28 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,9 °C

Мамлакатимизда
3 Апр  2020 1254

Қонунчилик социологияси

меъёрий ҳужжатларни ҳаётий синовдан ўтказиши керак

 

Ҳозирги инновацион тараққиётга ўтиш палласи давлатнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига, умуман, қонунчилик сиёсати мазмунига янада юқори талаблар қўймоқда. Айни пайтда қонун ижодкорлигини давр руҳи ва эҳтиёжларига мос ҳолда такомиллаштиришни таъминлаш билан бирга, қонунчилик социологиясини ривожлантириш ҳам долзарб масалага айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилги Мурожаатномасида ҳам қонун ижроси ва самарадорлиги хусусида сўз юритилиб, “...Ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, “ўлик” қонунлар кимга керак?”, дея таъкидланган эди.

Шу ўринда савол туғилади: бугун Ўзбекистонда 1160 дан зиёд амалдаги (ҳаракатдаги) қонун мавжуд бўлса, уларнинг қанчаси у ёки бу тарзда социологик тадқиқ ҳамда таҳлил этилди? Уларнинг ижтимоий ҳаётдаги самарасини қай даражада аниқ баҳолай оламиз?!

Албатта, қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва қонуности ҳужжат аҳоли манфаати ва ҳуқуқларини кўзлаган ҳолда амалиётга татбиқ этилади. Қонунлар қабул қилинаверади. Аммо уларнинг самарали ишлаётгани, натижадорлиги ҳамда парламентнинг уларни қабул қилишидан кўзланган мақсадларга эришилаётганини аниқлайдиган қонунчилик социологияси ҳанузгача кўнгилдагидек ривожланмаганини тан олиш керак.

Социологик тадқиқотларга эҳтиёж

“Таълим тўғрисида”ги қонунни олайлик. Агар сўнгги йигирма йил мобайнида мазкур ҳужжатнинг қандай самара бергани социологик ўрганишлар асосида аниқланганида эди, бугун академик лицей ва коллежлар тизими таълим-тарбия борасида ўзини оқламади, деган хулосага келмасдик. Бинобарин, айнан шу туфайли юртимизда 11 йиллик ўрта таълим тизими тикланмадими? Ўтган даврда мактабларда фаолият юритаётган 450 минг нафардан зиёд, олий таълим тизимидаги 220 минг нафардан ортиқ, шунингдек, коллежларда ишлаган 100 минг нафардан кўпроқ педагог ўртасида “Таълим тўғрисида”ги қонун қандай самара бераётгани хусусида социологик тадқиқотлар ўтказилганида салбий кўрсаткичларнинг олди олинган бўлармиди...

Йигирма йил давомида таълим соҳасидаги ислоҳотлар зўр самара бермоқда, деб бонг урдик. Юртимизда шу даврда икки юзга яқин лицей ва 1600 дан зиёд коллеж қурилди. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар билан таъминлаш ва бошқа зарур мақсадлар учун катта маблағ сарфланди. Халқ тўлаган солиқлардан жамғарилган бу маблағлар энди сувга оқиб кетдими? Шунингдек, бошқа кўплаб қонунларимиз нега “ўлик” ҳужжатлар тоифасига ўтиб қолмоқда? Бунга қандай омиллар таъсир этмоқда? Шу каби саволларга фақат чуқур илмий асосланган социологик тадқиқотлар воситасида жўяли жавоб топишимиз мумкин. Шу боис, қонунларимиз ижро этилишининг социологик механизмига эътибор қаратиш ўта муҳим ва зарур.

Ҳуқуқий муносабатдан чуқур таҳлилгача

Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлашнинг социологик механизми мураккаб ижтимоий-ҳаётий ҳодиса бўлиб, унинг ўзига хос иш занжири бор.

Бунда, аввало, Конституция ва қонунларнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад ҳуқуқ субъектларига, ҳуқуқий муносабат иштирокчиларига етказилади. Кейин қонунларни ҳаётга татбиқ этиш, қўллаш жараёнининг барча босқичларида намоён бўлувчи омиллар таҳлил этилиб, уларнинг таъсир кучи, салмоғи ўрганилади ва чегаралари баҳоланади.

Ана ундан кейин таҳлил бошланади: қонунлар мазмуни, ундаги ҳуқуқий норма ва талабларга ҳуқуқ субъектлари томонидан қай даражада риоя этилаётгани, уларни бажариш йўлидаги хатти-ҳаракатлар ва фаолият обдон ўрганилади. Қонун таъсирида субъектлар хулқ-атворидаги ўзгаришлар (ижобий ёки салбий) тенденцияси ва динамикаси аниқлангач эса муносиб баҳоланади.

Қонунларни қўллаш жараёнининг барча босқичлари бўйича ижтимоий-амалий ва ҳуқуқий ахборот жамлангач, ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниш ҳолати, даражаси ва мазмунидаги ўзгаришлар динамикасини аниқлаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса, ўз навбатида, эришилиши кутилган якуний натижа(оқибат, вазият, ҳуқуқий ҳолат)ни прогнозлашга замин яратади.

Афсуски, ҳозирга қадар мамлакатимизда қонунлар ижроси бўйича умуммиллий социологик тадқиқотлар деярли ўтказилмагани (“Ижтимоий фикр” маркази бу вазифани ҳал этолмайди), бу борада мутахассислар тайёрлайдиган муассаса ва марказлар фаолиятининг ҳануз йўлга қўйилмагани, қонунчилик социологиясининг фан, таълимот сифатида ривожланмагани қонунчилик соҳасида социологик ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказадиган институт ёки марказ ташкил этилиши ҳамда махсус ҳуқуқий билим ва маълумотга эга социолог мутахассислар корпуси яратилишини тақозо қилмоқда.

Ижтимоий муҳитни ўрганиш зарурати

Фикримизча, мазкур соҳани ривожлантириш учун унинг долзарб ва истиқболли йўналиш ҳамда мавзулари хусусида тадқиқотлар ўтказилиши керак.

Аввало, қонунни қўллаш вақтида ижтимоий муҳитни ўрганиш зарур. Бу қонунни амалга оширишга қай даражада эҳтиёж ва зарурат мавжудлигини аниқлаш имконини беради.

Кейин қонун қўллангунгача бўлган ҳуқуқий тартибга солиш ҳолатини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Бу қонун қўлланиши натижасида эришиладиган ҳуқуқий тартибга солиш ҳолати ва даражасини (натижасини) баҳолашга замин яратади.

Қолаверса, қўлланаётган қонун ва ҳуқуқий меъёрларнинг бошқа ижтимоий регуляторлар (ахлоқ қоидалари, урф-одат, жамоат бирлашмалари нормалари, диний меъёрлар, маданият, эстетика нормалари ва маънавий мезонлар) билан ўзаро алоқаси ҳамда таъсири, ҳаракат йўналиши даражасини аниқлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Қонунларни қўллаш жараёнига (унинг барча босқичларида) таъсир кўрсатувчи ижтимоий омиллар, қонунларнинг якуний натижага эришиш даражасини аниқлаб, унинг самарадорлигини ўрганиш эса истиқболда қонунларнинг халқчил ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Шундай қилиб, қонунни амалга оширишнинг юридик, ижтимоий, руҳий-маънавий ва социологик механизмларининг комплекс тарздаги изчил ва фаол ҳаракатланишига эришиш мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда катта самара беради.

Ҳожимурод Одилқориев,
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,
юридик фанлар доктори, профессор

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech