12 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,2 °C

Энергетика
31 Мая  2019 4954

Кўмирми ё газ? Қай бири афзалроқ?

Яқинда журналистларни қазилма ёқилғининг афзалликларини ҳаётий мисолда кўрсатиш, келгусида ундан фойдаланишга ўтиши керак бўлган тадбиркорлардаги нотўғри тушунча ва хавотирни тарқатиш учун кўмирда ишлайдиган иссиқхона хўжалиги билан таништиришди. Бир қарашда масала кўринганидан ҳам долзарброқ ва глобалроқдир.

Иссиқхонани қаттиқ ёқилғи билан иситишнинг ўзига хос қулай ва ноқулай томонлари мавжуд. Камчиликлари – у газ каби қувурлардан оқиб келмайди ва биттагина вентилни бураш билан иш битмайди, балки уни ташиш, кўмирхонага жойлаштириш ва вақти-вақти билан қўлда қозонга тиқиб туриш талаб этилади. Бу асосий муаммолардан бири каби кўринади. Лекин манзарани яхлит кўриб англаш учун, аввало, бир нарсани, зангори оловнинг нимаси ноқулайлигини аниқлаштириб олиш керак бўлади. Ва бу иссиқхона хўжалигидан бошқа вазиятларга ҳам тааллуқли.

Мамлакатимизда жуда улкан миқёсдаги табиий газдан фойдаланилади. Унинг ёрдами билан электр энергиясининг 80 фоизи ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришда ресурснинг бундай улуши ҳатто, захиралари бўйича мамлакатлар рейтинги етакчиси Россияда ҳам мавжуд эмас. Аксинча, кўмир станциялари етакчилик қиладиган давлатлар мавжуд. Масалан, Польшада энергия ишлаб чиқаришнинг 80 фоизи қаттиқ ёқилғи ҳисобига тўғри келади ва бу кўрсаткични фақат 2050 йилга бориб 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Яна бир масала: нима учун Европа кўмир истеъмолини қисқартираётган пайтда, Ўзбекистон аксинча қилмоқда? Қадимий Дунё ва Шимолий Америкада иқтисодиёт ва аҳоли ўсиш суръати жуда катта эмас. Шу боис арзон ва самарали манбаларни излашни талаб этувчи қувватни оширишга эҳтиёж йўқ. Бундан ташқари, ушбу қитъалардаги давлатлар иқтисодиёти энергия олинувчи кўмирни ҳатто, табиий газ билан эмас, балки шамол ва қуёш станциялари билан алмаштириш имконини ҳам беради. Дарвоқе, агар мамлакатллар бўйича алоҳида-алоҳида қаралса, худди ўша Европада  ҳам қайта тикланадиган энергия манбалари ўсиши бир хил эмас ва у асосан, Германия ва Буюк Британияга ҳиссасига тўғри келади. Энергия балансида ҚТЭМнинг салмоқли ўрнини таъминлашга фақат саноқли давлатларгина муваффақ бўлган.

Халқаро энергетика агентлигининг «Кўмир-2018: таҳлил ва прогнозлар»га берган шарҳида қайд этилганидек, ушбу қазилма ёқилғи ҳозирда энг кўп талаб бўлган ресурслардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирги кунда глобал электр энергиясини ишлаб чиқаришда кўмир ёқилғисининг улуши 38 фоизни ташкил этади ва 2023 йилга қадар бу даража сақланиб қолади. Ривожланаётган бозорлар учун кўмир афзал ва қулай энергия манбаи ҳисобланади. Мисол учун, Покистонда 2017 йилда кўмир истеъмол қилиш 52 фоизга, Вьетнам, Австралия ва Филиппинда – ўн фоизга, Ҳиндистонда - тўрт фоизга ўсган.

– Ёқилғи-энергетика ресурсларининг йирик истеъмолчилари орасида – қурилиш материаллари саноати ҳам бор, – дейди Энергетика вазирлигининг кўмир саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рустам Юсупов. – Харажатлар тузилмасидаги ёқилғи ва энергиянинг солиштирма миқдори 50 фоиздан ошади. Бу заводларда эскирган ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ. Маҳаллий корхоналар орасида энг кам ресурс харажатлари кўрсаткичи «Қизилқумцемент»га тегишли. Аммо унинг ҳам кўрсаткичлари Япония, Туркия, Хитой, Корея Республикаси заводлариникига қараганда юқори. Натижада, нарх омили сабаб маҳаллий цементимиз камроқ рақобатбардош бўлиб қолади. Ғишт ишлаб чиқаришда ҳам энергия ресурсларининг улкан истеъмоли кузатилади.

Таъкидлаш жоизки, цемент фабрикаларининг «қуруқ» ишлаб чиқариш усулига, ғишт заводларига, сўндирилган оҳак ишлаб чиқариш цехларига, шунингдек, иссиқхона хўжаликларини муқобил ёқилғи - кўмир, кўмир брикетлари ва бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишга ўтказиш давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастурида ҳам назарда тутилган.  

Президентимизнинг 2019 йил 23 майдаги «Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январга қадар энергия самарадорлиги мезонларига мос келмайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари кўмир ва бошқа муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишга босқичма-босқич ўтадилар.

– Муаммони ҳал қилиш учун тадбирлар режасини ишлаб чиқяпмиз, – дейди Р. Юсупов. – Кўмирга ўтказилганда уни қаердан сотиб олишни билмаслик муаммоси юзага чиқмаслиги лозим. Шу боис режа комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади - хўжаликни инвентаризация қилиш, уларнинг ускуналарини ўрганиш, кўмир маҳсулотлари етказиб бериш, жумладан, импорт қилишнинг ҳам, тизимини тайёрлашгача.

Кўмирдан фойдаланишга ўтиш харажатларни камайтириши ва ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини оширишини намойиш этиш учун иссиқхона хўжаликлари борасидаги амалий мисолига қайтсак.

Тошкент вилоятида «Turan tomatoes» ва «Парранда саноат барака» масулияти чекланган жамиятлари бир хил географик шароитда, майдон ва ихтисослашувда (помидор етиштириш) фаолият кўрсатмоқда. Амалиёт шуни кўрсатдики, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда, кўмирдан фойдаланишда маҳсулотларни етиштириш гектарига нисбатан табиий газдан фойдаланишга қараганда 36 фоизга арзонроқ экан. Бу пул кўринишида 90 миллион сўмни тежаш, дегани.

– Охирги иситиш мавсумида кўмирдан фойдаланган «Turan tomatoes» иссиқхоналари икки гектар майдонни эгаллайди, – дейди Ўзнефтгазинспекция бошқармаси бошлиғи Фозил Абдужабборов. – Бир ойда 42 миллион сўмлик 50 тонна кўмир ёқилғиси истеъмол қилган ва битта қозон ишлаган. «Парранда саноат барака» шу даврда 100 минг кубометр газ ишлатиб, 100 миллион сўм маблағ сарфлаган. Бу билан фарқлар ҳали тугамайди. Тошкентда тажриба намунаси сифатида ишлаб чиқарилган кўмир печкаси ўн минг долларга (бошқа мажмуага ўрнатилган Туркия маҳсулотининг нархи - 55 минг доллар), импорт қилингани ва газда ишлайдигани эса 60 минг долларга тенг.

Бунга шубҳа билан қарайдиган тадбиркорлар бир нарсада ҳақ, ҳар қандай кўмир ҳам иссиқхоналарни иситиш учун тўғри келавермайди. Зангори оловдан фарқли ўлароқ, қаттиқ ёқилғининг сифати, жумладан, иссиқлик узатиши ва кули қазиб олинган жойига қараб турлича бўлади. Маълумки, Ангрен кўмири ана шу параметрлари билан Қозоғистонникидан ортда қолади.

Бироқ мутахассислар буни сифати пастроқ ёқилғи арзонроқ ҳам бўлади, дея изоҳлайди. Тадбиркорларда эса танлаш имконияти пайдо бўлади. Маҳсулотларни узлуксиз етказиб беришни таъминлаш учун Қозоғистоннинг «Майкубен-Вест» МЧШ ва «Шубарколь Премиум» МЧЖ билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. Компаниялар шунингдек, киритган инвестициясини ўн йил давомида қоплаш шарти билан ўз ҳисобидан заводлар ва иссиқхона хўжаликларини кўмирга мослаб қайта жиҳозлаш бўйича таклиф киритди.

Сўнгги йилларда энергия балансининг сезиларли диверсификациясига олиб келадиган жараёнлар бошланди. Улар орасида АЭС, қуёш ва шамол станциялари қуриш лойиҳалари, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конини модернизация қилиш лойиҳалари ҳам мавжуд. Давлат томонидан сунъий равишда бозор нархидан паст ушлаб туриладиган зангори олов нархининг ошиши ҳам газдан воз кечишга олиб келади.

Газ тобора қимматбаҳо табиий ресурсга айланмоқда, ва афтидан, ундан ёнилғи сифатида фойдаланиш вақт ўтиши билан қимматлашиб бораверади.

Муҳаммад Қаршибоев.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech