11 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,9 °C

21 Мая  2019 1738

Японияга тиканли йўл давом этмоқда

Японияда Олимпия ўйинларининг тантанали очилишига бир йилдан кўпроқ вақт қолди. Спорт тушунчалари бўйича қаралса, бундай Бутунжаҳон форумига тайёргарлик жараёнининг тўрт йиллик цикли қисқа муддат. Аслида, бу йил - 2020 ўйинларида иштирок этиш учун лицензияларни қўлга киритиш бўйича якуний босқич. Шу моносабат билан «Правда Востока» газетаси «Олимпия мониторинги» махсус лойиҳасини очади. Таҳририят мунтазам равишда атлетлар ва терма жамоаларнинг Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун қандай курашаётгани ҳақида хабар бериб боришни ният қилган. Эслатиб ўтамиз, ҳозирча Токио йўлланмасини икки ўзбекистонлик спортчи қўлга киритди. Индонезияда Осиё ўйинлари чемпиони теннисчи Денис Истомин ва мамлакатимизда илк марта ташкил этилган Осиё чемпионатида энг яхши натижа кўрсатган велоспорт бўйича терма жамоа етакчиси Ольга Забелинская. Хўш, кейингилари кимлар бўлади?

Рашид Галиев сурати.

2020 йилнинг май охирида дзюдо вакиллари учун Токио (Япония) Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи рейтинг очколари учун марафон пойгаси якунига етади.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қатор халқаро саралаш турнирларида, жумладан, Гран-при ва «Катта дубль» сериясида иштирок этишди. Кўпчилик аллақачон маълум миқдорда Олимпия балларини тўплашган ҳам. Қайси юртдошимиз кунчиқар мамлакатга чипта олишга яқин? Жаҳон рейтингида қандай позицияларга эга?

Бошдаёқ таъкидлаймиз, агар бир ой олдин Халқаро дзюдо федерацияси версиясига кўра, потенциал олимпиячилар орасида ўн нафар ўзбекистонлик бўлган бўлса, улардан олтитаси 2020 ўйинларига йўлланма олишнинг имкониятли ҳудудига тушишганди, бугун бу рақам 13:8 нисбатни ташкил этмоқда. Номзодлар сони ортди. Қувонарли далил.

Анъанага кўра, кичик вазн тоифаларида дзюдочилар гуруҳи кучли. Эслатиб ўтамиз, улар орасида уч маротаба Олимпия бронза медали соҳиби Ришод Собиров бор эди. Бугун у мураббийлик йўлидан бормоқда. Лекин анъаналар давом этяпти. 60 кг.гача вазнда тажрибали спортчи Шарофиддин Лутфуллаев барқарор натижалар кўрсатмоқда, унинг активида 1255 балл ва саккизинчи ўринга мустаҳкам жойлашган. У билан иқтидорли ёшлар - Диёрбек Ўрозбоев ва Комрон Нуриллаевлар рақобатлашмоқда. Тўғри, улар терма жамоадаги катта оғасидан анча ортда. Диёрбек - 40 позицияда, Комрон – 46 да. Бундан ташқари, ўтган ой икковиям беш поғонага пастлаб кетишди, натижалари ёмонлашди.

Дунёнинг энг яхши дзюдочилари сафида 66 кг.гача бўлган вазн тоифасида ҳам уч юртдошимиз бор. Сардор Нуруллаев (877 балл), Шаҳрам Асадов (569) ва Муҳриддин Тилавов (260) мос равишда улар 15, 30 ва 59-ўринларни эгаллашган. Лицензия ҳудудида фақат Сардор. Бироқ бу вазндаги етакчи, олимпиаданинг асосий фаворити ҳисобланган япониялик Жоширо Маруяма 2250 (!) баллга эга. Бизнинг етакчи дзюдочимиз Токиода ғалабага эришиш учун у билан муносиб рақобатлаша олармикан?

Қолган беш вазн тоифасида эса, бор-йўғи биттадан ўзбекистонлик спортчи бор. Олимпиада номзодларидан ташқарида фақат Давлат Бобонов (90 кг) ўзи турган 55-ўриндан юқорилай олмади. Ҳикматулло Тўраев (73) сезиларли ўсишга эришди ва уч поғонага кўтарилди. Энди рейтингда ўн учинчи ўринда бормоқда. Осиё ва Океания чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Шарофиддин Болтабоев (81) ҳам ҳозирда Олимпия йўлланмасига талабгорлар қаторида. Бир ой олдин у ушбу рўйхатдан ташқарида эди. Оғир вазн тоифаларидаги Муҳамадкарим Хуррамов ва Бекмурод Олтибоевлар ҳам умид уйғотмоқда. Таниқли грузиялик усталар Варлам Липартелиани ва Гурам Тушишвилининг соясида қолган полвонларимиз тўпланган баллари билан керакли пайтда асосий рақобатчиларини ортда қолдириш учун уларнинг узоқлашиб кетишига йўл қўйишмаяпти.

Ниҳоят, қизларимиз ҳам анча кўтарилиб қолишди. Осиё ва Океания чемпионатида рейтинг очколари захирасини тўлдиришган Диёра Келдиёрова ва Гулноза Матниязовалар Жаҳон спорт форумида иштирок этиш имкониятига эга спортчилар қаторида кириб олишди. Лекин улар фақатгина Олимпиада иштирокчилари бўладими ёки совриндорлар қаторидан жой оладими – буни вақт кўрсатади. Тажриба орттириш ва маҳоратларини ошириш учун олдинда ҳали кўплаб мусобақалар бор. Япония сари машаққатли йўл давом этмоқда.

Парадзюдочиларимизнинг ҳам чиқишлари мониторинг қилинмоқда. Улар ғалаба қозониш учун ажойиб ирода намойиш этмоқдалар. Хусусан, Озарбайжон пойтахти татамиларида ўтказилган Гран-при сериясининг халқаро турнирида республика терма жамоаси ажойиб иштирок этишди ва умумий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади. Ҳамюртларимиз саккизта медални қўлга киритишди, уларнинг тўрттаси олтин. Олимпия рейтингига ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Ширин Шарипов, Феруз Саидов, Давурхон Караматов ва Нафиса Шерипбаевалар етакчилик қилмоқда. Бронза медаллари Васила Алибоева, Лобар Хуррамова, Севинч Салаева ва Парвина Самандароваларга топширилди. Энди эришилган натижаларни сақлаб қолиш керак, ва бу баъзан шоҳсупага кўтарилишдан ҳам қийин бўлади.

Тимур Низаев.
«Правда Востока» шарҳловчиси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech