23 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
30 Мар  2019 8051

Мақсад тўй қилишми ёки дабдабабозликда кимўзарлик?

Баъзан шундай таассурот ҳосил бўладики, кўплаб оилалар никоҳ тўйидан олдинги тадбирлару тантаналарни катта қилиб ўтказишга дастурлашиб қолгандек гўё. Тўғри, ўз шодлигу қувончини бошқалар билан баҳам кўришишнинг ёмон томони йўқ. Аммо ҳаммаси меъёрда бўлгани яхши. Негаки, тўйдан сўнг айрим оилалар қулоғигача қарзга ботиб кетиб, қийналиб қолади.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, қанча тадбирларни ўтказиш керак: қиз оши, қизлар базми, фотиҳа тўй, катта тўй, бешик тўй, янги қудаларнинг туғилган кунлари ва бир олам бошқа нарсаларни...

Бир танишимнинг қизи, Маликани шошилинч узатадиган бўп қолишди, шундай қилмасаям бўлмасди, чунки 25 ёшга тўлганди. Қизиғи шундаки, фотиҳа пайтида кимларга совға-салом олиниши кераклиги олдиндан гаплашиб олинмаган экан ва никоҳдан олдин улар бирма-бир юзага чиқа бошлади. Таклиф қилинадиган меҳмонлар сони ҳам кескин кўпайиб кетди. Боз устига келин ҳам ўз феъл-атворини кўрсатди, нима эмиш, келин кўйлакнинг дунёдаги энг чиройлиси танланиши, тўй дабдабали ва эсда қоларли бўлиб ўтиши керак эмиш. Қуда томоннинг гап-сўзлари, келин бўлаётган қизининг талабларидан оддий ҳунарманд Азизбек аканинг боши гангиди, юраги сим-сим қила бошлади. Бу ҳам етмагандай, хотини ҳам олиниши керак бўлган бир талай нарсаларнинг рўйхатини қўлига тутқазган. Бечора барча қариндош-уруғлариникига бориб, қарз кўтарди.

Тўй ҳам икки кунда ўтди-кетди... Сўнг оғир кунлар бошланди. Қарз берганлар унинг эшигини тақиллата бошлашди, аммо Азизбек аканинг уларни қайтаришга ҳеч вақоси йўқ эди. Нима қилишини билмаган бечора кўчага чиқолмай, уйига қамалиб олди. Яқинлари ҳам ҳар икки-уч кунда алмаштириб туриладиган эшикни шартли тақиллатиш орқали унинг ёнига кирадиган бўлишди. Аммо қарз берганлар ҳам анойи эмас, бир-икки бор улар билан ҳам учрашишига тўғри келди, албатта. Бунақа машмашалару сиқилишлардан унинг юраги ёмонлаша бошлади. Сўнг инфаркт...

Ундай бўлса, бунақа дабдабанинг ортидан қувишнинг нима кераги бор?  Ахир, тўйларни камтарона ва камчиқим қилиб ўтказса бўлади-ку?! Аммо турли керак-нокерак тадбирлару чиқимлар ҳаммасидан ошиб тушади. Тўғри, кўпчилик фуқароларимиз шундай деб ўйлайди-ю, бироқ эл-юрт, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, одамлар нима дейди, роса ортимиздан гап-сўз қилишса керак, деган ҳадикдан қутула олмайди.

– Биз қудаларимиз билан тўйдан олдин келишиб олдик: ёш келин-куёвлар алоҳида яшаши учун ўғлимизга икки хонали уй сотиб олдик, – дейди бир танишим Наргиза Аҳмедова. – Бироқ мебелу маиший жиҳозлар билан уни тўлдириш менинг муаммом эмас, бу келин томоннинг зиммасида. Бундан ташқари, қудаларимиз бизникига ҳар ҳафта бозор-ўчар қилиб келадиган бўлишди. Шундай келишганмиз.

Лекин янги қудаларнинг бундай шартларни бажаришига асаби қанчага чидаркан?..

– Турмуш қурганимга тўрт йил бўлди. Тўйдан олдин қайнонам жуда кўп марта нималар олишимиз (ҳаммаси аъло сифатли ва қиммат бўлиши лозим экан) кераклигини айтганди. Керакли мебельни харид қилдик, қайнонамга тилла тақинчоқ олдик. Энди ошхона мебелини олишимиз керак, аммо бунга пулимиз йўқ. Машмашалар ва таъналар бошланди. Турмуш ўртоғим ҳам бир неча марта онаси билан гаплашиб кўрди, аммо у сира тушунишни истамади. Таъна қилишдан сира тўхтамайди: ё овқатни тагига олдириб юборармишман, ё ота-онам туғилган кунига тилла буюм олиб келмаганини юзимга солади, баъзан эса ўғлига бадавлатроқ келин томпай, адашганини гапиради... Яқиндан фарзандли бўламиз, соғлигимни асрашим керак, шу боис қизлик уйимга келиб турибман, – дейди Саида А. кўзларида ёш билан.

– Жамиятда ўзига хос, турли дабдабабозликлар урфга кирмоқда: ҳамма қўшниларидан, танишларидан, бир-биридан ўзсам, дейди. Аммо тўйларни камхарж ва камтар қилиб ўтказса ҳам бўлади, – дейди «Наманган ҳақиқати» таҳририяти журналисти Олтинбек Бойбулатов. – Бунинг учун озгина фантазияни ишга солиш кифоя. Ўзим ҳам қиз чиқарганман, ўғил уйлантирганман. Иккала тўйда ҳам элга наҳорги ош бердим ва санъат коллежи духовой оркестрини таклиф этдим. Айниқса, иккинчи сафар, ўғлимни уйлантирганимда уйимиз олдиган 32 кишидан иборат, барабан, труба, кларнет ва бошқа созларни кўтарган созандалар жамоасининг автобусдан тушиб келганини кўрганлар донг қотиб қолди. Оркестрнинг мусиқаси эса бутун маҳаллага таралди. Созандалар турли композицияларни, хусусан, оиламиз яқинлари – байналмилал-жангчилар учун ҳарбий марш ва қўшиқлар мусиқасини чалишди.

Ўттиз килограмм гуруч, бир неча ўн килограмм гўшт, салкам бир челак ёғ солинган ошни эса энг зўр ошпаз дамлади. Таом жуда ширин чиқди, баракали бўлди ва бир неча юз кишига етди. Шунингдек, маҳалла аҳолисига ҳам тарқатдик. Тўйдан сўнг ўзимиз ҳам икки кун ош еганмиз.

Бизнинг ёшлигимизда тўйларнинг ўтганини эслайман: биргина гармончи битта тўйни ўтказиб бера оларди. Шундай чалардики, беихтиёр оёқ-қўлларинг ўйнаб кетарди. Бу гаплар аллақачон унутилган, бироқ дабдабабозлик, ортиқча чиқимлар, муаммолар пайдо бўлган... Афсуски, дабдаба-ю-ҳашаматли маданиятга интилиш хорижий ва миллий фильмларда ҳам учрамоқда. Тасвирлар жонли ва ишонарли чиқиши учун реквизит сифатида энг замонавий ҳамда ҳашаматли мебель, кийим ва бошқа нарсалардан фойдаланилади.

– Дабдабали ўтказиладиган тўй-ҳашамларга мутлақо қаршиман. Ана шу дабдабалару кимўзарларни деб оилалар тижорат кредити олишмоқда. Сўнг қарз ботқоғига ботиб, умрининг охиригача ундан чиқа олмайди, – дейди «Оби ҳаёт» маҳалласи маслаҳатчиси, педагог-психолог Тамара Қамчибекова. – Бундан ортиқча ҳашаматларнинг нима кераги бор, кимўзарга тўй қилиш қаердан чиққан? Бундай бўлмасину агар ёш оила чиқиша олмай, ажрашиб кетса-чи? Тўйдан кейин ҳаммасининг яхши бўлиб кетишига ҳеч ким кафолат бера олмайди, аслида.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида ҳам аҳоли билан учрашувларда ана шу соҳани тартибга солиш кераклиги ҳақидаги илтимосларни эшитганини таъкидлайди. Бундан Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мрожаатномалар ҳам далолат беради. Президентимиз тўйлар ва бошқа тадбирлар билан боғлиқ ортиқча харажатларнинг минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатишини тан олиш лозимлигини таъкидлайди. Негаки, элликдан сал ошган соппа-соғ кишининг кутилмаганда инсульт ёки инфарктга чалиниб қолиши ҳам учраб туради. Сабаби эса дабдабали, ҳамманинг оғзи ланг очилиб қоладиган тўй ўтказаман, деб қарз ботқоғига ботгани.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 15-ялпи мажлисида сенаторлар тўйлар ва оилавий тантаналар, хайр-эҳсон ва тадбирларни ўтказишга меъёрий чекловлар ўрнатишни мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди. Уларнинг фикрича, тўй ва оилавий тантаналарнинг камтарона ва камхарж ўтказилишига қатъий меъёрлар ўрнатиш йўли билан эмас, балки фуқароларнинг онгли равишда шундай қарорга келиши орқали эришиш лозим. Бунинг учун аҳоли ўртасида ахборот кампанияларини олиб бориш, шахсий ўрнак кўрсатиш ва намунали тадбирлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Унда таъкидланишича, фуқароларнинг маълум бир қисмига яқинлар, маҳалла-кўй ва қўни-қўшнилар, одамларнинг сап-сўзларидан хавотир ҳисси тўй-ҳашамларни серчиқим ва дабдабали ўтказишига туртки беради. Бироқ оилавий тадбирлар миллий анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда тежамли ва ортиқча дабдабасиз ўтиши лозимлигини ҳар бир Ўзбекистон фуқароси онгли равишда тушуниши керак.

...Ушбу мақола орқали нима демоқчимиз? Оилаларни хонавайрон қилишга, одамларнинг юрагини чангаллаб қолишга олиб келадиган бундай тўй-тантаналарни ўтказишда ортиқча ҳашамат, чиқим ва юқори талаблару стандартлардан қутулишни ўрганиш пайти аллақачон келди, демоқчимиз.

Феруза Отахонова.

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech