23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,9 °C

Ижтимоий ҳаёт
18 Июл  2019 4034

Илм-маърифатли аёл – жамиятнинг тараққиёт йўлидир

Барча замонларда аёллар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишган. Таълим олиш, ҳеч қандай чекловларсиз мартабаларга эришиш имкониятини қўлга киритгандан сўнг ҳам гўзал жинс вакиллари ҳали-ҳамон ижтимоий эскича қарашлар, аёллар фақат оила учун, дея очиқдан-очиқ айтувчи одамлар билан юзма-юз келмоқда. Кимгадир бу тўғри келади, бошқаси жамоатчилик фикрига қарши чиқади, учинчилари эса беихтиёр гапини сариқ чақага ҳам олишмайдиган шароитга тушиб қолади. Улар аллақачон бундай қисматга кўникишган, лекин бу билан азоб-уқубатлар тугаб қолса экан. Итоаткорлик - шарқ мамлакатларида жумладан, бизда ҳам, жуда қадрланадиган сифат. Бу кўпинча қиз шахсиятининг ривожланишни тўхтатади ва баъзан ҳаётини барбод қилади ҳам.

Ваҳшиёна ҳодиса, бунга ўзгача сўз ҳам топиб бўлмайди, июль ойи бошида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида содир бўлди. Қиз ўзи туққан чақалоғини маҳаллий бозордаги жамоат ҳожатхонасига ташлаб кетди. Яхшиямки, ундан кейин келган аёл, чақалоқ йиғисини эшитиб, қолганларни ёрдамга чақирган. Хуллас, чақалоқ қутқарилди. ЖКнинг 25-моддаси орқали 99-модда (янги туғилган чақалоқнинг онасини томонидан қасддан ўлдиришга уриниш) билан жиноят иши очилган.

Худди шундай ҳолат ўтган йили ҳам Наманган вилоятининг Норин туманида содир бўлиб, фермер хўжалиги ҳожатхонасида ёлланма ишчи аёлнинг кўзи ёриган. Чақалоқ чинқириғини эшитган боғбон уни қутқариб қолган.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги роли ҳамда фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда ўзини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Мустақиллик йилларида бу борада муваффақиятларга эришдик, меъёрий-ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган юзга яқин миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул ва ратификация қилинди. Уларга риоя қилиш кафолати Конституциядир. Ҳар йили махсус давлат дастурлари тасдиқланиб, улар доирасида юртдош аёлларимизнинг турмуш шароити ва сифатини яхшилаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Лекин муаммолар ҳали ҳамон мавжуд. Ҳуқуқий саводхонлик ва онглилик даражаси паст. Деновда содир бўлган воқеаларга ўхшаш ҳолатлар учраб туради. Амалга оширилаётган маърифий ишлар ҳар доим ҳам ўз самарасини бермаяпти. Кўпинча баъзи аёллар яқинлари, турмуш ўртоғи ва ота-онаси ҳам шу жумладан, томонидан шунақа қўрқитиб қўйиладики, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга журъат ҳам қилолмай қолишади. Аёллар аксарият ҳолларда уйдаги зўравонлик изларини кутилмаганда йиқилиб тушгани билан изоҳлашади, турли важ-карсонлар кўрсатиб, ўзига  қўл кўтарганларни ҳимоя қилган ҳолатлари ҳам маълум.

Ўтган йилнинг февраль ойида Президентимиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қарорга имзо чекди. Ҳужжатда оғир турмуш шароитига тушиб қолган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, уларни ишга жойлаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни самарали профилактика қилиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситхонова ушбу масалалар қанчалик муваффақиятли амалга оширилаётганини айтиб ўтди:

– Ҳар куни оммавий ахборот воситаларидан шафқатсизлик ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида билиб оламиз. Афсуски, замонавий дунёдаги одамлар тобора тажовузкор бўлиб бормоқда. Денов шаҳрида содир бўлган ҳодиса ҳақида қизғин мунозаралар ва дарғазаблик билан қолдирилган изоҳлар бундан аҳолининг ларзага тушганини акс эттиради. Бунда турли омилларни ҳам ҳисобга олиш керак. Маълум бўлишича, оилада олтита фарзанд – икки ўғил ва тўрт қиз бўлган. Қиз ўрта маълумотга эга. Отаси ишлашга рухсат бермаган, шу боис уй юмушлари билан банд бўлган. У битта маҳаллада яшайдиган яқин қариндоши томонидан зўрланган. Буни онасидан ташқари, бошқа ҳеч ким билмасди. Одамлар олдида шармандаси чиқишидан қўрқиб, даҳшатли қарорни қабул қилишган, яъни янги туғилган чақалоқни ҳожатхонада қолдиришга.

Бундай вазиятларда одамлар кўпинча ёшларни, хусусан, қизларни, маҳаллани, ота-оналарни, тарбиялашга масъул ташкилотларни айблашади. Бироқ бирон киши у эркак туфайли шундай вазиятга тушиб қолганини тилга олмайди. Масъулият ҳамиша аёл зиммасига тушади ва бу адолатдан эмас.

Албатта, бундай хатти-ҳаракатни оқлаб бўлмайди, биз фақат жамоатчиликни биргина қиз айбдор эмаслигини қабул қилишга чақирамиз. Эркак киши ҳам оталикнинг жиддийлигини тушуниши керак. Денов шаҳрида содир бўлган фожиа замирида билимсизлик, ахлоқ борасида ҳеч қандай тушунчаларга эга бўлмаслик ётади. «У ўз хоҳиши билан жинсий яқинликка рози бўлган» ёки «у вояга етган-ку?!», деган гаплар билан аёлга нисбатан қилинган зўравонликни оқлаб бўлмайди.

Шубҳасиз, илм-маърифатли аёл - жамиятнинг тараққиёт йўлидир, чунки айнан у, болаларни тарбиялайди ва уларнинг онги, дунёқараши, билим даражасини шакллантиради. Илм-маърифатли аёл аввало, оиланинг бойлиги соғлом ва ўқимишли авлодда эканини тушунади, таълим ва тиббиётга пул сарфлаб, уларнинг фаровон келажагига ўзига хос сармоя киритади. Замондош аёл ижтимоий-сиёсий жараёнларни тушуниши, мамлакат ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга тўғри баҳо бера олиши лозим.

Маълумки, миллий анъаналар, қадриятлар ва урф-одатлар тарбияда муҳим ўрин тутади. Табиийки, ота-оналар уларни кейинги авлодга етказиш учун масъулдирлар. Бу ҳам, худди муаммолар каби биргина онанинг эмас, балки отанинг ҳам елкасига тушади. Ота-она қизига ўргатиши керак бўлган энг муҳим нарсалар бу – тўғри ва ширин мулоқот қила олиш, керак бўлганда гапириш ва тинглаш, кулиш ва хафа бўлиш қобилиятлари, ўзини намоён этиш ва ривожланишдир. Афсуски, болаларига мутлақо эътибор қаратмайдиган ота-оналар ҳам кўплаб топилади. Бошқалари эса ҳаддан ташқари кучли назорат ва чекловлари билан босим ўтказади, бу ҳам ўта жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Кўпинча бундай кучли босим таъсирида ўсган қизлар мустақил қарор қабул қила олмайди, негаки бирор ишни ўхшата олмай қолиш ваҳимаси уларни таъқиб этади.

Мустақиллик даврида мамлакатимизда юз берган туб ўзгаришларга қарамасдан, наслни давом эттириш вазифаси устувор деган фикрдаги кўпчилик Ўзбекистон хотин-қизларини фақат оила билан боғлашда, давом этмоқда. Бундай «андаза»ни қўллаш, замондош аёлларнинг ўзини такомиллаштиришда зарур бўлган кўникмаларни улкан муваффақиятлар билан ҳосил қилаётганининг ҳақиқий манзарасини кўришга тўсқинлик қилади. Ишлайдиган аёллар энди истисно эмас, балки қоида ҳисобланмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси чақалоғининг ўлишини истаб, ташлаб кетган қизнинг ҳаракатларини мутлақо оқламаган ҳолда, шу ҳодиса сабаб очилган иш натижалари эълон қилингандан сўнг унга ва унинг оиласига зарур маънавий қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси сифатида кўради. Қийин ҳаётий вазиятларда ёрдам берадиган бирор универсал воситани айтиш мушкул, албатта. Ҳаммавақт ҳам онанинг боласига нисбатан шафқатсизликка мойиллиги борлигини олдиндан аниқлаб бўлмайди. Баъзан у муаммоларини ўзи ҳал қила олмайди ёки буни истамайди ва, барча омадсизликларнинг сабаби дея, бор қаҳр-ғазаби, тажовузкорлигини фарзандига йўналтиради.

Бир куни эса бундай тажовузкорлик фожиали чўққига етади. Бунга йўл қўймаслигимиз керак ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ўз вақтида чоралар кўриш лозим.

Қўмита томонидан оилавий ва шахслараро низоларнинг барвақт олдини олиш, ўз жонига қасд қилиш хатти-ҳаракатларини, оила ва жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган бошқа ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган депрессив вазиятлар, шунингдек, бу жараёнда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш борасидаги ишлар кучайтирилди. 1146 қисқа рақамига эга бўлган «Ишонч телефони» ишга туширилди, бу ерда зўравонлик қурбони бўлган аёллар, жумладан, аноним тарзда, ёрдам олишлари мумкин. Бундай шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилмоқда. Республикада ҳамюртларимизга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича 160 марказ фаолият кўрсатяпти. Бугун уларга етти мингдан зиёд аёл мурожаат этган. Уларда яна ҳаётга умид уйғотишга, фаровон ва барқарор келажакка бўлган ишончни кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бошқалар учун кўплаб ўзга омиллар мамлакатдаги тинч-осойишта муҳит, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг барқарорлиги, яқинларнинг фаровонлиги, севимли иш билан шуғулланиш имконияти ҳам киради.

– Сурхондарё вилоятида юз берган воқеа - бутун жамиятнинг фожиаси, – дейди оила психологи Диана Павловичева. – У кўплаб ижтимоий муаммоларни очиб берди. Бунинг сабаби, нафақат аёлларнинг итоаткорлиги ва камтарлиги ҳақидаги эскича тушунчалар ва талаблардир. Гап шундаки, аёллар учун бундай қоидалар ва тақиқлар эркакларникига қараганда анча кўп. Бирор кимса аёлнинг итоаткорлиги ва ўзини паст тутиши қўрқувдан эмас, балки турмуш ўртоғига бўлган кучли ҳурматдан бўлиши лозимлигини уларга тушунтирмаса ҳам керак. Ҳар қандай психологик босим шахсга емирувчи таъсир кўрсатади. Биз кўриб чиқаётган мисолда, аёлнинг оналик инстинкти ўлган ва бу фақат битта оила учун хавфли эмас, балки бутун жамиятнинг муаммосидир. Фарзанд жамият ва давлат учун энг бебаҳо бойликдир. Бошқа томондан тўққиз ой давомида зўравонликнинг самарасини қорнида кўтариб юриб, ўлиши учун ўз қўллари билан ташлаб юборган қизнинг даҳшати ва қўрқувини тасаввур қилиш жуда қийин. Ушбу ҳаракатни амалга ошираётиб, у бола билан ўзини оилага қабул қилмасликларни тушунган, шу боис ҳам зурриёдини ташлаб юборган.

Асрлар мобайнида аёл ҳар доим ота, эр ва ўғилнинг ҳимоясида бўлиши кераклигига ишонишган, аммо бугун баъзи эркакларнинг оила масъулиятини зиммасига олмай қўяётганини кўрамиз. Натижада, бошқа қизлар ҳимоясиз қолади, яқинлари ва жамиятга ишонмай қўяди, психологга мурожаат қилиш эса мутлақо хаёлларига ҳам келмайди.

– Жамият аллақачон фожианинг барча иштирокчиларини қоралади, – дейди психолог. – Бошқалар уларни тушуна олмасликлари мумкин, ва умуман, бирор кимса ёш, ҳимоясиз ва зўравонлик қурбони бўлган аёлнинг нега бундай қилгани борасида ўйлаб ҳам ўтирмаса керак. Шафқатсизлик, бефарқлик, лоқайдлик ва ҳар қандай ахлоқий ва маънавий қадриятларнинг йўқолиши замонавий дунёда кўп учрайдиган ҳодисалардир ҳамда улар шахс ва жамият таназзулига олиб келади. Кимдир: «Ўзинг айбдорсан!», деса, бошқаси афсусланади, учинчисига эса ҳаммаси барибир. Баъзи қизлар очиқчасига ўзини ривожлантиришга интилмайди. Болалигидан бошлаб сингдириладиган эртароқ турмуш қуриш ва фарзандлар кўриш ғояси онгини тўла қамраб олади ва ҳар қандай тараққий этишга бўлган ҳаракатни тормозлаштиради. Улар буни истайдими-истамайдими бу ҳаётда бундан ортиғига қодир эмасликларига ишона бошлайдилар. Давлатимиз ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солаётган бир пайтда, ўрганиш ва билим олишни истаганлар учун катта истиқболлар очилаётганига қарамай, ёш аёлларнинг кўп қисми фақат оилавий ҳаётни орзу қилади.

Инсоннинг ўзи барча ҳаракатларида шахсий масъулиятини ҳис этиши муҳимдир. Бу уйдаёқ ўқитилиши лозим, чунки жамият оилалардан шаклланади. Агар ҳар бир киши масулиятни ўз зиммасига олса ва болаларига ҳам ўргатса, жамият соғлом ва кучли бўлади. Аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш механизмларини ҳозир, эски анъаналар янгиларига алмашаётганда, ўрнатиш муҳим. Улар биринчи навбатда ўзини қадрлаш ва ҳурмат қилишни ўрганиши керак. Жамиятнинг эса уларни айблашдан тўхтайдиган вақти келди. Шунда қурбон атрофидалар ўзини муҳокама қилмаслигини ва аксинча, ҳимоя қилишга тайёрлигини тушунса, у ёрдам қидира бошлайди.

Бу йўналишда омма онгини ўзгартириш учун нима зарур? Таълим муассасаларида оилавий психология дарсларида болаларга жинсларнинг ўзаро муносабатлари табиатини тушунтириш, бир-бирига ҳурматни уйғотиш, аёлни қадрлашни ўргатиш керак, негаки айнан у, жамиятнинг келажакдаги аъзосига ҳаёт ато этади.

Евгения Юн.

«Правда Востока».

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 18 июлдаги 143-сонида «Женские судьбы: не оправдывая, но защищая» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech