07 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Фикр
6 Мая  2020 4498

Саховат карвонлари

Одамлар узоқ йиллар ёнма-ён, ҳамнафас яшаб ҳам, бир-бирларини яхши билмасликлари мумкин. Катта шаҳарлар ҳаётида бу ҳолатга кўп бор дуч келамиз. Ҳамманинг бошида минг бир  хаёл  – югуриш керак, улгуриш керак. Эрталаб, кечқурун йўлакда сиздан бир қават пастда ёки юқорида турадиган қўшни билан кўришиб қолсангиз, оддий салом-аликдан бошқага ўтмайсиз. Вақт сизни кутиб турмайди.

Фақат шу эмас, яқин-яқингача дунёнинг анча-мунча давлатларида ҳам узоқ-яқин қўшнилар билан шунчаки салом-алик қилиб, онда-сонда ҳа-ҳу деб яшайвериш мумин, деган қатъий фикр бор эди. Ҳаётнинг бугунги мантиғи бундай иддаоларни бутунлай рад этди. Бундан буёғига шунчаки, “Мен тинч бўлсам бўлди-да, бошқа билан нима ишим бор”, деб яшаб бўлмайди. Қўшнинг тинч – сен тинч. Тор қобиққа ўралиб яшаш жаҳоний жараёнлардан узилиш, тараққиётда орқага кетиш, таназзул ботқоғига ботиш деганидир. Бир куни офат исмли бало эшикдан мўралаганида, ёлғизланиш нима эканини қўшнилар билиб олади, аммо кеч бўлади.

Шарқликлар ҳаётнинг бу оддий ҳақиқатини бошқалардан кўра аввалроқ англаб, қадим замонлардаёқ бир-бирларига елкадош, суянчиқ бўлиб яшашни, яъни жамоавийликни ихтиёр этганлар. Тўй ҳам, аза ҳам биргаликда ўтказилган. Бирга ов қилишган, душманларга қарши биргаликда курашишган. Сув балоси,  ўт балосидан, самовий, заминий таҳликалардан шу боис омон чиқишган. Бундай кулфатлар такрорланмаслиги тадоригини бирга кўришган.

Сирдарёнинг Сардоба туманида юз берган ногаҳоний тошқин бундай ҳаёт тарзининг нақадар тўғрилигини яна бир бор исбот этди. Давлатимиз раҳбари зудлик билан воқеа жойига етиб борди, вазиятни назоратга олди, одамлар билан юзма-юз бўлиб, кўнгилларини кўтарди. Табиий офат етказган талафотларнинг ўрнини тўлдириш, сув омбори тўғонини мустаҳкамлаш ишлари бошланди. Президентимиз, ҳукумат аъзолари, тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари шу ерда. Барча вилоятлардан ёрдам келиб турибди. Сирдарёга кўмаклашувчи кўнгилли гуруҳлар тузилмоқда, оилаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш маркази иш бошлади. Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, “Жаҳон адабиёти” журнали, “Ўзбекконцерт” ва яна кўпдан кўп хўжалик, илмий, ижодий, маънавий-маърифий, қурилиш, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотларида ёрдам акциялари ўтказилаётир. Хайрия ишларига қўшилаётганларнинг сони соат сайин кўпаймоқда.

Бугун ҳамманинг кўнглида: “Сардоба, биз сен билан биргамиз!”, “Коронавирусни ҳам, сув балосини ҳам бир мушт бўлиб енгамиз”, деган сўзлар. Ёш аёл саховатли андижонликарнинг ёрдам карвони Сирдарё томон йўл олаётганида фарзандини бағрига босганча: “У  ерда одамлар қийин аҳволда турса, биз бу ерда хотиржам туроламизми? Еганимиз ичимизга тушмайди”, деди. Ҳаммамиз эшитдик.

Бу гапни дунёнинг яна қаерида эшитиш мумкин? Шоир Муҳамммад Юсуф ёзганидек, меҳмон келса, кўрпани меҳмоннинг устига ёпиб, ўзи чопонининг устида ётадиган, шоира Мунаввара ёзганидек, оқшом келган қўноққа тунда туриб нон ёпадиган, айвонига ин қурган қалдирғоч боласига қўлида емиш берадиган халқ яна қаерда бор? Қурган ҳовлиси билан эмас, меҳмонхонаси билан мақтанадиган халқни бошқа яна қаерда кўриш мумкин?

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўй сўйдирсалар, қассобга аввал қўшниларга улуш беришни тайинлар эканлар. Ота-боболаримиз ҳовлидаги ўчоқда таом пиширганда, қўшнига насиба узатишни канда қилишмаган. Қўшнининг қўшнида ҳақи бор, дейишган. Асрлар давомида бунга амал қилиб келган халқмиз. Ёнма-ён икки ҳовлининг ўртасида лаган, ликопча узатиладиган эшикча бўлган. Не-не даврларнинг не-не тўфонларидан омон чиққанимиз, муқаддас тупроғимиздан не-не алломаларнинг етишиб чиққани, дунё тамаддунига безак берганимиз, балким шу фазилатимизнинг ажридир?!

Сирдарёлик нуроний отахон Ўтбосар Абдиев билан анчадан бери танишман. Кўпни кўрган, эл-юртда юришнинг, кайвонилик қилишнинг  тарозисини тўғри қўя оладиган, қўлида қалами бор одам. Шу сатрларни қоғозга тушираётиб, у кишига қўнғироқ қилдим. “Фалокат тўсатдан келди. Юз берган  тошқин халқимизнинг қанчалар матонатли эканини кўрсатди. Президентимиз офат рўй берган манзилга етиб келиб, одамларнинг руҳини кўтарди. Шу қадар самимий, оталарча ғамхўрлик билан гапирдиларки, бало-қазони енгишга бўлган ишончимиз ортди”, деди.

Таниқли тадбиркор Абдусаттор Исмоилов билан сўзлашдим. “Сирожиддиннинг ашула қилиб айтиладиган шеъри бор эди-ку, “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир”, деган. Телевизорчиларга айтинг, шу қўшиқни тез-тез қўйиб туришсин. Юртнинг отаси шундай бўлиши керак. Фалокат юз берган, кўплар гангиб, дунё кўзига қоронғи кўриниб турган пайтда элнинг олдига чиқиш, малҳам сўзлар билан дардларида дарддош бўлиш  жасоратли раҳбарнинг иши”, деди у ҳаяжон билан.

Шоир Муҳаммад Исмоилни қидириб топаман. Эркин Воҳидовга ишора қилиб, “Тўғоннинг қайта туғилиши, саховатли инсонлар тўғрисида достон ёзинг, қурилиш майдонига бориб, чодирнинг ичида ўтириб бўлса-да,  ҳамюртларингизнинг матонатини, сабр-қаноатини қўшиққа солинг, Сардоба қўшиққа айлансин”, дейман.

Сардоба... Ота-боболаримизнинг ақл-идроки билан бунёд этилган, сир-асрори ҳалигача тўла очилмаган бу ноёб иншоот асрлар давомида савдо карвонлари, тужжорлар, сайёҳлар,зиёратчию аҳли донишларнинг сувсираган лабларига, ҳолсизланган вужудларига жон бағишлаган,  ҳаётларини сақлаб қолган. Олимларнинг фикрича, сардоба қурилиши учун тайёрланган лойга  янтоқ, қамиш, юлғун кули, қўй сути, туя жуни  қўшилган. Иншоот шу қадар мустаҳкам бўлганки, унинг суви икки йилгача айнимаган, аксинча, қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳолда турган. Қум даҳшатли тўзонга айланиб, еру кўк ўртасида чарх урган кезлари ҳам ифлосланмаган. Сардобанинг ости доира шаклида бўлиб, сув сизмаслиги учун уч қават қорамол, туя териси, уч қават кигиз, уларнинг устига бир қават ганч, юқорисига эса сифатли ғишт ётқизилган. 

Ривоятлардан бирида Соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан қурилган сардобанинг ғиштларини одамлар қўлма-қўл қилиб, Самарқанддан ташиб келишгани, ҳовуз Сирдарёдан сув олувчи Ўринбой ариқ ташламаси ёрдамида тўлдирилгани айтилади. 

Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов “Пахтанинг ойдин йўли” мақоласида ўзбек пахтакорларининг Мирзачўл далаларидаги заҳматли меҳнати билан етиштирган пахтани кеча-кундуз тиним билмай хирмонларга ташиётган турнақатор  трактор карвонлари ғоят таъсирчан тасвирланади. Энди эса биз –саховатли одамлар биргалашиб, сув босган Сардобани, Олот ва Қоракўлни қутқарамиз, ярасига малҳам боғлаймиз. Бу жойларда янги замонавий маҳаллалар, турар жой бинолари, маиший хизмат шохобчалари, болалар боғчалари, маданият саройлари, истироҳат боғлари қад ростлайди. Ана ўшанда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига озми-кўпми ҳисса қўшганларнинг кўнглида бу улуғ саховатга дахлдорлик туйғуси пайдо бўлади. Қўрқиб, талвасага тушиб, ўзи майли, бошқаларни ҳам чалғитганлар учун эса бу синов оғриқли сабоқ бўлиб қолади.

Сардоба, биз сен билан биргамиз. Умринг сардобалар каби узоқ бўлсин. Мирзачўлни Мирзагулистонга айлантиравер.

Аҳмаджон Мелибоев.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech