18 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21 °C

Кейинги авлод
27 Мар  2019 4722

Тошкентдаги Пучон университети ректори: “Истиқболда керак бўладиган кадрларни тайёрлашимиз зарур”

Корейсча усулда таълим бериш энг илғор тизимлардан саналади. Бугун Ўзбекистонда ҳам бунга катта эътибор қаратилмоқда, ўқитиш жараёнларига хорижий тажрибаларни татбиқ этиш зарур. Республикамиз Президенти 2018 йил 2 июлда «Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Жорий йилда имтиҳонлар қандай бўлади, янги факультетлар, ўкитувчилар ва бошқа кўпгина масалалар ҳақида Тошкентдаги Пучон университети ректори Виктор Нам бизга сўзлаб берди.

 

- Ўтган йили университет ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлади. Ана шу давр ичида университет юқори малакали кадрлар тайёрлашда катта тажриба тўплаган.

Айтиш жоизки, ўтган ойда Кореянинг Пучон университетига қабул бўлиб ўтди. Танлов – бир ўринга 20 номзод, баъзи факультетларда эса улар сони 30 тага ҳам етди. Олий таълим муассасаси талабаларни қабул қилиш бўйича етакчи ўринларда туради. У ерда ОТМлар 400 дан зиёд ва ҳаммаси ҳам бундай натижалар билан мақтана олмайди.

Шунингдек, Пучон Корея Республикасининг барча университетлари ичида умумтаълим хизмати кўрсатиш сифати бўйича қаторасига тўртинчи йил биринчиликни қулдан бермай келяпти.

Университет ўзига унинг битирувчилари томонидан барпо этилган 1500 корхона ва муассасани бирлаштирган – иш билан таъминлаш кўрсаткичи жуда юқори. Буни ўзига хос оила деса ҳам бўлади, улар ўзлари таълим олган билим масканига ёрдам беришади. Яъни бу хайрия маблағлари орқали моддий ёрдам, ва яна биринчи навбатда, университетнинг бошқа битирувчиларни ҳам ишга олиш билан кўмаклашадилар.

- Ўзбекистонда анча вақт олий таълим олишни истаганларга ўқиш ўринларнинг камлиги муаммоси мавжуд эди. Эндиликда янги олий ўқув юртларининг ва хорижий ОТМ филиалларининг очилиши самараси ўлароқ, рақобат пайдо бўлди. Сиз ёшларимизни нима билан жалб қилмоқчисиз?

- Бунга сифат билан, сифат билан ва яна сифат билан, дея жавоб берган бўлардим. Фақат шу йўл билан талабаларни қизиқтириш, ва умуман, олий таълим муассасаси сифатида ривожланиш мумкин.

Сифатли таълим бериш нима дегани? Биз учун бу мунтазам ўзгариб турувчи бозор конъюнктурасига йўналтирилган корейсча ўқув дастурини қўллаш. Ана шундай шароитларда истиқболда керак бўладиган кадрларни тайёрлашимиз зарур. Агар ҳозирга вазиятга қараб мўлжал олинса, у ҳолда уч йилдан сўнг олинган билимлар долзарб бўлмай қолади.

Бунда ўқитувчи-профессорлар таркиби ҳам жуда муҳим. Ўқитишнинг янгича усулларини қўллайдиган юқори малакали педагогларни ишга таклиф қиляпмиз. Кореядаги Пучон университети эса бу ерга мактабгача таълим, архитектура ва тил бўйича ўзининг энг яхши мутахассисларини хизмат сафарига жўнатмоқда. Уларнинг бари PhD (философия доктори) даражасини олганлардир. Бизда катта тажрибага эга ходимлар меҳнат қилмоқда. Хорижда, ва табиийки, ватанимизда таълим олган инглиз ва корейс тилларини биладиган ўқитувчиларни ҳам ишга оляпмиз.

Шу ерда яшайдиган ўзбекистонлик резидентлар ва хорижлик экспертлар орасида чет элда таълим олмаган ва бир неча тилни билмаса-да, танқидий фикрга эга, инновацион педагогик технологиялардан фойдаланадиган, ижодий усулларни қўллайдиган мутахассислар ҳам бор. Бунда асосийси, ўқитишга шахсий-йўналтирилган ёндашув. Хуллас, биз бундай мутахассисларни бажонидил ҳамкорликка таклиф қиламиз.

- Пучон университети томонидан Тошкентда очилган факультетлар ҳақида гапирсангиз. Янгиларини очиш ҳам режалаштириляптими?

- Асосий факультетимиз – Мактабгача таълим факультетидир, унга ўтган йили 480 (кечки ва кундузги бўлимларга 240 тадан) талаба қабул қилинган. Корейс тили ва менежмент факультетига 60 та ва умумий ҳажмда жами 540 талаба қабул қилинди. 2019/20 ўқув йилида ушбу факультетлар бўлади ва улар сафига янги, архитектура факультети қўшилади. Қабул қилиш квоталари ҳам тасдиқланган:  Мактабгача таълим – 390 та (кечки бўлимга қабул бироз қисқарди), Корейс тили ва менежмент ҳамда Архитектура факультетларига 90 тадан.

Келгусида Умумий овқатланиш ва Жисмоний реабилитация факультетларини очиш режалаштирилмоқда. Айниқса, жисмоний реабилитация бўйича мутахассислар етишмаслигига кўпгина муассасалар: фитнес-марказлар, боғлар, мактаблар ва бошқалар эҳтиёж сезади. Бундан келиб чиқадики, иш билан бандлик амалда олдиндан ҳал этилган бўлади.

- Университетнинг Тошкент филиали очилганидан бери бирор муаммога дуч келдими?

- Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши натижасида қийинчиликларни ҳис этмадик. Аммо биз ҳамиша рўбарў келадиган ўз вазифаларимиз бор. Масалан, ўқув жараёни билан боғлиқ. Айрим талабалар бошқача таълим олгани боис корейсча ўқитиш тизимига ҳали кўникма ҳосил қилишмаган. Хорижлик мутахассисларнинг бу ерда яшаши билан боғлиқ маиший жиҳатлар мавжуд.

Потенциал талабалар ва абитуриентлар ўртасида учрашувлар ўтказамиз. Бизда бошқалардан фарқли ўлароқ, қабул йилига икки марта бўлади.

Шунингдек, бир вақтнинг ўзида бизга ажратилган собиқ коллеж биносини реконструкция қилиш ишлари кетмоқда.

- Кириш имтиҳонлари қандай ўтади ва натижаларнинг шаффофлиги таъминланадими?

- Ана шу жиҳатни узоқ ўйладик. Биринчи йили барча саволларни Кореяда ишлаб чиқдик, ишлар ҳам у ёққа самолётда жўнатилди. Очиқ айтсак, бу жуда муракккаб. 2019 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишув имзоладик. Барча жараённи миридан-сирига қадар ўзимиз ёзиб чиқдик: қандай ахборот тўплаймиз ва гуруҳларни шакллантирамиз, тест топшириқлари қай даражада бўлади.

Ҳар бири абитуриент танлаган йўналишларга мос тарзда инглиз ва корейс тилидан иккита имтиҳон бўлади. Шунингдек, синовдан озод бўлишни ҳам тақдим этамиз. Кимда инглиз (IELTS 5.0 /СEFR B1 ва ундан юқори) ва корейс (TOPIK 3  ва ундан юқори) тилларидан сертификат бўлса, улар тест синовларидан озод этилади. Бундай абитуриентлар иккинчи босқич – суҳбатга келишади.

Касбий яроқлиликни текшириб, аниқлайдиган уч-беш кишилик комиссия шакллантирилади. Масалан, агар гап бунда мактабгача таълим ҳақида кетса, у болалар билан ишлай оладими, ўзи шу соҳага қизиқадими аниқлаш зарур бўлади. Суҳбат абитериент учун қулай исталган – ўзбек, рус, инглиз ва корейс тилларида ўтказилади.

- Афтидан, Ўзбекистондаги ва Кореядаги ўқитиш тизими бир-биридан фарқ қилар экан. Сизнинг ОТМга киришни истаган абитуриентлар қандай мураккабликлар ва кўнгилли «сюрприз»ларга тайёр туриши керак?

- Ҳақиқатан ҳам, худди ёндашув каби, тизимлар ҳам мутлақо бошқа-бошқа. Кўпгина талабаларимизнинг ўзи бу ҳақда гапиришади: хорижий ОТМга шунчаки, бирор мақсадсиз киргандик, энди ўз ниятимизга ва келгусида ривожланишимизга ишончимиз комил.

Шунингдек, ёшларимиз учун Ўзбекистонда ва Корея республикасида таълим олиш имконияти мавжуд.

Биз ўқитиш даврида иккита дипломга эга бўлишни таклиф этамиз ва бунда йўналишига қараб, «2+2» ва «3+1» тизими қўлланилади. Яъни талаба бизнинг университетда 2 ёки 3 йил ўқишади ва «Associated Bachelor» («Кичик мутахассис») дипломини қўлга киритадилар. Шундай қилиб, битирувчи ушбу диплом билан болалар боғчаси, хусусий сектор ва бошқа жойларга ишга жойлашиши мумкин. Хорижда бу тизим кенг оммалашган, аммо бизда «Associated Bachelor»га тугалланмаган таълим дея бироз ҳадик билан қарашади. Аммо орадан бир-икки йил ўтиб, бу ҳолат ҳам меъёридагидек қабул қилина бошлайди, деб ўйлайман. Дейлик, талаба менежментликка икки йил ўқиди, ишлаб кўрди ва бу соҳа унинг учун эмаслигини тушунди. У бемалол ўз мутахассислигини ўзгартириши мумкин. Бошқаси эса тўрт йил ўқиган ва шундай вазиятга тушиб қолгач, вақтни йўқотганини тушунади.

Агар фаолият маъқул келса,ўқишини давом эттириши мумкин ва тўрт йил ўқигач, бакалавр дипломига эга бўлади. Бунда яна шу икки йилни қаерда ўқиган маъқул, Тошкентдами ёки Кореяда, деган танлов ҳам мавжуд.

- Тошкентдаги Пучон университети битирувчисига қандай имкониятлар эшиклари очилади?

- Биз келажак авлод талабаларини тайёрлаймиз. Уларнинг Ўзбекистонда ва хориждаги меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар бўлишига ишончим комил.

Битирувчимиз учун барча эшиклар очиқ: у тилларни билади, бошқа мамлакатларда ўқий ва ишлай олади. Боз устига Ўзбекистон ва Корея ўртасида бу борада ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Бунга хусусан, нега битта факультетда иш соҳаси анча кенгроқ бўлиши учун корейс тили ва менежментликка ўқитишни бирлаштирганимиз сабаб. Бундай мутахассис бемалол ўқитиши, таржимонлик қилиши ва бизнес билан шуғулланиши мумкин.

- Университетингиз рамзи жуда қизиқарли. Унинг тарихи билан ўртоқлашсангиз?

- Шарқ – бу нозик иш, турган-битгани фалсафа, деса ҳам бўлади. Бизнинг рамзимиз ҳам бундан истисно эмас.

У «Blooming Creative» («Гуллаётган ижод»), деб номланади ва кўпгина муҳим деталлардан ташкил топган. Корейс тилида «?»- «ин», яъни инсон, иероглифи мавжуд. Мойчечакка ўхшаган гул акси – аслида ўн кишини англатади, яъни ижодкор инсонлар бир жамоага бирлашган маъносида. Ёқимли кулранг бўёқ ишончга асосланган касбий маҳоратлилик, тўқ сариқ ранг – ёшлик, ҳаётий қувват. Университет ҳам ана шу фалсафани ўзига жо этган.

- Сизнинг университетингизга киришни режалаштираётган ёки ҳужжатларини топширган абитуриентлар нималарни кутиши керак?

- Мен Кореяда 12 йилдан зиёд вақт таълим олдим. Ҳамиша ўша талабалик ҳаёти иқлимини бизда ҳам ҳис этишларини истардим.

Ҳамманинг ҳам хорижда ўқишига имконияти бўлавермайди, Тошкентдаги Пучон университети эса ёшларимизга бу ажойиб, анъанавийсидан фарқланувчи, ўқишга бўлган ижодий ёндашувни ҳис этиш имкониятини беради.

Сабина Алимова

суҳбатлашди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech