Давлатнинг энг катта бойлиги халқ, эл, деб билган, шарафлаган Президентимиз бошчилигида кейинги йилларда пайдо бўлган моддий-маънавий, ижтимоий-сиёсий ҳамда ички ва ташқи сиёсатдаги, умуман, давлат бошқарувнинг барча тизим ҳамда бўғинларида лоқайдлик, халқ ҳаётидан узоқлашиш каби салбий оқибатлар сабаб юзага келган бўшлиқларимизни қайта тўлдираётган Янги Ўзбекистон сари дадил қадам ташладик. Муҳими, мустаҳкам, юксак иродали, саботли, ҳаётнинг турли синов ва машаққатларига чидамли кўп миллатли халқмиз. Улуғ Навоий ибораси билан айтсак, “Қофдин ортуқ саботи бор” халқларданмиз.

Дунё халқларига таҳдид солган тождор вирус инфекцияси бизнинг мамлакатни ҳам четлаб ўтмади. Мана, бир ойдан буён карантиндамиз. Президентимиз бу офатнинг олдини олиш, инфекциянинг халқимиз орасида кенг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур, самарадор чора-тадбирларни кўрди ва кўп миллатли халқимизга бир неча бор мурожаат йўллади. Бугуннинг муҳим шиори сифатида “Куч – соғликда”, “Куч – тартибда” ва “Куч – бир ёқадан бош чиқаришда, бирдамликда” эканини яна бир бора тушунтириб берди. Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг онлайн тарзда бўлиб ўтган саммитида мазкур тождор вирус инфекциясига қарши дунё халқларининг биргаликда курашиши билан боғлиқ устувор йўналишларни олға сурди. Президентимизнинг айни синовли кунлардаги тарихий характердаги ушбу мурожаатларига халқимизнинг “лаббай” деб якдиллик билан жавоб бериши эса ёдимизга миллатпарвар шоир Турди Фароғийнинг бирдамлик, ўзаро ҳамжиҳатлик каби илғор ғояларнинг чуқур фалсафий, маърифий маънолари маҳорат билан бадиий талқин қилинган “Кенглик қилинг...” ғазалидаги машҳур байтини эсга солади:

Бир ёқадин бош чиқариб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир ёқо-енглик қилинг.

 Дарҳақиқат, “Куч – соғликда”, “Куч – тартибда” ва “Куч – бир ёқадан бош чиқаришда, бирдамликда” эканини англаб етган донишманд халқимизга синов ва машаққатларга нисбатан кучли, мустаҳкам ирода, сабот, барқарорлик сингари туғма фазилатлар, азалий қадриятлар ёрдам бермоқда. Ушбу фазилатларни мумтоз шоиру адибларимиз ўз ижодларида тараннум ва тарғиб қилиб келган бўлсалар, уларга амал қилган инсонлар нафақат ўз даври, балки барча замонларнинг зарур кишиларига айланган.

Шу ўринда Соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқ ишончли манбаларда келтирилган ниҳоятда ибратли ҳаётий лавҳага диққат қилсак: “Темурбек илк жангларидан бирида катта талафот билан мағлуб бўлади – гўё ер билан яксон бўлиб, куйган бағрини зах тупроққа бериб ётиб қолади. Шунда бироз ўзига келиб, ғамга тўла тийрак кўзларини очса, нигоҳи тепаликка ризқ олиб чиқаётган бир чумолига тушади ва ҳушёр тортиб, диққатини жамлаб, чумолининг ҳаракатини эринмай кузата бошлайди. Чумоли машаққат билан юқорига ўрмалар, аммо нимагадир бот-бот пастликка юмалаб тушиб кетаверарди. Бироқ ўзидаги юксак иродага ишонган чумоли яна юқорига ўрмалашдан тўхтамасди. Ниҳоят у уриниб-уриниб тепаликка чиқиб олади ва мамнунлик билан ризқини кўтариб, ини томон ўрмалаб кетади. Чумолининг бундай синов ва машаққатга етган чидами, юксак иродаси, саботу бардоши, тоқати Соҳибқиронни ҳайратга солади. Кейин эса болалигида устози айтиб берган, яъни чумолилар ҳукмдори Миндир онанинг чумолилар хайлини ўз ақли, заковати ва юксак иродаси билан Сулаймон пайғамбарнинг лашкарлари оёғи остида ҳалок бўлишидан сақлаб қолишдаги тадбири ва унинг тадбирига Сулаймон а.с.нинг лол қолиши, малик чумоли билан савол-жавоб қилиши, кафтига олиб эъзозлаши акс этган сюжетга қурилган “Чумоли ва Сулаймон пайғамбар” қисасини эслайди. Соҳибқироннинг жасоратга тўла қалби умиду ишончга тўлади, катта машаққатлар ортда қолишини, уни Аллоҳ буюк ишлар қилиш учун яратганини, келажакда уни улуғ ишлар, зафарли юришлар, омадли, бахтли дамлар кутаётганини ва 27 давлатни бирлаштирган улкан империяга, шонли сулолага асос солишини, қийинчиликлар инсон учун бир синов, бир вазифа эканини англаб етади. Ва кейинчалик, ўзи ишлаб чиққан  тузук, тадбир, ясо, рой, дастурлари билан дунё тамаддунига сезиларли таъсир қилган Темурийлар Уйғониш даврига асос солди”.

Улуғ Навоийнинг юқорида биз ёдга олган “Қофдин ортуқ саботи бор” эътирофининг талқинига яна алоҳида диққат қилсак. Аждодлар тасаввурида Қоф бутун дунёни ўраб олган муаззам тоғдир. Бу ибора орқали буюк мутафаккир, бир томондан,  “Қофдан ортуқ” дея бадиий маҳорат белгиси саналган сифатлаш ва муболаға каби бадиий санъатлари билан тавсифласа, иккинчи томондан, ижодкор ва давлат арбоби сифатидаги сермашаққат фаолияти билан характерланади. Давлат арбобларига, умуман, илғор кишиларга хос муҳим хислатлардан бири мустаҳкам, юксак иродага, сабот, бардошга лексик урғу беради, ”саботим бор” дея фахрланади, ўзига ишонади, ўзгаларни ҳам ишонтиради. Улуғ шоирнинг катта ниятига янада ҳурмат, ишонч билан ҳаяжонли таассуротлар ичра назар ташлар эканмиз, бизга даҳо сўз санъаткори бир ҳаётий ва фалсафий жумбоқни тушунтиргандек бўлади. Яъни, биринчидан, иймоннинг икки томони бўлган сабр ҳамда шукр туйғуларини англатиш бўлса, иккинчидан, ҳар бир иймонли инсонда юксак ирода, синов ва машаққатларга саботли, бардошли, тоқатли бўлиши керак эканини бадиий талқин қилиб беришидир. Навоийдаги юксак ирода, сабот ҳайратланарли, Қоф тоғидан ҳам ортиқ чидам, бардош, сабот. Шу саботу бардошлар шоирга улуғлик, эзгулик келтирган бўлса ёки синовли, машаққатли дамларга чидаб, саломат чиқиб, гўзал асарлар ёзишга, кўплаб ижтимоий характердаги хайрли ишларга мураббий ва муқаввийлик қилишга ундаган бўлса не ажаб. Демак, мутафаккир шоирнинг ушбу эътирофи  билан яқиндан танишган ҳар бир инсон сабрни, шукрни ҳис қилиши билан бирга ўзидаги юксак ирода, сабот ва бардошнинг, синов ва машаққатларга чидамлилик “индекс”ининг қай даражада эканини ҳам англаб етмоғи, ҳамиша унга суянмоғи, ўзини назорат қилмоғи, тарбияламоғи зарур. Ана шунда у ўзининг ҳаёт йўли ва комиллик сари интилишларининг оқибатли, хайрли, омадли кечишини тушуниб етади.

Навоийнинг бардош, сабот ҳақидаги фикрлари унинг раҳнамолигида фаолият кўрсатган Ҳирот сарой кутубхонасида тайёрланган Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” асаридаги сабот ҳақидаги 14-боб ва шу бобга хулоса ўрнида тамсил қилинган шоҳбайтни ёдимизга туширади:

Иш биносин сабот узра сол, эмин бўл,
Ҳар иморатки тушар асл уза бўлғай маҳкам.

Ёки улуғ шоирнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида малика Меҳинбону ҳам она, ҳам ҳукмдор сифатида Шириннинг кўнглини кўтариш учун айтган  насиҳатлари қайсидир маънода бугунги ташвишли кунларда замондошлар кўнглига, руҳига ҳам  қувват  бўлиши  мумкин.  Энди  Меҳинбону  насиҳатига  қулоқ тутайлик ва айни дамдаги карантин билан боғлиқ синов ва машаққатларга бардошли бўлишга интилайлик:

Kи, эй фaрзaнд, бир дaм тут ўзунгни,
Дaмe aсрa кўнгул бирлa кўзунгни!

Бу ерда Малика Меҳинбонуни беҳуда эсламадик. Чунки фуқароларимизнинг “Уйда қолинг, уйда ҳаёт бор”, деган бугуннинг ҳикматига тўлиқ риоя қилиб, карантинда бўлишларида, уларнинг соғлом турмуш тарзи, ўзаро тинч-тотув, аҳилликда ўтиришларида ҳар бир уйнинг фариштаси бўлган аёлларимизнинг алоҳида роли бор. Демак, шу ўринда уларнинг беминнат хизматларини улуғлаб, улар шарафланган “Сомон чўпи” номли ибратли ҳикоятни келтирсак, мақсадга мувофиқ бўларди:

“Бир туркий султон мулозимлари билан сафардан қайтар экан, куннинг ниҳоятда иссиқлигидан захирадиги сувлари ҳам тугаб қолибди. Бир амаллаб, сувсизликдан  ҳориб, чарчаб йўл четида жойлашган қишлоққа етиб келишибди ва тўхташибди. Султоннинг бир мулозими сув излаб биринчи уйнинг эшигини қоқибди. Эшик қия очилиб, бир муштипар онахон чиқибди. Мулозим онахондан сув сўрабди. Онахон ҳаял ўтмай сопол косада тўла муздай айрон олиб чиқиб берибди. Султон айрон тўла сопол косани қўлга олар экан, кўзи айрон устида сузиб юрган уч дона сомон чўпчасига тушибди. Савол беришга сабри чидамай ҳукмдор айрон устида сузиб юрган сомон чўпчаларини пуфлаб-пуфлаб, секин-аста симира бошлабди, ичиб бўлгач, ўзида бир ажиб роҳат туйибди. Шунда мулозимларидан бирига уни яхна айрон билан сийлаган онахонни чақириб келишни буюрибди. Мулозим онахонни чақириб келибди. Ўзаро салом-аликдан кейин султон унга савол берибди: “Эй онахон, жуда мазали, яхна айрон билан мени меҳмон қилдинг, раҳмат, кўп роҳатландим, лекин нима учун айронга уч дона сомон чўпини солиб қўйдинг?” Онахон султонга узоқ умр тилаб дебди: “Адолатли ҳукмдорим, бир қошиқ қонимдан кечинг. Асло ғараз ниятим йўқ эди, аксинча сизнинг соғлиғингизни ўйладим, шу сомон чўпчаларини пуфлаб, секинлик билан ичишингиз учун сопол коса ичига атайин солиб қўйдим. Агар сомон чўпчалари бўлмаганда бир коса айронни пуфламай ичар эдингиз ва нозик мижозингиз шамоллаб, касал топиши мумкин эди. Ҳаво жуда исиқ, узоқ йўлдан чарчаб, танангиз қизиб кетганини биласиз. Сомон чўпчаларини ҳар пуфлаб ичганингизда, ичингиздаги ҳарорат қисман чиқиб кетди”. Султон онахоннинг ўткир ақли, фаросатига ва ўз оиласида ташкил қилган соғлом турмуш тарзига таҳсинлар айтибди. Саройга келгач, сахий ҳукмдор ҳиммат кўрсатиб, унга фарзандлари билан уйини қайта қуриб олишга етадиган маблағ жўнатибди”.

Донишманд ота-боболаримизнинг “Гап машаққатга, қийинчиликка ёки маломатга тушишда эмас, балки саломат чиқишда”, деган ҳикматини ёдга олсак, Президентимиз раҳнамолигида ўзига ва жумла жаҳонга яхшилик, ободлик истаган фидойи халқимизнинг коронавирусдек табиий офат балосидан саломат, кам талафотсиз қутулиб чиқишларида юксак ирода, синов ва машаққатларга чидамли, бардошли, саботли, тоқатли  бўлиш каби фазилатлар “индекс”ининг аҳамияти каттадир.

Буробия Ражабова,
Фанлар академияси
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор институти
катта илмий ходимаси, филология фанлари номзоди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech