13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,1 °C

Ташвишли хабар
13 Янв  2019 6327

Кўчанинг нариги томонига ўтиш ҳам иш бўптими? Бир ўтиб кўринг-чи!

Ўтган йили  ижтимоий тармоқлар кенгликларида «Яндекс.Маҳалла» сервиси ишга туширилди. Унда турли масалалар бўйича кўплаб мавзулар билан танишиш, фикр алмашиш, ўз фикрларини айтиш мумкин.

Эълон қилинган постлар кишини шошириб қўяди. Жўяли мавзулару саволлардан ташқари, ортиқча ва энсани қотирадиганлари ҳам кўп учрайди. Бир фойдаланувчининг Яшнобод тумани ҳарбий ҳаракатлар ўтказилаётган ҳудудга ўхшайди, деган хабари эътиборимизни тортди. Бунда ер усти метроси қурилиши жараёни тилга олинган. Фуқароларнинг бундай ғаройиб лойиҳаларга эътирози йўқ, албатта. Аммо муаллиф танганинг иккинчи томонига эътибор қаратишни сўрайди: кавлаб ташланган хандақлар, айрим жойларда котлованнинг махсус тўсиқлар билан ўраб қўйилмагани, чанг-тўзон кўтарилиши, лой, уйлар ёнидаги юк машиналари ва экскаваторлар шовқини. Бунда асосий эътибор «Дўстлик» метро бекатидан чиқишдаги йўлга қаратилган. Энди аҳоли А нуқтадан Б гача етиб олиш учун яхшигина чираниши ва маблағ сарфлашига тўғри келмоқда.

Чиндан ҳам, шундай. Шахсий тажрибамда синаб кўрганман. Ишгача метрода етиб оламан. Автобусга чиқса ҳам бўлади, бироқ тиғиз пайтларда бир-икки бор йўллардаги тирбандликка тушиб қолиб, бу фикримдан қайтганман. Яна бир кўнгилсиз ҳолат. Агар биз айтаётган томонларга кимнингдир йўли тушган бўлса, илгари бу ерда учта чиқиш жойи ишлаганини яхши эсласа керак. Ҳозир иккитасигина ишламоқда.

Эндиликда Тошкент механика заводи (олдинги Чкалов номидаги авиация заводи)га яқин томонда катта хандақ қазилган, келгусида ер ости ва ер усти метроларини туташтирувчи туннелни қуриш ишлари жадал кетмоқда.

Анъанага кўра, шаҳарга қатнайдиган автобуслар худди шу жойда тўхтайди. Кўпчилик, нима бўпти, кўчанинг нариги томонига ўтиш ҳам иш бўптими, дейиши аниқ. Аммо ўзингиз бир ўтиб кўринг-чи! Қурилиш ишлари сабаб йўлнинг бир қисмини тўсишга қарор қилинган. Туманга борадиганини эса икки тор қисмга чизиқ билан ажратиб қўйишган. Аммо иккала томонга ҳам қатнайдиган транспорт воситалари оқимини ҳисобга олишмаган кўринади. Шу боис кўчанинг нариги томонига ўтиши учун кети узилмас машиналар қаторининг қачон тугашини кутишга тўғри келади. Ушбу маммони ҳал этиш учун ҳокимиятдагилар ўтиш жойига «зебра» чизиб қўйишди, аммо бу чора ҳам ўзини оқламаяпти.

Бир йил илгари «Дўстлик» метросига етиб олиш учун таксига 1000 сўм пул сарфлардим. Бу уйимдан бир ярим бекатча масофа. Аммо ҳозир вазият бутунлай бошқача. Соат 7:00 дан 8:15 гача метрога тўрттадан одам оладиган таксичилар навбатчилик қилишади. Йўл ҳақи 1500 сўм. Агар таксилар турадиган жойга 15 дақиқа кеч келсангиз, у бўм-бўш бўлади. Йўловчи машина тўхтатсангиз, қиммат, беш минг сўмдан камига олиб бормайди.

Ишдан уйга қайтаётганимда ҳам худди шу аҳвол. Яна қоронғи тушган бўлади. Уйимгача бирорта автобус ёки йўналиш таксиси юрмайди, шундай транспорт топилгудек бўлса ҳам, ўраб олинган қурилиш майдони ёнидан ўн беш дақиқача юришим керак. Қурилиш эса бутун туманга ёйилиб кетган.

Бунинг яна бир ноэстетик томони мавжуд: биз, иш ёки ўқишга чиройли кийиниб, тоза-озода бўлиб боришга ўрганганмиз. Аммо қурилиш бошланди-ю, бунинг иложи бўлмай қолди. Ёзда метро бекатигача пойабзалингиз қалин чанг қатлами, қишда эса лой бўлиб етиб оласиз. Яшнобод тумани аҳолисининг айримлари пойабзали устидан бахилла ёки целлофан халтача кийиб олишади. Наҳотки, мутасаддиларга озгина қулайлик яратиш, йўлакча ётқизиш ёки бирор махсус тўшама ташлаш қийин бўлса? Бу ерда яшовчи аҳоли муаммони тегишли жойга етказишга ҳаракат қилмоқда. Ана шу масалада ҳатто, оддий ишчиларга ҳам мурожаат қиляптилар. Улар эса табиийки, елка қисишдан нарига ўта олишмайди.

- Асли бухороликман, - дейди Шукурулло. – Экскаваторчиман. Бўлажак метрополитен қурилиши бутун  Ўзбекистонга тарқалди. Пул ишлаш мақсадида пойтахтга келдим. Дастлаб, шартларни келишиб олдик, кейин маошлар берилиши чўзилиб кета бошлади. Иш эса осон эмас, жазирама иссиқда, қишнинг аёзида, қор ва ёмғирда ҳам меҳнат қилишга тўғри келади. Бригадамизда худди мен каби вилоятлардан келганлар ҳам бор. Афсуски, аҳолининг бу илтимоси бўйича ёрдам бера олмаймиз. Олдимизга бошқа вазифа қўйишган.

P.S. Ўзининг қулайлиги, хавфсиз ва тезкорлиги билан метронинг бошқа транспорт воситаларидан самаралироқ экани билан ажралиб туриши, шубҳасиз. Негаки, метро бошқа транспорт воситаларига тушадиган юкламанинг бир қисмини ўзига олади, шаҳар марказида йўлларнинг очилишига ёрдам беради. Бунга давлатимиз раҳбари ҳам урғу беради. Қурилиш билан боғлиқ ноқулайликларни бир кун ичида ҳал этиб бўлмаслигини ҳам тушунамиз, албатта. Бироқ манзаранинг четдан табиий офат оқибатларига ўхшаб кўринмаслиги учун бир ёқадан бош чиқариб, шароит яратса бўлади.

Маргарита Миронова.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 13 январдаги 8-сонида эълон қилинган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech