20 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,1 °C

Ижтимоий ҳаёт
2 Мая  2019 6285

Сизни кутишадиган ва ёрдам беришадиган жой бор...

Ўша кунни Дилноза (исм ўзгартирилди) худди кечагидай эслайди. Барчаси оилада касал фарзанднинг туғилиб, ота-она елкасига тушган масъулиятни тушуниб етмаган эри билан айтишиб қолишдан бошланди. Турмуш ўртоғи чақалоқнинг бобоси, яъни отаси тарафда туриб жарроҳлик амалиётига қарши бўлди, лекин фақат операциягина гўдакнинг касал юрагини қутқариши мумкин эди. Ёшлар ўзаро бир-бирини айблашлар, кесатиқларнинг қандай қилиб катта жанжалга айланиб кетганини сезмай қолишди.

Хуллас, бунга чидолмаган келин болаларини олиб кетиб қолди. Ота уйида эса уни фақат онаси кутарди.

Икки аёл ҳам ишламасди. Дилнозага эса нафақат болаларини едириб-ичириш ва кийинтириш, балки касал фарзандининг даволаниши учун пул зарур эди. Эри уларникига келмас, молиявий томондан кўмаклашмасди. Бироқ ёш она боласини даволатиш ва меъёридаги ҳаётга қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилди. Бу вақтга келиб эрининг виждони уйғонди, лекин оиласини қайтармоқчи бўлганда рад жавобини олди.

Дилнозанинг қалбида энг оғир дамларда ёнида турмаган эркакка нисбатан жуда улкан аламзадалик бор эди. Бундай ишларни кечириш осон бўптими. Оила ажрашиб кетиш арафасига келди. Аммо бунга жамоатчилик аралашди: узоқ суҳбатлашишлар натижасида ёш аёлни бир амаллаб кўндиришди ва у яна оиласига қайтишга, ҳаётини тоза саҳифадан бошлашга рози бўлди.

Дилнозанинг оиласи – 248 та (2019 йилнинг биринчи чораги бўйича) яраштириб қўйилган ёш оилаларнинг биттаси, холос. Бунда эса оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва ажирим жараёнлари сонини камайтиришни мақсад қилган Олий суд ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум қўл келди.

– Ажрашишларнинг ярмидан кўпи, яъни 55,1 фоизи – мунтазам равишда келиб чиқадиган можаролардан юзага келади, – дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳфуза Ҳамраева. – Шунингдек, бунда учинчи шахслар – қайнона ва қайноталарнинг аралашуви билан содир бўлган ажрашишлар ҳам катта кўрсаткичга эга – 16,7 фоиз. Ажрашган жуфтларнинг 9,8 фоизи турмуш ўртоғидан бири спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандликка ружу қўйгани сабабли бирга яшашмаган, тахминан олти фоизи фарзанд бўлмагани учун, тўрт фоизидан кўпроғи - хиёнат туфайли ажрашган. Тахминан икки фоиз жуфтлик молиявий қийинчиликларга бардош бера олмаган.

Замонавий оила муаммоларини ўрганувчи тадқиқотчилар ажралишлар сонининг кўпайишини жамият бўғинида педагогик салоҳиятининг пасайиши, оилавий қадриятларнинг йўқолиб бориши билан боғлайдилар. «Оила» марказининг туман ва шаҳар бўлимлари маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Навоий вилоятида 278 та нотинч оила аниқланган. Улардан учдан бир қисмига яқини алкоголизм ва гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммолардан азият чекади, моддий қийинчиликларга дуч келганлари ҳам учрайди, баъзилари доимий яшаш жойига эга эмас. Паст ижтимоий мақомга эга оилаларнинг катта қисми доимий можаролар муҳитида яшашга мажбур. Уларнинг атрофдагилардан шахсий кўнгилсиз сирларини бекитишга тўғри келадиган турмуши нобарқарор ва келажакда нималар кутаётганини олдиндан айтиб бўлмаслиги билан ажралиб туради.

Бундай оилаларнинг қоидаларида, айниқса, аёллар ва болалар учун ўз эҳтиёжлари ва ҳис-туйғуларини эркин ифода этишни тақиқлаш муҳим ўрин тутади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ватандош аёлларимизнинг жамиятдаги, оиладаги позициясини тубдан ўзгартиришни назарда тутувчи ижтимоий-иқтисодий сиёсатда аёлларни реабилитация қилиш муаммоси марказий ўринлардан бирини эгаллар.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Fаcebookдаги биринчи саҳифада ўз позициясини шундай билдиради: «Зўравонлик ҳақида мамлакатимизда узоқ вақт жимлик сақлаб келинди, бироқ бу ҳақда очиқ гапиришнинг пайти келди. Мамлакатимиз аёллари содир бўлаётган вазиятлар ҳақида ҳатто, яқин қариндошларига ҳам айтишга қўрқади, уялади. Буни ўзгартириш лозим». Бу республика бўйлаб зўрликдан азият чеккан шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларини ташкил этиш ва Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлимлари қошида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш муаммосини ҳал этиш бўйича комплекс ёндашув доирасида уй террорига қарши фаол курашнинг бошланиши бўлди. Оғир турмуш шароитига тушиб қолган ватандош аёлларимизга махсус жойларда анонимлик асосида ижтимоий, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатилмоқда. Бу жойга кўпчилик иложсизликдан мурожаат қилади. Мана, бир ҳаётий мисол. Ўрта ёшлардаги аёл узоқ йиллар давомида баджаҳл ва зўровон эридан азият чеккан. Турмуш ўртоғига меҳр ва ўзаро бир-бирини тушуниш зарур бўлган пайтда зўровоннинг мақсади уйда ким хўжайинлигини кўрсатиб қўйиш ва бутун оилани назоратда ушлаш бўлган. Икки фарзанд улағаяётган оилада эркак кишини ўзини бундай тутиши қўрқув ва ҳадик уйғотарди. То махсус жойга мурожаат қилгунча «Бутун умрим шундай азобда ўтаркан-да, бировнинг мен билан сариқ чақалик иши йўқ», дея кўп ўйларди зўровонлик қурбони. Марказ ходимлари қаттиқ чиранишлар ёрдамида аёлни бошқа шаҳарга кўчириб, мутахассислиги бўйича ишга жойлашишига, асосийси, сўнгги пайтларда тушиб қолган руҳий тушкунликдан чиқишига ёрдам беришди.

– Нима қилишни билмай, тузоққа тушиб қолган аёлда ўз жонига қасд қилиш фикри пайдо бўлаётганини аниқлаган марказ психологи унга ҳақоратли ва зўравонлик муносабатларидан қутулишга ёрдам берди, – дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бўлими ҳузуридаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ижрочи директори Раъно Шербўтаева. – Бизга мурожаат қилгач, аёл нафақат ёрдам қўлини ҳис этди, балки уни қабул ҳам қилди. Эри билан бўлган муносабатлардаги инқирозли вазиятнинг сабаблари ва характерини тўғри баҳолаб, ўз ҳаёти ва истиқболи ҳақида ҳар томонлама ўйлаб кўргач, юзага келган ҳолатда чиқишнинг мақбул йўлини танлади. Бунда муаммо шундаки, оиладаги зўравонлик одатда меъёр ва ички шахсий масала ва унга ҳеч ким аралашишга ҳақли эмас, дея қабул қилинади. Ва кўпинча бу шафқатсизлик дейилмайди ва бундай деб тан ҳам олинмайди. Шунинг учун, жамиятда ҳукм сураётган аёлнинг «ўзига яхши бўлади», деган хурофий тушунчалар ва урф-одатлар, назорат қилиш шакли сифатида уйдаги ўзбошимчаликлар оқланмаслиги лозим.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш Марказлари (шелтер) фаолияти якунлари бўйича ўтказилган брифингда таъкидлаб ўтилганидек, 89 нафар хотин-қиз вилоят марказларига мурожаат қилган. Шундан 12 тасига тиббий, 22 тасига психологик, 24 тасига юридик ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 11 нафар аёл иш билан таъминланди, тўққиз кишига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олишда ёрдам берилди, 33 та оила яраштирилди. Руҳияти ўзгарган икки аёлни даволашда моддий ёрдам кўрсатилди, бир аёлга эндопротез билан таъминлаш учун вилоят ҳокимлиги 28 миллион сўм пул ажратди, вилоятнинг яна бир фуқароси пойтахтда жарроҳлик операцияси ўтказиш учун ҳомийлик ёрдамини олди.

Мамлакатимизда Пробация хизматининг жорий этилиши хотин-қизлар ўртасида такрорий жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида илгарилаш имконини берди. Жазоси озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган маҳкумларнинг мослашув модели жамиятдан ажралмаган ҳолда ишламоқда, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам берилмоқда. Бу аёлллар масаласида, айниқса, долзарб. Айни пайтда Навоий шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳида 42 нафар хотин-қиз жазони ўтамоқда. Ўн нафар аёл ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган, 28 тасига - эркинликни чеклаш, яна тўрттасига жазони шартли равишда ўташ тайинланган. Аёллар билан шахсий суҳбатларида улар тилга олган масалаларни умумлаштирган мутахассислар уй-жой этишмаслиги, мутахассислик бўйича ишга жойлашиш, кам ҳақ тўланадиган иш, таълимни давом эттириш, ҳужжатларни тиклаш каби муаммолар борлигини аниқлашди. Уларнинг кўпчилиги бизнесда ўзларини синаб кўришни истайди, аммо бошланғич капиталга муҳтож. Ўз бизнесига эга бўлганлари ҳам бор. Масалан, Дурдона Санаева Навоий маҳалласида тикув цехини очди ва 60 та иш ўрни яратди. Ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Вилоят Пробация хизмати вакилларининг ишонч билан айтишларича, муаммоларни ҳал этишда, тегишли ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, энг аввало, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари манфаатдор. Уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкин.

Дилфуза Ғуломова.

«Правда Востока».

Навоий вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech