13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,4 °C

Ҳукумат
27 Окт  2018 1186

Тошкент барча соҳаларда намуна бўлиши керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар, истиқболдаги режалар билан танишди.

Тошкент шаҳрининг 2018-2019 йиллардаги инвестиция салоҳиятига оид маълумотларга кўра, икки йилда пойтахтимизда 417 та лойиҳани амалга ошириш ва бунинг натижасида 25 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. Уларнинг 264 таси саноат, 153 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишлидир. Жорий йилнинг 9 ойида жами лойиҳалар учун 257,5 миллион доллар ҳажмдаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

2019 йилда 1 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 181 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланган. Жумладан, Юнусобод туманида 38 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг иқтисодий имкониятлари кенглиги, пойтахтимиз барча соҳада намуна бўлиши кераклигини таъкидлади. Лойиҳаларнинг кафолати, самаралари билан қизиқди. Мутасаддиларга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини янада ошириш, янги корхоналар ташкил этиш ва солиқ тушумини кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Президентимиз Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқич қурилишини кўздан кечирди.

Тошкент шаҳрида аҳоли учун қулай шароит яратиш, сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш қамровини кенгайтириш ва метрополитен хизматини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши қизғин давом этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февраль куни Юнусобод туманида бўлиб, метрополитен қурилиши билан танишган эди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда бунёдкорлик ишларининг боришини кўздан кечирди, қурувчилар билан мулоқотда бўлди.

Тошкент метрополитени 40 йилдан кўпроқ тарихга эга. Метрополитен йўловчи ташишда қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан энг самарали транспорт воситаси ҳисобланади.

Юнусобод йўналишида қурилаётган метро участкасининг узунлиги 2,9 километр бўлиб, 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган. “Туркистон” ва “Юнусобод” янги метро бекатларидан иборат.

Энг асосий масала пойтахтимиз кўчаларидаги тирбандликнинг олдини олиш. Бунда метро энг қулай воситадир, деди Шавкат Мирзиёев. Бунёдкорлик ишлари бундан кейин ҳам тизимли давом эттирилади.

Айни пайтда ушбу бекатлар ҳамда улар оралиғида туннель қазиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу туннелни ёпиқ усулда қазиш учун Германиядан “Herrenknecht“ компаниясининг механизациялашган мажмуаси келтирилди. Бу улкан техника май-сентябрь ойлари давомида йиғилди. Соҳа мутахассислари Германияда малака ошириб қайтди. “Кўприк қурилиш трести" унитар корхонаси томонидан туннель деворларини мустаҳкамловчи тюбинглар ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.

Мажмуа бир суткада 12 метр қазиш ва 8 та халқа ўрнатиш имкониятига эга. Бугунги кунгача 350 та халқага етарли конструкциялар захираси яратилган.

Президентимиз ушбу мажмуани кўздан кечирди. Мутасаддиларга метро бекатларининг кўриниши ва инфратузилмаси бўйича тавсиялар берди.

Транспорт коммуникацияларини қуришда шаҳарнинг келгуси ривожини ҳисобга олиш, ҳамма учун қулай бўлишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари жойларга ташрифи чоғида ёш авлод тарбиясининг бирламчи ва муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини юксалтириш, боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни моҳир педагоглар билан таъминлаш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида Юнусобод туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Боғишамол маҳалласида жойлашган “Севинч” номли 74-мактабгача таълим муассасаси болалар учун ҳақиқий орзулар масканига айланди. Муассаса жорий йилда тубдан таъмирланиб, Президентимиз ташрифи арафасида фойдаланишга топширилди.

275 ўринли муассаса инновацион технологиялар асосида жиҳозланган ва мамлакатимиздаги илк “ақлли боғча” ҳисобланади. Бу ерда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат ускунаси, ҳар бир хонага домофон ўрнатилган. Ота-оналар фарзанди қайси гуруҳда бўлса, шу хонани боғловчи тугмани босгандан сўнг тарбиячи болани олиб чиқиб беради. Бинога кираверишда қўйилган таблодан боланинг ўз гуруҳига кирганини кўриш, гуруҳлардаги машғулотларни онлайн кузатиш мумкин.

Зина ва хоналарга ишланган рангли белгилар, тафаккурга ундовчи расмлар болаларни ранг билиш, санашга ўргатади. Йўл кўрсатувчи рангли чизиқлар орқали кичкинтойлар ўз гуруҳини қийналмасдан топиб боради.

Машғулот хоналарида “Илк қадам” дастури асосида ишлаб чиқилган мультимедиа тажриба-синов дастурига эга мониторлар ўрнатилган. Бу дастурдаги турли соҳаларга оид суратлар, интерфаол ўйинлар ёрдамида болаларнинг билим ва кўникмаси шакллантирилади.

Адлия вазирлиги буюртмаси асосида “Sotol systems” компаниясида ишлаб чиқилган ушбу дастур онлайн тарзда ишлайди. Уни ота-оналар ҳам уяли телефонига юклаб олиб, уйда телевизор орқали фарзандларини шуғуллантириши мумкин.

Давлатимиз раҳбари боғчада яратилган шароитлар билан танишди, тарбиячилар билан мулоқот қилди.

Болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиғи биз учун энг муҳим масала. Шунинг учун давлат томонидан мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши. Сизларнинг вазифангиз болаларнинг кўзидаги нурни илғаб олиш, уларга яхши тарбия бериш, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ва уларни ривожлантиришга оид лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Президентимиз бу борадаги таклифларни маъқуллаб, давлат-хусусий шериклик асосида янги боғчалар қуриш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш ва келгусида юз фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Жанубий Кореянинг Пучон университети раҳбарлари билан видеоконференция орқали мулоқот қилинди.

Президентимиз боғча тарбияланувчиларига совғалар берди.

Шавкат Мирзиёев “Business city – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишди.

Пойтахтимиз улкан бунёдкорлик лойиҳалари эвазига кун сайин гўзал қиёфа касб этиб бормоқда. Янги-янги аҳоли массивлари, муҳташам кўприклар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотлар шаҳарни нафақат архитектуравий жиҳатдан, балки яшаш ва дам олиш, бизнес юритиш шароитларига кўра қулай мегаполисга айлантирмоқда.

Узоққа бормайлик, шаҳарнинг қоқ марказида қад ростлаётган “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиш бобидаги тасаввурларимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Бу ерда замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида тикланаётган осмонўпар иморатлар Тошкентга дунёнинг шаҳарсозлик соҳасидаги диққатга сазовор марказларидан бири мақомини олиш имконини беради.

Тараққиётнинг бугунги суръатлари, аҳолининг яхши яшашга бўлган эҳтиёжи, жаҳондаги ўзгаришлар кўламини ҳисобга олган ҳолда пойтахтимизда бир нечта замонавий ишбилармонлик марказлари қад ростламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 августдаги Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Юнусобод туманининг Отчопар – 2 маҳалласи ҳудудида қуриладиган “Business city” – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик маркази уларнинг навбатдагиси бўлади.

Ушбу замонавий ишбилармонлик марказидан кўп қаватли турар жой мажмуалари, бизнес-офислар, савдо-кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналардан иборат кўп тармоқли мажмуалар, сайлгоҳлар, ижтимоий объектлар, тиббий-соғломлаштириш марказлари ўрин олади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг қиймати 500 миллион доллар бўлиб, 2019-2023 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари янги ишбилармонлик маркази қурилишида рельефдан оқилона фойдаланиш, дунё шаҳарлари тажрибасини ўрганиш зарурлигини қайд этди. Уни барпо этишга хорижий инвесторлар, тажрибали лойиҳачи ва қурувчиларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди. У профессионал сервис компаниялари ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Президентимиз туманда ушбу тизимни жорий мавсумдаёқ татбиқ этиш, ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгасини топиб, уларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади.

Инновацион, илмий ва ташкилий ишларни бирлаштириб, баравар олиб бормасак, бу соҳа эскича ҳолда қолаверади. Коммунал хизматлар хусусий корхоналар томонидан амалга оширилмаса, сифат бўлмайди. Сифат бўлмагандан кейин тўлов ҳам барқарор бўлмайди. Бу соҳада хизматни, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, вазият ўзгаради, одамлар рози бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари “Амилов” қандолат маҳсулотлари фабрикаси фаолияти билан танишди.

Собиқ “Лок-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси жорий йил 5 октябрда ишга туширилди. Корхона майдони 32 гектар бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари, ишлаб чиқариш ускуналари учун қарийб 80 миллион доллар сарфланди. Германия, Швейцария, Дания, Италия, Австрия ва Голландиядан технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада 850 га яқин иш ўрни яратилди.

Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда бу ерда шоколад, конфет, печенье, вафли каби 60 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.

Бундай ширинликлар шу пайтгача асосан импорт қилинарди. “Амилов” фабрикасида тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари чет элникига нисбатан арзон ва сифатли бўлгани боис ички бозорда тез харидорини топди. Натижада бундай маҳсулотлар импортини 40 фоиз қисқартиришга эришилди. Қолаверса, корхона йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган.

Давлатимиз раҳбари фабриканинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, бундай корхоналарни кўпайтириб, рақобатни ривожлантириш, импорт бўлаётган бошқа маҳсулотларни ҳам маҳаллийлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзэкспомарказ”да Тошкент шаҳри ва Юнусобод тумани ҳокимлари, мутасаддилар ва секторлар раҳбарлари, маҳалла раислари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда Юнусобод туманини иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.

2019 йилда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилиши мўлжалланган 38 та лойиҳанинг ҳар бири бўйича ташаббускорлар ва манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда “йўл харита”лари ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Хатловда аниқланган 332 та фойдаланилмаётган объект ва ер майдонларида янги ишлаб чиқаришлар ташкил этиш, бюджетга тушумларни кўпайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ижтимоий долзарб масалаларни ҳал қилиш, уй-жой фондини ривожлантириш, коммунал хизматларни яхшилаш, объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Матназар Элмуродов, Зиёдулла Жонибеков, Умар Асроров, ЎзА
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech