19 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,9 °C

Туризм
6 Сен  2019 3481

Тоғ қишлоғига турист бўлиб…

Ёз ҳам бир зумда ўтиб кетибди! Энди атрофга назар ташлаб, уни қандай ўтказганимизни эслаймиз. Кўпгина ўзбекистонликларнинг тоғларга йўл олгани, шубҳасиз. Бунга ўзимиз ҳам, Чимёнда бир неча ҳафта бўлганимизда ишонч ҳосил қилдик.

У ерда бутун республикамиздан ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ҳам учратдик: бу ернинг табиати ноёб ва шу боис кўплаб меҳмонлар ташриф буюрадилар. Илгарилаб кетиб айтмоқчиман, мутахассислар йигирмата дам олиш зонасини курортбоп қилиб белгилашган: булар соғлиқни сақлаш хизматларини, сузиш ҳавзаларини ўз ичига олган меҳмонхоналардир. Ва шунга мос нархлар, кўпгина сайёҳлар нархларни қиммат, деб ҳисоблашди. Бунинг учун интернетдаги шарҳларни ўқиш етарли. Мазкур масаланинг вақти келиб тартибга солинишига ишончим комил, негаки бугун Ўзбекистонда туризмга давлат даражасида катта эътибор қаратилмоқда.

Биз туризмнинг бошқа турлари ва тоғлардаги сон-саноқсиз дам олиш жойлари ҳақида сўз юритишни истадик. Дарвоқе, улар анча арзонга тушади.

Масалан, эркин саёҳатчилар томонидан ижарага олинган вагончага дуч келдик. «12 калит», деб номланган хушманзара жойда бир нечта вагончалар қатор тизиб қўйилган ва улар тунаш учун анча арзон нархларда ижарага бериларкан.

Чимён тоғи этагида, Гулкам дарасига олиб борадиган йўлда Сибирдан ташриф буюрган ёш жуфтлик билан йўлларимиз кесишди. Елкаларига катта сафар халтаси, чодир, хуллас, тўлиқ «қуролланган», кўтариб олишган.  Дарвоқе, йўналишни интернетдан топишибди (улар бир неча кун олдин Бухорода бўлишган экан).

Кейин биз «бетонка» бўйлаб Чорвоққа йўл олдик. Бу йўлни нотекис ётқизилган бетон плиталар туташган жойига машиналар ғилдиракларининг урилиб чиқарадиган овозидан таниб олиш қийин эмас. Худди қийшиқ-мийшиқ темир излардан катта тезликда трамвайда кетаётгандай бўласиз. Янгиқўрғон қишлоғига етиб келдик. Бу жой ҳамиша ўзининг соғломлаштириш лагерлари билан машҳур бўлган. Бир пайтлар шу ердаги ўзим дам олган лагерни эсладим. Ҳеч нима ўзгармабди: қишлоққа олиб борувчи ўша чангли тошлоқ йўл, лагернинг ташриф қоғози – учаётган юлдузли металлдан пайвандлаб ясалган минора. Атрофни айланиб, маҳаллий аҳоли билан танишдик, жумладан, бутун умр ана шу маҳаллий лагерда ишлаган Ҳабиба опа билан ҳам. Суҳбатлашиб кетдик, бизни уйга таклиф қилишди. Боғ эшигидан киришимиз билан чинакам жаннатга тушиб қолгандай бўлдик. Ҳаммаёқ ям-яшил, нок ва олмалар ўсган, ариқда сув жилдирайди. Сўрига таклиф қилишди. Дастурхонда вазаларга солинган новвот, қанд-қурс, қуритилган мевалар, ҳаммаси, рисоладагидай. Жазирамада муздайгина қатиқ чанқоқни зўр босаркан. Уй эгаси Абдукарим ака: «Қани, олинглар, бундай қатиқни шаҳардан топиб бўлмайди. Тоғ гиёҳларининг таъми келиб туради», деди. Ўзимиз сезмаган ҳолда бир косадан қатиқ ичибмиз. Ана шундай меҳмондорчиликка кўп бор дуч келдик, бу ерда яшовчи ўзбеклар ва этник тожиклар меҳмонларни бирдай очиқ чеҳра билан кутиб олади. Уларнинг ҳар бирига жавобан яхши истаклар билдиргимиз келади.

Абдукарим ака бўш вақтларида (ўзи сантехник) боғ ишлари билан шуғулланишни яхши кўраркан. Ҳатто, уйидан сал наридаги кичкина боғини кўрсатишга ҳам олиб борди. Шу ерда жўякнинг ўзидан хўжағат (малина) териб едик: хушбўй ва ширин экан. Қулупнайнинг вақти ўтиб кетганидан афсусландим ҳам... Бу ерда қайин яхши ўсаркан, шундоқ яқингинадаги қайинзорга кўзимиз тушди. У кишининг уйи ортидан шундоқ, маҳаллий кишиларнинг номлашича, айиқ тоғ бошланаркан. Умуман, жуда ноёб жойлар.  Янгиқўрғон қишлоғидан ажойиб манзара кўзга ташланади. Пастда – мовийранг Чорвоқ, ўнгда қуёш ботаётганда бир қизарадиган, бир пуштирангга кирадиган маҳобатли ва серчўққи Чимён тоғлари. Нега кўп меҳмонлар келишини энди тушунса бўлади. Боз устига, маҳаллий аҳолининг уйида тунаб ҳам қолиш мумкин. Миямда бир фикр йилт этди: бу ерда оила тамойили асосида меҳмон уйлари ташкил этса бўларкан.

Чорвоқнинг нариги томонига кўприк орқали ўтилса, Бурчмулло қишлоғи келади. Афсуски, у ерга бора олмадик. Таниқли қўшиқдаги мотив эсимга тушди – чиндан-да, тилло Бурчмулло. Айтишларича, ана шу қишлоқда шунақа меҳмон уйлари фаолият юритар экан... Узоқ-узоқ уфқда чеки кўринмас ва олис-олислардан ҳам чиройли кўринадиган Тянь-Шань тизмалари...

Кеч кириб, қуёш тоғ ортига яширинди. Биз эса Чимёндаги ўз «база»мизга қайтдик. Янги танишларимиз бизни қуруқ қўл билан кузатгилари келмади чоғи, бир олам мевалар тутқазишди ва тунаб қолишимизга кўндиришга ҳаракат қилишди.

Чорвоқда чўмилмай, Тошкентга қайтиш мантиқсиз бўларди. албатта. «Пирамида» дам олиш зонаси пляжига йўл олдик. Киши бошига 6 минг сўмдан тўладик. Лекин пляжга етиб келгач, ҳафсаламиз пир бўлди. Вертолёт майдонида – ҳеч нима билан ўралмаган иккита чиқинди идиши тўлиб-тошиб кетган. Ўнг қирғоқ бўйлаб яна юришга қарор қилдик. Ҳаммаёқда сигарета қолдиқлари, писта пўчоқлари, бутун пляжга пластик идишлар сочилиб кетган. Чиқинди солинган пакетлар тоғ-тоғ. Худди ана шулар ажойиб манзаралар фонида. Дам олишга келганларни кузатдик: чўмилишди, дам олишди, еб-ичишди, сўнг пинагини ҳам бузмай, қирғоқда чиқиндиларни қолдириб, жўнаб қолишди. Атрофда бирорта тақиқловчи белги осилмаган, чиқинди ишдишлар ҳам етишмайдигандек. Кимнингдир тозаликка қараши ҳам керак, ахир? Биз қирғоқдаги чиқиндиларни йиғиштириб олдик, уйиб, тасвирга туширдик. Кечга яқин, қуёш ботиши олдидан ўн икки ёшли маҳаллий болакай қирғоқ бўйлаб юриб, бир нечта пластик идишларни йиғиштириб олди. Ундан бу ерни тез-тез тозалаб турасанми, дея сўрадик. «Бўш вақтимга қараб», жавоб берди у. Ахир, Чорвоқнинг салоҳияти улкан – халқаро сайёҳлик ҳудудига айланиши мумкин.

Айрим тоғ сойлари бўйининг тўсиқлар билан ўраб қўйилгани ҳам бизда савол туғдирди – бундай жойларга пул тўлаб кирилар экан. Бу жойларнинг бирорта эгаси билан суҳбатлаша олмадик – пулни эса қоровулларга тўладик. Бундай жойларни анча обод ва тоза, дея тасаввур қилгандик. Бироқ уларнинг ҳам қаровсиз ва чиқинди босиб кетганига гувоҳ бўлдик.

Хўжасизлигимиз ва сусткашлигимиз натижасида қанчалик кўп нарса йўқотамиз! Бу эса аллақачон туризм соҳасини, жумладан, қишлоқ туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилганлигига қарамасдан (Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони). Ҳужжатда айрим маҳаллаларнинг ички туризм салоҳиятидан фойдаланиш кўзда тутилган: яъни «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида ажратиладиган маблағларни устуворлик асосида «Туристик маҳалла», «Туристик қишлоқ» ёки «Туристик овул» мақоми билан фуқаролар йиғинларини ободонлаштириш, шу жумладан, ички автомобиль йўлларини таъмирлаш, электр, газ, сув таъминоти, канализация тизими барқарор ишлашини таъминлаш, мобиль алоқа ва интернетни яхшилаш учун қўшимча база станцияларини ўрнатишга йўналтириш чора-тадбирларни кўриш. Албатта, бундай ишларни амалга ошириш натижасида ҳудудларни ободонлаштириш, хусусан, уларни чиқиндилардан тозалаш муаммоси ҳам ҳал этилади.

Асосий вазифа - амалда режалаштирилган ишларни тезда амалга оширишдир. Бунинг натижасида сайёҳлар ҳам, қўшимча даромад ортиқчалик қилмайдиган маҳаллий аҳоли ҳам фойда кўради, ва албатта - давлат иқтисодиёти, мамлакатнинг халқаро обрўси ҳам.

Константин Башлаев

«Правда Востока»

Марат Нажибаев сурати.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech