01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13 °C

Фикр
27 Апр  2020 1083

Синов

Бу кунлар синов даври.

Коронавирус таҳликаси элнинг бошига кутилмаган ташвиш олиб келди.

Бу хавф-хатарга қарши курашнинг Ватанимизда юз бераётган улкан ўзгаришлар жараёнига хос шиддат билан амалга оширилиши эса мени, рости, жуда ҳайратга солди.

Аввал пандемиянинг феълу атворидан келиб чиқиб, унинг йўлига иккиланмасдан тўсиқлар қўйила бошланди. Мана шу йўлдаги азму қарорларнинг аниқлик билан ўз пайтида қабул қилиниши ва ҳаётга қатъийлик билан жорий этилиши эса эл-юртимизнинг эгаси борлиги — халқ бу офат билан якка-ёлғиз қолмаслигини бир неча кундаёқ барчага аён этди. Ғайрат билан тўлиб-тошган ташкилотчилик, бу ташкилотчилик мағзидаги ишнинг кўзини билиб қилинаётган саъй-ҳаракатлар фақат ва фақат одамларнинг соғ-саломатлиги, эсон-омонлиги йўлидаги жонбозлик эканини одамлар англади.

Идоралар, ишхоналар, боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари ёпилди. Кўчалар, маҳаллалар, қишлоқлар назоратга олинди. Фуқаролар кўча-кўйда ниқоб тақиб юришни одат қилишлари лозимлиги уқтирилди. Хориждаги фуқароларимиз ҳам эсдан чиқмади. Улар пешма-пеш самолётларда, поездларда олиб келиниб, муайян муддатга карантинга олинди. Бу тадбирлар бало-қазо тарқалиб улгурган мамлакатлардан келадиган ватандошларимиз соғлиғи учун, уларнинг оиласи, яқинлари, қолаверса, Ватандаги қоракўзлар эсон-омонлиги учун амалга оширилди. Каратиндагиларга иззату ҳурмат кўрсатилди. Улар доимий тиббий назоратда. Еб-ичишлари, ётиб-туришлари учун қулай шароитлар яратилган. Мамлакатимиздаги энг яхши дам олиш масканлари уларнинг ихтиёрига берилди. Мисли кўрилмаган тезкорлик билан улкан карантин ҳудудлари барпо этилди. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари сафарбар этилди. Биз баъзан киноя билан тилга оладиган тиббиёт ходимлари эса жонбозлик намунасини кўрсатиб, беморларнинг дардига малҳам бўла бошлади. Зудлик билан янги тиббиёт ускунлари, касалликни аниқловчи тест тизимлари сотиб олинди. Зарурат юзасидан уйда ўтирган талабалар, ўқувчилар учун онлайн дарслар ўтилиши йўлга қўйилди. Камхарж оилаларга узлуксиз ёрдам бериш марказлари ишга тушди. Маҳаллаларда кўчма бозорлар ташкил этилди...

Саноқли кунларда амалга оширилган бу маҳобатли ишларнинг кўлами ҳайрату лол қолгуликдир. Энг муҳими, бу ишлар Ўзбекистоннинг азиз фуқаролари коронавирус деган офатнинг кўринмас чангалидан азият чекмасин, деб амалга оширилаётганини одамлар ҳис қилди.

Улар Ватанлари борлигини, бу Ватан уларни офат билан ёлғиз қолдирмаслигини, ғамхўрлигини, меҳру муҳаббатини, муруввату саховатини англадилар. Биз гоҳида бўлар-бўлмасга (баъзан майда манфаатларимиз учун) тилга оладиган Ватан сўзи энди ўзгача маъно касб этди. Одамларнинг кўз олдида Ватан улуғвор қиёфада намоён бўлди...

Яна бир муҳим жиҳат. Янги Ўзбекистонни яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар — ислоҳотлар ҳам аслида одамлар учун эканини фаҳмли кишилар яна бир бор дилдан ўтказдилар. Ватани борлигини ҳис этиш энг улуғ туйғудир. Аслида мустақилликни орзу этган, унинг амалда йўқчиликдан ривожланиш сари барпо бўлаётганини кўриб турган ёши улуғ ватанпарвар авлод вакиллари Ўзбекистон деган юртнинг қиёфасини шу тарзда тасаввур этганлар. Буюк жадид боболаримиз — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби миллатнинг озодлиги йўлида жонини фидо этганларнинг орзусидаги Ватан ҳам худди шундай қиёфада бўларди, деб ўйлайман. Аниқ. Худди шундай бўлади. Чунки тарихдан озми-кўпми хабари бор муаллифингиз бу мақолани ёзиш жараёнида ўйлаб кўриб, таққос учун бирор-бир мисол тополмади.

Ватаннинг бундай қиёфаси ўз-ўзидан барпо бўлгани йўқ. У юксак руҳли одамларнинг матонати туфайли дунёга келди ва келяпти.

Халқни қадрлаш ҳақидаги гап-сўзлар ҳар бир одамнинг қадру қийматига етилганидагина моддий кўриниш олади. Шу кунларда бу тарзда одамлар қадрига етиш ҳар қадамда учраб турибди.

Мисоллар келтираман. Менинг Алишер Мирзо деган қадрдон дўстим, тенгдошим бор. Ниҳоятда истеъдодли рассом. Ўз касбида — тасвирий санъатда ниҳоятда катта ишларни амалга оширган. Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам довруқ таратган. Ана шу одам кейинги пайтда китоблар ёза бошлади. Китобларини ўқиб шундай дўстим борлигидан фахрланиб юрибман. Шу кунлар у кечаю кундуз  бош кўтармай ишлаяпти. Китоб устига китоб битяпти. Етмишдан ошиб қолган ижодкорнинг бу меҳнати, албатта, мардонавор руҳнинг маҳсули.

Ана шу дўстим билан яқинда телефонлашиб қолдик. У менга қизиқ бир воқеа айтиб берди.

Хуллас, Алишерга бир дори керак бўлиб қолибди. Уйи атрофидаги дорихоналардан суриштирса, топилмабди. Узоқроққа борай деса, карантин. Телевизордан карантин муносабати билан кексаларга беминнат хизмат кўрсатилаётганини эшитган рассомимиз уларга қўнғироқ қилибди. Қарабсизки, бир кун ўтмасдан ўша дорини келтириб беришибди. Қалай?

Алишер хурсанд. Мен ҳам беминнат хизмат қилаётганларни роса алқадим. Шундай оғир кунларда ҳар бир инсоннинг оғирини енгил қилаётганларнинг оти нима бўлади? Оти ўша, юқорида айтганим, Ватан! Шундай Ватанда яшаётганимиздан фахрландим.

Яна бир мисол. Сервер Жепаров деган футболчи бор. Ўзбек футболига меҳнати сингган инсон. Терма жамоамизнинг сардори бўлган. Икки марта Осиёнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Машҳури олам! Шу одам ота юрти Татаристондан Тошкентга самолётда ўғли билан учиб келади. Тошкентда эса карантин. Уларни янги қурилган карантин минтақасига элтиб жойлаштиришади.

Яқинда Сервернинг карантин муддати тугаб, уйига қайтди. Умр бўйи қаттиқ меҳнатга ўрганган (профессинал спорт оғир, заҳматли иш) йигит интернетда миннатдорлик билан тўлиб-тошган хатини эълон қилди.

Унинг айтишича, карантиндаги тўрт кишилик хонада яшаш учун олий даражада шароит яратилган экан. Кондиционер, музлаткич, телевизор, телефон, чой қайнатадиган мосламалар, чойнак-пиёлалар... У карантиндагиларга берилаётган таомларни бирма-бир санаганда эса, ў-ҳў, курорт-ку, деб юбордим. Ҳеч нарса унутилмаган, эҳтимол, бадавлат одамларнинг дастурхони ҳам бу қадар бўлмас. Яна бу меҳмоннавозликнинг барчаси — бепул! Ўша Ватанга айланиб бораётган давлат ҳисобидан! Тиббиёт ходимларининг беминнат хизматларини ҳам спортчи қайта-қайта эслаган ва миннатдорлик билдирган!

Бу ҳол бизнинг мамлакатда ўз фуқароларига бефарқ бўлмаган юксак руҳли жонкуярлик борлигидан далолат беради.

Энди ижодкорларга кўчсак. Улар нима қиляпти?

Ҳақиқий ижодкорлик тартибни, вақтни тежаб сарфлашни ва фидокорликни хуш кўради. У ёлғиз қолингандагина гуллаб-яшнайди. Бу ёлғизликнинг меваси сифатида мардонавор руҳ ва юракни ўстирадиган, одамни одам қиладиган туйғуларга йўғрилган янги-янги асарлар дунёга келади ва улар халқнинг маънавий бойлигига айланади.

Карантин, ўзи билиб-билмай, ижодкорга шундай шароит яратиб берди.

Пушкиннинг ҳаётидан бир лавҳани эсланг. Россияда мана шундай бир эпидемия балоси авж олганда, карантин эълон қилинади. Шоир Болдино деган қишлоқда қамалиб қолади. Бунинг натижасида рус адабиётининг гултожи ҳисобланган шеърлар ва достонлар яратилди.

Ҳақиқий ижодкорлар — Ватани борлигини ҳамиша ҳис этадиган инсонлар. Мен Ватанининг дарди билан ёнмаган бирор-бир катта адибни кўрганим йўқ. Бу ўртанишда эса жуда улкан ҳақиқатлар ётади. У сохталикни, ёлғонни, хушомадни, ҳасадни... — шайтоннинг аврашида одамлар руҳига сингишга ҳаракат қиладиган турфа иллатларни тамоман рад этади. Натижада бу рад этиш жараёнидаги талотўмлар унинг ижодига кўчади. Бу осон иш эмас. Ҳақиқий истеъдодли — ҳамиша бир қадам олдинда юрадиган инсон. У ўзининг кучли руҳи ва матонати билан мана шу бир қадам йўлни яратади. Шу ўринда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини эслашнинг ўзи кифоя. Кечагина сафимиздан кетган ва бугун ижод қилаётган адибларимиз ижодида ҳам мана шу бир қадамни ҳайиқмасдан қўйганлар талайгина. Бу бир қадам эса Ватан равнақини кўриш йўлида қўйилган матонатли қадамлардир. Ҳа, бу бир қадамнинг яна бир омили бор: эзгуликка ташналик.

Бугунги Ўзбекистондаги халққа бўлаётган ғамхўрлик эса ана шу эзгуликнинг юксак намунасидир. Ўзини таниган ижодкорлар бу эзгуликни яратган ва яратаётган раҳбариятнинг саъй-ҳаракатини ҳеч қачон унутмайди. Чунки эзгуликка интилишнинг шу нуқтасида ҳукумат ва ижодкорларнинг халққа, Ватанга бўлган меҳру муҳаббати муштараклик касб этди.

Бу уйғунлик Ўзбекистонда мудом бор бўлишини чин дилдан истаб қоламан.

Коронавирус эса енгилади. Албатта, енгилади.

Усмон Азим,
Ўзбекистон халқ шоири.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech