12 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,2 °C

Бизнес
31 Мая  2019 5071

Тадбиркорликдан барқарор даромад

Уйчи туманидаги «Буюк қўрғон Файз» МЧЖ раҳбари Ёқубжон Акбаровни ҳамма танийди. Бўлмасам-чи, у 300 бош туяқуш харид қилиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйганлардан, ҳозирда экзотик қушларнинг жўжаларини сотмоқда. Тўғри, ишни бошлашдан олдин бозорни, мазкур қушларнинг одатларини, тарқалиш майдони, парваришлаш усуллари ва бошқаларни ўрганишга тўғри келди. Шундай қилиб, уни вилоятда туяқушларни парвариш қилиш ва кўпайтириш бўйича ягона мутахассис, деб ҳисоблаш ҳам мумкин.

- Қушлар Африка ва Туркиядан олиб келтирилган. Бу аслида яхшигина қиммат турадиган қуш - бир боши икки-тўрт миллион сўмгача. Бироқ уларни нафақат экзотик жониворларни яхши кўрадиганлар, балки жўжа олиш ва парваришлаш технологиялари ҳақида кўп сўрайдиган фермерлар ҳам сотиб олишга қизиқиб қолган, - дейди МЧЖ бошқарувчиси Аъзамжон Акбаров. - Қушлар бизнинг иқлим шароитимизга яхши мослашди, жазирамага чидамли, бироқ хўракка талабчан. Хулқ-атворини жуда идеал деб бўлмайди, албатта, кутилмаганда чўқиб ёки тепиб қолиши мумкин. Келгусида туяқушлар сонини кўпайтиришни режа қилганмиз.

Аммо «Асадулло бобо Файз сервис» оилавий корхонаси жониворлари бундай урушқоқ эмас. Қўшма корхона директори Нафиса Раҳматуллаева ГФР, Беларусь ва Голландиядан олиб келинган наслли қуёнлар парваришини йўл қўйди. Бир бош шалпангқулоқнинг нархи 300 дан 500 минг сўмгача. Қуёнлар тез товар вазнига эга бўлади, бозорда ҳам талаб бор.

Хуллас, Уйчи туманида Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори тўла қувват билан амалга оширилмоқда. Шундай қилиб, яқинда маҳаллий аҳоли вакиласи Шаҳноза Холиқованинг орзуси амалга ошиб, учта тикув машинаси ва оверлок сотиб олиш учун банкдан 22 миллион сўм кредит олди, энди ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши мумкин. Нигора Валиевага ҳам тикув машинаси сотиб олиш учун кредит ажратилди ва у шу йўналишда фаолият бошламоқчи бўлиб турибди.

- Уч нафар фарзандим бор, улардан бирининг жисмоний имкониятлари чекланган. Давлат дастури шарофати билан энди оилавий бюджетни тўлдириш имкони пайдо бўлди, - дейди Н.Валиева.

Ўз тадбирклорлигини бошлаган, турмуш фаровонлигини ошириш ва юрт равнақига ҳисса қўша бошлаган кўплаб инсонларни мисол келтириш мумкин. Ҳудудий ишчи гуруҳ бошлиғи Фахриддин Маматвалиевнинг айтишича, ҳар куни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган 300 га яқин киши мурожаат қиларкан. Бу ерда тажрибали мутахассислар, шунингдек, етарли миқдорда имтиёзли кредит кўринишида пул маблағлари ажратиб беришга тайёр тижорат банклари вакиллари фаолият олиб боради.

- Фуқароларимиз, асосан, истиқболли тармоқлар, жумладан, иссиқхона ишлаб чиқариши, асаларичилик, қуёнчилик, бройлер паррандачилик, мева етиштириш билан қизиқмоқда, - дейди Ф. Маматвалиев. – Умумий овқатланиш соҳасида ишлашни истаганлар, кафелар ташкил қилиш учун печлар харид қилиш, музқаймоқ тайёрлашга фрезалар сотиб олишни истаганлар ҳам кўп. Уларга кўмаклашишга, ҳар бир фуқарони тинглашга ва ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Ана шундай мақсадлар учун 94,2 млрд. сўмлик банк кредитлари ажратилган.

- Йил бошидан буён Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси тадбиркорликка кўмаклашиш маркази томонидан 37 та бизнес-лойиҳа тайёрланди, - дея суҳбатимизга қўшилди марказ раҳбари Зафаржон Худойназаров. - Бундан ташқари, қарийб 400 тадбиркорга бепул ёрдам кўрсатилди, 17 киши марказга аъзо бўлди. Туманимизда оилавий бизнесни ташкил этиш, халқ ҳунармандчилиги, касаначилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик, жумладан, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича ҳам катта салоҳиятга эга, улкан тажриба тўпланган. Биз ҳар бир оилада тадбиркорлик қилиш ва барқарор даромад манбаларини топиш учун шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз.

Феруза Отахонова.

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech