05 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,8 °C

Фан
6 Фев  2020 5447

Мақсадлар қўйилди, ва биз, уларга эришамиз!

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида турли вазирлик ва идоралар олдига кенг кўламли вазифалар қўйилди. Шунингдек, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини хомашё билан таъминлашда ўрни алоҳида экани таъкидланган қидирувчи геологларга ҳам. «Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти» (НГКГҚИ) АЖ бош директори, геология-минералогия фанлари доктори Ғайбулла Абдуллаев «ПВ» мухбирига соҳа илмий ходимлари томонидан ишлаш фурсат келганини англаш ва ўз вазифаларини бажаришдаги мақсадга интилувчанлиги ҳақида сўзлаб берди:

Тимур Кайсаров сурати.

- Президентимизнинг олдимизга қўйган муҳим вазифалари аҳамиятини институтимиз ходимлари яхши англайди ва ўз фаолияти мобайнида уларга асосланади. Шундан келиб чиққан ҳолда биз йиллик, ўрта ва узоқ муддатли геология қидирув дастурларини тузамиз ҳамда концепцияни ишлаб чиқамиз. Қидирувчи геологлар олдига аниқ мақсадлар қўйилгани эса давлатимиз раҳбарининг илм-фан ва унинг вакилларига қаратаётган улкан эътиборидан далолат.

Давлатимиз раҳбарининг қанчалик узоқни кўра олишини ишнинг туб моҳиятига кириб бориши, соҳа муаммоларидан хабардорлиги ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаётгани ҳам кўрсатади. Гўё буни олдиндан кўргандек, у Каспий денгизи остида нефть борми демак, Орол ҳавзасида ҳам нефть бўлиши керак, деди. Ва бугун биз аллақачон ушбу истиқболли ҳудудда Россия компаниялари билан бирга иш олиб боряпмиз ва у ердан нефть қатламлари жойлашганини кўрсатувчи асослар ҳам топилган.

Институт мутахассислари томонидан илгари жуда қиммат нархларда мамлакатга олиб келинган бир қатор замонавий қурилма ва ускуналар, уларнинг муқобиллари яратилди. Бугун хорижий ускуналардан кам бўлмаган самарали инновацион ускуналарни оммавий ишлаб чиқаришни бошлаш мақсадида ишлаб чиқариш ташкилотлари билан иш олиб бормоқдамиз. Ҳозирда институт мутахассислари ана шу техникалар билан геология қидирувига ёрдам бериш учун жойларга чиқишмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илм-фаннинг фундаментал соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, айниқса, қувонарли. Сўнгги йилларда тезкор натижалар бериши кутиладиган амалий тавсифга эга соҳаларга афзалликлар берилганди. Лекин амалиёт фундаментал илм-фан қўллаб-қувватловисиз замонавий ривожланишдан ортда қолади, саёзлашади. Мамлакатимизда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса – Геология ва геофизика, Гидрогеология ва инженерлик геологияси, Минерал ресурслар, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институтлари негизида замонавий Геология фанлари университети ташкил этилмоқда. Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили эълон қилинди. Демак, қариялар ўрнини ёш, малакали мутахассислар эгаллашини ва улар миллий илм-фанни илгари суришини тушунамиз.

Иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозим. Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан)

Биз бугунда ҳам соҳа учун мутахассислар тайёрлаяпмиз. И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабалари институтда амалиёт ўтамоқдалар. Ўқиш жараёнида бўлажак мутахассислигини янада чуқурроқ ўрганишлари учун сўнгги уч йил давомида талабаларни тўлиқ бўлмаган, ёзги таътил даврида эса тўлиқ ишга қабул қиляпмиз. Улар эскирган ускуналарда ишлашмоқда, бироқ вазият ижобий томонга ўзгаряпти. Яқин келажакда институт ходимлари энг сўнгги ва энг замонавий қурилмаларга эга бўлади, бу эса ходимларнинг фойдали иш коэффициентини ҳам оширади. Бугун вазирлик ва идоралар эҳтиёжларимизга қулоқ тутмоқда, техник ва моддий жиҳатдан ёрдам беришяпти ва бу Президентимизнинг илм-фанга қўшаётган ҳиссаси ва эътибори натижасидир.

Ҳақиқий геолог физика, кимё, математика ва ҳатто, биология каби бошқа соҳаларга оид билимларга ҳам эга бўлиши керак ва фақат шундай мутахассисгина илмий ва амалий соҳалардаги вазифаларни бажаришга қодир бўлади. Янги касбий университетининг тўртта ИТИ негизида талабаларни ўқитиши эса, уларнинг том маънодаги юқори малакали кадрлар бўлиши лозимлигини кўрсатади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини институтнинг мажлислар залида биргаликда тингладик, олқишладик. Жамоа давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифаларни улкан завқ-шавқ билан қабул қилди. Энг асосийси, уларнинг барчаси она юрт тараққиёти ва равнақига қаратилган, бундай эзгу мақсад ҳамиша қалблардан жавоб топади.

Президентнинг руҳлантирувчи нутқига жавобан яна бир ижобий ҳодиса рўй берди, бир кун олдин ишдан бўшамоқчи бўлган икки мутахассисимиз бундан кейин ҳам илм-фан ривожига ҳисса қўшиш учун ўз аризаларини қайтариб олишди, бундан ташқари, илгари нефть ва газ компаниясига ишлашга кетган экспертларимиздан бири яна институтга қайтди. Мамлакатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ана шундай самара берди!

Рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан келиб чиқиб, геология-қидирув мутахассислари учун Президентимиз томонидан қўйилган вазифалар масъулиятли, қийиндай туюлади, лекин энг асосийси – уларни бажарса бўлади. Бунинг учун илмий салоҳиятимиз, ёш ва билимли кадрларимиз, мамлакатимиз раҳбари томонидан бизга билдирилган юксак ишончни оқлаш истагимиз бор.

Александр Зотов
ёзиб олди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech