21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,8 °C

29 Июл  2019 489

Бу ёғига ҳам бўш келманг, хурсанд этаверинг!

Паралимпиячиларимиздан ҳозирги кунга қадар фақат Сервер Ибрагимовгина ўқ отиш бўйича Паралимпиада-2020 учун чиптага буюртма бериш ҳуқуқини сақлаб қолмоқда. Таэквондо спорт тури билан шуғулланадиган жисмоний имкониятлари чекланган болалар ҳам унга қўшилишга яқин туришибди. Улар Иорданияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 32 та мамлакатдан ташриф буюрган 300 спортчи орасида ўзларини муносиб кўрсата олишди.

75 кг.гача бўлган гроссмейстерлар вазнида Азиз Марасуловга тенг келадигани топилмади. Яккаолишувнинг ушбу вазн тоифасида одатда ўта тезкор ва чаққон, оғир вазн тоифасидаги каби кучли ва ўта маҳоратли спортчилар иштирок этади. Шу боис ҳам бундай универсал жангчилардан устун келиш, айниқса, шарафли.

Хорижий экспертларнинг фикрича, Азиз таэквондодаги барча энг яхши нарсаларни намойиш эта олган. Спортчининг тактик захирасида нафақат классик усуллар, балки унинг ўзига хослигини яққол кўрсатиб турувчи шахсий усуллари ҳам мавжуд. Бунга Марасуловнинг меҳнатсеварлиги, жасорати ва жанговор фазилатларини қўшинг. Бир сўз билан айтганда, йигит «олтин»га тасодифан эришгани йўқ.

Мураббийлар Санжар Мухторовнинг биринчи эмас, балки шоҳсупанинг иккинчи ўринидан жой олганини  рақобат тажрибасининг етишмагани билан боғлашмоқда. «Бу йигитимиз кўпроғига муносиб эди», дейишади улар. Финалда ўзбекистонлик йигит фақат мусобақа мезбони, маҳаллий мухлислар томонидан жазавага тушиб қўллаб-қувватланган, агар очиқ айтсак, ҳакамлар ҳам унга нисбатан кўпроқ хайрхоҳ бўлишди, иорданиялик паралимпиячига имкониятни бой берди.

Қизларимиздан Гулжоной Наимова ва Зиёда Исоқова Ўзбекистон терма жамоасининг умумий ҳисобига яна иккита мукофотни қўшиб қўйишди. Улар бронза медалларини қўлга киритишди. Қитъа чемпионатининг дебьютантлари учун яхши натижа ва келгусидаги юқори ютуқлар учун зина вазифасини ҳам ўтайди.  Гулжоной ва Зиёда ҳам Паралимпиадада иштирок этишга ҳаққоний талабгорлар орасида. Таъкидлаш жоиз, бундай муҳим ва нуфузли мусобақада бизнинг таэквондочиларимиз ҳали қатнашмаганди.

Олимпиада балларига эришиш учун

Велосипедчи Ольга Забелинскаянинг ҳаракатчанлигига қойил қоласиз. Апрель ойида Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилган Осиё чемпионатида автомобиль йўлидаги пойгани энг яхши натижа билан якунлаб, Токио (Япония)га Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Энди тўрт йилликнинг асосий мусобақалари бошланишига тайёргарлик доирасида халқаро турнирларда фаол иштирок этмоқда.

«Правда Востока» унинг Осиё ва Европада трассаларидаги муваффақияти ҳақида бир неча бор хабар берган эди. У яқинда океанортида, Айдаҳо штатида (АҚШ)даги мусобақада иккинчи ўринни эгаллади. Ҳозирда у аллақачон Эски дунёда. Швейцарияда профессионаллар ўртасида ғолиб бўлди. Эслатиб ўтамиз, Ольга шосседа ҳам, трекларда ҳам бирдай муваффақиятли чиқиш қилади.

Италия Гран-при турнирида кумуш медални қўлга киритган велоспорт фахрийси Муроджон Холмуродов ҳам Олимпиада очколарини йиғишда давом этмоқда. Агар етарли рейтинг очколарини қўлга киритса, у ўз спорт фаолиятидаги иккинчи Олимпиада ўйинларида иштирок этади.

Фақат миқдори кўпроқ

Олимпиада-2020 да иштирок этишга талабгор дзюдочиларнинг жаҳон рейтинги эълон қилинди. Агар уч ой аввал ушбу рейтинг жадвалига ўн нафар ўзбекистонлик киритилган бўлса, ҳозир улар сони ўн олтитага етди. Уларга мадҳия айтиб ўтирмаймиз. Негаки, барибир миқдор сифатга айланмади. Ҳозирча бўлажак олимпиада иштирокчилари рўйхатида фақат беш нафар ватандошимиз бор, аммо улар олтита эди.

60 кг.гача бўлган вазн тоифасида Шарофиддин Лутфуллаев ўз ўрнини сақлаб қолди.  У - саккизинчи ўринда. Юқорига кўтарилмади, лекин пастга тушмади ҳам.  Аммо унинг терма жамоадаги сафдошлари - Комрон Нуриллаев ва Диёрбек Ўрозбоевлар Токиога сафар қилиш учун асосий номзодлар ҳудудидан ташқарида. 45-чи, 49-чи ўринларда боришмоқда. Ҳеч қандай кескин ривожланиш йўқ.

66 кг.гача вазн тоифасида Олимпиада йўлланмаси учун Сардор Нуруллаев (21-ўрин) ва Шаҳрам Асадов (24-ўрин)лар ўзаро рақобатлашмоқда. Агар Шаҳрам икки бандга кўтарилган бўлса, Сардор беш қатор пастлади.

Ўртача вазнда Ҳикматилло Тўраев (10) имкониятларини сезиларли даражада оширди. Қатор Гран-при ва «Катта дубулға» турнирларида муваффақиятли қатнашганидан сўнг, бирданига олти қадам илгарилашга муваффақ бўлди. Жамоанинг иккинчи рақамли спортчиси Ғиёс Бобоев ундан анча ортда қолган – 50-ўрин.

Шарофиддин Болтабоев (34) ҳозирча фақат қитъа квотасига даъвогарлик қилмоқда.  Эҳтимол, ярим оғир вазн тоифасида дзюдочиларимиздан ҳеч бири Жаҳон ўйинларига бора олмаса керак. Давлат Бобонов эса 61-ўринда. Аммо оғир вазн тоифаларидаги спортчилармиз олимпиада йўлланмасини қўлга киритишига умид бор. Муҳаммадкарим Хуррамов (24) ва Бекмурод Олтибоев (6)лар барқарор фаолият намойиш этишмоқда.

Қизларимиз - Диёра Келдиева ва Гулноза Матниёзовалар биринчи марта диққат марказига тушдилар. Лекин улар ўз вазн тоифаларидаги етакчилардан анча ортда қолган. Масалан, Диёра 553 балл тўплаган (36-ўрин) ва Япониядаги Олимпиада фаворити ҳисобланаётган Ута Абе 2550 балл тўплаган. Гулноза (33) эса япониялик дзюдочи Саки Ниизоэдан тахминан шунча ортда қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги Олимпиада ўйинлари иштирокчиларининг якуний таркиби келгуси йил 25 майда аниқланади.

Умидлар оқланмади

Сўнгги йилларда илк бор Ўзбекистон терма жамоасининг ўн тўрт нафар аъзоси Будапештда (Венгрия) бўлиб ўтган қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этди.

Фақат тўрт нафар ватандошимиз шахсий биринчиликда гуруҳ тўсиғидан ўта олди. Плей-офф босқичига қадар мураббийлар катта умид билдираётган терманинг янги аъзоси Паола Плиего, қиличбозлар Олег Соколов, Малика Ҳакимов ва Яна Алборовлар етиб бора олишди. Улар миллий терма жамоа етакчилари ҳисобланади.

Қилич ва шпага бўйича жамоавий турнирлар ҳам ўзини оқламади. Аёллар жамоасида Севинч Исмоилова, Зайнаб Дайибоева, Яна Обинцева ва Паола Плиеголар ўзини кўрсата олишмади. Худди шундай Олег Соколов, Файзулла Алимов, Жавоҳирбек Нурматов ва Роман Александровлардан иборат эркаклар тўртлиги чекига тушган мағлубиятни ҳам муваффақиятсиз қуръа ташлаш билан оқлаб бўлмайди. Улар гуруҳ босқичида қоқилдилар.

Таъкидлаб ўтамиз, ушбу мундиалда нафақат медаллар, балки Олимпиада рейтинг очколари ҳам ўйналди.

Тимур Низаев.
«Правда Востока» шарҳловчиси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech