28 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,9 °C

Фикр
1 Мая  2020 1443

Саховатпешалик – юксак маданият ва эътиқод белгиси

— Отни олинг, Матқовул ака!

— А? Нимага? — Ҳайронликдан Матқовул аканинг кўзлари бир нуқтага тикилди.

 — Келинбувимни ҳам, болаларни ҳам қийнаманг. Отни олиб, ерингизни ҳайдаб олинг.

Матқовул ака шошиб қолди. Дунёда шўри-ғавғодан, бахтиқароликдан ўзгасини кутмаган бир бечора учун ақл ишонмайдиган бахт эди бу. Худодан тани соғлиқ сўрагани эсида, беимон ўлдирма, деб илтижо қилгани эсида, аммо мушкулимни осон қил, ерни ҳайдаб олай, от бергин, деб сўрамаган эди-ку!

(Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романидан)

Қўшниларнинг бир-бирларига оқибати, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзишларига ёшлигимдан гувоҳ бўлиб келганман. Тўғрима-тўғри жойлашган ҳовлининг уй бекаси Ўғилой опа билан онамиз раҳматли тансиқ овқат қилган кунлари, албатта, ундан оилаларини баҳраманд қилишга интилишарди. Ён қўшниларимиз билан ҳам аҳвол шундай эди. Айниқса, татар миллатидан бўлган Мунира аянинг парамачлари мазаси ҳамон оғзимда қолган. Уй қуриш, таъмирлаш ҳам ҳашар билан битгани эсимда.

Уруш йиллари фронтга яқин ерлардан кўчирилган болаларни темир йўл бекатининг ўзидаёқ саховатпеша ўзбек оилалари ўз бағирларига олганлари маълум. Эллик тўрт йил илгари рўй берган Тошкент зилзиласи даврида ҳам бошпанасиз қолганларни уйи камроқ зарар кўрганлар ҳовли-жойларига таклиф қилиб, бир оила бўлиб яшагандилар. Яхши-ёмон кунларда қўшнилар ҳамон бир-бирларига суянадилар. Куни кеча видеомулоқотда Малайзия Исломни англаш институти директори, профессор Азиза Баҳоруддин “ўзбек маҳалласининг диний-маърифий, саховат, тарбия ишларидаги тажрибаси Малайзияни қизиқтираётгани”ни айтди. Аввалроқ айнан шу гапларни покистонлик ҳамкорларимиз ҳам таъкидлаган эдилар.

Ўзаро ёрдам, елкадошлик ҳисси, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш туйғуси халқимизнинг азалий фазилатидир. Ушбу фазилат кейинги ойларда бутун дунёни ташвишга солиб қўйган янги юқумли касаллик – тождор вирус тарқалиши муносабати билан эълон қилинган вақтинчалик карантин пайтида, айниқса, ёрқин намойиш бўлмоқда. Карантин эълон қилинишидан аввалроқ Ўзбекистон раҳбари томонидан мамлакат аҳолисининг муайян қисми (турли сабабларга кўра) камбағаллик даражасида экани тан олинди ва уни тугатиш, биринчи навбатда, эҳтиёжманд аҳолининг турмушини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди.

Карантин оқибатида азият чекканлар, аввало, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, вақтинча ишсизлар, ногиронлиги борлар ва кўп болалик оилаларга давлат ҳамда саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар томонидан ёрдам берила бошланди. Тадбиркорлар учун белгиланган имтиёзлар улар томонидан аҳолига кўрсатилаётган саховат ёрдами кўламининг янада ошишига шароит яратди.

Кеча ва бугуннинг ўзида Фарғона водийси вилоятларида уйини сотиб муҳтожларга ёрдам кўрсатган, яқиндагина тадбиркорликни бошлаб, 50 оилани озиқ-овқат билан таъминлаётган, зангори экрандан туриб уч болалик бева аёлга бир ярим ойда уй қуриб бераман, деяётган тадбиркорни, минг оилага тарқатилаётган соғин сигирлар, ҳали иш фаолиятини бошламаган ёшларимизга ер участкаларининг ажратиб берилаётгани, ҳам саховат маркази, ҳам аҳоли томонидан тарқатилаётган озиқ-овқат, биринчи эҳтиёж молларини кўриб, киши ҳаяжонга тушмай қолмайди. Албатта, ушбу рўйхатнинг бошида карантиннинг дастлабки кунлариданоқ халқимизга ёрдам қўлини чўзган, фан, санъат ва спорт ҳомийси, машҳур ватандошимиз Алишер Усмонов, Москвадаги элчихонамизга катта миқдорда ёрдам пули олиб келиб берган яна бир ватандошимиз жой олган. Қолаверса, кечаю кундуз меҳнат қилаётган раҳбарларимиз, ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ходимлар, қаҳрамон шифокорларимиз, онлайн машғулотлар ўтказаётган устозларимиз шижоати ҳам муқаддас ислом динимиз, демакки, яратган Аллоҳ ва унинг Пайғамбари (с.а.в.) мақтаган, ёқтирган, даъват қилган амаллардир.

Мазмун-моҳияти, даъвати, мақсадлари билан илм-маърифат, инсонийлик, эзгулик ва бағрикенглик бўлган табаррук динимиз халқимизда саховат, елкадошлик, инсонпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини асрлар мобайнида шакллантириб келмоқда. Динимиз таълимотида саховат ва ёрдам алоҳида қадрланадиган фазилатлар сифатида улуғланади. Кези келганда тан олиш керакки, халқимиз ҳар доим саховатни оғринмасдан ва оғринтирмасдан қилиб келмоқда. Бу эса элимизнинг азалий ва анъанавий маданияти белгисидир.

 Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 177-оятини ҳаммамиз учун эслатмоқчиман: “Яхшилик фақат намоз пайтида юзларингизни Шарқ ва Ғарб томонга ўгиришларингизда эмас. Энг яхши инсон Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, илоҳий китобларга ва пайғамбарларга имон келтиради. Аллоҳга муҳаббати йўлида молини яқинларига, етимларга, мискинларга, йўловчиларга, садақа сўровчиларга, қарздорларнинг қарзларига сарф қилади. Имон келтирганлар намозларини ўз вақтида адо этадилар, мискинларга закот берадилар, ваъдаларига вафо қиладилар, фақирлик ва бетобликда сабр қиладилар. Ҳақиқатгўйлар ва тақво эгалари ана ўшалардир”.

Нисо сурасининг 114-оятида эса бундай дейилади: “Одамларнинг бир-бирларига бефойда, бекорчи сўзларни айтишларида ҳеч бир хайр ва савоб йўқдир. Магар уларнинг бир-бирларини яхши ишларга ва садақотларга чақириб, ислоҳга даъват қилиб айтган сўзларида хайр ва савоблар бор ва улар, албатта, ажр топгайлар. Ким шу амалларни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, қиёмат куни ўша бандаларга ажри азийм берамиз”.

“Мен яхши хулқларни янада такомиллаштиргани юборилдим”, дея хитоб қилган Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам саховат эгаларини мақтаганлар. У кишидан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда: “Албатта, ризқ эшиги етти осмоннинг устидан очиқдир. У Аршгача етиб борган. Ўша эшик туну кун ёпилмайди. Аллоҳ ҳар бир бандага нияти, сарфи, садақа ва инфоқ қилишига қараб ўша ризқдан туширади. Бас, ким садақани кўпайтирса, унга ҳам ризқи кўпайтирилади. Ким камайтирса, унга ҳам камайтирилади. Ким бахиллик қилиб ушлаб қолса, ундан ҳам барака ва кенг ризқ ушлаб қолинади”, дейилган (Ҳаким Термизий ривояти).

Рўза ойининг сокин, баракотли, ажр-савоб берадиган кунлари бошланди. Уламоларимизнинг айтишларича, ушбу ойда қилинган хайр-эҳсонларнинг ажри марта ва марта улуғдир. “Саховат ва кўмак” марказлари, “Вақф” хайрия жамғармаси, бошқа хайрия фондлари орқали ёки бевосита эҳтиёжманд қўни-қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз, ёр-дўстларимизга ёрдам кўрсатайлик, табаррук рўза ойида ажру савоблардан умидвор бўлайлик!

Бошқа барча юртлар қатори, суюкли Ватанимизга ва халқимизга тождор вирус синовидан талафотларсиз ўтиб олиш насиб қилсин! Табаррук ойда қилаётган ибодатларимиз, дуоларимиз Яратган ҳузурида қабул бўлсин!

Шоазим Миноваров,
Ислом цивилизацияси маркази директори

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech