17 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,4 °C

Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ўзбекистон ва Россия вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлардир. Президентларимизнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги, янада юксак босқичга кўтарилди. 
 
Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг ушбу учрашуви олий даражадаги мунтазам мулоқотларнинг мантиқий давомидир. Ўзаро ишонч ва конструктивликка асосланган сиёсий мулоқотлар икки томонлама муносабатларнинг узоқ муддатли истиқболи ва муҳим йўналишларига замин яратмоқда. 
 
Ташрифнинг асосий тадбирлари 19 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. 
 
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин тор доирада музокара ўтказди. 
 
Президентимиз олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари кейинги икки йилда янада мустаҳкамланганини таъкидлади. 
 
Давлатимиз раҳбари Москва шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилгани учун кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирди. 
 
Кейинги бир йилда юқори даражада 80 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди. Ҳудудлар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бугун Тошкентда Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Россия ҳудудлари, жамоатчилиги ва бизнесининг мингдан ортиқ вакили иштирок этмоқда. Жорий йил бошидан ҳозиргача товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсди. Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Давлатимиз раҳбари яна бир стратегик лойиҳа – мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси бошланаётганини катта мамнуният билан қайд этди. 
 
Владимир Путин давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Россиянинг ишончли иттифоқчиси, стратегик шериги эканини таъкидлади. 
 
Сизнинг Россияга ўтган йилги давлат ташрифингиздан кейин икки томонлама муносабатларнинг ҳамма соҳаларида катта ўзгаришлар бўлди. Бу ўринда гап, аввало, иқтисодиёт ҳақида кетмоқда. Биз Ўзбекистон қанчалик тез ва тубдан ривожланаётганини, мамлакат иқтисодиёти ва халқи учун зарур ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз, деди Россия Президенти. 
 
Учрашувда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ҳар томонлама ривожлантириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, мамлакатларимизнинг долзарб минтақавий ва халқаро масалаларга доир ёндашувлари мос ёки яқин экани таъкидланди. 
 
Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқладилар. 
 
Президентлар хавфсизлик соҳасида ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган шериклик муносабатларини кенгайтириш Марказий Осиё минтақасидаги янги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш вазифаларини биргаликда ҳал этишга хизмат қилишини қайд этдилар. 
 
Терроризм, экстремизм, айниқса, ёшлар орасида радикаллашувга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашилди. 
 
Томонлар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини афғон халқининг ўзи амалга ошириши зарурлигини яна бир бор таъкидладилар. Россия Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини юксак қадрлайди. 
 
Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорлик ривожида ижобий тенденциялар кузатилаётганини қайд этдилар. 
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Унда савдо-иқтисодий инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. 
 
Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. 
 
Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 
 
Сентябрь ойида ҳукумат раҳбарлари раислигида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтказилди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Россиянинг етакчи компания ва банклари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 
 
Ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади. Бу рақам режалаштирганимиздан ҳам ортиқ. Яқин йиллардаги вазифа савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш, деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Владимир Путин давлатимиз раҳбарининг фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларига ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. 
 
Давлат раҳбарлари ташриф доирасида умумий қиймати 25 миллиард доллар бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланганини мамнуният билан қайд этди. 
 
Бугунги кунда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтирган инвестициялари ҳажми 8,5 миллиард доллардан ошади. Ташриф доирасида Президентимиз ташаббуси билан илк бор ўтказилган “Ўзбекистон – Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бу борада катта аҳамият касб этди. Унинг якунида қиймати 2 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар бўйича келишувга эришилгани қайд этилди. 
 
Мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб бормоқда. Жорий йилда илк бор Ўзбекистон – Россия медиа-форуми ўтказилди, куни кеча Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг 80 нафар раҳбари иштирокида Таълим форуми бўлиб ўтди. “Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар” мавзуидаги мазкур форумда таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100 дан ортиқ келишув имзоланди. 
 
Шавкат Мирзиёев бу кейинги пайтларда ҳамкорликда эришилган юқори марралардан айримлари эканини, Россия Президентининг давлат ташрифи Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ривожига янги, кучли импульс бағишлашини таъкидлади. 
 
Музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 
 
Жорий ўқув йилидан Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали иш бошлади. Мамлакатимизда самарали фаолият юритаётган Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Россия давлат нефть ва газ университети филиалларига қўшимча равишда Москва давлат халқаро муносабатлар институти, «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети, Бутунроссия кинематография давлат институти, Москва энергетика институти, Россия кимё-технология университети филиалларини очиш режалаштирилган. 
 
Илм-фан соҳасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, Жиззах вилоятидаги Суффа платосида йирик радиотелескоп барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. 
 
Халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида мамлакатимизда Ўзбекистон-Россия ёшларининг тўртинчи форуми ўтказилади. 
 
2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланади. Давлатимиз раҳбари ушбу санани муносиб кутиб олиш мақсадида мамлакатимизда махсус дастур ишлаб чиқиш ва Тошкентда “Ғалаба” боғ-мажмуасини барпо этиш режалаштирилаётганини қайд этди. 
 
Ушбу маскан фашизмга қарши курашимиз рамзи бўлади, ёш авлодни тарихга ҳурмат, ватанпарварлик ва халқлар дўстлиги руҳида тарбиялашга хизмат қилади, деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Аҳоли, аввало, ёшларни рус адабиётининг энг сара намуналари билан кенг таништириш мақсадида ўзбек тилида 100 жилдлик "Рус мумтоз адабиёти дурдоналари" тўпламини нашр қилиш режалаштирилмоқда. 
 
Музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар қабул қилинди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. 
 
Ташриф доирасида имзоланган 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастури, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича йўл харитаси, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги битим, Тўқимачилик саноатида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро алмашилди. 
 
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини қўшимча разведка қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокига доир қўшимча битим, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Ўзбекистонда Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг филиалини ташкил этиш тўғрисида битим, Фанлараро илмий таълим марказини ташкил этиш тўғрисида битим, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши ва “Бутунроссия ректорлари иттифоқи” жамоат ташкилоти ўртасида битим, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинлари федерал хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 
 
Ташриф асносида жами 20 та ҳужжат имзоланди. 
 
Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Президентлар тор ва кенг доирадаги музокаралар ҳар доимгидек очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан томонларнинг позицияси бир хиллиги ёки яқинлиги қайд этилди. 
 
Давлатларимиз ўртасида дўстона алоқалар ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил шахсий саъй-ҳаракатлари учун Россия Федерацияси Президентига алоҳида миннатдорлик билдираман, деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Биз Ўзбекистон Президенти билан конструктив ва жуда фойдали музокаралар ўтказдик, икки томонлама ҳамкорликка оид кенг доирадаги масалаларни батафсил кўриб чиқдик, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдик. Иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларимизни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини белгилаб олдик. Буларнинг барчаси биз имзолаган Қўшма баёнотда ўз аксини топди. Унда мамлакатларимиз вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари олдидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган, деди Владимир Путин. 
 
Куннинг иккинчи ярмида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. 
 
Президентлар “Ўзэкспомарказ”даги “Ўзбекистон-Россия” биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин рамзий тугмани босиб, мамлакатимиздаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасининг бошланишига старт берди. 
 
Россия Федерацияси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлади. 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech