14 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -0,4 °C

Ташвишли хабар
15 Мар  2019 13237

Эҳтиёт бўлинг, зомби!

Кўпинча йўл ҳаракатининг қоидаларини бузган ва аксарият ҳолларда ЙТҲни келтириб чиқарадиган ҳайдовчиларни танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо пиёдалар ҳам бунинг учун жазоланмасликларини ҳис қилиб, тақиқланган жойдан кўчани бемалол кесиб ўтади, қизил чироқ ёниб турган бўлса ҳам ҳаракатланишда давом этади... Бунинг яна бир қизиқ томони, бундай йўл ҳаракатининг қоидаларини бузиш ЙҲХБ ходимлари томонидан қайд этилмайди (мазкур хулосага инспекторлар билан узоқ вақт ёнма-ён туриб пиёдаларнинг ҳаракатланиш қоидаларини бузишганини кузатгандан сўнг келинган).

Мазкур бошқарма ходимлари бунга ҳар куни жуда кўплаб қоидабузарларни «ушлаш»ини айтиб, фикримизга эътироз билдиришлари, ҳатто, самарали тадбирлар ўтказилаётгани ва уларнинг статистикасини ҳам келтиришлари мумкин. Бироқ савол туғилади: қаерда пиёдалар энг кўп жаримага тортилади? Жавоб: пойтахт марказида.

Амир Темур хиёбони бўйлаб ўн километр радиусда ЙҲХБ ходимлари томонидан йўл роса белгилаб ташланган. Бу ҳудудда пиёдалар «зебра»лар бўйлаб ва бошқариладиган пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланишади, ҳайдовчилар ҳам уларни ҳурмат билан ўтказиб юборади. Ҳавас қилгудек тартиб!

Аммо шаҳар марказидан сал четроққа, масалан, Чилонзор туманига яқин жойларда эса вазият бутунлай бошқача. Бу ерларда пиёдалар қаердан хоҳласа, ўша ердан йўлни кесиб ўтаверади, ЙПХ ходимлари ҳам уларга бепарво, пиёдалар жуда камдан-кам ҳолларда жаримага тортилади.

Қатортол кўчаси - «улгуржичи»лар ҳудуди – кўпчилик у ерда ҳар куни автомобиллар тирбандлигини кўради, кўп машиналар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади, тақиқловчи белгилар қўйилган жойда машиналарини тўхтатишади.

Айнан шу ерда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатини кузатишга қарор қилдик. Кўрганларимизни суратларга ҳам муҳрладик. Хуллас, манзара қуйидагича: пиёдалар тақиқланган жойда йўлни кесиб югуриб ўтадилар: бир хиллари сумкаларини тўлдирганча бозордан қайтмоқда, бошқалари – сумкаларини тўлдириш учун бозор томонга кетяпти, учинчилари, телефонда сўзлашганча кўчани кесиб ўтмоқда... Тушунганингиздек, улар йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқаришлари мумкин. Машиналар эса югуриб ўтаётганларни йўл бериш учун йўл ёки трассанинг исталган жойида тўхташга мажбур бўлади. Ҳайрон қоларли томони, бу ердан бир неча ўн қадамлар нарида бошқариладиган пиёдалар ўтиш жойи мавжуд. Бозорнинг ўнг томонида «зебра» чизилган, аммо ундан кўпчилик деярли фойдаланмайди. Дарвоқе, Йўл ҳаракатининг қоидаларини бузган пиёдаларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жаримага тортиш назарда тутилган.

Қатортол кўчасида четки қаторига, гарчи бу мумкин бўлмаса-да, машиналар қўйиб кетилади. Машиналар тирбандлиги эса ҳайдовчиларнинг ноадекват хатти-ҳаракатларни содир этишига тўғри келади  - улар ўзлари ва бошқаларнинг ҳаётларини хавф остида қолдириб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетадилар. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлса, бу энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Яқинда Қонун ҳужжатлари таъсирчанлигини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ)да Президентимизнинг меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, жарималарни белгилашда «базавий ҳисоб суммаси» қўлланилади (айни дамда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 202 730 сўм).

Тошкент кичик ҳалқа йўлининг «Чилонзор» метро бекатидан «Шуҳрат» (бу жойни маҳаллий халқ шундай атайди) чорраҳасигача бўлган қисмида минглаб пиёдалар ўтади, ўтиш йўллари орасидаги масофа ҳам катта, шу боис одамлар йўлни ўзларига қулай қисмидан югуриб кесиб ўтадилар. Бу келтириш мумкин бўлган минглаб мисоллардан биттасигина, холос.

Дарвоқе, ривожланган мамлакатларда, масалан, Буюк Британияда, диққатсиз кишилар учун йўлга туширилган белгилардан ташқари яна алоҳида кўринадиган қилиб ёзиб ҳам қўйишади... Ёшларнинг трассадан смартфонлардан кўз узмай кесиб ўтиш одати ҳисобга олиниб, ҳайдовчилар учун «Эҳтиёт бўлинг, зомби!» белгиси ҳам ўрнатилган...

ИИВ маълумотига кўра, ўтган йили республикамизда йўл-транспорт ҳодисасидан икки мингдан зиёд киши, шу қаторда пиёдалар ҳам, ҳаёт билан видолашган. Бунинг олдини олиш учун бор-йўғи қўшимча светофорлар ўрнатиш, йўл белгиларини янгилаш, шу билан бирга, одамларда белгиланган тартиб-қоидаларга омал қилиш кўникмасини шакллантириш лозим.

 

Константин Башлаев.

Муаллиф сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech