01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,8 °C

Фикр
1 Мая  2020 3288

“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон...”

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекциясига қарши кураш палласида мамлакатимиз аҳлини бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чорлаб: “Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган чуқур маъноли сўзлар бор. Чиндан ҳам, мана шундай мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз”, деб таъкидлагани, мана бир неча кундирки, кўпчилик диққатининг марказида. Одамлар “Давлат мадҳиямизни ҳар биримиз ёд биламиз, радио-телевидениеда ҳар куни янграйди, бироқ уни давлат раҳбари тилидан эшитиш бошқача бўлар экан”, дейишмоқда. Шу билан бирга, мамлакат президенти нега бу мисрага барчанинг эътиборини қаратганининг мазмун-моҳияти ҳақида мулоҳаза билдирувчилар ҳам талайгина.

Улуғ халқ қудрати... Давлат мадҳиямизнинг шу биргина жумласи ўзбек халқининг бутун ўтмишини, бошдан кечирган кунларини, қаттиқ синовларни шон-шараф билан мардонавор енгиб ўтган қанчадан-қанча воқеа-ҳодисаларни кўз олдингизга келтириб қўяди, албатта.

Мисол учун, барчамиз тарих дарсликларидан Сурхондарёнинг Тешиктошидан топилган саккиз яшар бола ҳақида ўқиганмиз. У эрта палеолит даврининг мустьер палласида яшаган, деб айтилади. “Тешиктош боласи”ни топган олим А.Окладников топилмани бундай деб таърифлайди: “Кейинги қазилмалар кутилмаган ва ҳақиқатан ҳам ҳалигача бирор-бир тадқиқотчи дуч келмаган фавқулодда манзарани намоён қилди: мустьер одами бош чаноғининг атрофига қатъий тартибда, аниқ режа асосида доира шаклида тоғ эчкисининг шохлари тизиб чиқилган эди. Рад қилиб бўлмас мазкур ҳақиқат бу ерда тафаккур, хатти-ҳаракатларнинг мантиқли режасидан ва улар ортидаги бус-бутун таассуротлар дунёсидан дарак бериб турибди…”.

Мустьер маданияти бугунги кунимиздан тахминан уч юз минг йил олдин пайдо бўлган ва ўттиз минг йил аввал совуқ туфайли инқирозга юз тутган, деб ҳисобланади.

Қизиқ, хаёлга келмаган экан: ватанимиз ҳудудларидан топилиб, дунёнинг қилни қирқ ёрар мутахассислари бир овоздан тан олган ва шу сабабли мактаб дарсликларимизга ҳам киритилган ушбу топилма ўрта палеолит даврида ҳам ҳаёт барқ урганини, ҳунармандчилик ва маданият ривож топганини исбот қилиб турибди.

Яна бир маълумот эса Самарқандга хос: олимлар Ж.М.Робертс, Н.Хамрамов ва М.Воеводский Самарқанд археологик ёдгорликларини ўрганиб, бу ерда ўттиз-қирқ минг йил аввал ҳам маданият ҳукм сурганини ҳайрат-ла айтиб ўтишган.

Шунча минг йил... Буни ақлга сиғдириб бўлмайди-ку десак, беш минг йил бурун қаҳрамон Алп Эр Тўнга туркий улусларни бирлаштириш учун жон куйдиргани, шаҳарлар қургани эсга келади. Дунёнинг энг қадимги халқлари қаторида аждодларимизнинг яратувчилик ва бунёдкорлик фазилатлари яққол кўринади. Бу фазилатлар “Алпомиш” ва “Барчиной” достонларида, ер юзининг илк академияларидан бири бўлмиш Хоразм академияси кашфиётларида, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд ал-Хоразмий, Маҳмуд Замаҳшарий, Имом ат-Термизий, Бухорий, Фарғоний илмий ишларида, қудратли ва адолатли султонлар Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросларида қайта ва қайта намоён бўлаверади.

Президент тилга олган қудратнинг замонавий эътирофига келадиган бўлсак, бундан бир неча йил аввал, “Генетик” деб номланган асарга маълумот тўплаш мақсадида мўътабар олимларимиз билан суҳбатда янги бир тадқиқот ҳақида айтиб қолишди. Дунёдаги энг обрўли илмий нашрлардан бири – “The Open Genomics Journal”да бир гуруҳ ўзбек ва чет эл олимлари Марказий Осиё халқлари генетикасига бағишланган “Инсоният чорраҳасида ген оқимлари: Ўзбекистонда учрайдиган инсерцион полиморфизмлардаги мт-ДНК турли-туманликлари” деб номланган мақола эълон қилинган экан. Ушбу мақолага Ўзбекистон олимлари Иброҳим Абдураҳмонов, Шуҳрат Шерматов, Забардаст Бўриев, Абдусаттор Абдукаримов ҳамда чет эл илмий марказлари мутахассислари Эрик Девор, Марк Злоютро, Мередич Миллис, Жессика Галбрайт, Майкл Кроуфорд имзо чекишган бўлиб, Марказий Осиё чиндан ҳам дунё тараққиёти йўлидаги олтин шоҳбекат экани ўз исботини топган. Шунингдек, изланишлар натижасида ўзбек халқи дунё цивилизациясидаги мавжуд барча генлар хилма-хиллигига эга эканлиги ва улар орасида инсон тараққиётидаги энг қадимги генотиплар мавжудлиги кўрсатиб берилган. Бу - халқимизнинг ўта қадимий генетик тарихига урғу бериши билан бирга, “тирик тарихий музей” эканидан ҳам далолат беради. Илмий мулоҳазалардан келиб чиқадиган хулоса шуки, юртимиз нафақат сиёсий, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга, балки ўта қадимий ва хилма-хил бўлган инсонлари билан халқаро миқёсда жуда катта биологик бойликни ўзида мужассам этган.

Илмнинг сўзларини биз кўп ҳам тушунавермаймиз Мисол учун, тиллани “олтин” десак, фан уни “аурум” деб атайди, биз қийматига қизиқсак, фан унинг молекуляр тузилишига эътибор қаратади. “Биологик хазина” дейилганида қанчадан-қанча табиий офатлар ва ижтимоий ҳалокатлардан соғ-омон олиб чиқиб, яна гуллаб-яшнатган халқ бағридаги битмас-туганмас қудрат тушунилади.

Олимларимиз ушбу тадқиқот қандай ўтказилгани ҳақида ҳам фахрланиб сўзлаб беришди. Дунё миқёсидаги журналда эълон қилинган янгилик аслида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан раҳбарлигида ташкил қилинган ва энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Геномика ва биоинформатика марказида олиб борилган турли-туман тадқиқотлардан бирининг натижаси экан. “Марказимиз биносининг таъмиридан то жиҳозланишигача қатъий назорат қилиб, бир неча марта келиб бажарилаётган ишлар билан танишганлари, тадқиқотларга қизиқиш билдирганлари ва қўллаб-қувватлаганликлари учун жуда миннатдормиз, - дейишди олимлар. - Қанчадан-қанча муҳим ишлари бўлишига қарамай, лабораториямизга, тажриба майдонимизга ва кейинчалик марказимизга ташриф буюриб, ҳар бир тадқиқотимизни бирма-бир муҳокама қилганликларини, таъбир жоиз бўлса, ўз фикрлари билан бойитиб, тўғри йўлга йўналтирганликларини алоҳида айтишимиз керак. Биз каби ёш мутахассисларга ишонч билдирганликлари фан тараққиётига катта туртки бўлди ва бизни янада қаттиқроқ ишлашга, ишончга муносиб бўлишга ундади. Эсимда, дастлабки учрашувларда билдирилган турли қарашларга жавобан Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Биз ўзбекмиз, бошладикми – албатта якунига етказамиз”, деб жавоб берган эдилар. Шу қатъият туфайли Марказий Осиёда ягона Геномика ва биоинформатика маркази бунёд этилди. Дунёдаги энг сўнгги русумли илғор илмий-тадқиқот ускуналари – секвенсерлар, анализаторлар олиб келиб ўрнатилди, олимларга замонавий шарт-шароитлар яратилди. Марказимиз фақатгина ўсимликлар генетикаси билангина шуғулланиб қолмайди. Имкониятларимиз беқиёс. Шу имкониятлар туфайли биз ўз халқимиз тарихи сирларига ҳам қизиқдик. Юртимизнинг ҳудудларидан танлаб олинган кишилар генларини тадқиқ қилганимизда, ҳақиқатан ҳам, уларнинг ирсияти ўнлаб минг йил нарига бориб тақалганини кўрдик.

Бу маълумотлар ёшларимиз ўзларининг қанчалар қадимий сулолаларга мансуб эканлигини, билимга, яратувчанликка интилиш эзгу иш саналганини, шу мўътабар тупроқлардан етишиб чиққан не-не даҳоларнинг қони мангу уйғоқ эканини идрок этишлари ҳамда у қон томирларида ҳануз оқаётганини ҳис қилишлари учун айтилмоқда, албатта”.

Ажаб, ушбу ютуқлар ва билимларнинг Президентимиз тилга олган “Улуғ халқ қудрати” иборасига қанчалар мос эканини кўринг!  Хулосалар ўз-ўзидан намоён бўлиб турибди.

Фанда ўз исботини топган “Олтмиш тўрт генли калит”ни олимлар “истеъдод калитлари” деб аташади. Ҳар бир ота-она ўз истеъдодини боласига мерос қилиб қолдиради, унинг йўқолиб кетиши мумкин эмас, чунки ҳар ҳужайра ичида авлоддан-авлодга ўтаверади. Муайян шароит юзага келганида эса ўша “калит” ишлаб кетади ва ажойиб зако қувватини очиб юборади. Халқнинг қадимийлиги ва хилма-хиллик кўплигининг муҳимлиги шунда: кишиларимиз қонида турли истеъдодлар яшириниб ётибди. Ҳар боламиз қонида истеъдод оқмоқда, дегани бу. Эндиги вазифа ўша “ухлаб ётган генларни” уйғотишдан иборат.

Албатта, булар мамлакатимизда барча соҳалар қаторида илм-фан ва ижод соҳасида ҳам амалга оширилаётган туб янгиланишлар тамалини ифодалаб турибди. Лекин хусусий фактларга келганимизда ҳам натижа ўзгармайди. Орамизда генетик ёши юз минг йилга тенг кишилар ҳам бор. “Улуғ халқ қудрати”нинг моҳияти шу ерда янада ойдинлашади.

Мана шу ниҳоятда буюк салоҳиятга эга, асрлардан асрларга ўзининг мардлиги, бирдамлиги ва олижаноблиги билан ўтиб келган саховатли, мард ва тўғрисўз халқни бугунги кун офатларидан кўз қорачиғидай асраб-авайлаб олиб ўтиш ҳақида сўз бормоқда, деб тушундим.

Модомики, шунча истеъдод ва қобилият, демакки, қатъиятлилик, ватанпарварлик, фидойилик, меҳру мурувват каби фазилатлар авлоддан-авлодга хазина сингари мерос бўлиб ўтиб келаётган экан, бу ақлу руҳиятимизга жуда катта қувват бахш этади. Барчани бир мақсад, бир ғоя йўлида бирлаштиради. Президентимиз назарда тутган қудрат яна жўш ураётганига, олдинга мақсад қилиб қўйилган нурли, ёруғ ва фаровон манзиллар сари биргаликда ҳаракат қилишга ундайди.

Исажон Султон,
ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech