15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,5 °C

УЙҒОНАЁТГАН МЎЙНОҚ

Орол денгизининг қуриган 1,1 миллион гектар ҳудудига саксовул уруғи қадалиб, терескен, боялич, астрагал, юлғун ва бошқа қурғоқчиликка чидамли буталар, қумда ўсувчи ўтлар ва ўсимликлар кўчатлари ўтқизилди. Олимларнинг фикрича, ана шу ўсимликлар туфайли Оролқум тубида туз-қумли қуюнлар ва бўронлар пайдо бўлмайди. Туя ва йилқи уюрлари, сигир ва қўйлар подаси пайдо бўлади. Янги тармоқ – чорвачилик йўлга қўйилади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Орол ҳудудини экологик соғломлаштириш дастури шу ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга ҳам қаратилган.

 

Ҳалокат сигналини узатаётганлар

...2018 йил 28 май. Бу кунни ҳали ҳам эслашади. Мўйноқ бўрон ичида қолди.

Ҳодиса гувоҳи тилидан

– Йўлда кетаётганимда бўрон бошланиб қолди, – дейди Мўйноқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Озарбой Қурбонниёзов. – Ҳеч нима кўринмайди. Машинани тўхтатдим. Бир дақиқадан ичида машинани қалин чанг қатлами қоплади. Шунда юриш кераклигини англадим, акс ҳолда қум уюми остида қолиб кетиш ҳеч гап эмас. Чироқларни ёқиб, паст тезликда машинани ҳайдаб кетдим. Одатда қирқ дақиқа юрадиган масофани тўрт соат ичида босиб ўтдим. Ҳатто, маҳкам ёпилган эшиклару ойналар орқали ҳам машина ичига туз ва қум кирди. Тишларим ғичирлайди, қулоқларим тўлиб қолган. Ҳеч нарса эшитмайман. Шамол шунчалик кучли эдики, ғувилламасди, балки том маънода ўкирарди.

– Ва бу қарийб бир сутка давом этди, – дейди суҳбатдошимиз. – Эртаси куни ерталаб - чор-атроф қор ёққандай оппоқ эди. Ҳарорат эса йигирма даражадан баланд. Туз ва қум оғирлигидан дарахт шохлари эгилиб кетган. Томорқага ўтқизилган олма ва гилослар устига қор ёққан арчага ўхшайди. Яшил майсалару кўкатлар тезда нобуд бўлди. Айтишларича, Мўйноқда турган бўрон оқибатлари Самарқанд ва Тошкентда ҳам сезилибди. Орол тубидан минглаб тонна чанг ва туз кўтарилган. Буни биз кейинроқ билдик. Ўшанда осмон билан ер қўшилиб кетгандай бўлди. Мўйноқликлар унута бошлаган ҳодиса юз берди. Илгари ҳам бундай бўронлар ва қуюнлар тез-тез содир бўлган, албатта.

 Ўша йили қиш деярли қорсиз бўлди ва баҳорда озгина ёмғир ёғди. Натижада кимёвий ўғитлар билан аралашган қум ва туз очилиб қолди. Шамол эсгач, аралашма кўкка ўрлаган. Шундай қилиб, ўлаётган денгиз навбатдаги ҳалокат сигналини узатди.

Инсон минтақани соғломлаштиришга киришди

– Ўн минг йил давомида Орол денгизи қуриб, яна саккиз марта тўлган, – дейди бу ҳудудда ўрмон хўжалиги лойиҳаси илмий раҳбари, академик, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новицкий. – Археологлар денгиз тубидан 600 ёшли мақбаранинг қолдиқларини ҳам топишган. Ҳозирги глобал фалокат - тўққизинчиси. Даврийлиги - ўн аср. Агар илгари табиатнинг ўзи Оролни қайта тиклаган бўлса, эндиликда беш йилга мўлжалланган ҳозирги давлат дастурининг ноёблиги шундаки, бунда энг илғор технологиялар ва инновациялар, олимлар тадқиқотлари ва ишланмалари сабаб қуриган денгиз туби ҳосилдор ерларга айланиб, инсонлар манфаатига хизмат қилади.

 – Тўғри, ўлиб бораётган сув ҳавзасининг наф келтириши борасидаги лойиҳалар кўп эди, – дея давом этди Зиновий Богданович. – Сибирь дарёларини буриш ва Каспий денгизидан канал тортиб келишгача. Оролни қутқариш учун қанча жамғармалар ва бошқа ташкилотлар жумладан, халқаро ташкилотлар ҳам ташкил этилган. Негаки, фожиа сайёравий кўламга эга. Мўйноқ тумани тузлари Шимолий Муз океанига қадар етиб борган. Аммо, натижа-чи?

1989 йилда денгиз икки қисмга бўлинган - Катта ва Кичик Оролга. 60 мингга яқин киши ўз ишини йўқотди. Минтақадаги экологик вазият жуда танг аҳволга келиб қолган эди.

Олимнинг таъкидлашича, Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан кейин иш амалий текисликка ўтди. Минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича ҳаётий, босқичма-босқич лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ва улар давлат раҳбарининг фаол қувватловида жадар суръатларда амалга оширилмоқда. Оролнинг қуриган туб қисмида ўрмон экиш учун катта ресурслар сафарбар қилинди. Бир миллиондан ортиқ гектар майдонни ўзлаштириш учун уч мингдан зиёд мутахассис ва ходимлар жалб қилинган, ФВВнинг экологик батальони шакллантирилган, ҳамма жойда юра оладиган қудратли машина (вездеход)лар, юк автомобилларидан тортиб, замонавий тракторлар ва экинэккичларга 250 га яқин турли техникалар сафарбар этилган.

Ҳаводан туриб экиш ишларида иккита самолёт иштирок этди. Республиканинг барча ўрмонларидан бошқа экинларнинг жумладан, ем-хашак экинларининг уруғлари ва кўчатлари келтирилди. Мўйноқликларнинг ўзлари ҳам кўчат материалларини йиғишда иштирок этишди, бунга эса етарлича асос бор эди.

Хусусан, ҳар бир килограмм саксовул уруғи учун 15 минг сўм тўланди.

Кўчатларда аллақачон дастлабки куртаклар пайдо бўлган. Қаттиқ иқлим шароитларига мослаштирилган ва қишнинг қирқ даражадан пастроқ совуғида экилган кўчатлар омон қолиб, тутиб кетди. Энди ўсимликларни парвариш қилиш, ўғитлаш керак. Бу ўрмон экишнинг кейинги, ғоят муҳим босқичидир. Ахир, илгари ҳам шу каби агротехник тадбирлар ўтказилган, аммо барчаси одатда қумларга сингиб кетарди. Маблағлар ўзлаштириларди-ю, аммо натижа жуда паст бўларди.

Чўл ўсимликларининг сунъий экилиши 2000 йилда бошланган ҳамда қуриган денгиз тубида йилига уч юз кун мобайнида пайдо бўладиган қум ва туз бўронлари учун жонли тўсиқни барпо этиш керак. Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳар гектарига беш юз килограммгача туз тушиши ҳисоблаб чиқилган.

 Ўттиз метр чуқурликда воҳалар

Бугун «яшил воҳа» лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ноёб тажриба ўтказилмоқда. Сурғил қишлоғидан Уйғониш оролига қадар 130 километрлик йўл бўйлаб қарийб ўттиз метр чуқурликдаги қуриган денгиз тубида мевали боғлар барпо этилмоқда. Улар беш зонага бўлинган. Уч гектар майдондаги воҳалардан бири аллақачон кўзга ташланиб қолган. Гилос, олма, жийда ва ҳатто, узумзорларни янги қазилган қудуқ суви билан суғора бошладилар.

Туристик инфратузилмани шакллантириш бошланади. Меҳмонхона, ҳовуз, микроиқлим яратиш учун фаввора, спорт ва соғлиқни сақлаш мажмуаси, шифокорлар туя ва эчки сутининг шифобахш хусусиятларидан фойдаланадиган даволаш ва профилактика муассасаси бўлади, қимиз ишлаб чиқариш цехи очилади. Чор атрофда шувоқ иси келиб турадиган яйловлар жойлашади.

Бу Оролбўйидаги бутун ўсимлик дунёсидаги ўзгаришларнинг бўлажак манзараси, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва яхши ҳаёт умидини қайтариш кафолати.

Орасида Австралия, Чехия, Словакия, Буюк Британия, Сингапур, Хитой, Жанубий Кореядан ҳам олимлар бўлган сайёҳлар «яшил воҳа»ни катта қизиқиш билан томоша қилишди.

– Бу ерга яна беш йиллардан сўнг қайтишни истардим, – дейди биз билан Муйноқ шаҳрида танишган англиялик туроператор Крис Хилтон. – Кўчманчи қушларнинг бу ўлкаларга яна қайтиб келиши эртак эмас, балки ҳақиқат. Пушти ва қизил фламинголар, оққушлар, ғозлар, балиқчи қушлар, ёввойи тўнғиз, тулки, бўриларнинг яна пайдо бўлгани мўъжиза эмасми? Оролбўйи ҳудудини экологик соғломлаштириш дастури қорақалпоғистонликлар турмуш тарзини тубдан ўзгартириши мумкин.

– Дарвоқе, Англияда шўрхок яйловларда ўтлаган қорамол ва қўй гўшти ғоят тансиқ таом ҳисобланади, – дея сўзига якун ясайди Туманли Альбиондан келган меҳмон. – Насиб этса, мўйноқча шиш-кабобни татиб кўриш ниятим бор, боз устига бу ернинг қўли ширин ошпазлари балиқдан бешбармоқ ва палов тайёрлашни ўзлаштиришган...

«Уйимиз одамлар гавжум жойда»

Мўйноқдаги Кужамуратовлар оиласининг меҳмон уйига жойлашдим. Нукусдаги «Мўйноқ-тур» сайёҳлик фирмасида шундай маслаҳат беришганди: «У ер тоза-озода, душда иссиқ сув бор, тўйимли нонушта тортишади ва турар жойи ҳам қиммат эмас». Меҳмонга яна нима керак?

Барча ишларни уй соҳибаси Дилбар бошқарар экан. У олтита хонани батартиб сақлашда ёрдам берадиган беш нафар фарзандни тарбияламоқда. Ўзи маълумоти бўйича фармацевт, дорихона ҳам очган. Аммо ҳозир у ишламаётган экан.

– Лицензия муддати тугади, муддатини узайтириб ўтирмадим, иши-ташвиши кўп, даромади ҳам унчалик эмасди, – дейди Дилбар. – Уйимиз - одамлар гавжум жойда. Ёнгинамизда - бозор, автошоҳбекат, туман шифохонаси бор, аэропортни реконструкция қилишмоқда. 2018 йилнинг август ойида Президентимизнинг Мўйноққа ташрифидан сўнг меҳмонхона борасидаги тадбиркорлигимни қонунийлаштирдим. «Ёшлар - келажагимиз» дастури бўйича 50 млн. сўмлик банк кредитини олиш имконияти пайдо бўлди. Қизим Қўнғиротдаги тиббиёт коллежида ўқийди ва кредитни унга расмийлаштирдик. Меҳмон уйидаги кенг хонада турган кенгформатли телевизорни, мебель, катта музлатгич, бир неча ўнлаб чойшаб, кир ювиш машинаси сотиб олдик, ҳожатхонани таъмирлаб, душ кабиналарини қурдик. Эрим - қурувчи. Барча пулни ишга тикдим ва адашмабман. Агар хостел ўттиз фоизга тўлса, у иқтисодий самарадор ҳисобланади. Бу кўрсаткич бизда икки баравар юқори. Қонуний солиқларни, кредит фоизларини мунтазам ва вақтида тўлаб боряпман. Фойда оила учун етяпти. Бу давлатгаям, бизгаям фойдали.

Дилбар бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Икки қаватли коттедж қуришни истамоқда. Юқорида битта хонада уч ёки тўртта ўрин эмас, балки икки кишилик алоҳида хоналари бўлган меҳмонхона бўлади. Пастида эса дорихона ва озиқ-овқат дўкони жойлашади. «Бу шаҳарда ҳозирги каби, пиёз ва сариёғ ёнма-ён қўйилган, дон ва нон билан ширинликлар, кўйлаклар, пойабзал ва курткалар билан бирга аралаш-қуралаш пештахталарга қўйилмайди. Маданийлашган савдо бўлиши керак», дейди Кужамуратова.

Уй бекаси ҳамма нарсани, ҳатто, энг майда тафсилотларигача ҳисоблаб чиққан ва бунинг катта бизнесга айланиб кетишига аминман. «Мўйноқ» кичик саноат зонаси кенгаймоқда. Узоқ ҳудудларда ишлашга кетган ватандошлар қайтиб келишяпти. Ахир, ўз юртида янги корхона ва фирмалар очилмоқда. Бир кунга эмас, балки кўпроқ қолиб, нафақат ўтмишнинг фожиасини, кемалар қабристонини ўз кўзлари билан кўриш, балки қуриган денгиз тубининг қандай ўзгараётганига гувоҳ бўлишни истаган сайёҳлар сони кун сайин ортиб бормоқда.  Ёввойи жониворлару балиқ овлашни истайдиганлари ҳам пайдо бўлди.

Кужамуратовлар оиласи нафақат «Мўйноқ-тур», балки Нукус, Бухоро, Хива, Самарқанд каби қатор бошқа соҳа фирма ва компаниялари билан ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатган. Саёҳатчилар оқими барқарор. Туризм соҳасида куйиб қолмаслигига ишончи комил.

Лекин бу орзуни амалга ошириш учун бир миллиард сўм кредит керак, деб ҳисоблайди Дилбар. Банк эса бермаяпти. Негаки, ҳеч қандай гаров таъминоти йўқ, у эса олинадиган қарздан 25 фоизга кўпроқ ҳам бўлиши керак. Норматив-ҳуқуқий талаблар шундай. Молиячилар ҳеч қачон таваккал қилишмайди.

– Нима учун менга, илдизлари шу ерларга чуқур кетган кишига беришмайди? – ҳовридан тушмайди тадбиркор аёл. – Марказий йўл бўйидаги уйни Бош режага мувофиқ барибир бузишади. Агар ўзим замонавий бино қурсам, бу давлат учун фойдали эмасми?

Жўяли савол. Унга ким жавоб беради? Эҳтимол, ҳадеб безовта қилаверадиган тадбиркорга қўл силташ осонроқдир. Бироқ Дилбар ҳам анойилардан эмас. Барча эшикларни тақиллатиб кўради. У Мўйноқнинг ягона кўчаси ёритилишини истайди. Президентнинг виртуал қабулхонасига ўз ғояси ҳақида ёзмоқчи. У ватандошлар орасида ўз мамлакатини қайта тиклашни истаганлар кўплигини билади. Уларга умид ва орзу қилиш қобилияти яна қайтган. Одамлар онгида ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз раҳбари ҳам шуни истайди.

Мўйноқ туманига инвестиция киритишга қарор қилган тадбиркорлар учун Ўзбекистонда муқобили бўлмаган солиқ имтиёзлари берилмоқда. Қарийб ўн йил муддатга, 2017 йилнинг 1 апрелидан 2027 йилнинг 1 январига қадар - улар янги ташкил этилаётган корхоналар ва «Мўйноқ» кичик саноат зонасида саноат соҳасида фаолият юритаётган барча турдаги солиқлардан, - туман ҳудудида рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар белгиланган солиқлардан озод этилади.

Тадбиркорлар фойдаланилмаётган давлат объектларини ўн йил муддатга нол ижара ҳақи қийматида олишлари мумкин. Битта шарти - иш ўринларини яратиш. Тижорат банкларига Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Туманнинг манзилли инвестиция дастурига умумий қиймати 30 миллиард сўмлик 28 та саноат лойиҳаси, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 16 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 17,2 миллиард сўмлик 28 та лойиҳа киритилган. Жами инвестициялар ҳажми 52 миллиард сўмдан ортиқ, жумладан, 990 минг доллар ҳам. 1340 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.

Инвесторлар учун маълумот

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг тезкор геология-қидирув ишлари натижасида олинган маълумотлар асосида Мўйноқ туманида норуда қазилмаларнинг истиқболли участкалари аниқланди. Масалан, барханлар қумини бетонда ишлатиш имконияти пайдо бўлди. Бу нафақат тўлдирувчи, балки қисман боғловчи унсур ҳамдир. Силикат бирикмалар таркиби сифатида иссиқлик электр станцияларининг кулига ўхшаш фаол минерал қўшимчалардан фойдаланиш мумкин.

Улкан бетонит конлари мавжуд. Эркин шишиш чекланган жойларда бу лойсимон минерал намликнинг киришига тўсқинлик қилувчи зич гель ҳосил қилади. Заҳарли эмаслиги ва кимёвий бардошлилиги бетонитни қурилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда жуда керакли хомашёга айлантиради. Озиқ-овқат саноатида у ўзига хос қўшимча сифатида рўйхатга олинган. Ундан бурғилаш аралашмаси тайёрлашда, металл қуйишда, нефть маҳсулотлари ва темирни қайта ишлашда фойдаланилади. Тупроққа аралаштирилса, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширади.

Соз тупроқ жинслари. Қумоқ тупроқ йўллар ётқизиш, уйлар томини учун черепицалар ва ғишт, керамика, оҳак ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Кварц қуми. Ушбу чидамли материалдан шиша, ганч аралаш лой, чинни, сир, бўёқ маҳсулотлари, цемент, асфальт ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Шунингдек, пўлат ва ўтга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам кварц билан боғлиқ.

Албатта, инвесторларни гипс ва бўр каби минералларнинг катта конлари қизиқтиради. Улар целлюлоза-қоғоз ва кимё саноати, ўғитлар, аралаш озуқалар, резина ва пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқаришда беқиёс аҳамиятга эга. Тўлдирувчи сифатида тайёр маҳсулотлар таннархини сезиларли камайтиради.

Эслатиб ўтамиз, Мўйноқ туманида аллақачон табиий газ (захираси - 100 миллиард кубометр), нефть (1,5 миллиард тонна), қазиб олиш бошланган. Мўйноқ-Қўнғирот газ қувури ётқизилди. Учсой - Урга (63 км) трассаси қурилмоқда. Учсойда компрессор заводи ишлайди, Ургада ускуналар монтаж қилинади.

«Бу ернинг истиқболлари жуда улкан»

 «Тошкентнинг баланд томлари» МЧЖ раҳбари Саидали Расулов шундай фикрда.

– Жамиятимиз дастлаб пойтахтнинг Олмазор туманида рўйхатга олинган, – дейди у. – Қурилиш билан шуғулланардик. Уч йил аввал дўстларим сақланиб қолган кўллар ва Орол сув ҳавзаларидан артемияни тутишни таклиф қилишди. Мўйноқ туманининг потенциал бойликларидан бири бўлган қимматбаҳо маҳсулот.

Маълумот учун: артемия - қизил қисқичбақа. Кузда бу жонзот ёш балиқлар учун озиқ бўладиган улкан миқдордаги микроскопик тухумлар қўяди, у гормонларга бой биологик хомашё манбаи ҳисобланади.

Нархи жуда баланлигига қарамай, Европа ва Осиёда талаб катта.

Оролда артемияни тонналаб олиш мумкин. Космосдан кузатишларга кўра, шўр сувларда ушбу қизил қисқичбақанинг бутун бошли ороллари сузиб юради. Шамол ва тўлқин уларни қирғоқ томонга суради ва у ерда қизил рангли фантастик тепаликлар ҳосил бўлади.

– Туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда инвестиция мажбуриятлари асосида собиқ балиқчилик комбинати базасида 0,5 гектар ер ажратилди, – деди Саидали Саидкамалович. – Дастлабки капитал харажатлар 710 млн. сўмни ташкил этди. У ердан чиққан чиқиндининг ўзи йигирмата юк машинаси бўлди. Деярли қайта қурилган ва бир пайтлар юз тонналик қувватга эга бўлган цех бугун икки баравар зиёд қувватга эга. Биринчи йили 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди, шундан кейин бу кўрсаткич қарийб 200 мингга ошди, ўтган мавсумда 400 минг долларга етди.

2019 йилда хорижга етказиб беришнинг уч миллион долларга етиши кутилмоқда.

Бундай ишонч қаердан келди? С. Расулов Қорақалпоғистоннинг йирик корхоналари, компаниялари ва ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда Хитойда бўлди. Хитойда 500 минг доллардан зиёд маҳсулот етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тузишга муваффақ бўлди.

Бу экспорт ютуғининг фақат биргина қисми. Лекин асосийси, бошқа ёқда. У даромадни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, техникалар ва асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирди. МЧЖ ҳозирда иккита замонавий қайиқ, олтита квадрацикл, иккита юк машинасига эга, жип ва ҳисобдан чиқарилган, аммо таъмирланган вездеходни ҳисобга олмаганда. Иккита гараж қурилди. Ушбу техникаларсиз Муйноқ шаҳридан 140 километр масофадаги сув ҳавзаларида бирор ишни қилиб бўлмайди.

Энг муҳими, 25 нафар мўйноқлик доимий иш билан таъминланган. Улар учун - қулай дам олиш хонаси, ечиниш хоналари, душ, кунига уч маҳал овқат (ўз ошхонаси), махсус иш кийими... Барчаси корхона ҳисобидан.

Шуниси эътиборга лойиқки, артемия хомашёсини қайта ишлайдиган ва қуритадиган корпус ҳам қурилган. Юқори қўшимча қийматга эга якуний маҳсулотлар четга сотилади. Бизнесга бундай ёндашув «Тошкентнинг баланд томлари» битим имзолаган Хитой компаниялари вакиллари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, ўтган йили туман бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар шаклида 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Табиийки, корхонани модернизация қилгандан сўнг, бу миқдор яна ошади. Расулов ва унинг ҳаммуассисларининг ишга маблағ тикиши қарийб беш баробар ўсди.

Маълумот: «Мўйноқ» кичик саноат зонасида 4,6 гектар майдонда еттита корхона фаолият кўрсатмоқда. Мулкчилик шакли - масулияти чекланган жамиятлар. Инвестициялар қарийб олти миллиард сўмни ташкил этди, шундан тадбиркорларнинг ўз шахсий маблағлари тўрт миллиарддан ортиқ, қолган қисми - банк кредитларидир. Жорий йилда яна ўн битта корхона ишга туширилиши режалаштирилган. Капитал харажатлар ҳажми - 67 млрд. сўмдан ортиқ, унинг аксарият қисмини - 47 млрд 245 млн сўмни банклар тақдим этади. Уч юзга яқин мўйноқлик иш билан таъминланади.

Инвестициявий мажбуриятларини бажара туриб Саидали Расулов уч ҳаммуассис билан 2019 йилда яна бир фирмани - «Мўйноқ бетон сервис»ни очишди. Унга 1,5 млрд. сўм маблағ сарфланди. Зарур ускуналар Туркиядан сотиб олинди. Тармоқ суткасига 500 кубометр бетон ишлаб чиқаришга қувватига эга. Бундай қурилиш материалига талаб жуда катта эканини ҳисобга олиш унутилмади. Афсуски, туман марказига ҳатто, ғиштлар ҳам бошқа ҳудудлардан, юз километрлаб узоқдан олиб келинмоқда.

Мутаносиблик, нозик дид, бетакрорлик

Яна бир муҳим белги: Мўйноқ туманида тўйлар тобора кўпаймоқда. Янги турмуш қурганлар қариндошлар, дўстлар ва қариндошлар билан тўйни нишонлашади, хурсандчилик қилишади. Гўёки «Биз қанчалик бахтли эканимизни кўринг!», дегандай, уни бошқалар билан баҳам кўришади.

Эътибор бердим, жуфтларнинг аксарияти ғайриоддий либосларда. Анъанавий - оқ ва қора кийимларда эмас. Келин бошқача тўй либосида, куёв рангли кийимда. Кийимлар оддий ва қатъий геометрик шакллар билан безатилган, қизил ва кўк, сариқ ва кулранг комбинациялар жуда чиройли кўринади. Бирор ортиқча, қийқириқ нарса йўқ. Ҳар бир нарсада мутаносиблик, ўзига хос симметрия. Қорақалпоқ халқининг асрлик анъаналари ва маросимлари билан чархланган нозик диди. Ва бу ҳам халқнинг ўзига хослигини белгилайди.

– Ҳар бир нақш, ранг маъно-мазмунга эга, – дейди «Мўйноқ Аму тўлқинлари» оилавий корхонаси раҳбари Гулнора Эмбергенова. – Мовий каштачилик - қизнинг қайғуси, ёшлик билан хайрлашиш, қизил – келажакка бўлган ишонч билан янги ҳаёт сурури. Куёвнинг либоси ҳам кўп нарсани айтиши мумкин: у қайси уруғдан, қанча ака-ука ва опа-сингиллари бор, қўй-қўзиси... қанча, билдириб ҳам туради. Гўёки бетартиб жойлашган геометрик ромблар, квадратлар, учбурчаклар ёш йигит ва қиз нима қилаётганини, қандай касб эгаси эканини ва нима билан қизиқишидан далолат беради.

– Бош кийимлар ҳам муҳим, – деди Гулнора. – Аёллар, масалан, одатда қасава рўмол ўрашади. Бунинг бари қирқ қиз, яъни жангчи қизлар, жасур Тўмарис жасоратлари ҳақидаги афсонасини эслатади. Тақинчоқлар эса бошқа ривояту афсоналар билан боғлиқ. Улар, асосан кўз тегиши ва турли бало-қазолардан ҳимоя қилувчи туморлардир. Қизларнинг севимли дуру жавоҳирлари - бу ҳосилдорлик, мўл-кўлчилик, оиладаги қут-барака, фаровонлик рамзидир...

Миллий кийим-кечаклардаги махфий белгиларни тушунишга бўлган қизиқиш, маълумоти бўйича рассом, Мўйноқ санъат коллежининг собиқ ўқитувчисини Игорь Савицкий номидаги ва Нукус ўлкашунослик музейларида кутубхоналар сақловхоналарида кеча-кундуз тиним билмай бир олам қадимий жуда катта ва қалин китобларни титкилаб чиқишга мажбур этди. Москвадаги Шарқ музейида турли даврлардаги маросимий либосларнинг кўплаб эскизларини яратди, Санкт-Петербургдаги санъатшунослар билан маслаҳатлашди.

– Қизиқишим коллеждаги этнография дарсига тайёргарликдан бошланган, – дейди Г.Эмбергенова. – Айниқса, каштачиликдаги аниқ графика қаттиқ қизиқтириб қўйди. Бизнинг кийим-кечакларимиз, масалан, атлас ва адрас ишлатиладиган Фарғона водийсидаги юртдошларимизнинг ёрқин либосларидан фарқ қилади, гапимга қўшилаверинг. Ҳатто, қўшни Бухоро воҳаси, Сурхондарё, Қашқадарё кашталарига ҳам ўхшамайди. Уларда кўпинча рангли чизиққа тўқилган камалакнинг барча тусларидан фойдаланилади.

Рассомнинг бу изланишлари санъатшунослик бўйича номзодлик даражасига тортади. Бироқ у илмий унвонга эга бўлиш истиқболини рад этди. Унда жуда қадим тарихда улар ҳақидаги хотиралар сақланиб қолган ноёб қорақалпоқ либосларини қайта тиклаш амалиёти кўпроқ қизиқиш уйғотди. Кўпчилик ҳатто, унинг беҳуда иш билан шуғулланаётганига ишонган ҳам.

Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар панд-насиҳатига қулоқ тутмади. Ўзиям ўрганди, бошқаларга ҳам аждодлар анъаналарига асосланиб ўргатди. Оилавий корхона очди. Бувилар, уларнинг қизлари, набираларини тикишга жалб қилди. Шундай қилиб, авлодлар анъаналари давомийлигини амалга оширди. Бирлари узоқ вақт эски сандиқларда ётгани билан ўртоқлашган бўлса, бошқалари аллақачон унутилиб кетганларни қайта жонлантирди.

Бу тадбиркорлик фаолияти тўлиқ ўзини оқлади. Банк кредитини Эмбергенова ва унинг қирқ нафар шериги тезда қайтаришди. Қўлда тикилган маҳсулотларга бўлган талаб нафақат мўйноқликлар орасида, балки экзотикани яхши кўрувчи сайёҳлар орасида ҳам катта экан. Ватандошларимиз оилавий корхонанинг эзгу ишини қўллаб-қувватлаш учун сотиб олишса, чет эллик меҳмонлар – ушбу, ҳеч нимага қарамай, ҳаёт қайнаётган ўлкада бўлишганидан эсдалик сифатида харид қилишади.

Буюртмалар кўпайди. Ҳатто, фольклор ансамбллари ва мусиқа гуруҳлари, театрлардан ҳам туша бошлади. Хусусан, «Айкулаш» халқ ансамблининг қўшиқчилари ва раққосларидан ҳам.

Қўл меҳнати усталари бўлган аёллар келажакка катта умид билан қарашади. Давлат ҳунармандчилик, касаначиликни ривожлантиришга, имтиёзли кредитлар ва преференциялар ажратишга катта эътибор қаратмоқда. Президентимизнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди. Бу - улар оилалари фаровонлигининг кафолати. Уларнинг аксарияти «Орол олтин мероси» Қорақалпоқ жамоат бирлашмаси аъзоси бўлиб, унинг ташаббускори Гулнора Эмбергеновадир.

Аҳолини нима ташвишлантиради?

Бу савол билан Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги халқ қабулхонаси мудири Сабит Дауменовга мурожаат қилдик.

– Асосан, қаерда ишга жойлашиш мумкинлигини сўрашади, - дейди у. - Агар илгари банд бўлмаган фуқаролар ободонлаштириш ишларига йўналтирилган бўлса, энди танлаш имконияти пайдо бўлди. Яқинда, масалан, ўн саккиз аёл янги «Дока-нон» новвойхонасида барқарор маош ола бошлашди. Ажойиб булка нон пиширишмоқда. Пештахтанинг ўзидан талаб кетишяпти. Шунча қиз тикувчилик цехида ишламоқда. Қурувчи, ошпаз, гид-таржимон, мураббий, шифокор каби касблар бўйича бўш иш ўринлари пайдо бўлди. Маданият саройидан хабар қилишди, актёрлар, кутубхоначилар, мусиқа тўгараклари раҳбарлари керак экан. Мутахассисларга яна талаб пайдо бўлди.

Дарвоқе

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига электротехник, педагог, автослесарь, пайвандчи ва туризм соҳасида сервис хизматлари кўрсатиш мутахассисларини тайёрлаш бўйича таклифлар киритилди. Хорижда ўқиган 46 нафар Мўйноқ фуқаросининг дипломларини нострификация қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

– Уйи бузилишга тўғри келиб қолганлар кўпроқ маслаҳат сўраб келишади, - деди Сабит Айтмуратович. - Нафақат шахсий, балки жамоатчилик муаммолари ҳам кўтарилади: нима учун, масалан, қурилиш объектлари ўраб олинмайди, натижада атрофга чанг ёйилади, йўллар лой билан қопланади – на ўтиб бўлади ва на юриб? Ёки нима учун кўчалардаги чиқиндилар вақтида олиб кетилмайди? Бизда фаррошлар борми? Илгари саволлар бундай қўйилмасди. Одамларнинг она шаҳри, маҳалласига бўлган муносабати ўзгармоқда.

Мудир таъкидлаганидек, ҳозирда одамлар борган сари кам мурожаат қилмоқда. Агар 2017 йилда 743 аризачи бўлса, кейинги йилда - 565, жорий йилнинг биринчи чорагида - 80 киши. Ушбу анъанани маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролар йиғинлари раислари, турли бўлинмалар раҳбарларининг ўз вазифасини янада масъулият билан бажаришга киришгани билан боғлайдилар. Улар халққа яқинлашишди.

Президент Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан мунтазам сайёр қабуллар ўтказилмоқда, уйма-уй кириш муаммоларни ўрганишлар амалга оширилмоқда. Янги акциялар пайдо бўлди. Масалан, «Тик узоқ»  фуқаролар йиғинидаги Марат Нарсулбоев ва унинг қўшнилари хонаки қуён боқа бошлаган. Айтишларича, бутун қиш давомида гўшт сотиб олишмабди.

Бошқа маҳаллаларда ҳам тажрибани ёйишга қарор қилдик. Ғоя, айниқса, кам даромадли ва катта оилаларга жуда қўл келди. Кам харажат сарфлаш баробарида энди дастурхонларидан парҳез гўшт аримайди.

Учсой қишлоғида кўкатлар етиштириш учун кичик иссиқхоналар қурилиб, уларда укроп, петрушка, кўк пиёз, редис етиштира бошладилар. Аслида бу нимадан бошланган? Ёлғиз кекса бир онахоннинг уйига 4 метрлик целлофан ўрами ва бир боғлам кесилган сим келтиришди. Олдиндан ағдарилган жой устида кичик иссиқхона кўтариб, сабзавот уруғини беришди. Қарангки, онахон ажойиб витамин ҳосилини олди. Ҳатто, қўни-қўшниларга ҳам улашди. Бошқалар эса бундан ўрнак олишди.

Жорий йилги баҳорда туман ҳокимлиги 3300 туп олма, гилос, олча кўчатларини сотиб олди ва аҳолига бепул тарқатди. Лекин бир шарт билан - мева дарахтларни улар ўз томорқасига экишлари, вақтида суғориб, ўғитини бериб туришлари лозим.

Шундай қилиб, Мўйноқ шаҳрида қурилган чиройли янги бозор нима учун ҳафтада бир марта - якшанба куни ишлайди ва у ерга маҳсулотлар узоқдан олиб келинади, деган масалага ечим топилди. Эндиликда бундай маҳсулотлар ўзларида ҳам бор.

Энди улар Ан-2 самолётининг собиқ учувчиси Владимир Зуевнинг кўпсонли оиласининг ўз боғи, иссиқхонаси ва ҳовузи бўлган катта оқ уйига бошқача кўз билан қарай бошладилар. 1993 йилда Мўйноқ ва Нукус ўртасида мунтазам йўловчи қатновлари тўхтатилгач, пенсияга муддатидан олдин чиқиб, балиқчилар артелнинг собиқ ётоқхонасини хусусийлаштирди. Боғ ўстириш учун Зуев аввал икки метрли қум қатламини қазди ва яна шунча қатламни Амударё қайирларидан келтирилган унумдор лой билан тўлдирди. Артезиан сув таъминоти тизимини ўрнатди. Қўшнилар Владимир беҳуда иш билан шуғулланяпти, деб ўйлашди. Негаки, вақти-вақти билан пайдо бўладиган қум-туз бўронлари барча саъй-ҳаракатларни бекор қиларди. Аммо Зуев аэропорт яқинида жойлашган яшил «фазенде»сини ҳар сафар қайсарлик билан тиклаб оларди.

Дарвоқе, ҳаво порти яна тикланади. Учиш-қўниш чизиғини реконструкция қилиш ва замонавий терминал қурилиши бошланди. Учиб-қўниш чизиғи узунлиги 2,3 километрга, кенглиги эса 45 метрга ошади.

Маълумотнома: «Мўйноқ» аэропорти 1947 йилда очилган. 1990 йиллар бошига қадар ўн беш учувчидан иборат алоҳида звено кунига 19 марта йўловчи қатновини амалга оширган. Ҳозирда парвоз отряди Урганчда жойлашган бўлиб, учиш-қўниш йўлагидан асосан, чигирткалар ўчоқларига қарши курашда мавсумий агрокимёвий рейсларда фойдаланилади.

Туризмни ривожлантириш

Сўзимни бир хорижлик сайёҳнинг Экология музейининг фикрлар китобида ёзиб қолдирган таассуроти билан бошламоқчиман. «Кўплаб мамлакатларда бўлганман ва тан оламанки, Устюрт платоси тепаликларидан Орол денгизи панорамаси каби дунёнинг ҳеч бир диққатга сазовор жойи мени бунчалик ҳайратга солмаган. Ерга тааллуқли бўлмаган, самовий манзара. Бу ерда қирғоқ бўйлаб сайр қилиб юрганимни ва атрофнинг нақадар гўзаллигини дарҳол тасаввур қилдим. Жон Браун (Австралия)».

Мўйноқ шаҳрида ҳақиқий сайёҳлик шовури кезмоқда. Маҳаллий ҳокимиятда январь ойидан буён ушбу соҳани ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқадиган махсус комиссия ҳам фаолият юритмоқда, бу эса туман иқтисодиётининг равнақи локомотиви бўлиши мумкин. Қизиқарли лойиҳалар Тошкент, Навоий ва Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистоннинг бир қатор ҳудудларидан келиб тушган. Бизга айтишларича, маълумотлар олдиндан қайта ишлангандан сўнг комиссия энг қизиқарли бешта таклифни танлаган. Бу шаҳарнинг энг юқори нуқтасида телескопли минора қуриш, шоир Ажиниёз Қусибой ўғли музейини яратиш, дунёнинг турли пойтахтларига масофа кўрсатгичини ўрнатиш, Орол денгизи соҳилидаги Урал казаклари ҳаёти ҳақидаги музейни ташкил этиш, сайёрамиз халқларининг ўтов ва анъанавий уй-жойларини ўрнатиш бўйича халқаро фестивални ўтказиш.

«Балиқчи уйи» оилавий хостели соҳибаси Муяссар Алимбетова ташаббуси билан ташкил этилган жайлов-туризмининг ноодатий йўналиши ҳам маълумот учун қабул қилинди.

– Асосий ғоя - кўчманчиларнинг ҳақиқий муҳитида бир неча кун бўлишни истаганлар учун таклиф, – дейди у. – Сайёҳларнинг ўзи оловда таом пиширадилар, отларда ёки туяларда саёҳат қилишади. Бундай бизнесни ташкил этиш катта харажат талаб этмайди. Кенгликларимиз эса тез старт олиш жойига чиқиш имконини беради.

Шуниси эътиборга лойиқки, унинг меҳмон уйи бир вақтлар денгиз мавжланиб турган Тигровий бурунида жойлашган. Яна денгизчиларнинг тахминан бир асрлик хароба кичик кулбаси яқинида. Паст шифтли лойсувоқ, поли тупроқ кулба ичида камтаргина маиший қақир-қуқурлар – қуруқ саксовул шох-шаббаси ишлатиладиган жўмраксиз самовар, дазмол, керосин чироқ, тор кичик кароват, бошқа оддий нарсаларга кўзингиз тушади.

Муяссар тушунтиради: агар жайлов-туризмнинг экстремал йўналишини кўпроқ ёш сайёҳларга мос келса, кекса ва қулайликларга ўрганган сайёҳлар хостелнинг ўзида Мўйноқ денгизчилари ҳаёти ва турмуш тарзи билан танишиш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, бу ерда замонавий балиқ овлаш тўри, иккита ўтов, анъанавий айвонлар бор. Жип ҳам саёҳатчиларига хизмат қилади ва улар Орол туби бўйлаб кўпкилометрли экскурсияни амалга оширишлари мумкин.

«Балиқчи уйи»да - совғалар дўкони мавжуд. Унинг бисотида эса – айнан бу жойларда ишлатиладиган қамишдан қилинган шол, қорақалпоқларга хос гул ва нақшлар солинган гиламлар, миллий уст-бошлар, бош кийимлари ва 30 нафар моҳир тикувчилар етказиб берадиган буюмлар бор. Алимбетова уларни зарур хомашё билан таъминлайди, нақд аванс ажратади. Мазкур иш жуда яхши йўлга қўйилган.

Ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятига туманда биринчи марта ўтказилган авторалли ҳам ҳисса қўшиши аниқ. Авторалли Ўзбекистон Бош прокуратураси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Пойга Мўйноқ марказида бошланди. 420 км узунликдаги йўлда ралличилар Қора жар қишлоғи, Судочье кўли ва Устюрт платосидан ўтдилар. Қайтишда улар Кабанбай қиялиги орқали Учсой овулига етиб бордилар.

– Мусобақа давомида чор-атрофни кузатиб боришнинг имкони бўлмади негаки, бор эътиборим жуда мураккаб ва қийин йўлга қаратилганди, - дейди мусобақа ғолиби жиззахлик Фурқат Аҳрорқулов. - Шунга қарамай, Устюрт даралари катта таассурот қолдирди - унутилмас манзара. Кўчманчи қабилаларнинг тарихий турар-жойлари, эски балиқчилар қишлоғи Урга, денгиз қирғоғидаги ўрта асрга оид карвонсарой хотирамда қолди. Мен бу ажойиб ҳудудга яна қайтиб, унинг ноёб диққатга сазовор жойлари билан шошилмай танишишни истардим.

Сўнгсўз ўрнида

Кимгадир автораллининг асосий ташкилотчиси Бош прокуратура экани бошқача туюлса керак. Аммо хулоса қилишга шошилманг: ушбу идора туманда бошқа йирик лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Мамлакатимиз Президенти томонидан Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ваколатли шахслар томонидан белгиланган ишларнинг вақтида ва самарали бажарилишини назорат қилиш мақсадида Бош прокурорнинг махсус фармойиши билан ушбу ҳудудни қайта тиклаш бўйича қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди. Бошқармада 12 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда. Аллақачон катта ишлар амалга оширилган.

 

P.S. Узоқ йиллар давомида Мўйноқнинг диққатга сазовор жойи бўлган, ҳозирда кемалар қабристони деб аталган - собиқ Рибацкий кўрфазида тасодифан халқ шоири Усмон Азимни учратиб қолдим.

– Бу ерга келишдан олдин ўзимнинг Оролга бағишланган барча шеърларимни кўриб чиқдим, – дейди у. – Жуда кўп нарса ёзган эканман. Барчасида - қайғу, ушбу минтақа келажаги учун ташвиш, шунчаки, умидсизлик акс этган. Энди бошқа шеърлар керак. Албатта, бир қолипдаги мақтовларсиз. Халқимизнинг бардошлилиги, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ҳақида қандай сўзларни топиш мумкин? Яна кўп ишлар қилиниши кераклиги кундай равшан. Аммо бу ажойиб минтақанинг қайта тикланишига ишонч пайдо бўлди...

Тимур Низаев.

«Правда Востока»нинг

махсус мухбири.

Тошкент - Мўйноқ - Тошкент.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқаро инновация маркази томонидан Мўйноқ туманидаги илмий-тадқиқот участкасида турли чўлбоп ва тупроқ шўрланишига чидамли ўсимликлар экилди.

Квартиралар ўз эгаларига топширилади

Кўплаб бинолар қурилмоқда, жумладан, 24 та тўрт қаватли уйдан иборат бутун бошли турар жойлар барпо этилмоқда. Уларнинг йигирматаси Мустақиллик байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. Янги массив аллақачон «Мўйноқ Сити», деб ном олган.

Батафсил режалаштириш лойиҳаси билан бирлаштирилган

Бош режадан олинган кўчирмалар.

Режада - 119 та объект. Уларнинг учдан бири қуриб бўлинди, реконструкция қилинди, капитал таъмирланди. Асосий янги бинолар орасида - театр саҳнаси, турли тўгаракларда машғулотлар учун хоналар, кутубхона билан жиҳозланган Маданият саройи мавжуд. Йўлнинг нариги томони - очиқ амфитеатр, ундан сал наридаги сунъий майсали футбол стадиони фойдаланишга топширилди, ўша ерда ёпиқ ҳовуз ва ўйин аренаси бўлган спорт мажмуаси барпо этилди. Шиша ва бетондан бозор, иккита банк офиси, икки қаватли болалар боғчаси қурилди. Янги кафе ва дўконлар, новвойхона, автошоҳбекатлар пайдо бўлди. Яна муҳими шундаки, эски Экология музейи ёруғ ва кенг бинога кўчиб ўтди. Энди Мўйноқ туманида илгари захираларда сақланган музейнинг нодир буюмлари кўргазмага қўйилади.

Бироқ худди ерга қўнган лайлакларни эслатадиган қурилиш кранлари зиммасида ҳали кўп юмуш бор.

– Биринчи қозиқлар 3 январь куни қоқилди, - дейди суҳбатимиз бошида «Мўйноқ Сити» қурилишининг бош буюртмачиси бўлган «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали вакили Улуғбек Шникеев. - Ўшандан бери деярли юз қурувчи қаттиқ тер тўкмоқда. Август ойи охирига келиб 80 миллиард сўмлик иш ҳажмини бажаришимиз, яъни йигирмата тўрт қаватли уй-жой қуришимиз керак.

Хонадонлар қандай бўлади? 

– Икки ва уч хонали. Ажойиб лойиҳа. Меъморларимиз иқлим шароити ва аҳолининг маҳаллий урф-одатларини ҳисобга олишган. Жалюзи ўрнатилган ойналар қуёш куйдириб юбормаслиги учун ғарбга қараган бўлади. Катта зал ҳам назарда тутилган. Унда оилалар бир дастурхон атрофида йиғилиши мумкин, мўйноқликлар меҳмон кутишни яхши кўради. Худди эшикдан кирган қуёш нури каби даҳлиздан эшиклар орқали бошқа хоналарга, ҳаммом ва ошхонага кирилади. Айтганча, уй бекалари учун кутилмаган совға - ошхона газ плитаси ва бошқа зарур мебель билан жиҳозланган. Калитни олинг-да, ичкарига кириб, чойдан ҳўпланг.

Бундай хонадонлар қанча туради?

– Ёш оилаларга мўлжалланган икки хоналиси - 148 млн., уч хоналиси - 180 млн. сўм. Кредитлар имтиёзли - йигирма йилнинг дастлабки беш йилида етти фоиз ставкаси ажратилган. Маълумки, йирик шаҳарларда мазкур ставка 25 фоизни ташкил этади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга эътибор қаратилади. Уларнинг дастлабки бадали давлат бюджетидан тўланади.

– Бу уйларга кўчиб ўтмоқчи бўлганлар борми?

– Албатта! Квартираларнинг ярмидан кўпи сотиб олинган. Уларнинг асосий қисми ҳозирда бузилиб кетган эски бинолар, пахса уйлар истиқомат қилишган. Улар 250 млн. сўмга қадар катта компенсация олишди. Шундай қилиб, янги уйларга кўчиб ўтишга уларнинг қурби етади.

– Афтидан, ижтимоий инфратузилма ва кичик меъморий биноларни қуриш ҳам назарда тутилган?

– О, бу алоҳида бир суҳбат. Ҳар тўртинчи уйнинг биринчи қавати дўконлар, шунингдек, кимёвий тозалаш, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари ва хизмат кўрсатувчи бошқа тадбиркорлик объектлари учун ажратилади. Агар улар олдида ўйин майдончалари, фаввора бўлмаса, фойдаланишга қабул қилинмайди. Парк хиёбони ҳам режалаштирилган бўлиб, у кичик сунъий кўл ва пляжи бўлган «Мўйноқленд»га олиб келади. Мактаблар, мусиқа ва инновацион технологиялар мактаби, Ёшлар маркази, болалар боғчаси шундоқ яқингинада бўлади.

– Зарур материаллар ва хомашё, асосан, четдан келтирилиши қурилиш суръатига таъсир кўрсатмайдими?

– Албатта. Лекин кичик саноат зонамизда ўз бетон тармоғимиз ишга туширилганингизни биласиз, албатта. Яна бир тадбиркор ғишт заводини очмоқчи. Мўйноқликлар бизнес таъмини ҳис қилишди, истиқболни кўришди. Қурилиш давом этмоқда. «Мўйноқ Сити»нинг қурилишининг биринчи босқичи тугаяпти. Ҳали кўп иш қилиш керак.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech