30 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +2,5 °C

Рақамлаштириш
8 Апр  2020 1864

Тараққиётнинг энг мақбул йўли

Сўнги йилларда ривожланиш суръати туфайли кўз олдимизда турмушимиздаги кўплаб мушкулоту азобларимиз енгиллашганига гувоҳ бўламиз. Саксонинчи йилларнинг оҳирида бир варақ хатни ёзув машинкасида «тарақ-туруқ» қилиб теришга тўғри келар эди. Агар битта-иккита хато учраб қоладиган бўлса, бутун варақни яна қайта теришга тўғри келар эди. Матнларни узоқ масофаларга узатадиган «факс»лар тезлик билан ҳаётга кириб келди. Кейинроқ, уяли телефонлар узоқни яқин қила бошлади, одамлар яқинлари билан кўчада кетаётиб юз кўриб гаплашашиш имкони яралди. Интернет тараққий топгач, у орқали нафақат матн, балки тасвир, овозни узатиш имкониятлари пайдо бўлганидан кейин «диск»лар, «факс»лар қандай тезлик билан кириб келган бўлса, шундай тезлик билан истеъмолдан чиқиб кетди. Одамлар уйдан туриб банклардан кредитларни он-лайн орқали қисқа муддатларда расмийлаштириб олишлари мумкин, замонамиз олимлари ўзини-ўзи бошқарадиган машиналар яратиб, уни такомиллаштириш борасида бош қотира бошладилар. Аста-секинлик билан рақамли технологиялар теграмизни қамраб ола бошлади.

Рақамли технологиялар турмушимизнинг барча соҳаларига самарали хизмат қилиши кундек равшан. Масалан, бугунги кир ювиш машинаси уй бекасининг ишини енгиллаштирган. Почта хизматининг иши анчагина қисқариб кетди. Хатлар ер куррасининг исталган нуқтасига сайт ва иловалар орқали сониялар мобайнида етиб боради. Технологиялар мулоқот жараёнларида катта инқилоб ясади.

1990 йилда англиялик олим Тим Бернерс-Ли интернетдан миллионлаб одамларни баҳраманд этадиган кодни яратди. Ўша пайтда бу кашфиёт иқтисодиётда, индустрияда ва бизнинг ҳар биримизнинг фаолиятимизда канчалик даражада акс-садо бериши, балки кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Бугунги кунда жаҳондаинтернетдан фойдаланувчилар сони 4 миллиард бирликни, уяли жиҳозлар сони эса ер юзи аҳолиси сонидан ҳам ортиқроқ бўлиб, 8,1 миллиард бирликни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте «рақамли иқтисодиёт» атамасини амалиётга киритди. Ҳозирги пайтда бу истилоҳ жаҳондаги барча сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, тадбиркорлар — деярли барча фаол ҳаётий пазицияга эга бўлган инсонлар тилидан тушмай қолди. 2016 йилда Бутунжаҳон банки дунёдаги рақамли иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида илк марта маъруза эълон қилди.

Дунё олимлари бизнинг юртдошимиз Муҳаммад ал Хоразмий томонидан узоқ мозийдаёқ кашф этилган «ноль» рақами ёрдамида бугун катта кашфиётлар қилинаётганини, айниқса уяли алоқа тизими дунёни эгаллаганини бугунги кунда ҳам тан олишмоқда.

Аслида, рақамли иқтисодиёт – бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизимидир. Баъзида у интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт деган атамалар билан ҳам ифодаланади. Тараққиёт нуқтаи назаридан тилга олинадиган рақамли иқтисодиёт тушунчаси эса иш юритишнинг электрон тижорат билан боғлиқ йўналишларига асосланган фаолиятини ҳам назарда тутади.

Баъзида рақамлаштиришни ахборотлаштириш билан чалкаштирадилар. Бироқ уларнинг ўртасида фарқ мавжуд. Рақамлаштириш — ўз фаолиятида мустақиллик касб этади, у масалани ҳал этишнинг оқилона усулини ўзи танлай олади, таҳлил этади ва прогнозлайди. Фойдаланувчи унинг олдига қўйган масалани ҳал этиб беради. Бошқача айтадиган бўлсак, рақамли тизим — машинага қараганда анча тараққий этган, қарийб сунъий интеллект даражасидаги объектдир.

Рақамли иқтисодиёт борасидаги тараққиёт шу даражадажадаллашиб кетдики, жараённи иқтисодиётчиларнинг ўзлари ҳам идрок этиб улгура олмапятилар. Буни иқтисодий луғатни тўлдира бораётган янги атамаларнинг сонидан ҳам пайқаб олиш мумкин. Бу – фақатгина кейинги бир неча йилнинг ўзидаёқ эҳтиёж иқтисодиёти (on-Demand Economy), мобиль иқтисодиёт (Mobile Economy), ўзаро истеъмол иқтисодиёти (Sharing Economy), викиномика (Wikinomics), юксак технологияли туҳфа иқтисодиёти (The Hi-Tech Gift Economy), гигономика (Gig Economy) ва бошқа жуда-жуда кўп, қарийб120 сўз ва 60 га яқин атамаларнинг кириб келганидан ҳам яққолкўриниб турибди.

Ушбу янгиликлар ва жараёнларни таърифлаш учун уларнинг моҳиятини тадқиқ этиш ҳамда киберспорт, криптовалюталар, мессенжерлар, ботлар, троллар, вишинг, краудсорсинг, краудфандинг, вирус маркетинги, рақамли фабрикалар ва бошқаларнинг турфа ўзаро алоқаларини аниқлашга тўғри келади.

Шунингдек, ҳозирги пайтда рақамли иқтисодиётнинг асосий воситалари – нарсалар интернети (IoT - Internet of Things), катта маълумотлар (Big Data), сунъий онг (Artificial Intelligence), машинали таҳсил (Machine Learning), киберфизик тизимлар, блокчейн, нейрон тармоқлари, робототехника, 3D моделлаштириш, виртуал ҳақиқат, булутли ҳисоблаш ва бошқалар ҳисобланади.

Масалан, «сунъий онг» деган умумий атама турлича бўлган кўпгина концептларни ўз ичига олади. Бу кўпинча машинавий таҳсилни кўзда тутади. Мустаҳкамловчи чуқур таълимни олтин ўрталик деб ҳисоблаш мумкин. У нафақат санаш ва турли ҳаволалар қила оладиган, балки дунёни кўриб, эшита оладиган, шуниси билан бизнинг у билан мулоқотимиз усулини буткул ўзгартира оладиган дастурлаш таъминотини яратишга ёрдам беради.

Блокчейн - ҳисоб-китоб олами. У қаерда жойлашганидан қатъий назар, кўплаб рақамлар транзакциясини автоматик равишда ёзиб бориш ва қиёслаб, тасдиқлаш – яъни верификация қилишга қодир бўлган глобал реестрдир. 

Унинг қайта тақсимловчи шакли шуни ифода этадики, бу технология мажбуриятлари камёблашган ҳолатда саноатларнинг аксарият қисмини ўзгартириш салоҳиятига эга: пулни автоматизациялаш – эски янгилик, аммо мажбуриятларни автоматизация қилиш – бу катта бизнес. 

Ушбу жараёнлар реал вақт режимида бошқарилади, мониторинг ва назорат қилинади. Шунинг учун ҳам улардан фойдаланиш аниқ ва керакли натижаларни беради. Рақамли технологияларнинг бошқа омиллари сингари блокчейн амалга оширилаётган молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлашда жуда катта имкониятлар яратади. Бу эса кўплаб коррупция ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва унинг олдини олишга, маблағларнинг ўз вақтида, ўз ўрнида ва аниқ мақсадлар учун ишлатилишига ёрдам беради.

Рақамли иқтисодиёт биринчи навбатда коррупциядан холи ҳудудда ишлаш имкониятини яратади. У «хуфиёна иқтисодиёт»нинг асосий кушандасидир. Чунки, рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи қолмайди. Шунда иқтисодиётга йўналтирилган қонуний маблағлар ўз жойини эгаллайди. Айниқса, солиқлар ўз вақтида, тўғри ҳисобланади ва тўланади, бюджет тақсимоти ошкор олиб борилади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар, мактаблар, касалхоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ мақсадли етиб боради ва ҳоказо.

Шуни айтиш керакки, ҳозирга қадар рақамли иқтисодиёт аллақачон ҳаётимизга кириб кела олган. Ҳозирча ундан қисман фойдаланмоқдамиз. Шу боис рақамли иқтисодиётни ривожлантиришмасъулиятини бугунги кунда давлатимиз ўз зиммасига олаяпти.Шунинг учун ҳам Президентимиз 2020 йилни — Илм маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилди.

— Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт, — дедиПрезидентимиз Олий Мажлисга Мурожаатида. — Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Рақамли технологияларни бизни тараққиётга олиб борадиган энг қисқа йўл дея аташ ғоят оқилона ва одилона таъриф ҳисобланади. Юртимиз «Халқаро ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси» бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган. Бу эса қониқарли даража ҳисобланмайди. Бугунги кунда тараққиётнинг ана шундай нодир меваларидан соҳа асосчиларидан бириҳисобланган Ал Хоразмий бобомизнинг юртида ана шундайфойдаланилмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, ҳатто йирик давлат ташкилотлари, туманларнинг интернет сайтлари ҳам йўқ, бўлганлари ҳам ишламайди. Бугун бутун умидини келажакка, тараққиётга тиккан мамлакат учун бу мутлақо келишиб бўлмайдиган ҳолдир.

Ҳозирги кунда бутун рақамли иқтисодиётнинг 90 фоиздан ортиғи тўққизта компания - Apple, Google, Facebook, Amazon, Microsoft ва яна тўрта Хитой компаниялари томонидан бошқарилаётгани ҳаммага маълум.

Бугунги кунда мамлакатимизда биринчи навбатда «рақамли иқтисодиёт»ни ривожлантиришда туб бурилишни, яъни – илмий ютуқларнинг электрон платформасини, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини яратиш, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, соғликни сақлаш, таълим, кадастр ва архив ишлари соҳаларини рақамлаштиришни ўз олдида мақсад қилиб қўйган, рақамли маркалаш ва онлайн чипталар сотилиши алоҳида назоратга олинади.

Бу ҳолда ушбу йўналишни ривожлантиришда ҳаракатланувчи куч бизнес моделларидан фойдаланадиган платформаларнинг кўпайиши эканлигини таъкидлаш керак.

Мамлакатимизда, бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг улуши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида икки фоизидан ошмайди. Аслида эса, етти-саккиз фоиз ўртача ва мақбул кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳолда ишга тўсқинлик қиладиган омиллар мавжуд. Улардан бири ахборот коммуникация тизими (АКТ) соҳасига инвестициялар жалб қилиш суръатининг пастлигидир. Масалан, «www.review.uz» порталининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида соҳага инвестициялар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпайди. Бироқ, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баробар кам –0,9 триллион сўмга нисбатан – 1,9 триллион сўм. Аслини олганда, 2019 йилдаги инвестициялар икки йил олдингиларининг миқдори билан бир хилда. Яъни таққослаш учун. 2017 –2019 йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасига ҳар йили ўртача 200 миллион доллар инвестиция киритилган. Бу йўналишга фақатгина 2018 йилнинг ўзида АҚШ – 1,3 триллион доллар, ХХР – 499 миллион доллар, Белоруссия эса 1,5 миллиард тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган. IDC таҳлилий компанияси мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича АКТ харажатлари ҳар йили 3,8 фоизга ўсади ва 2023 йилга келиб, улар 4,8 трлн. долларга етади. Яъни, агар ушбу омилга эътибор берилмаса, рақамли иқтисодиёт бир жойда депсиниб тураверади.

Камчиликлар қанчалик тез бартараф этилса, тараққиёт шунчалик жадаллашиши мумкин. Бу ҳолда, биринчи навбатда интернетнинг секин ривожланаётгани билан биргаликда унинг юқори нархи масаланинг заиф томонлари сарасига киради. Айнан шу ҳолат мамлакатлар ўртасидаги рақамлаштириш даражасидаги улкантафовутда ўзини намоён этади. 2018 йилда Интернет тезлиги 10 маротаба–120 дан 1200 Гбит/с гача ошганига қарамай, 2019 йилдаги МДҲ кўрсаткичларига нисбатан Ўзбекистонда Интернетнинг ўртача тезлиги (мобил ва белгиланган кенг полосали алоқа) деярли икки баравар паст эди.

Нархнинг юқорилигига келганда шуни айтиш керакки, масалан, провайдерлар учун Интернет хизматлари тарифларнинг нархи 2019 йилда 1 Мбит/с учун 8,5 долларни, 2020 йил 1 январдан 56 минг сўм (5,8 доллар)ни ташкил этди. Тўғри, нархда сезиларли пасайиш содир бўлган. Бироқ интернетнинг дунёдаги ўртача баҳоси 1 Мбит/с учун тўрт доллар ҳисобланади. Бизда нарх бундан юқори.

Оптик толали алоқа линияларнинг умумий узунлиги борасида ҳам ортда қолмоқдамиз. Линия 12,7 минг километр бўлган 2013 йил билан таққосланганда, 2019 йилда у уч баравар кўпайди ва 36,6 минг километрга етди. Аммомамлакатимиз учун бу қаноатланадиган кўрсаткич эмас.

Алоқа таянч станциялари сон жиҳатдан ҳам талабга жавоб бермайди. Мамлакатимизда 1 600 кишига битта таянч станцияси тўғри келади. Масалан, Қозоғистонда битта шундай минора 643 фуқарога, Россияда эса 235 кишининг АКТ га бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Ахборот технологиялари вазирлигининг маълумотларига кўра, республикамиздаги таянч уяли алоқа станцияларининг умумий сони 26 мингтадан ошган (2017 йилда уларнинг сони 18 194 тани ташкил этган).

Онлайн-савдо майдончалари етарли даражада эмас. Электрон тижорат йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида «e-tijorat.uz» электрон тижорат субъектларининг миллий реестри яратилди, ундан ҳозирга қадар атиги 42 субъект рўйхатдан ўтган, холос. Шу билан бирга, www.uz миллий ахборот-қидирув тизимида атиги 69 та (2019 йил ноябр ҳолатига кўра) электрон тижорат соҳасида ишлайдиган веб-сайт мавжуд. 2019 йилнинг иккинчи чорагида ушбу сегментдаги битимлар сони 75,39 миллион, суммаси эса 3,515 триллион сўмни ташкил этди.

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт тараққиётини барқарор этиш биринчи навбатда уяли алоқа тизимини кўнгилдагидек йўлга қўйишдан бошланади. АКТ нинг асосий инфратузилмаси даражасини ошириш, шаҳарларнинг оптик-толали алоқа билан жиҳозлашни тезлаштириш, кенг полосали симсиз уланиш қамрови ва уни тарқатиш тезлиги улушини ошириш, иқтисодий жараёнларга Интернет билан боғлиқ, илғор технологияларни кенг жорий қилинишини, шунингдек чекка ҳудудлардаги асосий тармоқ инфратузилмасига киришни таъминлаш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Давр олдимизга қўяётган марраларга эришиш учун соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, шунингдек дастурий маҳсулотлар саноатини (платформалар, иловалар, дастурлар ва бошқалар) ривожлантиришга ҳар томонлама ҳисса қўшиш зарур бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 17 мартдаги Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда рақамлииқтисодиётни жорий этиш борасидаги яна бир муҳим ва амалий қадам бўлди.

Биз, шунингдек, давлат органларининг ахборот тизимлари интеграциясини ва киберхавфсизликни кафолатлаш, шунингдек АКТ маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш (экспорт қилиш)ни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни барқарор этсак, барча мулкчилик шаклидаги корхоналар фаолиятида электрон ҳужжат айланишини қанчалик тез жорий этсак, шаффоф электрон тижоратни ривожлантириш даражасини оширсак кўзда тутилган мақсадларгашунчалик тез эришамиз.

Жамшид Раупов,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ
тадқиқотлари институти Блокчейн технологиясини ўрганиш ва таҳлил қилиш бюроси бошлиғи.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech