30 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +34,3 °C

Фикр
21 Апр  2020 717

Умумбашарий имтиҳон

Коронавирус пандемияси туфайли дунёда вужудга келган вазиятни бутун инсоният бошдан кечираётган имтиҳонга менгзагим келади. Зеро, бир жиҳатдан, бу синовдан бирон-бир юрт ёки халқ четда қололмаётган бўлса, иккинчи тарафдан, ушбу офат келтириб чиқараётган муаммолар бамисоли барчамизнинг инсоний туйғуларимиз нечоғлик холис эканини текшириб кўрмоқда, дейиш мумкин. Чин инсоннинг моҳиятини белгилайдиган эзгу фазилатлар – илму ҳикмат, сабру қаноат, меҳру мурувват, хайру саховат, вазминлигу бардошлилик, тадбиркорлигу бағрикенглик ва ҳаётимизнинг маънавий устунлари бўлмиш бошқа гўзал сифатлар айни кунларда алоҳида аҳамият касб этгани шубҳасиз. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, У халқимизни бундай улуғ имтиёзларга бой қилиб қўйган.

Тарихга назар солинса, ҳар қандай жамият бошига қийин кунлар тушганда муайян омиллар аҳамиятининг кескин ошганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улардан бири бундай вазиятларда маърифатли ва донишманд инсонларнинг сўзи ва амалининг қиймати билан боғлиқдир. Яъни, оммавий нохушлик ва ташвиш шароитида кенг омманинг эътибори эл-юрт равнақига қўшган алоҳида ҳиссаси билан ҳурмат қозонган кишиларга қаратилади. Уларнинг янги воқеликка муносабати, унинг ижобий ёки салбий тарафларига бераётган баҳоси бамисоли йўлчи юлдуз мақомини касб эта бошлайди. Халқимизнинг “ўн қўшчига – бир бошчи!” деган улуғ ҳикмати айнан ана шунинг маҳсули бўлса, ажаб эмас.  Қиссадан ҳисса шуки, бугун “мен ватанпарвар зиёлиман!” деган марди майдонларнинг фаоллиги эртанги тинчлигимизу хотиржамлигимизни таъминлашнинг ҳаётий ва таъсирчан воситаларидан бириги айланганди. Мени ҳам айни шу кайфият қўлга қалам олиш ва кўнгилдаги инсоний мулоҳазаю туйғулар билан ўртоқлашишга ундади...

Илму маърифат излаш ва уни халққа етказиш давомида йиғилган кўп йиллик тажрибам шундан далолат бермоқдаки, инсоният, жумладан, юртимиз ҳам, бундай қийин вазиятга илк бор рўбарў келаётгани йўқ. Бундан-да аянчлироқ оқибатларни келтириб чиқарган не-не қирғин баротлар, ўлату ваболардан устун келган Ҳазрати Инсон навбатдаги ёвни, гарчи у кўз илғамас маккор бўлса-да, албатта, енгишига шубҳа йўқ. Ана шундай бўлиши муқаррар эканининг исботлари фақат ҳаётий тажрибаларда ўз ифодасини топиб қолмасдан, балки улар маънавиятимизнинг умуртқа суяги бўлган диний-ақидавий қадриятларимизда ҳам кўплаб топилади. Мазкур маънода муқаддас динимизнинг сарчашмаси – Қуръони каримнинг Бақара сураси 155 ояти матнини келтиришнинг ўзи кифоя: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!”

Бугун Курраи Замин бўйлаб ривожланаётган ва барчани бирдек хавотирга солаётган жараёнлар Яратганнинг ушбу сўзлари билан тўлиқ уйғунлигини фақат қалби кўр кишигина инкор этиши мумкин.

Демак, синов давридан қандай ўтиш эртамизнинг мазмун-моҳиятини тиниқлаштирадиган белгидир. Модомики шундай экан, бугунги воқеликнинг бош тақозоси вазминлик ва мулоҳазакорлик бўлиши лозим. Эҳтиёткорлик албатта зарур, эл-юрт хавфсизлигини кафолатлаш йўлидаги умуммиллий тадбирларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш ҳам шу қадар муҳим. Аммо ваҳимага берилиш, вирус юзага чиқараётган айрим нохушликлардан умидсизликка тушиш, уларни муболағали тарзда талқин қилишга мойилликка зинҳор-базинҳор йўл қўйиб бўлмайди. Ана шундай ўйлар келганда, дунёдаги муайян юртлар ва минтақаларни эслайлик. Масалан, уларнинг айримларида деярли ҳар куни зилзилалар бўлиб туради, ҳечам кутилмаганда улар кучайиб, катта вайронагарачилик, ҳатто қурбонларга сабаб бўлади. Лекин бундан одамлар талвасага тушмайдилар, аксинча, буни Яратганнинг қудрати кўринишларидан бири сифатида қабул қилиб, она табиатнинг бундай инжиқликларига кўникиб яшашни ўрганадилар. Қолаверса, ана шундай юртлар тараққиётнинг ибратли моделларини яратмоқдалар, бошқалар уларга ҳавас билан қарамоқда, улар эришган юксак марраларга интилиб яшамоқда. Ушбу фикрнинг исботи сифатида биргина Японияни мисол келтиришнинг ўзи кифоя.

Мамлакатимиздаги бугунги воқелик барчамизни эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамламоқда дейилса, фикри ожизимча, асло муболаға бўлмас. Тўғри, вирус бизга ҳам кириб келди, унга чалинганларнинг сони аста-секинлик билан бўлса-да, ўсиб бормоқда. Аммо том маънодаги халқпарвар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатлари ва фидокорлиги натижасида, ҳукумат ва бошқа умуммиллий тузилмаларнинг аниқ ва пухта ўйланган режага асосланган тизимли фаолияти туфайли хатарли вируснинг тарқалиши имкон қадар жиловланмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ишларни мушоҳада қилар экансан, тарозининг палласига қўйилган халқимиз соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш вазифасининг салмоғи ҳар қандай бошқа юмуш, ҳатто, иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларидан-да кўра залворлироқ бўлаётганига амин бўласан. Инсон саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби хайрли мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай маблағ ва жидду жаҳдни аямаслик давлатимиз сиёсатининг қоқ юрагига айланганини кўриб, халқимиз хотиржамлиги, турмушимиз фаровонлиги ва тўкислигига ҳеч қандай вирус осонликча таҳдид сололмаслигига ишончи ортади кишининг.

Бундай хулосанинг холислиги исботлари сифатида юртимизда коронавирусга чалинганлар сонида кескин ўсишнинг кузатилмаётгани, пайдо бўлаётган ҳолатлар юзасидан тезкор амалий чоралар кўрилаётгани, зарурат туғилиб қолган тақдирда беморларни жойлаштириш учун лозим бўлган қўшимча янги тиббий муолажа муассасаларининг тезкорлик билан қурилаётгани ва яна кўплаб ибратли ишларни кўрсатиш мумкин. Тарих ҳақиқати шундайки, энг оғир вазиятлардан соғ-омон чиққан миллат ва халқларнинг албатта ишончли раҳнамоси бўлган ва кенг омма унинг атрофида жипслашган. Яратганга беадад шукурлар бўлсинким, бугунги мураккаб шароитларда халқимизни ана шундай фидоий ва иқтидорли Йўлбошчи билан сийлаб қўйди!

Аммо “шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек, яккам-дуккам бўлса-да, пандемияга қарши умуммиллий курашдаги ҳамжиҳатликка путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар ҳам кўзга чалиниб қолаётгани кўнгилни хижил қилади. Бунинг оддий мисолларидан бири – ҳар биримизнинг хавфсизлигимизни кафолатлаш учун ўрнатилган умумий тартиб-қоидалар, жумладан, карантин билан боғлиқ вақтинчалик чекловларнинг бузилиши ҳамон давом этаётгани, ё бўлмаса, ниҳоятда оддий бўлган ижтимоий масофага риоя қилиш талабларини назар-писанд қилмаётганлар учраб тургани ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Афсуски, коронавирус билан боғлиқ маълумотларни билиб-билмай сохталаштириш, ҳатто, уларни муболағали кўринишларда тарқатишга уринаётганлар ҳам топилиб турибди. Реал воқеликка ишончсизлик билан қараб, ваҳимага тушиб қолаётганлар ҳам йўқ эмаслиги бундан-да аянчлироқ...

Бундай ҳолатлар қулоққа чалинганда бир ибратли араб ривояти ёдимга келади. Бир киши кўчада кетаётган экан, рўпарасидан вабо чиқиб қолибди. “Йўл бўлсин?” деб сўрабди у вабодан. “Бағдодга кетаяпман” деб жавоб берибди вабо. “Кўпчиликни олиб кетасанми?” деб сўрабди у одам. “Йўқ,– деб жавоб берибди вабо, – бор-йўғи беш минг кишини”. Орадан бир йил ўтгач, ҳалиги одам яна вабо билан тўқнашиб қолибди. “Беш минг кишини олиб кетаман деган эдинг, лекин беш юз минг киши нобуд бўлди-ку!” дея хитоб қилибди у. Вабо эса, “йўқ мен, айтганимдек, беш минг кишини олиб кетдим, холос. Бошқалар ваҳимадан ўлди” деган экан... Ўйлашимча, бу каби ривоятлар онда-сонда бўлса ҳам ҳаётимизда учраб турадиган салбий маънодаги лофчилар учун ибрат бўлиши лозим. Ҳар қандай соғлом фикрли киши бундай салбий ҳолатларга бефарқ бўлиши мутлақо ножоиздир. Динимиз буюрган амри маъруф ва наҳий мункар, яъни эзгуликка рағбатлантириш ва рад этилган (салбий) хатти-ҳаракатлардан қайтариш барчамизнинг зиммамиздаги инсоний мажбурият эканини асло унутиб бўлмайди. Бу мулоҳаза, айниқса, ҳаётий тажрибаси ҳали кам ёшлар билан мулоқотларимизга дахлдордир. Ахир, биз ёшларга сабоқ бермасак, улар ҳаётий тажрибани қайдан олсин...

Онгли ҳаётимнинг анчагина йилларини муқаддас динимиз сарчашмалари, хусусан, ҳадиси шарифларни ўрганишга бағишладим. Узоқ муддат давом этиб келаётган бундай изланишлардан чиқарган асосий хулосам шу бўлдики, ислом таълимотининг туб моҳиятини инсон манфаатларини имкон қадар безарар ва тўлиқ рўёбга чиқариш ташкил этади. Шунинг учун қуръоний оятларда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам одамларнинг энг яхшиси бошқаларга кўпроқ нафи тегадигани, ўзига раво кўрган эзгуликни биродарига ҳам илинадигани, ҳар қандай фитна ва қабоҳатдан йироқ бўладигани, бировга яхшилик қилмоқнинг нечоғлик улуғ фазилат экани ҳақидаги ибратли ҳикмат ва насиҳатлар марказий ўринни эгаллагандир.

Айтиш жоизки, кўринмас ёв бутун дунё бўйлаб инсон зотига бирдек ҳамла этаётган бугунги қалтис шароитларда айни зикр этилган фазилатларга бўлган эҳтиёж ўзини тобора яққолроқ намоён қилиб бормоқда. Зеро, шароит тақозосига кўра ёрдамга эҳтиёжманд тоифаларнинг аҳволи бугун ҳар доимгидан-да кўра мушкулроқдир. Айниқса, серфарзанд ва моддий кўмакка муҳтож бошқа тоифалар, жумладан, турли сабабларга кўра якка-ёлғиз қолган ва уйдан ташқарига чиқиши мушкул бўлган қариялар ва ногиронларнинг ҳожатини чиқаришга бўлган зарурат кун сайин ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан халқимизнинг энг улуғ фазилатларидан бирини савобли амалларни кўпроқ қилишга интилиш ташкил этишини эсламоқчиман. Оммавий ахборот воситалари орқали гувоҳи бўлаётганимиз хайр-эҳсонга қўл ураётган ишбилармонлару оддий одамларнинг бу соҳадаги фаоллигини кўриб кўнглим яйрайди! Ибратли миллий ва диний қадриятларимиз ҳаётий мақоминининг жадал тикланиб, тобора мустаҳкамланиб бораётганига амин бўламан, шундай юрт аҳлидан эканимдан қалбим ифтихор туйғуларига тўлиб-тошади!

Бугун муборак Рамазон ойининг остонасида турибмиз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг машҳур ҳадисларидан бирида ҳар қандай ишнинг натижаси қилинган ниятга мувофиқ бўлади, дея таъкидланади. Зикр этилган ой поклик ва мусаффолик, яхшилик ва баракот, саховат ва мурувват палласи бўлиши баробарида, чин кўнгилдан қилинган эзгу дуоларнинг мустажоб этилиши ваъдаси билан ҳам эътиборлидир. Шунинг учун ҳам мўъмин-мусулмонлар ушбу ой давомида дуойи хайрлар қилиб, келгуси йили унга яна етишга мушарраф этишини Аллоҳдан илтижо қиладилар. Халқимизни мазкур улуғ муносабат билан самимий қутлаган ҳолда, инсоният бошига тушган офатдан барчамизни тез фурсатларда халос этишини Яратгандан сўраб қоламан.

Убайдулла Уватов,

Имом Термизий халқаро тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, профессор

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech