20 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,3 °C

Кейинги авлод
24 Янв  2019 8766

Олий таълим сифатини оширишнинг қўшимча омиллари

Олий таълимни ташкил этиш стратегиясида олий таълим муассасаларининг ички тузулмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шарқ ва Ғарб маданиятида олий таълим муассасаларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихида жамиятнинг турли ижтимоий-иқтисодий босқичларида таълим муассасаларининг муайян тузилмалари шаклланганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда ислоҳотлар, шу жумладан, олий таълим тизимида жадал амалга оширилмоқда, зеро мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун  олий таълим муассасалари таркибидаги тузулмаларда ҳам муайян ўзгаришлар қилишни талаб этади.

Олий таълим тизимини такомиллаштиришда эришилаётган бир қатор ижобий ўзгаришларга қарамасдан, биз алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлган айрим муаммолар ҳам борлигини таъкидламоқчиман.

Биринчидан, маълум бир минтақадаги (ҳатто бир шаҳардаги) ўхшаш олий таълим муассасаларининг бир-биридан узилиб қолганлигини, айтайлик биргина шаҳарда қурилиш, транспорт, автойўл ёки бошқа техника соҳасига оид олий таълим муассасаларнинг фаолият юритишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Асос фанлар ўтиладиган кафедраларнинг тахминан 30-60 % айнан бир хил ёки ўхшашдир. Маълумки, ҳажман кичкина кафедранинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бўлади. Аввало, бу илмий фаолиятда ва услубий ишлар яратилишида чекланганликни келтириб чиқаради. Юқори интеллектуал кучлар тўпланган жамоада яхши, инновацион, самарали ғояларнинг туғилиши эҳтимоли юқори бўлади. Илмий ва педагогик кадрларнинг бир шаҳар ҳудудидаги айнан бир хил ёки ўхшаш кўплаб кафедраларга тарқалиб кетиши инсон ресурсларидан унумли фойдаланиш самарадорлигини пасайтириб юборади. Шу билан бир қаторда, бир нечта ўзаро яқин таълим йўналишлари фан ва мутахассисликлар кесимида янги-янги ғояларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Масалан, тиббиёт институтлари қошидаги физика, кимё, биология, информатика, математика каби кафедралар анчагина чекланган даражада фаолият олиб боради. Агарда уларга классик университетларнинг физика-математика ва биокимё факультетлари хизмат кўрсатса, эришиладиган ютуқлар янада залворли бўлиши аниқ. Бу ерда биз тиббий таълим соҳаси  мутахассисларини ранжитиш мақсадида мисол қилиб келтираётганимиз йўқ, билакс ушбу соҳа ҳаётий мисол бўлганлиги учун таъкидламоқдамиз, холос. Бу йўл дунёнинг кўплаб илғор, етакчи университетлари томонидан танланган ва у ўзини оқлаб келмоқда.

Мисол учун оладиган бўлсак, Исроилда бу соҳада 8 та тиббиёт факультети фаолият юритади ва уларнинг барчаси йирик университетлар таркибидадир. Исроил аҳоли жон бошига тиббий туризм соҳасида ҳам дунёда биринчи ўринда туради, шунинг учун ҳам улар дунёга кўплаб инновацияларни, шу жумладан, тиббиёт соҳасига доир янги инновацияларни тақдим этмоқда. Техника, табиий-илмий соҳадаги олий ўқув юртларида ҳам худди шундай. “Суюлтирилган” муҳитда инновацион фанни ривожлантириб бўлмайди. Илмий ва педагогик жараённинг юқори самарадорлиги учун “зичланган” илмий-педагогик муҳит мақсадга мувофиқдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, олий таълим муассасаларини мустаҳкамлаш учун уларнинг ички тузулмаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди, чамаси. Бошқарув тизимини такомиллаштириш, олий таълим муассасалари ички тузулмаларини қайта қуриш ва олий таълим муассасалариаро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу босқичда мазкур стратегияни концептуал тарзда қабул қилиш муҳимдир. Ички тузулмалар қайта қурилишининг ҳар бир босқичи натижалари вақти-вақти билан таҳлил қилиниши, зарур ҳолларда тузатишлар киритилиши ва ва шундан сўнг кейинги босқичга ўтилиши лозим бўлади. Асосий мақсад – мутахассислар тайёрлаш сифатини ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш учун илмий-педагогик салоҳиятни бир жойга жамлашдир.

Иккинчидан, Республикада фаолият юритаётган таълим соҳалари ва мутахассисликлари таснифи мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда ва ҳозирги замон талабларига мос келади. Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасаларининг бакалавриатура ва магистрлик мутахассисликлари бўйича таълим соҳалари рўйхати принципиал ва олий таълим муассасаларининг ўзлари мустақил равишда инвентаризация қилишларини талаб этади. Таҳлиллар ва қайта қурилган ички тузулмалар ҳар бир олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси ва илмий-педагогик салоҳиятига мувофиқ равишда мазкур рўйхатнинг шаклланишини таъминлайди. Ихтисослашган ўқитувчиларнинг етишмаслиги (айниқса янги очилган йўналишларда), талабга жавоб бермайдиган (юмшоқ қилиб айтганда яроқсиз) лаборатория қурилмалари ва ўқитувчиларнинг ортиқча ишлар билан шуғулланишлари оқибатида, айрим йўналишларда мутахассис таёрлаш  сифати пасайиб кетди. Ҳар бир олий таълим муассасаси учун мутахассисликлар рўйхатини такомиллаштириш ва бир вақтнинг ўзида халқ хўжалигида ўзини оқлаган йўналишларда контингентни кўпайтириш бу – ҳеч қандай ортиқча харажатларсиз таълим сифатини оширишнинг муҳим омили бўлади.

Таълимнинг ҳар бир йўналишида курс бўйича камида 50-100 нафар талабанинг қабул қилиниши фан ва таълимда консентрация тамойилидан ижобий фойдаланиш имконини беради. Бу, айниқса, лаборатория ва тажриба-конструкторлик базасини яратиш ва қўллаб-қувватлаш учун катта эътибор ва маблағ талаб қиладиган таълим соҳаларига тааллуқлидир. Айтиш мумкинки, бундан олий таълим муассасаларининг манфаатларига ҳеч қандай зарар етказилмайди. Аксинча, бундан нафақат жамият, балки олий таълим муассасаларининг ўзлари ҳам фойда кўради: маблағлар тарқалиб кемайди, кафедраларнинг илмий-педагогик ва методологик салоҳияти, ўз-ўзини назорат қилиш ва ўз-ўзини баҳолаш, ахлоқий-руҳий муҳит ва энг муҳими, жамоанинг маҳсулдорлиги сезиларли даража ортади. Баъзи олий таълим муассасаларининг монополияга айланиши юз бермайдими деган эътирозлар пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга сўнгги йилларда янги очилиб, фаолият юритаётган йўналишларнинг бугунги ҳолати жавоб беради, шекилли. Шубҳасиз, уларнинг баъзилари ўзларини оқлашди, бошқалари фаолияти бўйича хулосалар чиқариш лозим кўринади. Мазкур олий таълим муассасаларида очилган янги йўналишлар жамоанинг илмий-педагогик салоҳияти, минтақада ижтимоий-маданий ва иқтисодий талабларнинг табиий ўсиши натижаси бўлиши лозим.

Учинчидан, икки босқичли асосда мутахассислар тайёрлаш тизимида магистрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Магистрлар тайёрлаш борасида барчага маълум муаммоларни яна бир бор эслатиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, бу соҳа жуда ҳам муваффақиятли чиқмади. Менинг нуқтаи назаримча, бу  муваффақиятсизликка қабулнинг камлиги, истеъмолчиларнинг тор доирадаги мутахассисликларга талаби бўлмагани ҳолда ихтисосликларнинг ҳаддан зиёд кичик қисмларга бўлиниб кетиши кабилар сабаб бўлди. Бакалавриатура шаклланиб келаётган бир шароитда магистрлар тайёрлашдаги камчилик ва нуқсонлар миллий таълим мақомини сезиларли даражада пасайтиради. Магистратура тизимида учраётган камчиликларга нимларни кўрсатиш мумкин? Аввало, бакалавр ва магистр мутахассислар меҳнат мақомининг ноаниқлиги сабабли қабулда танловнинг пастлиги. Амалда, ҳозирги вақтда бакалаврлар ҳам, магистрлар ҳам бир хил лавозимни эгаллашлари мумкин (камдан-кам истисно тариқасида, масалан, илмий ва педагогик фаолиятда улар фарқланиши мумкин). Мутахассисликларнинг ҳар бир курсида 3-5 нафаргина магистрантнинг иштироки маъруза ва бошқа машғулотларнинг тўлақонли ўтказилишини рағбатлантирмайди. Магистратура ҳозирги шаклида ўқитувчининг талаба билан индивидуал ишлашига асосланади, лекин магистрантларда мустақил ишлаш малакаси тўла шаклланмаган, ўқитувчиларда эса магистрантлар билан индивидуал ишлашда изчиллик ва принципиаллик етишмайди.

Олий таълим муассасалари ички тузулмасини эркин ислоҳ қилиш, ислоҳотларнинг мақсадлар билан узвий боғланмаганлиги, профилнинг ўзига хослиги ва бу борада дунё ижобий тажрибасининг ҳисобга олинмаганлиги кабилар таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради. Бу шуни кўрсатадики, ислоҳотларни, бошида ўйланганидек, чуқур мулоҳазакорлик билан ва ички тузулмаларга босқичма-босқич тизимли равишда ўзгартиришлар киритиш орқали амалга ошириш лозим.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд Давлат университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech