20 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,2 °C

Кейинги авлод
27 Июл  2019 754

Стартапга бир миллиард

ТДТУ талабалари 3D-принтерлар ва бионик протезлар ишлаб чиқарувчи стартап (инглиз тилидан - «start-up» - «старт олувчи, бошланғич» операцияларни амалга оширувчи қисқа тарихга эга компания ёки ишлаб чиқариш)ни қандай яратдилар.

Лойиҳа тарихи 2015 йилдан бошланган. Ўша пайтда иккинчи курс талабаси Алибек Жуманиёзов университет қошидаги ёш ихтирочилар мактабида таҳсил оларди. У ерда тўрт кишидан иборат ғайрат-шижоатли, илмга чанқоқ жамоани шакллантирди ва қизиқарли – 3D-принтерларини ишлаб чиқариш лойиҳасини таклиф этди.

Ушбу ғоя Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Америкадан «MakerBot» 3D-принтерини харид қилганидан сўнг бўлди. Принтер жуда қиммат - 4000 доллар турарди. Ўшанда болалар ўзларига шундай саволни беришди: нима учун 3D-принтерни бир неча марта арзонроқ нархда ўзимиз ишлаб чиқара олмаймиз?!

Биринчи намунани ишлаб чиқишга бир ярим йил вақт кетди. Уни қўлларида бор нарсаларни биттама-битта тўплаб ясадилар. Шундай қилиб, жасурона ғоя ақлли ва ғайратли болаларни атрофига тўпланган улкан мавзуга айланди. Эндиликда у тўрт дўст томонидан таъсис этилган муваффақиятли «InnoGroup» компаниясидир.

Жамоа аъзолари: лойиҳачи - Бобурбек Неъматов, маркетолог - Беҳзод Тўхтамуродов, принтинг бўлими мудири - Жавоҳир Тошпўлатов ва механик Алибек Жуманиёзовлардир. Ҳаммаси битта университет талабалари.

3D-принтер қандай ишлайди?

Принтер Дельта-конструкциядан иборат бўлиб, ичи бўш деворларга эга учбурчак қутига ўхшайди. Ҳажмли маҳсулотларни ишлаб чиқариш принтерга 3D-форматида керакли параметрларни белгилаб киритадиган компьютер дастуридан бошланади. Пластик сим шаклидаги хомашё қувур орқали 260° даражагача қиздирилган босма каллакка йўналтирилади, эритилган масса кичик тешикдан сиқиб чиқарилади. Шундай қилиб, иститилган стол юзасига «қайноқ крем»нинг биринчи қатлами қуйилади. Стол тез совийдиган пластмасса бир зумда қотиб, қатламлашиб кетмаслиги ва координаталарнинг бузилишига олиб келмаслиги учун иситилади. Айтиб бўладими, тўғри ва тик махсус ўзак ўрнига худди Оғма минора каби қийшайган маҳсулот чиқиб қолиши ҳеч гап эмас.

Чоп этиш каллаги ричаг тизими томонидан бошқарилади – бу худди қўғирчоқбоз иплар ёрдамида уни ҳаракатга келтиргани каби. Шундай қилиб, принтер минглаб жуда нозик қатламларни бир-бири устига ётқизиб, осмонўпар бино макетидан тортиб, соатларнинг митти тишли ғилдирагигача ярата олади.

Аммо «InnoGroup» жамоаси бу билан тўхтаб қолгани йўқ. Улар бионик қўл протезларни ишлаб чиқаришда энг янги технологияларни қўллашга қарор қилишди. Биринчи намунани «Стартап-ташаббуслар-2018» танловида намойиш этишди ва учинчи ўринни эгаллаб, 40 миллион сўмлик совринга эга бўлишди.

Бионик протез - бу инсон мушакларига уланган датчиклар ёрдамида бошқариладиган роботлаштирилган механизмдир. Импульс микрокомпьютер томонидан қайта ишланади ва юритгичларни ишга туширади. Шундай қилиб, ногиронлиги бўлган киши оддий ҳаракатларни мустақил бажара олади. Масалан,  бир стакан сувни олиш. Протез смартфон каби тармоқдан қувватланади.

Ёш ихтирочиларнинг ишини университет қўллаб-қувватлади ва Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази орқали уларга офис учун бепул жой ажратди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан учрашув чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишланмага қизиқиб қолди. Якуний натижа эса - давлат ушбу лойиҳа учун бир миллиард сўм маблағ ажратди.

Бундан илҳомланган ёш истеъдодлар энди ўз ихтиросини такомиллаштириш ҳақида, шунингдек, ўрта мактабларда техникага қизиқиши кучли юқори синф ўқувчиларини ҳам бундай технологиялар билан таништириш фойдали бўлиши тўғрисида бош қотиришмоқда. 

Константин Башлаев.
«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech